Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Ҳасанинг қани?!”

5284

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм)

Шу йилнинг ёз ойларида биз – “Azon”чилар устозимиз Мубашшир Аҳмад бошчиликларида Туркияга сафар қиладиган бўлдик. Аввалига машинада, Қозоғистон, Россия, Озарбайжон, Арманистон ва Грузия орқали Туркияга ўтадиган, Онадўлини сайр этиб, охири Истанбулга боришни режаладик. Интернетдаги харитани қайта-қайта сайр этдик, онлайн йўл туздик, сафарга нималар оламиз-нималар қўямиз, роса муҳокама қилдик. Хаёлан йўлу чўлда мароқ билан саёҳат қилдик, яъни қилгандек бўлдик. Тўғрисини айтсам, Истанбулга машинада бориш камида беш-олти йиллик орзуйим эди. Бошқа дўстларимизда ҳам айни шу фикр анчадан бери бор экан. Нимага самолётда эмас, айнан машинада, дерсиз... Чунки ҳаво йўли орқали борсангиз, аэропортдан аэропортга тушасиз, ҳамма аэропортлар деярли бир хил – замонавий иншоот... Машинада борсангиз, оддий халқни кўрасиз, уларнинг ўзига хос ҳаёти билан яқинроқ танишасиз. Ҳар қалай камина шундай қаноатда эдим.

Аммо... Бу режамиз амалга ошмади, учоқда учадиган бўлдик.

Биринчидан, пандемия шароитида хорижга, масалан, айнан Қозоғистонга машинада ўтишга рухсат йўқ экан. Иккинчидан, машинада борадиган бўлсак, чарчоқ кучайиб, Истанбулдаги асосий ишга куч кам қолади, деган хулосага келинди. Чунки дунёнинг пойтахти бўлган муаззам ва қўҳна бу шаҳарга шунчаки саёҳат учун эмас, ёруғ ва хайрли мақсад – илм даргоҳи (исломий академия) очиш қасдида кетаётган эдик. (Қолаверса, аэропорт билан аэропортнинг анча фарқи бўлар экан, бу ҳақда эса кейинроқ битта-битта тўхталамиз.)

Сафар деганлари ўз-ўзидан кутилмаган ва эсда қоларли воқеалар билан қизиқ, албатта. Бизнинг йўлчилигимиз ҳам бундан мустасно бўлмади. Ахир саккиз нафар кишидан иборат жамоада “ҳаммаси рисоладагидек” бўлиши мумкин эмас-ку, тўғрими?..

Биринчи ҳангома Тошкент халқаро аэропортидаёқ бошланди...

Сафардан бир кун олдин хусусий клиникалардан бирига бориб, Covid-19 га анализ топширдик. 230 минг сўм пулга тушди бу текширув. Унинг жавоби (салбий) чиққунича кўнгилда хавотир бор эди. Хайрият, ҳаммамизники яхши чиқди. Бу кимлар учундир арзимаган пул бўлиши мумкин, албатта. Лекин шахсан менда мана шу текширишга нечоғлик зарурат бор, деган савол туғилди. Агар чиндан ҳам зарурат бўлса, шу хизматни бошқа компанияларга нисбатан қиммат чипта сотадиган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” зиммасига юклашни таклиф этган бўлардим. Нима дедингиз?

Бош ҳаво дарвозамизда ярим литр газсиз сув кўчадагидан икки баробар қиммат экан. Индамай олиб кетавермай, сотувчига эътирозимни билдирдим. Уям ижара ҳақининг осмондалигини айтиб, ўзини оқлади (унга ишондим). Мен ҳам у каби бу ҳолатни “катта”ларнинг виждонига ҳавола этдим-қўйдим. Лекин дилхиралигим дарров тарқади. Чунки аэропорт хизматчиларидан тортиб божхона ходимларигича Azon’ни билишар, кўришар, ўқишар экан, жудаям хушмуомалалик ва хайрихоҳлик билан кутиб-кузатиб қўйишди. Хавфсизлик ва бошқа текширувлар тугагач, охирги залга ўтиб, учиш вақтини ва... саккизинчи ҳамроҳимиз, “Azon kitoblari” нашриёти бош муҳаррири Ҳусан Мақсудовни кута бошладик.

Самолётимиз учишига бир ярим соатча вақт бор, намозхонага кириб, кимдир Қуръон ўқишга, кимдур таҳорат янгилашга, яна кимдир Ҳусанга қўнғироқ қилишга киришди. Негадир Ҳусан ушланиб қолди. Биз вазиятни билмаганимиз учун, буни унинг ортиқча хотиржамлигига йўйиб, ўзимизча койиган бўлиб турдик. Сабаби у аэропортга ҳаммамиздан кеч келганди. Вақт қисқаргани сари хавотиримиз кучайди, чунки у телефонини кўтармай ҳам қўйганди. (Бунақа пайтларда биласиз кимлардан ва нималардан гумон қилишни...)

Дарвоқе, намозхона олдида таҳорат қилишга навбат кутарканман, бир йигит билан танишиб қолдик. Тожикистонлик экан, Россия томонларга кетаётган экан. “Бизда бунақа шароитлар йўқ” деди озроқ ўкинч билан намозхонага имларкан. Ичимдан бир нима узилгандай бўлди... “Хафа бўлманг, ука, яқинда Сизларда ҳам яхши ўзгаришлар бўлади. Бизда ҳам тўрт-беш йил аввал шунақа эди. Янги раҳбар келиб, кўп нарса ўзгариб кетди”, дедим унга тасалли бериб. “Қайдам”, деди руҳсиз. Кейин қўшиб қўйди: “Янги президентларингни бизнинг халқ ҳам қаттиқ ҳурмат қилади. Чегараларни очиб ташлагани учун... Мана мен ҳам (Бекобод туманидаги) Зафар чегара-постидан ўтиб келдим. Ҳеч қанақа муаммо бўлмади. Чегаралар бемалол...” Унга оқ йўл тилаб, хайрлашдик.

Ниҳоят учишга йигирма дақиқалар қолганида Ҳусан орамизга қўшилди. Унинг нима сабабдан ушлаб қолишганини эшитиб, тўғриси хавфсизлик ходимларига қойил ва айни пайтда ҳайрон қолдим.

Ундан “Ҳасанинг борми? Қани у?” деб сўрашибди. Ҳусан эгиз акасининг ишда эканини тушунтирса, ишонишмабди. “Сен Ҳасансан, укангнинг (эгизагингнинг) паспорти билан кетяпсан!” дейишибди. Росса эзғилаб суриштиришибди. Охири “Ҳасанга қўнғироқ қилиб бер-чи?” дейишибди. Бир неча уринишлардан сўнг Ҳасанга телефон орқали уланишибди, хавфсизлик ходимлари у билан гаплашиб, ундан ҳам бир қанча маълумотларни сўраб, ниҳоят, Ҳусанга оқ йўл тилаб кузатиб қўйишибди.

“Ўзбекистонга қайтишим билан паспорт столга бориб, исмимни ўзгартираман!” – деди Ҳусан аламли оҳангда. Индамадик. Унга тасалли беришга сўз йўқ эди. Унинг фикрига қўшилдик, холос...

Беш соат беш мамлакат устидан учиб ўтган учоғимиз Истанбул аэропортига келиб қўнди. Учувчиларнинг маҳоратига қойил, қўниш пайтида мутлақо силтаниш бўлмади (шунга қаттиқ эътибор бердим, қойил). Қўнганимиздан кейин ҳам самолёт ўн-ўн беш дақиқача аэропортда юриб борди. Бу бизда бетоқатлик туғдириш билан бирга Istanbul Нavo Аlani’нинг нақадар катта эканлиги ҳақида илк тасаввурни уйғотди. Шаррос ёмғир, аниқроғи, жала ёғиб турганини кўриб, учоқдан аэропортга кириб олиш учун автобусга ўтиргунча уст-бошимиз ҳўл бўлишини ўйлаб ташвишландим. Аммо, не бахтким, учоқдан тўғридан-тўғри аэропорт биносига кириб кетдик.

Киришимиз билан бизни фуқаролик кийимидаги полиция ходими кутиб олди. 25-30 чоғлик кишиларнинг паспортини йиғиб олгач, ортидан махсус хонага боришимизни тушунтириб, узундан-узоқ йўлак бўйлаб бошлаб кетди...

(давоми бор)

Тошкент-Истанбул-Тошкент

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси фирибгарлардан огоҳлантирди

650 11:03 13.01.2022

Эрдоған фоизга қарши

4782 18:15 27.12.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Наполеон Истанбул ҳақида нима деган?”

2301 21:36 17.12.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Кўп қаватли уй остидаги жомеъ масжиди...”

3168 18:00 13.12.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Бир ҳовлида икки ибодатхона: масжид ва черков”

4687 19:49 11.12.2021

“Холокост оқибатларини деб фаластинликлар жабр чекмаслиги керак” – Эрдоған 

993 11:30 11.12.2021
« Орқага