Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Бухоролик етти амирнинг қабрига дуч келдим...”

3870

Жума намозини муҳташам Аё Софияда адо этиб чиққач, ҳамроҳларимни топа олмай қолдим. Уларни излаб Султон Аҳмад майдонини кезар эканман, 1556 йили қурилган Ҳуррам Султон ҳаммоми орқасида Аллоҳ рози бўлгур саҳобалардан бирларининг қабрларига дуч келиб қолдим. 

Саҳобанинг қабри ҳақиқийми? Биринчи калламга келган фикр шу бўлди. Чунки биласиз, кўплаб жойларда улуғларнинг номи билан боғлиқ зиёратлар бор. Масалан, Фарғонанинг Шоҳимардонида ҳазрати Али, Наманганнинг Балиқликўл қишлоғида, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида (ва яна икки-уч жойда) Вайсал Қароний қабри борлиги ривоят қилинади, ишонилади ва зиёратга ошиқилади. Буям майли, Самарқандда Дониёл деган пайғамбарнинг қабри деб одамларни ишонтириб, зиёратга келган соддаларни битта тешикдан ўтказиб, туғмаган туғади, юрмаганнинг иши югуриб кетади деб лақиллатиб, қанчадан-қанча одамлар “тирикчилик” қилишяпти.

Жаҳонгашта дўстим, блогер Шукур Жабборнинг гувоҳлик беришича, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида Довуд алайҳиссаломнинг мақбараси бор экан. Одамлар шу жойни зиёратгоҳ қилиб олган, у ерга борар йўлларни асфальтлаб ҳам қўйишибди. Асосий дарвозасига етгандан кейин тахминан уч соат пиёда йўл босиб, асосий зиёратгоҳга борилар экан. Содда, илмсиз одамларимиз мана шу жойларга бориб, ўша ерда ўтирган “шайхул машойих”ларнинг чўпчакларини эшитиб, ўз хаёлларида нурланиб келишади. Энг ажабланарлиси ва энг алам қиладиган жойи шуки, йўлда бир ғорсифат жойни мўрисини озгина қорайтириб, мана шу ер Довуд пайғамбарнинг темирчилик устахоналари бўлган деб кўрсатишар экан. Афсус, минг афсус... Ахир озгина илми бор киши биладики, Довуд алайҳиссалом ҳозирги Фаластин диёрларида яшаган. Агар қабрлари бўлса, ўша табаррук тупроқларда бўлади. Устозларимдан эшитганман, ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломдан бошқа пайғамбарларнинг қабрлари маълум эмас. Дарҳақиқат, бунинг ҳам катта ҳикмати бор экан. 

 

Яна Истанбулга қайтайлик. Хуллас, Ҳуррам Султон ҳаммомининг орқасида саҳобалардан бирининг қабрларини кўрганимда рамзий қабр деган фикр онгимда юқоридаги сабаблардан туғилганди. Авваллари ўқигандим, аммо ёдимдан кўтарилган экан: Шарқий Рум империясининг том маънодаги қалби саналган Қустантиния (Константинопол) Фотиҳ Султон Муҳаммад ғозий томонидан 1453 йилда фатҳ этилгунига қадар ҳам бир неча бор мусулмон амирлари, саркардалари томонидан ҳам қўлга киритишга ҳаракатлар бўлган. Бунинг ўзига хос сабаби бор. Бу ҳам бўлса, ҳазрати пайғамбаримиз томонидан ушбу шаҳар фотиҳи ва унинг аскарларини мақтаб айтган башоратларидир. Энг қувонарлиси, Константинопол фатҳда иштирок этганлар орасида бизнинг ота-боболаримиз ҳам бўлган ва шулардан бухоролик етти амирнинг қабрлари шундоққина Фотиҳ масжиди ёнида сақланиб қолган экан (улар ҳақида тўхталамиз ҳали).

Таниқли олим Ҳамидуллоҳ Беруний шундай ёзади:

Имом Бухорий бобомиз ривоят этган ҳадисда пайғамбаримиз Қустантиниянинг фатҳ этилишини башорат қилганларида, фатҳ қилувчи амирни ва аскарларни мақтаганлар. Қустантинияни оврўполиклар Константинополь дейишган, бахтли мусулмонлар қўлида фатҳ қилингандан сўнг Исломбўл, деб атала бошлаган, ҳозирда Истанбул дейилади.  

“Қустантиния албатта фатҳ этилажак. Унинг амири қандай ҳам яхши амирдир! Бу қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир!”.

Ровий айтади: “Маслама ибн Абдулмалик мени чақириб, ушбу ҳадисни мендан сўради. Мени айтиб берувдим, у Қустантиния фатҳига жўнади”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларида буюк саҳоба Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг уйлари эшиги олдига туялари чўкканди. Шу баҳона Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйларида 7 (етти) ой яшаганлар. Ушбу буюк зот – Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу юқоридаги башоратни билиб, Қустантинияга 52/672 йили Ҳазрати Муовия разийаллоҳу анҳу даврида (аниқроғи, унинг ўғли Язиднинг халифалик пайтида) ғазот қилиб борганлар ва у ерда вафот қилганлар. Ўзлари у ерга дафн қилинишини васият қилганлар. Мазкур фатҳ қилишга уриниш чоғида саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр, Зурора ал-Килобий, Авф ибн Молик ал-Ашжаъий, Абу Шайба ал-Худрий разийаллоҳу анҳу кабилар ҳам бирга бўлишган.

Саҳиҳ ҳадисда Қустантинияни фатҳ қилиниши башорат қилингани боис, жуда кўп саркардалар ва ғозийлар фатҳ қилишга ўндан ошиқ марта уринганлар” (иқтибос тугади).

Яна бир манбада шундай келтирилади: Мусулмонлар Константинополни фатҳ этиш мақсадида илк марта ҳижрий 48 йили (милодий 668) келганлар. Ушбу қўшин таркибида 63 саҳоба бўлган. Абу Айюб ал-Ансорий ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўкалдоши (эмикдоши)  Абу Шайба ал-Ҳудрий жангда шаҳид бўлганлар. Айюб Ансорийнинг васиятига кўра, у Константинополь деворлари остига дафн этилган.  

Умумий ҳисобда, Истанбулда саҳобаларга оид 29 та зиёратгоҳ мавжуд. Аммо иккитасининг ҳақиқий қабри аниқланган, холос. Қолганлари эса мақомдир (яъни айнан шу ерга қўйилгани аниқ эмас).

Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам 632 йил боқий дунёга кўчган бўлсалар, орадан бор-йўғи 36 йил ўтиб мусулмонлар Константинополга етиб келганлар.

Ҳосили калом, мусулмон лашкарлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг юқорида келтирилган ҳадиси шарифида тилга олинган бахтиёр саркарда ва бахтли лашкар бўлиш орзусида Константинополга бир неча марта юриш қилдилар. Уларнинг жанглари натижасида шаҳар фатҳ қилинмаган бўлса-да, Византиянинг ҳудуди Константинополга қараб кичрайиб, мусулмонларнинг ҳудуди шу томонга қараб кенгайиб бораверди. Мусулмонлар Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлган жангдаёқ Мармара денгизидан сузиб ўтиб Константинополь остонасига яқинлашиб қўйган эдилар. 

Усмонийлардан етти ҳукмдор Константинополни етти марта қамал қилди ва еттинчи султон, еттинчи қамалда бу шаҳарни қўлга киритди (иқтибос тугади). 

Сўзимизга қайтайлик. Ҳамроҳларим Аё Софияда таниқли шайх Алижон қори ҳазратлари билан дийдорлашиб турган пайтларида мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўкалдоши (эмикдоши) Абу Шайба ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳу қабрларини зиёрат қилаётган эдим. Зиёратгоҳда бир қори тиловат қилиб ўтирган экан. У ердан чиқиб яна ҳаммомнинг олд томонига ўтдим. Майдонда ҳаммага ҳазиллашиб музқаймоқ сотаётган қувноқ дўндирмачини кўрдим (турклар музқаймоқни дўндирма дейишади), лекин у билан ҳазиллашиш кўнглимга сиғмади. Ҳеч биримиз ҳали Туркиядан симкарта олиб улгурмаган эдик, чунки бу ҳам катта даҳмаза ва ўта қиммат экан (адашмасам, янги рақам олиш менга тахминан 200 минг сўмларга тушди). Муҳаммад Алига Истанбулда яшайдиган опаси симкарта берган, аммо унга қўнғироқ қилиш учун кимдан телефон сўрайман? Паришон ҳолимни кўрган бир йигит инглиз тилида “Нима муаммо?” деб сўраб қолди. Мен турк тилида вазиятимни тушунтирдим. “Акагинам, шунгаям ғам чекасанми? Мана телефон, бемалол гаплашиб ол!” деди. 

Муҳаммад Али билан гаплашиб, қаерда учрашишни аниқлаб олдим. Улар Аё Софиядан пастга, Тўпқопи саройи томонга кетиб қолишган экан. Турк йигитига юзланиб, “Bandan ne kadar, arkadaş?” дедим (“биздан неч пул, биродар”). У жиддий хафа бўлиб: “Шунақасиям бўладими?! Шунга ҳам пул оламанми?! Соғ бўл, оғам. Биз озгина ёрдам берсак, берибмиз-да. Савоб-ку бу...” деди. Жудаям хурсанд бўлиб кетдим. “Аллоҳ рози бўлсин, ишларингга омад” деб дуо қилиб хайрлашдим.

Тўпқопи томонга қараб юрар эканман, хаёлимга эрталаб дуч келганим, “Бухоролик етти амир”лар қабри келди. Мана шундай муаззам шаҳарни фатҳ этишда бизнинг ота-боболаримиз ҳам ҳисса қўшганини ўйлаб, қалбим фахру ифтихорга тўлди. Хуллас, Фотиҳ масжиди ёнидаги кўчадан пастга тушиб кетаётганимда кичик қабристонга дуч келиб қолдим. Кўп қаватли уйлар орасида 20-25 қадар қабрлар бор экан. Анчагина қадимий. Бунақа қабристонларни Истанбулда кўп учратасиз. Беш юз йиллик мозоротлар асли ҳолича сақланмоқда. Маълумот пешлавҳасида шундай ёзилган экан:

“Ушбу қабристонда 1453 йилги Истанбул фатҳида иштирок этган бахтиёр аскарлардан экани ишониладиган бухоролик етти амир дафн этилган. Фатҳга 500 йил бўлиши муносабати билан олиб борилган ўрганишларга кўра, бу ерга Саййид Абдуғофир, Саййид Абдураҳмон, Саййид Абдураҳим, Саййид Ғофир, Саййид Ҳамза, Саййид Укайл ва Саййид Абдулазизларнинг қабри экани аниқланган”.

Фотиҳ боболаримиз ҳақларига дуойи хайр қилиб йўлимда давом этдим. Балки бошқа жойларда ҳам бизнинг аждодларимиз қабри бордир. Кейинги сафарларда бу ҳақда ҳам яхшироқ ўрганаман, худо хоҳласа.

Тўпқопи саройига кириш иштиёқида қадамимни тезлатдим. Аммо умидларим пучга чиқди. Сабаби ушбу саройнинг биз мусулмонлар учун энг қийматли бўлган жойи – “Муқаддас омонатлар” бўлими ёпиқ экан. Фақатгина муборак Рамазон ойидагина очилади, деб тушунтиришибди ҳамроҳларимга. Шу сабабли уларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлиб туришган экан. “Кетдик, денгиз сайрига борамиз”, деб йўл бошлади норасмий раисимиз Ҳусан Мақсуд. Ҳаммамиз “Ўўў” деб юбордик ва Эминўнига қараб йўл солдик.

Кема сафари қандай таассурот қолдирди? Нега охиригача бормай тушиб қолдик? Аскар йигитнинг бефарзанд аёли биздан нима илтимос қилди? Шу ва бошқа қизиқарли воқеаларни, насиб этса, кейинги қисмларда айтиб бераман...

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

Тошкент-Истанбул-Тошкент

5-қисмни ўқиш
7-қисмни ўқиш

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қурол савдоси: Россия қуролларига харидор камаймоқда

196 12:36 06.12.2021

Россияда қолиб кетган ҳамюртларимиз учун махсус поезд қатновлари амалга оширилади

83 12:08 06.12.2021

“Спутник” билан эмланганлар Саудия Арабистонига кира олади

207 11:30 06.12.2021

Хитой раҳбари динларни хитойлаштиришга чақирди

1325 10:03 06.12.2021

Исломофобия: Кипрдаги масжидга ҳужум уюштирилди

289 09:35 06.12.2021

Кобулда Германия элчихонаси қайта очилиши мумкин

163 09:10 06.12.2021
« Орқага