Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Гуржи гўзали”нинг Айюб Султондаги иншоси”

4155

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм)

Агар йўлингиз тушиб, Истанбулга борсангиз, Айюб Султон майдонига боринг. Атрофдаги кўча ва маҳаллаларни шошилмай, эринмай зиёрат қилинг. Чор атроф қабристондан иборатга ўхшайди, аслида ҳам шундай, аммо бу биз кўрган-билган мозоротлар каби совуқ ва қўрқинчли эмас. Ҳар бир қабртошнинг ўз ҳикояси бор, аччиқ-ширин қисматлардан айтадиганлари бор зиёратчиларга. Фақат буни кўз закоси ила кўриб, қалб қулоғи билан тинглай олсангиз, бас. Ишонинг, яхшилаб кезаман десангиз, бу серфайз ва сирли маконни айланиб-ўрганишга бир-икки кунингиз етмайди. Асло вақтингизга ачинманг, чунки оладиганларингиз (таассурот эмас, ибрат дейин) дунёларга татийди. Бир сўз билан айтганда: АР-ЗИЙ-ДИ!... 

Майдоннинг биқинида бир кўча бор, расмий номи нима, билмайман, аммо халқ “Жулус йўли” дейди. Айюб Султон майдонидан пастга, Халич қўлтиғи томонга қараб тушиб кетишда... Жулус – ўтириш, эгаллаш дегани. Усмонли халифалиги тахтига ўтирган султонлар Айюб Султонда “Қилич тақиш” маросимини ўтказган, чунки бу жойлар ҳамма учун бирдай азиз ва қадрли. Худди шунинг учун “Султоннинг тахтни эгаллаши” деган маънони англатадиган “Жулус йўли” дейишади. “Қилич тақиш” маросими султонлар учун жудаям муҳим аҳамият касб этган, гўё халққа ваъда, умид берган, султон сифатида халқ билан илк бор юзма-юз бўлган. Гўё ҳозирги давлат раҳбарлари инаугурацияси сингари... (Инаугурация – давлат бошлиғининг шу олий лавозимни бажаришга киришиши муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросим). Бизда мазкур маросимда президент Қуръон ва қомусга қўл қўйиб, қасамёд қабул қилади-ку, шунга ўхшаган тадбир. 

Ҳозир мана шу кўчадан соҳил томонга қараб, яъни султонларга қарама қарши томонга кетяпман. Тўпқопи саройида тахтга ўтирган ҳар бир султон Тўпқопи дарвозасидан чиқиб, Мармара денгизи қирғоғида чайқалиб турган салтанат қайиғига ўтиради ва Халич қўлтиғига қараб юриб, ушбу кўчанинг бошида тушади ҳамда Айюб Султон масжиди тарафга йўл олади. (Авваллари сув ёқалаб кетган “Соҳил бўйи” йўли бўлмаган экан. Уни 1950 – 60 йилларида Туркия давлат раҳбари бўлган раҳматли Аднан Мендерес қурдирган экан, Аллоҳ раҳмат айласин).

Йўлнинг икки тарафида халқ султонни “Подишоҳим, кўп яша! Подишоҳим, кўп яша!” деган олқишлар билан кутиб олади. Яна бошқа шиорлари ҳам бор: “Мағрур бўлма, подшоҳим, сендан буюк Аллоҳ бор!” деган. (Қаранг-а, давлат раҳбарига қандай саслана олишган экан!) Мана шундай олқиш ва огоҳлантириш садолари остида эндигина тахтга ўтирган султон “Қилич тақиш” маросимига одимлаб боради. Мана шуларни ўйлаб, ўзимча тасаввур қилиб Жулус йўлидан тушиб борар эканман, турк миллатининг ақлу заковатига, донишмандлигига яна бир карра лол қолдим. Биласизми нега? Ҳозир тушунтиришга ҳаракат қиламан. 

Аввало Сизга “Гуржи гўзали” дея таниладиган бир малика ҳақида айтиб беришим керак. Меҳришоҳ Волида Султон 1745 йили ҳозирги Грузиянинг Батуми шаҳрида православ руҳоний оиласида дунёга келган. Тақдир бу гўзал қизнинг келажагини муаззам Истанбул билан боғлайди. Буни қарангки, унинг пешонасига Учинчи Султон Мустафога суюкли ёр ва Тўртинчи Султон Салимга она бўлиш бахти ёзилган экан. Меҳришоҳ Волида қисқагина умри давомида кўплаб масжидлар, мактаблар, йўқсуллар уйи, шифохоналар қурдирган, чашмалар, ҳатто тўғон ҳам қурдирган. Аммо ҳозир буларга эмас, биз турган Жулус йўлига иншо эттирган икки иморатига эътибор қаратамиз.

Соҳилдан Айюб Султон масжидига кўп юрмайсиз, нари борса 300 – 400 метр холос ораси. Қилич тақиш маросимига ҳаяжон ила кетаётган султонлар Жулус йўлининг икки томонига Меҳришоҳ Волида қурдирган иншоотлар орасидан ўтиб боришга мажбур бўлади. Ўнг томонда етим-есир, мусофир ва камбағаллар учун текин овқат бериладиган “Ош уйи”. Чап томонда эса, етимлар, камбағалларнинг болалари ўқитиладиган бошланғич мактаб. Бир лаҳза хаёлга чўминг-да, тасаввур кенгликлари ичра юриб, давлатга янги сайланган (ё тайинланган) раҳбардек ҳис қилинг ўзингизни. Инаугурация маросимига кетяпсиз...

Бу шунчаки тантана эмас, зиммангизга жуда катта масъулиятни олиш. Атрофдагиларнинг ярми “Подишоҳим, кўп яша!” деб алқаб турибди, ярми эса, “Мағрур бўлма, катта кетма, кибрланма, султоним, Сендан буюк Аллоҳ бор!” деб Сизни огоҳлантиряпти... Ҳаммага кулимсираб, қўл силтаб, имкон қадар яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қилиб кетиб бормоқдасиз. Бирдан кўзингиз оч, юпун юртдошингизга ва бу томонда Сизга умидвор тикилиб турган мунгли нигоҳларга тушди. Қандай аҳволга тушасиз? Султонлар ҳам айни шундай ҳолатни бошидан кечирган бўлса, не ажаб? Саройда улғайган шаҳзодаларнинг егани олдида, емаганиям олдида, улар айни султонликка кириш олдидан халқнинг турфа хилини кўради, ибратланади, бошқарув пайтида уларга меҳрибонлик қилишга интилади. Мана кўрдингизми Меҳришоҳ онанинг ақлу фаросати не чоғлик... 

Дарвоқе, Меҳришоҳ она қурдирган мактаб ва “Ош уйи”нинг харажатлари ўзи ташкил этган вақф томонидан қопланиб борилган. Туркияда вақфлар жудаям кўп ва уларнинг фаолияти ҳақида албатта алоҳида тўхталамиз. Ҳозир эса Жулус йўлида Меҳришоҳ она иншо этган чашмага юзланиб, бир бардак зилол сувдан ичайлик. Истанбулнинг ҳавосида намлик юқори бўлгани учун жуда тез чанқайсиз ва чой ёки сув излаб қоласиз. Шунинг учун бўлса керак, авваллари ҳам, ҳозир ҳам савоб умидида сув чиқарадиган яхшилар роса сероб. Аммо Меҳришоҳ Волида чиқарган сув жўмраги ёнида иккита супа бор. Суриштирсам, юк кўтариб келаётган ҳаммоллар орқасидаги юкни ерга қўйиб, кейин қийналиб кўтариб юрмаслиги учун атайин қилинган экан. Орқасидаги оғир саватини шу супага қўядию яна юкини орқалаб йўлида давом этади. Чашма ёнида панжарали ярим доира шаклдаги бино бор. Аёлларга, ёш болаларга айнан шу ердан, яъни ичкаридан туриб идишда сув тутишар ва шу йўл билан уларнинг ҳожатларини чиқаришган экан. Нақадар олижаноблик! У аёлнинг заковатига, фаросату назокатига, ҳимматига тасаннолар айтдим.

1805 йили оламдан кўз юмган гуржи гўзали, оқилаю фозила Меҳришоҳ Волида Султон ўзи Жулус йўлида қурдирган мақбарага дафн этилади. Вафот этганида ҳисобида бир танга ҳам пул қолмагани ривоят қилинади. Унинг руҳи шарифига икки калима Қуръон ўқиб, дуойи мағфират тилаб йўлимда давом этдим. 

Айюб Султон масжидининг тепа томонидаги қабристонда ўзбекистонликлар учун жуда таниш ва ниҳоятда севимли бўлган зотлардан бири, нақшбандия тариқати пири комили шайх Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратлари мангу қўним топганлар. Йўлингиз Айюб Султонга тушса, эринманг, шайх ҳазратларининг қабрларини албатта зиёрат этинг. “Ҳақиқий севги”, “Тасаввуф ва Нафс тарбияси”, “Тасаввуф ва гўзаллик” каби ўнлаб китоблари ўзбек тилига таржима қилинган. Сайфиддин Сайфуллоҳ, Мирзо Кенжабек, Каримуллоҳ домла Иномов, Баҳриддин Умрзоқ, Нодирхон Ҳасан каби олимлар, уламолар шайхнинг шогирдлари бўлиб, у зотнинг кўплаб асарларини миллатимиз учун таржима ва таълиф этганлар, таълимотларини ёйганлар. Мустақилликнинг илк йилларида хусусий телеэкранлар орқали эфирга узатилган тариқат ҳақидаги кинофильмлар ёдингиздами? “Сиз ёлғиз эмассиз!”, “Али Самарқандий” “Робиятул Адавийя”, “Даниялик келин”, "Ҳасан Басрий" каби исломий фильмларни ҳам ўша зоти шарифнинг шогирдлари олиб келиб, уй шароитида таржима қилиб, хусусий телевидениеларга текинга тарқатиб юришган экан. Уларнинг аксари ЎзТВ деб аталмиш давлат телевидениесида ҳам намойиш этилган. Юз йиллаб ислом маърифатига ташна миллатимиз учун қанақа байрам бўлган эди ўшанда... Нафсини синдириш учун бозорда жигар сотган қози эсингиздами? Азиз Маҳмуд Худойи ҳазратлари... (бу зоти бобаракотнинг қабрлари ҳам Истанбулда, уларни ҳам зиёрат қилиш насиб этди) Энг қизиғи, шайх Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг ота-боболари бухоролик бўлишган

Усмонийлар даврида нафақат оддий одамлар, балки султонларнинг ҳам ҳаётида катта таъсир кучига эга бўлган. Айримлари нақшбандий, бошқалари мавлавийя тариқати шайхларини ўзларига устоз билганлар. Масалан, Иккинчи Фотиҳ Султоннинг пири Оқ Шамсиддин ҳазратлари бўлгани ҳақида айтиб ўтган эдик. Фотиҳнинг ҳаётида бошқа бир пири комилнинг ҳам муҳим рол ўйнаган ва у зот айнан бизнинг диёрдан, Моварауннаҳрдан бўлган. 

Костантинополнинг қўлга киритилишида Моварауннаҳрдан бўлган жуда кўплаб аскарлар ҳам ҳисса қўшгани, хусусан, Фотиҳ жомеъси яқинида фатҳда қатнашган бухоролик етти амирлар дафн этилгани ҳақида ёзгандик. Қарангки, бу шарафли зафарда подшоҳларнинг устози деб ҳурматланадиган авлиё бобомиз – Хожа Ахрори Валий ҳазратларининг ҳам муносиб ўрни бор экан. Бу маълумотни менга таниқли ёзувчи акамиз Набижон Боқийнинг шахсан ўзлари айтиб бердилар.

Шу ўринда агар имконингиз бўлса, картадан Истанбулнинг жойлашган жойига яна бир карра назар ташлашингизни илтимос қилган бўлардим. Бу шаҳар Шарқу Ғарб туташган нуқтада жойлашган. Икки қитъани Мармар ва Қора денгизни туташтирадиган Истанбул бўғози ажратиб туради. Бундан ташқари Халич қўлтиғи бор. Бу қўлтиқ нисбатан кичкина, лекин эски Истанбулни (яъни Константинополни) қўриқлаш учун жудаям муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган. Эминўни соҳилидан нариги – Галата минораси томондаги қирғоққа темир симлардан тўсиқ қўйилгани учун кемалар Халичга кира олмаган. Константинопол кичкина бўлса ҳам мустаҳкам ҳимоя деворига эга бўлгани учун узоқ йиллар эгаллашнинг иложи бўлмаган. Фақат Халич қўлтиғи томондагина ҳимоя заиф эди, аммо кемалар ўтишига тўсиқ қўйилгани учун бу ерга ўтишнинг имкони бўлмаган.

Константинополни қамал қилиб турган Султон Муҳаммад II нинг боши қотган: шаҳарни қандай эгаллаш мумкин?  Қамал кунларининг бирида султон туш кўради, тушида бир уламо зот унга Истанбул бўғозидаги кемаларни қуруқлик орқали Халич қўлтиғининг ички тарафига олиб ўтишни маслаҳат беради. Ҳатто кемаларни ўтказиш усулини ҳижжалаб тушунтириб беради, ўргатади. Султон айни шу йўл билан Истанбулни фатҳ қилганини ўқигансиз, ё эшитгансиз ва ё фильмларда кўрган бўлсангиз, ажаб эрмас.

Султон ўзига йўл кўрсатган бу нурли сиймони жуда яхши эслаб қолади ва йиллар бўйи одамлар орасидан уни излаб юради. Йиллар ўтиб, умрининг охирларида Истанбулга бизнинг тупроқлардан уламолар меҳмон бўлади. Ҳаж сафарига кетаётгандами, ёки бошқа сабабми... Ишқилиб, Истанбулга борган олимлар орасида Хожа Ахрори Валий ҳазратларининг ўғиллари ҳам бор эди (исмларини тополмадим, афсус). Бу кишига кўзи тушган Фотиҳ Султон беихтиёр ўрнидан туриб кетади ва олдиларига бориб: “Тушимда кўрган одам Сизсиз!” дейди. Кейин ҳаммага неча йиллардан бери сақлаб келган тушини айтиб беради. “Сиз таърифлаётган одам мен эмас, балки падари бузрукворим – Хожа Ахрори Валий бўладилар”, дейди ўғиллари... Султон салтанат ишидан ортиб Хожа Ахрори Валий ҳазратларини зиёрат қила олганми ё йўқ, рости билмайман. Катта эҳтимол билан айтаманки, дийдор қиёматга қолган бўлса керак, деган ўйдаман. Бу бир ривоят, хоҳ ишонинг, хоҳи йўқ, аммо негадир мен ишондим...

Суҳбатимиз чўзилиб кетди назаримда. Аммо Султон Аҳмад зиёратгоҳида айтадиган бир гапим қолди: бу жойларга насибангиз қўшилиб келсангиз, Масжид орқа томонидаги Пьер Лотти тепалигига чиқинг (халқ орасида Довуд тепа деб ҳам айтилади). Пьер Лотти юз йиллар аввал яшаб ўтган фаранг ёзувчиси. У ҳам сизу биз каби Истанбул ҳайрони эди. Шу тепаликка чиқиб, Халич қўлтиғини томоша қилиб ўтиришни яхши кўрар экан. Биринчи жаҳон урушида бутун европага қалами билан қарши чиқиб, Усмонли халифалигининг тарафини олган мард ва адолатли инсон бўлган. Турклар дўстларига шунчалар вафодорки, юз йил ўтса ҳам бу тепалик фаранг ёзувчисининг номи билан аталади. Бу ерда бир бардак чой ёки қаҳва ичиб, атрофни роҳат ила томоша қилинг...

Мен пастга, Соҳил бўйидаги трамвай йўлига қараб кетдим. Борадиган жойларим бор...

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбулда ўзбек кураши бўйича халқаро турнир ўтказилди

319 19:00 28.06.2022

Истанбулда катта Ислом давлатлари сармоя форуми бўлиб ўтади

403 14:45 16.06.2022

Туркий давлатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва омбудсманлари ассоциацияси таъсис этилди

493 16:05 13.05.2022

Туркий давлатлар ташкилотининг инвестициявий фонди ташкил этилмоқда

596 15:35 03.05.2022

Достоевский Болгарияни «озод» қилган «халоскорлар» ҳақида

1318 19:40 25.04.2022

«Диний масалалар борасида ҳам Туркиядан ибрат олишимиз мумкинми?» – ЎМИ ходими билан суҳбат

1195 15:50 20.04.2022
« Орқага