Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Кўп қаватли уй остидаги жомеъ масжиди...”

3523

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм)

Аср намозини Қузғунжук масжидида жамоат билан адо этдим ва муаззин тасбиҳ айтишни бошлаганида қисқа дуо ўқиб, ташқарига йўналдим. Озгина орқага қайтдим-да, газета сотадиган дўкон ёнидан тепага – сотувчи амаки кўрсатган томонга йўл олдим.

Яхшиям шу тарафга юрганим, айланиш баҳонасида жудаям бой таассуротларга, қизиқарли маълумотларга эга бўлдим. Урёнийзода кўчасига киришим билан ўнг томонда бир бино учради: “KUZGUNCUK CAMII YAŞATMA DERNEĞİ”. Бир бой одам ушбу мулкини масжидга мулк қилиб берибди. Мазкур иморатда масжид фаоллари тўпланиб, муаммоларни биргаликда ҳал қилишаркан. Буям ўзлаштирадиган жиҳат, менимча.

Тепалик томонга юрар эканман, кўча тор бўлса ҳам, файзли ва дарахтлар кўплиги эътиборимни тортди. Ҳозир-ку куз фасли, лекин ёз ойларида ҳам бу ерлардан ўтсангиз, салқинлигидан, дарахтларнинг кўплигидан баҳри дилингиз яйраши шубҳасиз. Ўйлаб қарасам, нафақат марказий шаҳарларимиз, балки қишлоқларимиздаги кўча-кўйларда ҳам дарахтлар жудаям кам экан. Яшиллик етишмайди. Бунда “минг йиллик” чинорларни кесган “калласи катта” раҳбарларнинггина эмас, балки оддий одамларнинг ҳам айби бор. Майли, айби деб айтмай, бепарволиги ёки беэътиборлиги. Мана мен кетаётган шу торгина йўлга кўкрак кериб чиққан кўп қаватли уйларнинг балконларидан қанақадир чиройли ўсимликлар, гуллар очилиб тушган. Деворгуллар биноларга, дераза панжараларига тирмашиб чиқиб кетган. Шуларни ҳокимият эмас, балки мана шу уйларда истиқомат қилаётган аҳолининг ўзлари эккан-ку?! Ҳовлисида райҳон ўстирмайдиган, гул парваришламайдиган одамларимиз жудаям кўп. Энг ачинарлиси, ҳозирги замонда ҳоким бувалар уйма-уй юриб, томорқалардан унумли фойдаланиш борасида тарғибот-ташвиқот қилиб юрибди. Тошлоқ, адир жойларниям обод қилиб, боғ яратган зотларнинг авлодлари тушган аҳволга қаранг... (Ҳа, майли, яхши бўлиб қолар, кўнглимдан ўтган гапларни ёздим, кимларгадир тегиб кетса олдиндан узр сўраб қўя қоламан).

Икки тарафдаги уч қаватли ёғоч уйлар тахминимча икки ё уч асрлар аввал қурилган. Ҳалиям мустаҳкам ва кўркам шаклда турибди. Худди Абдулҳамидхон даврига бориб қолгандай ҳис қилдим ўзимни. Ана шундай хаёллар билан кетаётиб, яна бир ажойиб жойга дуч келиб қолдим. Бу – KİTABEVİ – китоб уйи. Риштонлик афанди укамиз Дима Қаюмнинг кутубхонасига ўхшаб кетадиган даргоҳ (зиё тарқатаман деб униям бошига келмаган кун қолмади ўзиям). Туркиядан қўшиқлар ўғирлаймиз, кафелар ўғирлаймиз, кийиниш ва урф-одатлар ўғирлаймиз, китоб уйи деган хайрли ишниям ўғирлайлик... Бу каби маърифат масканлари Истанбулда жудаям кўп учрайди. Китоб уйига келиб, бир финжон чой ёки қаҳва буюрасизу маърифат уммонига шўнғийсиз. Ташқарига стол-стуллар қўйиб, енгил тамадди қиладиганлар учун шароитлар яратилган. 

Ўзимча уч қаватли китоб уйини айланиб чиқиб кетмоқчи эдим. Ҳижобли хоним: “Хуш келибсиз, нима хизмат?” деб қолди. Ўзбекистондан келганимни, шу атрофдаги диққатга сазовор жойларни томоша қилиб юрганимни айтдим. Хоним китоб уйига ташриф буюрган муштарийларга халал бермаган ҳолатда мени ушбу мунаввар даргоҳ билан таништириб чиқди. Китоб уйида китобхонлар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Стол-стулдан ташқари дераза олдига кўрпача шаклида ўтириш учун ҳам жой тайёрлаб қўйилибди.

Ҳижобли хонимдан шу атрофларда сенагога борлигини суриштирдим. Сал тепароқда аввал черков, ундан озгина ўтиб, чап томонга қайрилса, сенагога келишини тушунтирди. Абдулмажид Афанди кўшкига ҳам сайёҳларни жуда қизиқтиришини айтди. Кейин Наққош бобо деган қабристон борлигини, у ерни ҳам зиёрат қилишимни тавсия қилди ҳамда у зоти шариф ҳақида жудаям қимматли маълумотлар берди (унга ҳам албатта тўхталаман). Ҳижобли хонимнинг билим ва одобига ичимда таҳсин айтдим, унга  ташаккур билдириб китоб уйидан чиқдим.  

Дарҳақиқат, жиндай юришим билан яна битта черковга йўлиқдим. 1831 йили қурилган Иглесиа де Сан Панталеон (Iglesia de San Pantaleón) номли юнон православ черкови экан. Черков дарвозаси уч қаватли, ичкарисиям чиройли бўлса керак, аммо кириб ўтирмадим. Киришдан мақсад бўлиш керак, албатта. Шу ерда бир ажиб ҳолатга дуч келдим. Аниқроғи ажойиб кадрга. Битта машинанинг устида мушук ўйнаб юрибди. Сал нарида турган ит ҳам худди онасининг уйида ётгандай хотиржам оёқ узатган. Машина эгаси бу ҳолатга ҳам кулиб қараб турибди, мушукни ҳайдамаяпти.

Яқинда Azon.uz’да чиққан мана бу хабарга эътибор қаратинг:

Ҳусайн Кочак беш йилдан бери Туркиянинг Қирқлар эли вилоятидаги Аҳметче қишлоғи масжидида имомлик қилади. У қишнинг совуқ кунларида масжид эшигини мушуклар учун ҳам очади. Мушуклар дам намоз ўқиётган одамларнинг атрофида айланиб юради, дам масжиднинг ичида ўйнайди. Уларни жамоат ҳам яхши кўради. 

“Улар ҳам бизлар каби тирик жонзот. Уларнинг тили йўқ, гапира олмайди, лекин биз тилсиз эмасмиз, кар эмасмиз. Уларнинг оч қолганини, чанқаганини эшитамиз, биламиз. Марҳамати, виждони бор ҳар ким биз қилган ишни қилади”, – дейди Ҳусайн Кочак. (иқтибос тамом)

Турк қардошларимизнинг нафақат инсонларга, балки ҳайвонларга ҳам меҳрибонлигига қойил қолмай иложимиз йўқ. Яқинда наманганлик саховатпеша блогер Муҳаммад Икром аканинг фейсбукда қолдирган қуйидаги постларига кўзим тушиб қолди:

Шаҳарнинг энг чеккасида, аҳоли яшамайдиган ҳудуддаги кўмир базаси олдида мўъжазгина кабобхонадан бор. Ҳаво сувуқ. Ўндан ошиқроқ одамлар тушлик қилишмоқда. Кабобхонахонадан ўн метрлар узоқда бир кучук тамшаниб, одамларга таъзим қилгандек думини ликкиллатарди. 

Одамлар қўлларидаги нонни кўрсатиб харчанд чақиришмасин, худди олдида тўсиқ бордай, кучук одамларга яқинлаша олмасди. 

– Нонингдан бер-чи, укам, – дедим биттасига сабрим чидамай. 

Қўлимга нонни олишим билан кучук олдимга келиб, оёқларим остида ётиб олди: 

– Ака, итга бу ерда овқат берманг, келишга ўрганиб қолади, ўзи аранг ҳайдаганмиз, – деди кабобпаз.

– Хўп бўлади, – дедим-да, анча нарига бориб қўлимдаги нон билан кучукни сийладим.  Қорни тўйди шекилли думини ликкиллатганча югурлаб нари кетди. 

– Ука, бу ит бўлса, қандай қилиб ошхонага яқинлашмасликни ўргатдинг, –  деб сўрадим ажабланиб.  Кабобпаз шундай жавоб берди:

– Эй ака, бунинг йўли осон, уч-тўрт марта қаттиқ бақиргандим, шу-шу ошхонага яқинлашмайдиган бўлди (қисқартирилган иқтибос тамом).

Менимча, изоҳ шарт эмас. Ўқиган одамнинг ўзи юқоридаги икки хабарни бир-бирига солиштириб, хулоса чиқариб олаверади. Аввал ҳам бу мавзуга тўхталган эдим, яна тўхталишим мумкин, буни тўғри тушунасиз деган ўйдаман.

Яна озгина юрсам, олдимдан “маҳаллаком” идораси чиқиб қолди. Ие, турклар биздан ўғирлашган шекилли? Телевизорда маҳалла институтининг дунёда фақат бизда борлиги ҳақида қайта-қайта, такрор-такрор, бот-бот айтиб, онгимизга сингдириб юборишган эди-ку? Бу ёғи неч пулдан тушди?  

Ускудор тумани Қузғунжук маҳалла мухторлиги, деб ёзиб қўйишибди. Маҳалла идораси биносида бир эълон бор экан, буям худди ўзимизники сингари, махсус транс машиналари қачон келишини таъкидлаб қўйишибди: 

“Ахлатларни фақат сешанба ва жума кунлари чиқаринг!” 

Ичкарига кириб, “Маҳаллаком” билан дилдан суҳбатлашгим келдию лекин бу ишни Ўзбекистон 24 каналидаги серҳаяжон ҳамкасбларимнинг зиммасига юклай қолдим. Зора, Истанбулга келганда Тўпқопи саройи ва Аё София масжидидан бошқа жойлардан репортаж тайёрлаб қолишса... Айланиб, мана шу маҳаллага келишса, тарқатиб юрган нотўғри (ёлғон дейишга хижолат қилдим) маълумотларини тузатиб қўйишар. Чиқмаган жондан умид ёки ноумид шайтон...

Мени сал нарида яна бир қадимий ибодатхона – 1821 йилда қурилган яҳудийларнинг синагогаси ўзига чорлаб турибди. Ибодатхонанинг ташқи кўринишига унчалик “ишлов берилмаган” (кейинчалик кузатдимки, бошқа сенагогаларда ҳам масжид ва черков сингари ташқи томонга ортиқча безак берилмас экан). Суратга олиб тургандим, қаердандир бир киши пайдо бўлиб қолди ва нима қилаётганимни сўради. Унга ўзбекистонлик сайёҳ эканимни тушунтирдим. Агар рухсат бўлса, ичкарига кириб, расмга олиш ниятим борлигиниям билдирдим. У Bet Nissim синагогасига фақат ҳаҳамбошидан (раввиндан) рухсат олсамгина киришим мумкинлигини айтди. Ўзи киришга унча ҳушим йўқ эди. 

Истанбулда яҳудийларга қандай муносабатда бўлишларини, ибодатхоналари озми-кўплигини сўрадим. “Жудаям яхши. Ота-боболаримиз бу тупроқларда нафақат мусулмонлардан, балки Рум империясидан аввал ҳам яшаб келади. Ибодатхоналар етарли. Агар сен тарихга қизиқсанг, қарши тарафга ўт, бўғоз кўпригидан ўтганда, ўнг томонда фалон синагога бор, ўша ерда Тавротнинг энг қадимги нусхаси сақланади. Галата минорасининг орқасидаям катта сенагога ва яҳудийлар музейи бор. Албатта ўша ерларга ҳам бор...” Гапириши ва кўриниши турклардан фарқ қилмайдиган бу амакига ташаккур билдириб хайрлашдим.

Кўрган-кечирганларимни ўйлаб, катта-кичик кўчалардан ўтиб боряпман. Нақадар бағрикенглик... Ҳозир-ку жумҳурият замони, Усмонли халифалиги даврида ҳам яҳудий ва насороларга нисбатан қандай гўзал муносабат билдиришган экан, а? Олдинга кетиб айтай, ўша куни кечқурун офисга борганда Мубашшир Аҳмад домладан шу ҳақда сўрадим. Яъни диний бағрикенглик шу қадар бўладими? “Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Фаластинга борганларида бир черков ичида турганларида насоз вақти бўлиб қолади. Насронийлар шу ерда ўқиб олаверинг, дейишади. Аммо ҳазрати Умар рад этадилар: “Агар мен ҳозир намоз ўқисам, мендан кейингилар сизлардан ибодатхоналарингни тортиб олишларидан қўрқаман”, дейдилар. Аҳли китобларга уйланиш, уларнинг сўйганларини ейиш Қуръони каримда оятлари орқали рухсат берилган. Ислом каби карамли дин йўқ...” деб яна кўпгина маълумотларни айтиб бердилар (эсимда қолган маънолари).

Абдулмажид Афанди кўшкини кўзлаб кетаётган эдим, тўрт кўчага етганимда беш қаватли уйнинг остида жомеъ масжиди жойлашганини кўриб, ёқамни ушлаб қолдим. Бу 1974 йили қурилган Ҳожи Усмон ўғиллари ер ости масжиди экан.
Ё Парвардигор! Нақадар гўзал бу Истанбул! Супермаркет устига қурилган масжидни кўрдим, мақбара устига қурилганини ҳам. Томида тобути бор масжидни ҳам... Черков билан бир ҳовлида жойлашган жомеъни ҳам...

Ҳайратимни ифода этгани ҳамсуҳбат йўқ. Яхшиси кечқурун ўртоқларга айтиб бераман, деб дилладим. Офисга борганимда эса, Нўъмонжон Фотиҳ жомеъси ёнида жойлашган Афдолзода масжиди ҳақида ҳаяжонланиб гапириб қолди. Эмишки 1496 – 1503 йилларда қурилган Афдолзода ҳовлисида нақд беш аср аввал экилган анжир дарахти бор экан. Расмини ҳам кўрсатди. Ёшини аниқ билмадиму аммо чиндан ҳам анжирнинг ёши жудаям “улуғ” эди.

Ҳозирча офисга борганим йўқ, ҳозирча мени кутиб турган янги манзиллар бор. Парклар, боғлар, Наққош бобо қабристони  ва ҳаказо... Ҳозирча саёҳатномамизнинг навбатдаги қисмига ҳам нуқта қўйиб тураман. Чунки ҳаяжон ва ҳайратлар бугунча етар. Насиб этса, кейинги сафар яна ҳам қизиқроқ жойлар ҳақида гаплашамиз...

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

259 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

174 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

301 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

247 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

112 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

373 21:10 25.05.2022
« Орқага