Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Беш асрлик “янги” масжид – Йени жамий”

4249

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм)

Фесхонадан трамвайга ўтириб, Эминўни тарафга жўнадим.

Айвонсарой, Балат, Фенерлардан ўтиб, сўнгги, Жибали деган бекатда трамвайдан тушдим. Ажойиб манзара: чап томонимда қуёш нурлари билан ўйнашаётган денгиз суви жилваланади, ўнг томонимда эса, қадим тепаликлар устига қурилган бир йиллигу минг йиллик бино-иншоотлар, мақбаралар, кутубхоналар, масжиду ибодатхоналар, ёғоч уйлар... Кўзларимдан ҳайрат тошиб бормоқдаман. Йўловчиларнинг истисносиз барчаси ниқоб тақиб олган. Эсимда қолган яна бир жиҳат шу бўлдики, трамвайда (худди бизнинг метролардаги каби) ёқимли бир шаклда ҳар бир бекатни эълон қилиб борилар экан. Агар каттароқ бекатга келса, бу ердан қаерларга бориш мумкинлигини ҳам эслатиб қўйилади. 

Эминўни майдонига озгина юриб боришга тўғри келди. Шу пайт атрофдаги ўнлаб масжидларда пешинга азон айтила бошланди. Бу ажойиб ҳолатга Эминўни майдонида шоҳид бўлиш қанчалар роҳат, а? Сулаймония, Рустам пошо, Йени жамийдан тортиб, Қаландархона, Мулла Зийрак, Боязид, Нури Усмония масжидларигача, ҳатто Аё София ва Султон Аҳмаддаги муаззинларнинг нажотга чақиргани ҳам эшитилади. Назаримда, нариги соҳилдаги миноралардан ҳам азон овози таралаётган эди. Жудаям ажойиб туйғуларга кўмилиб, орқамдаги кичкина масжидда эмас, йўлнинг нариги тарафидаги катта масжид – Йени жамийда (ўзбекчасига Янги масжид) пешинни адо этишга қарор қилдим. Масжид атрофи катта катта панолар билан ўралиб қўйилган, чунки бу ерда жамоат ибодатларига ҳалал бермаган тарзда қайта тиклаш (реставрация) ишлари олиб борилмоқда. Катта жамоат билан биргаликда пешин ўқидим. Муаззин саловатлар айтишга бошлаганида ташқарига йўналдим – вақт оз, саёҳатда давом этишим керак. 

Истанбул сафари таассуротларини ўқиётган дўстларимиздан бири, каминанинг ўттиз йиллик қадрдони Соҳибжон қори ака Аҳроров бир фикр айтиб қолдилар. Эмишки, ёзганларимда тарихга кўп тўхталаётган, маълумотларни керагидан ортиқ тақдим этаётган эканман. Эътироз айни пайтда эътирофдир мен учун. Ҳикояларимнинг озгина ғамгинлигини тан оламан, буни ўзим ҳам сезиб, озгина хижолат ҳам чекяпман. Аммо нетайки, мақсад-муддаойим ўқувчиларнинг кайфиятини кўтариш ва ё кулдириш эмас, балки кўрган-кечирганларим асосида ўз фикримни баён этиш ва ўзимизга кичкина ойна тутиб, бир буюк халқнинг яхши фазилатларини жиндай бўлса ҳам ўзлаштириш... Шу каби важлар келтириб ўзимни оқлаган бўлсам ҳам, барибир у кишининг гапи таъсир қилди. Ҳозир беш эмас, ўн эмас, нақд 65 йилда қуриб битказилган Йени жами (Янги масжид) ҳақида айтиб беришдан ўзимни тортиб турибман. Лекин барибир бу ҳақда ёзаман, ёзмасам, кўнглим тўлмайди. Аммо унгача чор-атрофни айланиб, кўрган- кечирганларимни Сиз билан ўртоқлашаман.

Масжиднинг ён томонидан кириш жойида бир ҳайкал бор экан. Аниқроғи икки ҳалкалча. Ёши улуғ бир отахон бир ўспирин йигитчага туркча нон (смит) узатаётгани ифодаланган. Пешиндан чиқиб негадир беихтиёр тўғри шу ҳайкалчалар ёнига бордим. Ўзи ҳайкалларга болалигимдан ҳушим йўқ. Буни диндорлигимдан кўра кўпроқ болалик таассуротларимга, тасаввурларимга алоқаси бор. Ёши катталар билади, совет даврида нафақат катта шаҳарлар, балки деярли ҳар бир қишлоқ ва колхоз марказларида коммунизм оталари ва уларнинг ўз қаҳрамонларига ўрнатилган эди. Коммунистлар кино, матбуот, теле-радио каби тарғибот машиналари каби ҳайкалтарошлик орқали ҳам ўз чиркин мафкураларини ёйишда фойдаланар эди. 

Оддий халқ ишонувчан ва содда бўлади, ўша пуч ғояларга ишонган ота-боболаримиз яқин-яқингачаям “Ленин бобо” авлиё эди, қолган издошлари йўлдан чиқиб кетди деб юрарди. “Каззоб Сталин” (шоир Муҳаммад Юсуф ибораси) ўлганда ҳам “вой отам!”лаб йиғлаганларнинг кўзидан оққан ёшлар самимий эди. Ҳатто Сурхондарё қишлоқларининг бирида совет қулаб, Сталин ҳайкали опташланганида бир чол масъулларга “узатиб”, ўша ҳайкални ҳовлисига ўрнатиб қўйган экан (билиб бўладими, тирилиб келиб қолса...). Бунданам қизиғи бор. Ўтган асрнинг 80 йилларида туман марказий шифохонасида ишлайдиган бир қариндошим тушлик қилиб қайтаётса, Лениннинг бюсти устига каптарлар ё қарғалар “иш қилиб” кетган экан. Ленин бобонинг “бети”га тарс этиб тарсаки тортиб, “Афтингни ювиб юрмайсанми, ифлос!” дебди. Буни кўрган Тоҳир Маликнинг “Шайтанат”идаги каби айрим “ватанпарварлар” дарров керакли жойларга хабар беради. Сал қолса, аммаваччам қамалиб кетарди, аммо Салимбаев деган бош шифокор ўртага тушиб олиб қолган экан. Хуллас, ўша замонлардан бери ҳайкаллар кўзимга совуқ ва ёқимсиз бўлиб кўринади (ўзи истарали ҳайкал борми?).

Йени жамий ёнидаги ҳайкалчалар олдида европалик сайёҳлар суратга тушаётган экан. Негадир мен ҳам улардан илҳомландимми, ишқилиб ўспириннинг бошини силаган ҳолда селфи қилдим. Бу манзарадан ўзим жудаям таъсирландим. Хўш, ҳайкалтарош бу асарида нима демоқчи? Билмадим. Балки Истанбулда ҳеч ким оч қолмайди, ҳатто пулинг кам бўлса ҳам қорнингни тўйдиради, деган ғояни илгари сургандир? Эҳтимол...

Капали чарши дегани биздаги тим, яъни тепаси ёпилган бозор дегани. Йени жамийнинг ёнида “Капали чарши” – ёпилган чорсу бор. Ўша бозорга кирдиму оғзим ланг очилиб қолди. Беихтиёр хаёлимдан Аллоҳнинг неъматларини санаб адоғига ета олмайсиз, мазмунидаги оят кечди. Бозордаги хилма-хил нозу неъматлар кўзингизни олади, расталарга маҳсулотларнинг терилганини кўриб, муболағасиз “Санъат асари-ку бу!” деб юборасиз. 1664 йили қурилган бозор ҳалиям халқ хизматида. Қарийб тўрт юз йилдан бери... Эҳ, Истанбул ҳокимлариям ҳокимми? Ҳар икки йилда бузиб, савдогарларга қиммат-қиммат нархларда сотмайдими? Тижоратчиларни қон-қақшатиб соққани босмайдими? Жуда бузишга баҳона тополмаса, бирор ёлланма “ёқувчини” ишга солиб, ёқиб юбормайдими? (Худо асрасин)

Нарху наволар ҳам мўътадил. Яъни чақиб олмайдиган даражада. Сотувчиларнинг муомаласини қаранг, авраб илонни инидан чиқаради. Олмасингиз ҳам номию таъми минг хил, аммо жудаям тотли ширинликлардан оғзингизга солиб қўяди. Шакарим бор, биродар, деганинггаям қарамайдия... Расмларга қараб қолганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверарсиз.

Ташқарига, Эминўни майдонига чиқаман. Ўриндиқларда хотиржам ўтирган одамларни кўриб, негадир ҳайрон қоламан: “Буларнинг иши йўқми?” Биздагига ўхшаш ҳовқилиб у ёққа – ҳовлиқиб бу ёққа чопадигандай бўлиб юрмайдими? “Тошкан – одамлари шошган” деган мақолларни ўйлаб топиб олмайдими? Агар истироҳат боғларини айтмаса, охирги йиллари одамларнинг ўриндиқларда ўтириб ҳордиқ чиқараётганларига, хиёбон ва дарахтзорлар оралаб сайр қилиб юрганига деярли гувоҳ бўлмай қўйдим. Ташвишимиз бошимиздан ошган, ғамларимиз бўйимиздан баланд. Истанбул халқининг мана шу жиҳатларига роса ҳавас қилдим. Одамлар метроларда ҳам шошилмай юради, оиласи, болалари билан айланиб юради. Шаҳарда ўриндиқлар жудям кўп, айниқса, одам гавжум жойларда, айниқса, соҳил бўйларида... Шоир билиб айтган шекилли: “Оқиллар ҳаётни кузатурлар жим”, туркияликларда қандайдир ички хотиржамлик бор. Нафақат юришда, туришда, балки ризқ масаласида ҳам. Ўша сабабдан дўконлардаги нархлар ортиқча қиммат эмасдир балки. 

Мана масжид ёнидаги кенгликда бир тўп каптарлар учиб-қўниб турибди. Бир ярим яшар атрофидаги болакай уларни қувлаяпти. Каптарлар эринибгина қочяпти. Бола уларни қаттиқроқ ҳуркитмоқчи бўляпти. Лекин у ўйлаган иш бўлмаяпти – каптарлар ҳуркмаяпти. Бу ҳолатни кўриб, куни кеча ўқиганим икки хабарга кетди хаёлим. Наманганда бир бола, аниқроғи (адашмасам 15 – 16 ёш) ўспирин кучук боласини дарахтга осиб нобуд қилгани, бошқа бири эса мушук боласини қийнаб ўлдиргани учун қилмишлари маҳалла ё мактабда муҳокама қилиниб, ота-оналарига икки юзи қанча минг сўм жарима солинибди. Ўша болаларни бу даражада ваҳшийлик қилишга фақатгина уларнинг ота-оналаригина эмас, менимча, бутун жамият айбдор. Чунки бизда нафақат ҳайвонларга, балки одамларга ҳам етарли даражада шафқатли бўлиш маданияти шакллантириляпти, бу каби қадриятлар тобора унутилиб бормоқда. Афсуски, ваҳшийлашиб боряпмиз. Қўполлик борган сари оммавийлашиб, қон-қонимизга сингиб кетяпти. Истанбулга келган кунимиз эртаси эди шекилли, ҳамроҳларимиздан бири Фотиҳ масжидида ўйнаб юрган каптарлар устига бостириб югурди, улар сал нарига учиб-қўнди, ҳамроҳимиз ҳайрон: “Нега осмонга учиб кетмади?” Сабаби бу каптарлар Сизнинг бунақа ҳаракатингизни ҳазил деб тушунади, таҳдид деб эмас.

Йени жамийдаги болакайнинг отаси ўғлини тўхтатди, шу ерда қушлар емишини сотиб ўтирган отахондан бир-икки сиқим дон олиб, ўғлига каптарларга сочишни ўргатди. Бола отасининг ишини такрорлади, қушларнинг дон чўқишини кўриб, завқи ошди, дадасига қараб, яна дон сотиб олиб беришини сўради. Дадаси ҳам ўғлининг айтганини қилди, яна сотиб олди. Энди болажон қушларни қувиб эмас, озиқлантириб роҳат қилаётган эди. Ушбу ҳолат менга жуда қаттиқ таъсир этди, ҳайвонларга шафқат руҳини ўзбек миллати болаларига ҳам сингдириш зарурлигини ўйладим. Ҳайвонот боғига олиб бориш ёки уяча ясаб, каптар боқиш билангина иш битмаслигини англадим. Нимадир қилишимиз керак... 

Сал нарида, тунелга тушишингиз билан бир киши ажойиб емак сотаётган экан. Чиғаноқлар орасида солинган қанақадир қиймали таом. Бир турк йигит хотини билан бирга шундан олиб, иштаҳа билан еяётганини кўриб, менинг ҳам кўнглим кетди, шундан татиб кўргим келди. Нархиям арзон, 2.5 лира турар экан. Битта сотиб олдим. Хуллас иккита чиғаноқ ўртасига балиқ гўшти, гуруч ва яна қанақадир зираворлар солинган қиймали емак. Сотувчи чиғаноқларни иккига ажратиб, ўртасидаги қиймага лимон сиқиб берди. Номини ҳозир эслолмадим, аммо биз учун бегона бўлган бу таом унча маъқул бўлмади. Турк йигити қанчадир пул туқазди-да, чўнтак кавлаётган сотувчига “Қайтими керак эмас!” дедию жўнади. Сотувчи унинг ортидан Аллоҳ рози бўлсин, деб дуолар қилиб қолди. “Ёқдими? Яна очайми?” деб сўради мендан. “Яхши, лекин кифоя”, дедим ва майда пулим йўқлиги учун ўн лира узатдим. У “Ҳозир, кетиб қолма” деб столини кўтариб тепага йўналди. Бир лаҳза хаёлимдан қайтимни бермай суриб қолмоқчи эмасмикан, деган хавотир ўтди. Аммо ортидан чиқмадим. Бироздан кейин қайтим олиб келиб берди. “Тинчликми?” деб сўрадим ундан. “Рақибларимиз кеп қолди” деди табассум қилиб. Йўқ, рақиб сўзи ўрнига бошқасини ишлатди, афсуски ҳозир эслолмаяпман. Душман демади, ғаним демади, қандайдир рақиб дегандан ҳам кўра юмшоқроқ сўз қўллади.  Шу ерда ҳам бир жиҳат эътиборимни тортди. Унинг кайфияти мутлақо кўтаринки эди, тушкунлик йўқ эди. У айтмаса ҳам англадимки, буларнинг ишига рухсат бермайдиган ё полиция ва ё солиқ ходими келиб қолган. Бунақаларни “сайгаклар” дейишар экан, яъни патент ё ҳужжатсиз сотувчилик қиладиганлар. Кейинчалик ҳам беш-олти ерда “сайгаклар”ни учратдим, улар билан савдолашдим, улар ҳам шунақа қуён қараш билан савдо қилар экану аммо асло тушкун кайфиятда эмас, одатдаги истанбуллик каби қувноқ ва ҳазилкаш ҳолатда эди.

Бу масжид (Йени жамий) янгими? сўрадим ундан. “Ҳа, янги беш аср бўлди, холос” деди хотиржам кулимсираб. Унинг тагдор ҳазилини бироз кеч англадиму беихтиёр кулиб юбордим. У менга масжид тарихидан озгина гапириб берди. Бундан беш асрлар аввал Эминўни яҳудий маҳаллаларидан бири бўлган. Кейин бу жойларга масжид, бозор, мадраса, (камбағал ва етим болалар учун) сибён мактаби, муваққатхона (меҳмонхона), бадастон (кийим ва заргарлик буюмлари сақланадиган ва сотиладиган жой), турбайи хавотин, яъни аёллар қабристони ва чашма каби кўпчиликка хизмат қиладиган ижтимоий соҳа объектлари қурилиши режалаштирилган. Яҳудий оилаларнинг уйлари, дўконлари эгалари рози бўладиган нархда сотиб олиниб, иш бошланади. Аммо...

 1598 – 1600 йилларида бутун дунёда, жумладан, Истанбул шаҳрида ҳам қанақадир вабо тарқалади. Худди ковид-19 сингари. Қурилишлар бошида турган меъмор Довуд оға айни шу касалликка дучор бўлиб, вафот этади. бу орада Султон III Меҳмет вафот этиб, тахтга Султон I Аҳмад ўтиради. Энди иш бошланганда масжид пойдевори учун қазилган чуқурдан денгиз суви чиқиб қолаверади. Хуллас, тахминан олтмиш йилларда қуриб битирилган экан.

Абижим! Сизларда масжидлар ажойиб қурилар экан: бири супермаркетнинг тепасига, бошқаси мақбара устига...” дейман суҳбатдошимнинг билимга қойил қолиб. “Улар ҳеч нарса эмас, биласанми, бизда томида тобут бор бир масжид ҳам топилади. Бу ерларни Истанбул, дейдилар, аковси!” – унинг гапини эшитиб баттар ҳайратим ошди. Оғзим очилиб қолганини кўриб, менга ўша масжиднинг жойини тушунтирди. “Бу ҳеч нарса эмас, ҳув соҳил бўйида жойлашган жомийни кўряпсанми? У Оҳи Чалабий деган масжид, уни Чалабий деган авлиё қурдирган. Ўша жомийнинг имомини гапга сол, сенга бунданам қизиқ маълумотларни айтиб беради. Жудаям қизиқ воқеаларни билиб оласан. Истанбул шунақа!” дейди фахру ифтихорга тўлиб. “Ўзинг қаерлардан бўласан?” “Ўзбекистондан...” “Ўўў Нақшбандий, имоми Бухорийларнинг юртидан келдингми? У тарафлар ҳам азиз тупроқлар”. Ё чин дилдан ё менинг кўнглимни кўтариш учун шундай деди. Менга биринчиси бўлиб туюлди. 

У билан хайрлашиб, борадиган жойларим ниҳоятда кўп эканига яна бир карра амин ўлароқ тунелдан соҳил тарафга қараб юриб кетдим...

P.S.: узоқ йиллардан бери Туркияда яшовчи дўстимнинг айтишича, чиғаноқ ичидаги емак, бу – мидие (midye) экан.

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

280 22:05 24.01.2022

Қатағон қурбонлари: Носирбек тўқсабо Абдураҳимов

582 21:05 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза узлуксиз тутиладими ёки бўлиб-бўлибми?

426 20:10 24.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

228 19:30 24.01.2022

Ўзбекистоннинг яшаш учун қиммат давлатлар қаторидаги ўрни маълум бўлди

903 19:00 24.01.2022

Омикрон инсон танасига қандай кириши маълум қилинди

1021 18:30 24.01.2022
« Орқага