Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Маликалар бойлигини Европадаги саройларга сарфламаган...”

4134

Чоршанба маҳалласидан Айюб Султон томонга йўл олдим. Нима учун Фотиҳ туманидаги ушбу қадимий маҳалланинг номи Чоршанба? Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Фотиҳ масжиди атрофидаги кўчалар ёпилиб, бозор ташкил этилар экан. Халқ бозори. Балки шунинг учундир. Бу бозор ҳақида вақти-соати етганда албатта сўз юритаман. Гапирадиган анча-мунча мулоҳазаларим бор Истанбул бозорлари, савдогарлари ҳақида. Ҳозир тор ва файзли йўллардан катта кўчага қараб кетяпман. Йўлда Қуръон курсига дуч келиб қолганим ҳақида ёздим. Бунақа курслар жудаям кўп экан. Ҳар қадамда десам лоф бўлар, аммо ҳар кўчада лоақал битта маърифат маскани топилади. 

Катта кўчага ҳам етиб олдим. Ўнг тарафимда, чуқурликда Фотиҳ тумани ёшлар хизмати ва спорт мудирлигига қарашли “Қорагумрук” футбол мактаби бор экан. У ерда шуғулланаётган бир гуруҳ болаларга ҳавас қилиб ўтиб бордим. Озгина юрганимдан кейин гулчилик дўкони келди. Истанбулнинг гуллари ҳам ажойиб рангдор ва чиройли бўларкан. Гулларга суқланиб, ҳавасланиб бордим. Кейин Султон Меҳмет Фотиҳ ҳазратларига қўйилган ҳайкалга дуч келдим. Турклар ҳам ҳайкалларга биздан кам қизиқмас экан.

Рўпарасида эса Меҳримоҳ Султон ҳаммоми ва жомеъ масжиди ўрин олган. Мазкур мажмуага қараб, кўзимни узолмай қолдим. Ё Аллоҳ! Истанбул нақадар гўзал маскан, а? Ҳар қадамда катта ва қадимий масжид. Ҳаммом ҳам қадимий...

Дарвоқе! Охирги йилларда бизда ҳаммомлар битта-битта йўқ қилинганига сиз ҳам эътибор қаратдингизми? Мен ёшлигимиздаги оддий ҳаммом бўларди-ку, ўшалар йўқ бўлиб кетганини энди сезибман. Билмадим-у, ўша ҳаммомларда яхшилаб терлаган кишидан шамоллаш деган қишда кўп учрайдиган касалликлар тезда ариб, кинода айтилгани каби, қушдек енгил бўлиб чиқиб кетардик. Бир кишига шундай десам, уйда душ бор-ку, дейди ажабланиб. Иссиқ ҳаво парланиб ичингга киради, оёғинг қизийди, баданингдаги ғуборлар чиқиб кетади, дедим, барибир тушунмади. Ёшлигимизда нафақат шаҳарларда, балки ҳар бир колхоз марказида албатта ҳаммом бўларди. Колхозлар тугатилаётган пайти уддабурро раислар ўзлари каби каламушсифат “ишбилармон”ларга сотди, халқ учун фойдали иншоот бузилиб, шифери, тахтаси, темирларию пишиқ ғиштлари сотилиб кетди. Шаҳарлардаги ҳаммомларнинг тақдири ҳам катта эҳтимол билан бошқача бўлмаган. Турклар эса беш юз йиллик ҳаммомларни ҳам аслидай сақлаб келяпти, қойил...

Меҳримоҳ султон... Келинг, шуни ўзбекча қилиб Малика Меҳримоҳ дейлик. Малика Меҳримоҳ Усмонли халифаси Биринчи Султон Сулаймон ва Ҳуррам Султонларнинг ягона қизи, генерал Рустам пошонинг суюкли ёри. Малика Истанбулдаги деярли барча гўзал ва муҳташам масжидларнинг ижодкори бўлган меъмор Синонга илтимос қилиб мазкур масжидни иншо эттирган. 1562-1565 йиллари бунёд этилган ушбу масжид мажмуасига ҳаммомдан ташқари мадраса ҳам киритилган. Алоҳида чашма қазиб, аҳоли учун сув чиқарилган.

Шунингдек, Малика Меҳримоҳ меъмор Синон ёрдамида Истанбулнинг Ускудор мавзесида Ускудор Искала жомеъ масжиди, мадраса, бошланғич мактаб, шифохона каби халққа хизмат қиладиган даргоҳлардан иборат мажмуа ҳам қурдирган. Отасининг Малтага қиладиган юриши учун ўз ҳисобидан 400 та кема ясаттирган. Ана шунақа! Усмонли маликалари ана шундай ватанпарвар бўлган. Улардан мана шундай гўзал асарлар, садақаи жориялар қолган. Не бахтким, улар халқини талаб, қон қақшатиб тижоратларини тортиб олмаган, миллат мулкига кўз олайтирмаган, дадам ўлса, қочиб кетаман деб Европанинг турли мамлакатларидан ҳашаматдор виллаю саройлар сотиб олмаган. Ўз бойлигини халқ манфаати йўлида ишлатган. Ана шунинг учун ҳам уларни эслаган авлодлар “Падарингга лаънат, ҳаромзода!” деб эмас, “Аллоҳ раҳмат қилсин, ота-онангга раҳмат!” дея эслайди, дуо қилади. Мен кўрмаганман, аммо “Муҳташам юз йил” деган сериалда юқоридаги хайрли ишлар, садақаи жориялар ҳақида батафсил ёритилган бўлса керак, деган умидда Малика Меҳримоҳ ҳақида гапни мухтасар қиламан. Аллоҳ уни ўз раҳматига олган бўлсин...

Мен ҳозир Фотиҳ Султон ҳайкали олдида туриб, мана шундай одобли, зеҳнли, халқпарвар шаҳзодалару маликаларни қандай тарбия қилишган экан, деган ўйга чўмдим. Беихтиёр ёдимга бир вақтлар ўқиганим ажойиб ривоят тушди. Айнан Фотиҳ Султоннинг болалиги ва тарбияси ҳақида... Ўқимаган бўлсангиз, ўқинг, агар аввал ўқиган бўлсангиз, келинг, такрор бўлсин.

Ривоят. 

Фотиҳ Султон Меҳметхон болалигида жуда шўх бўлган. Дарс вақтида қилган тўполонлари билан устози Оқшамсиддиннинг жаҳлини чиқарар эди. Устози унга танбиҳ берса, дарҳол: «Мен подшоҳнинг ўғлиман, ҳеч нарса қилолмайсиз», дейишдан ҳам тоймасди. Оқшамсиддин подшоҳга шикоят этишликни адабсизлик ҳисоблаб, ҳолатни Иккинчи Муродга айтишликдан тортинар эди. Аммо вақт ўтгани сайин кичик Меҳметнинг қилиқлари ҳаддан ошиб, чидаб бўлмас ҳолга келади. Шундан кейин ноилож подшоҳ Иккинчи Муроднинг ҳузурига чиқади.

«Подшоҳим, Сизга айтишим зарур бўлган бир хусусий масала бор. Аммо айтишдан ҳаё қилмоқдаман». Подшоҳ: «Марҳамат! Ҳеч тортинмасдан айтаверинг», дейди.

Бу сўз Оқшамсиддинни хотиржам этди. Ва ҳодисани англата бошлади.

«Подшоҳим! Ўғлингиз жуда тўполончи. Унинг дастидан дарсимни ўтолмаяпман. Қачон танбиҳ берсам, дарҳол Сизни номингиз билан менга таҳдид қилади».

Подшоҳ бир оз сукут сақлайди. Кейин Оқшамсиддинга яқин келиб, бир нарсаларни пичирлаб тушунтиради. Подшоҳнинг сўзларидан Оқшамсиддин саросимага тушади.

«Бу қандай режа? Буни амалга ошириш мумкин эмас! Оқшамсиддин бу режа хусусидаги хавотирларини ошкор қилишига қарамай, подшоҳ, «Бу иш бўлади», дейди».

Эртаси куни Меҳмет дарсда яна тўполонини бошлайди. Устозининг танбиҳига одатдагидек, отаси билан таҳдид жавобини беради. Айни шу пайт тўсатдан эшик очилиб, подшоҳ ичкарига киради. Бу ҳолатдан ғазабланган Оқшамсиддин подшоҳга қараб бақиради: “Ҳеч ким дарс вақтида ичкарига берухсат кириши мумкин эмас!” деб ташқарига ҳайдайди. 

Подшоҳ мулзам бўлиб узр сўрайди ва ташқарига чиқади. Бир оздан сўнг эшик тақиллайди ва у хижолатли ҳолатда изн сўраб ичкарига киради.

Бу ҳодиса қаршисида шаҳзоданинг тили калимага келмай, нима қилишини билмай қолади. Ишонгани – подшоҳ отаси кўз ўнгида устозидан дакки еган эди. Фотиҳ Султон Меҳметнинг ички дунёси ағдар-тўнтар бўлганди. 

Халифанинг режаси ажойиб шаклда амалга ошганди. У фарзандининг эрка, тантиқ ва тарбиясиз бўлишига шу йўл билан тўсқинлик қилди. Ўша кундан сўнг Фотиҳ Султон Меҳмет асло тўпалон қилмади. 

Дарҳақиқат, болани боқиш эмас, тарбия қилиш керак!

Тўғрисини айтаман, юқоридаги ривоят ҳаётийми ё тўқима, рости аниқ билмайман. Тўқима десангиз ҳам розиман, агар ҳаётий деб унга ишонсангиз, мен ҳам Сиз томондаман. Билганим шуки, Султон Иккинчи Мурод ўғлини ҳар томонлама ибратли ва комил фарзанд сифатида тарбиялай олган. Шунинг учун ҳам у (Фотиҳ Султон Меҳметхон) 21 ёшида Қустантинияни фатҳ этиб, Пайғамбар алайҳиссалом мақтаган мақомга эга чиқди. Айнан мана шу ерлар Эдирнакапи (Эдирна дарвозаси) деб аталади. Фотиҳ Султоннинг ҳайкали ҳам бежиз бу ерга ўрнатилмаган. Сабаби бу жой бир вақтлар Константинополнинг ғарбий дарвозаси, яъни Европа томондаги чегараси бўлган. Уйдай-уйдай келадиган деворларни кўриб, Фотиҳ Султоннинг улкан муваффақиятини қалбдан ҳис қиласиз. Яна бир карра лол қоласиз... Аллоҳ рози бўлсин ғозий зотлардан!

Маҳаллий аҳоли вакилларининг биридан Айюб Султон майдонига қандай боришни сўрадим. У киши менга чин юракдан, яъни малол олмай, хайрихоҳлик билан нечанчи минибусга чиқиб, қайси бекатда тушишимгача ҳижжалаб тушунтириб берди. Хорижлик эканимни билиб, эҳтимол яхши тушунмай қолмасин деган мақсадда қайта-қайта англатди. Мен ҳам унга турк тилида чуқур миннатдорчилик билдириб, у айтган минибусга чиқдим. Биласизми, туркларнинг мана шу жиҳатига тан бердим. Бирор манзилга қандай боришни сўрасангиз, эринмасдан, жудаям марҳамат билан йўл кўрсатиб юборади. Бунинг қанчалар савоб эканини яхши англаганларидан бўлса керак, саволларингизга малол олмай, бениҳоя лутф ила тушунтирадилар. Бундан ўзлари ҳам мамнуният туяр эканлар. Бу миллатнинг қанчалар улкан юрак соҳиби эканидан далолат беради. Шундай эмасми?

Бағрикенглик... Айюб Султонга етмай кўзим тушган бир бино ҳақида гапирмоқчиман. Бу бино тепасида кўзимга роса таниш кўринган байроқ ҳилпираяпти. Юрагим ҳапқириб кетди. Эсладим, бу – тобора торайиб бораётган Фаластин давлатининг байроғи эди. Фаластин – БМТнинг ўгай фарзанди! Нафақат БМТнинг, балки дунёнинг исталмаган боласи... Азиз тупроқларга сиғдирилмаётган фаластинликлар бош уриб келадиган даргоҳлардан бири шу ер – Фаластиннинг Истанбулдаги консулхонаси. Бино олдида беш-ўнта қора кўзлар турибди. Кўриб кўнглим эзилди. Умуман, Истанбул кўчаларида араблар ниҳоятда кўп учрайди. Айниқса, шомликлар. Уларни кўриб, раҳмингиз келади, ичингиз оғрийди. Тафаккур қиласиз, бир вақтлар усмонли халифалигига орқа ўгириб, ғайридинлар билан тил бириктирган зодогон зотларнинг бугунги авлодлари айнан Усмонли ерларида ризқ қидириб юрибди. 

Норасмий маълумотларга кўра, биргина Истанбулнинг ўзида 3 миллион нафар атрофида суриялик мухожир бор. Турклар бошпана берган, ўзлари айтмоқчи, соҳиб чиқишган. Кўчага ташлаб қўйгани йўқ. Лекин таассуфки, келаётган куним бир нохуш хабарга кўзим тушди. Бир гуруҳ суриялик ва фаластинлик кишилар Исроил манфаатлари учун Туркияда жосуслик қилиб юрганида қўлга олган. (Бу ҳақда сайтимизда эълон қилинган қуйидаги хабарда батафсил танишишингиз мумкин: )

Майли, катталар айтмоқчи, сиёсатга аралашмай қўя қолайлик...

Айюб Султонга қараб қадамларимизни тезлаштирамиз. У ерда бизни нафақат каптарлар, балки соат 11.00 бўлса ҳам, очилмаган дўконлар кутиб турибди. Абу Айюб ал-Ансорийнинг мақбарасидаги Қуръон тиловати қаердан келмоқда? Булар ҳақида келаси сафар албатта гаплашамиз.

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири
Тошкент-Истанбул-Тошкент

11-қисмни ўқиш
13-қисмни ўқиш

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ахлоқус солиҳийн: Инсонларнинг ҳожатларини чиқармоқ фазилати

56 07:45 04.07.2022

Ҳар 24 сонияда бир киши автоҳалокатда вафот этади – БМТ

407 00:56 04.07.2022

Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчлари

422 21:50 03.07.2022

Истинжо қилиш макруҳ бўлган нарсалар

546 21:30 03.07.2022

Чўлоқ қулон

509 20:50 03.07.2022

Қанча бойлигингиз бўлса қурбонлик қилишингиз керак?

1101 20:17 03.07.2022
« Орқага