Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: «Бундай давлатга бош вазир бўлишдан ор қиламан!»

5387

(25-қисм)

“15 июль шаҳидлари” хотира мажмуасида юрибман. 1960 йил 29 майдаги ҳарбийлар исёнига бағишланган бўлмада, образли айтганда, дор остида турибман. Тепамда ўнлаб арқонлардан ясалган дорлар осилган. Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли – Қобил ва Ҳобил қиссасидан бошланган эзгулик ва ёвузлик, адолат ва зулм, зиё ва зулмат кураши то қиёмат давом этаверар экан. Бўлмаса, мамлакатини нафақат маънавий, балки моддий қийинчиликлардан чиқара олган Аднан Мендереснинг осилишига халқ жим тура олган бўлармиди? Кўплаб ўқувчиларнинг талаб ва истакларини инбатга олган ҳолда “оналари Европада хизматчилик қиладиган давлатга бош вазир бўлиш”дан ор қилган етук сиёсатчи, жамоат арбоби ва ўрни келганда бошини дорга тикишдан ҳам қайтмаган инсон ҳақида батафсилроқ ҳикоя қиламиз. 

Аднан Мендерес ким?  

Аднан Мендерес 1899 йилда Ойдин шаҳрида туғилган. Унинг отаси измирлик Котибзода Иброҳим Атҳам Бей ва онаси ойдинлик Ҳожи Алипошозодаларлик Тавфиқа Хоним. У ёшлигидаёқ ота-онасидан айрилади ва бувисининг қўлида катта бўлади.

Илк таълимини Измир “Иттиҳод ва тараққий мактаби”да олади. Қизилчулу Америка коллежида таҳсил олаётган Аднан миссионерлар билан  тортишиб қолади. Уларнинг устидан турли идораларга мурожаат қилади. Жалол Баяр ўшандай идоралардан бирининг раҳбари эди. У Баяр билан шундай танишиб қолади. Кейинчалик улар биргаликда Усмонийлардан мерос қолган Туркия давлатини биргаликда бошқарадилар.

Мавзудан озгина чекинган ҳолда Измир шаҳри ҳақида икки оғиз фикр билдириб қўймоқчиман. Айтишларича, денгиз ёқасида жойлашган ушбу шаҳарда ҳозир ҳам атеистик тушунчадаги одамлар кўп эмиш. Эҳтимол шунақадир. Буни шу шаҳарда узоқ йиллар яшаган журналист дўстим Аброр Машариповдан сўраб, аниқлаб оларман. Лекин кўпчилик турклар, шу жумладан, ўзбеклар ҳам айни шу шаҳарни Амир Темур бобомиз фатҳ этганини билмайди. Ваҳоланки, бу – тарихий факт. 1402 йилги Анқара жангида Усмонийлар султони Боязид устидан ғалаба қозонгандан кейин Соҳибқирон халқдан ҳол-аҳвол сўрайди. Унга айтишадики, жануб томондаги Измир қалъасида кофирлар яшайди, улар вақти-вақти билан ташқарига чиқиб, мусулмонларни яғмолаб (талаб), қаршилик қилганларни ўлдириб, катта ўлжалар билан яна ортга қайтади. Уч томони сув билан ўралгани учун уларнинг мудофаа тизими жуда ҳам қулай, шунинг учун қалъани ҳеч ким забт этолмас экан. Ҳатто Султон Боязид ҳам уч ойдан ортиқ вақт мобайнида қамал қилишига қарамай, Измирни ололмаганди. Амир Темур қалъани бир ҳафтада эгаллашга муваффақ бўлади. У аввало денгиз томонидаги бандаргоҳларни тош билан тўлдириб, қалъанинг асосий нажот йўлини ёпади. Мустаҳкам ҳимоя девори остини эса лаҳмчилар қазиб, ёғоч тиргакларга ўт қўяди. Шу тариқа Соҳибқирон қисқа муддатда “чақилмас ёнғоқ”қа айланган Измирни фатҳ этади. Мен бу ҳақда турк тарихчиси Аҳмад Шимширгилнинг “Амир Темур” номли ҳужжатли қиссасида ўқигандим.

Аднан Мендерес ана шу шаҳарда тадбиркорлик билан шуғулланарди. Айтишларича, тўйдан олдин турмуш ўртоғига “сиёсат билан шуғулланмаслик” ҳақида сўз берган. Аммо 1930 йилларда Отатурк билан тасодифий учрашувидан сўнг аёлига берган ваъдасини бузишига тўғри келади. У 1930 йилда қисқа муддатда бўлса-да, Озод Республикачилар партиясининг бўлимини ташкил қилди. 1931 йилги сайловларда Ойдин шаҳридан “миллат вакили” (турклар депутатларни шундай атайди) этиб сайланди. 

Мендерес адолатсизликларга тоқатсизлиги ортидан кўпгина қарорларга қарши чиқиши билан кўзга ташланади. Турклар ўтган асрнинг бошларида советлардан қаттиқ таъсирланган шекилли. Динга қарши курашишдан ташқари бойларнинг ерларига ҳам кўз олайтира бошлайди. 

1945 йили Саракўғли ҳукумати томонидан кун тартибига олиб келинган “Тупроқ қонуни” лойиҳасини танқид қилиб, истеъфога чиқди. 1946 йил 7 январда Демократик партияни ташкил қилди ва 1950 йил 14 майдаги сайловларда унинг партияси ҳокимиятга келди. У ўн йил (1950 йил 22 май – 1960 йил 27 май) давомида Туркия жумҳуриятининг бош вазир бўлди ва ўша даврда ўз изини қолдирди.

Аднан Мендереснинг ўн йиллик фаолияти

У мамлакатга раҳбар бўлиши биланоқ динга эркинлик бериб юборди. Аввало Отатурк замонидаги талаб бекор қилинди – азон туркча эмас, арабча айтиладиган бўлди. Бу борада рухсат теккач, Бурса шаҳридаги масжидлардан бирида муаззин хурсандчилигидан нақд етти марта азон айтган экан. Радиода Қуръони карим тиловати берилади. Ёпилган масжид ва мадрасалар қайта очилади. Шу билан бирга имом-хатиб лицейлари фаолият бошлайди. (Имом-хатиб лицейи Халқ таълими вазирлиги ва Диний идора қошида фаолият юритади. Бу лицейларда оддий ўрта ва ўрта мактаб ўқув дастурлари билан бир қаторда Ислом динининг сунний ақидасига асосланган диний таълим берилади. Қиз ва ўғил болалар алоҳида ўқитилади).

Аднан Мендерес иқтисодиётга ҳам ўнг кўз билан қаради. Аввалги раҳбариятдан фарқли ўлароқ хусусий мулкка кенг йўл берди. 1950-1954 йилларда Туркия иқтисодиётида ривожланиш даврига кирди. Бу даврда эркин бозор иқтисодиётига ўтиш тезлашди. Чет элликларга нефтни қидириш ва қазиб олишга рухсат берилди. Чет эл инвестицияларини рағбатлантириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Қишлоқ хўжалигида механизациялаш ишлари фаоллаштирилди. Маршалл режасининг ҳиссаси билан мамлакатда янги саноат объектлари ташкил этилди. 1954 йилда Туркия Вақфлар банки ташкил этилди. Бу даврда Туркия ялпи миллий маҳсулоти йилига ўртача 9 фоиз ўсди. Халқнинг турмуш даражаси ҳам сезиларли юксалди.   

Ҳукмронлиги даврида 5 та ҳукумат тузди. У “аравани тортолмаган”, ёки янгича ислоҳотларни истамаган раҳбарларни аяб ўтирмади. Аввалги 4 йилги бошқаруви даврида ички ишлар, тадбиркорлик ва меҳнат вазирлари 5 мартадан, транспорт вазири, божхона вазири ва монополия вазирини 4 мартадан алмаштирди. 

Ташқи сиёсатдаги ютуқлари ҳам эътиборга молик. Аднан Мендерес даврида Туркия НАТОга аъзо бўлди (1952 йил). Кипрдаги мусулмонларга бошланган қирғинга ҳам қаттиқ қаршилик қилди. Ўтган асрнинг бошларида инглиз босқинчилари томонидан эгаллаб олинган Кипрда яшовчи мусулмонларнинг ҳимоясида қаттиқ туриб олган турк раҳбарияти 1959 йили уч томонлама шартнома имзоналишига эришди. Кейинчалик вужудга келган Шимолий Кипр турк республикасига Аднан Мендерес даврида пойдевор қўйилган дейиш мумкин.

Султон оиласини ватанга қайтарилиши

1952 йили Андад Мендерес НАТОнинг йиғилишида иштирок этиш учун Францияга ташриф буюради. Аэропортдан президент саройига эмас, тўғри Туркиянинг Париждаги элчихонасига боради. Элчидан Усмонийлар султонларининг оиласи ҳақида сўрайди. Элчи бундан бехабар эканини айтади. “Сизга кечгача муҳлат бераман. Ё султон оила аъзоларининг дарагини топасиз ё... истеъфо аризасини...” Элчи мамлакат раҳбарининг топшириғини бажаради, Усмонийлар оиласи вакилларидан бир қанчасининг яшаш манзилларини топади. Мендерес уларнинг аҳволидан шахсан хабар олиш ниятида эди. Улар орасида Усмонийлар давлатини ўттиз йилдан ортиқ бошқарган Султон Абдулҳамидхон II қизи Оиша Султон ҳам бор эди. Ўша пайтларда ёши олтмишлардан ўтган малика минг афсуски Франция ҳарбий қисмларидан бирида кир ювувчи бўлиб ишлар ва шу ишидан топган маоши орқали онаси – саксон ёшдан ошган Мушфиқа хонимни боқаётган эди. Олти асрдан зиёда вақт давомида дунёнинг учта қитъасига ҳукмдор мамлакатни қуриб, шунча йил давомида бошқарган оиланинг вакилларини шу қадар хор ва залил ҳолда кўрган Аднан Мендерес йиғлаб юборади ва фақатгина: “Бизни кечиринг, жуда кеч келдик...” дея олади, холос. Оиша Султон ҳайрон қолиб: “Сиз ким бўласиз?” дейди. “Мен Туркия бош вазири Аднан Мендерес бўламан. Бу ҳолат учун Сиздан ва онангиздан узр сўрайман”, дейди.

Туркияга қайтиши билан ҳаммаслаги, президент Жалол Баярга учраб, унга бўлган воқеани айтиб беради. “Усмонийларнинг оиласини Ватанга қайтаришимиз керак! Бунинг вақти келди!” дейди. Жалол Баяр қўрқиб кетади. “Сиз бу гапни айтмадингиз – мен эшитмадим. Буни асло хаёл ҳам қилманг! Йўқса, бизни осадилар!” дейди. Мендерес бу жавобни кутмаганмиди? Кутганди. Чунки... 25-30 йиллар олдин, Усмонийлар халифалиги тугатилиб, жумҳурият даври бошланган вақт султонларнинг оила аъзоларини Туркиядан абадий сургун этиш ҳақида қарор чиқарилган. У қарорни қабул қилган зотлар ўша кунларда, яъни ўтган асрнинг 50-йилларида ҳали ҳам етарли кучга эга ва султон оиласининг қайтиши уларнинг исён кўтаришига сабаб бўлиши муқаррар эди. Мендерес била-била ўз бошини кундага қўяётган эди. У бундан қўрқмади.

Мендерес бир қоғозга икки оғиз жумлани ёзиб, президент столига қўяди ва чиқиб кетади. Унда шундай жумлалар ёзилганди: “Момолари Франциядек бир мамлакатда хизматчилик қиладиган давлатга бош вазир бўлишдан ор қиламан!” Бу бош вазирнинг қайсидир маънода истефоси эди. Аднан шу кетганича бир неча кун ишга чиқмайди. Жалол Баяр суриштирса, Ойдин шаҳридаги уйига кетиб қолган экан. Бир қанча одамни ўртага қўяди, аммо у фикридан қайтмайди. Охири президент ён беришга мажбур бўлади. Султон оила аъзолари Туркияга таклиф этилади. Кўплари фарзанд ва набираларининг кўнглига қараб, Европадан айрилолмади. Бир қанчалари эса ота-боболарининг фони ва жони эвазига қурилган давлатга қайтади. Уларнинг орасида Султон Абдулҳамидхон соний оиласи ҳам бор эди. 

Мендерес бир куни Оиша Султон ва онаси Мушфиқа хонимни зиёратига келади. “Бир муҳандис бор экан. Мана шу чиройли уйини бизга ижарага берди. Камига ҳар ой бизга кўпгина миқдорда пул ҳам бериб турибди”, дейди малика. Бош вазир бундан мамнунлиги билдиради. Ишлари кўп, вақти тиғиз бўлишига қарамай, Аднан Мендерес улардан тез-тез хабар олиб туради. 

Кейин-чи? Кейин бир қатор кўнгилсизликлар юз беради. Аммо булар ҳақида кейинги қисмда гаплашганимиз маъқул. Чунки шундоқ ҳам гапимиз чўзилиб кетди. Сиз юқоридаги фикрларни ўқиб-уқиб туринг, мен эса 2016 йил 15 июл кунги давлат тўнтариши муносабати билан ташкил этилган хотира мажмуасида кезишда давом этаман. 

Дарвоқе, бу ерда – Туркияда ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлганларни шаҳид дейилар экан. У ҳарбий бўладими, учувчими, ички ишлар ва ё хавфсизлик хизмати ходимими, фарқи йўқ. Ҳатто Эрдоған жаноблари ҳам Аднан Мендересни шундай шарафли ном билан эсга олди. Шаҳидлар учун алоҳида мақом – қабристон бор экан. Бизда ҳам шунақами? Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси нима дейди? Албатта булар ҳақида кейинги сафар батафсил сўз юритамиз... Иншааллоҳ...

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

381 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1038 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1598 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1274 19:36 06.02.2023

Россия ва Эрон Татаристонда дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

483 18:10 06.02.2023

Муфтий ҳазратлари Туркия халқига ҳамдардлик билдирди

569 17:41 06.02.2023
« Орқага