Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Наполеон Истанбул ҳақида нима деган?”

2737

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм) (22-қисм)

“Саёҳат қилинглар, соғлом бўласизлар”, деган мазмундаги ҳикматни эшитганмисиз? Бунда қанчалар ҳақиқат борлигини бошимдан ўтказиб билдим. 

Ўзбекистонда бир кунда нари борса, икки километрча пиёда юрардим, ундан ортиғига қувватим етмасди. Истанбулда кунига камида ўн километр шаҳар кездим. Чарчамадим эмас, чарчадим, толиқдим, албатта. Фақат руҳий томондан енгиллик бўлгани учунми, билмадим, озгина ухласам ҳам тетик ҳолда уйғондим. Балки бу об-ҳаво билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо мен эътиборингизни бошқа жиҳатга қаратмоқчиман. Туркияда шахсий машина ҳайдашдан, ҳатто таксига чиқишдан кўра, пиёда юриш осон. Истанбулнинг деярли барча кўчаларига жамоат транпортлари қатнайди. Пиёдалар йўлакчалари ҳамма ерда ташкил этилган ва текис тош ётқизилган. Бу биринчи жиҳат.

 

Иккинчидан, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар орасида аҳоли дам оладиган парклар жудаям бисёр. Мана ҳозир Қузғунжук маҳалласида юрибман, деярли ҳар икки юз метрда битта кичкинагина парк учраяпти. Уларнинг ўзига хослиги нимада? Аввало, дарахтлар қалин бўлгани учун салқин ва баҳаво. Қолаверса, болалар ва катталарнинг дам олиши учун етарли шароитлар яратилган. Болалар турли текин аттракционларда ўйнаса, ота-оналар ўриндиқларда дам олиб, фарзандларини кузатиб ўтиради. Энг қизиғи, парк деяётганимиз жуда катта жойни эгалламаган, нари борса бир бойваччанинг ҳовлисидай келади, холос.

 

Турк киноларини кўрганлар яхши билади, қардошларимиз жуда кўп чой истеъмол қилишади. Бу шунчаки олифталик эмас, балки иқлим туфайли келиб чиқадиган табиий эҳтиёж экан (қайтариқ бўлган бўлса, узр). Тошкентда юрганимда чанқасам, оддий газсиз сув ичардим. Истанбулда эса одамнинг қайноқ чой ичгиси келар экан. Йўлимда учраган биринчи кафега кирдим. Кирдим десам ҳам нотўғри ифодалаган бўламан, чунки кафе ташқарида эди. Бир бардак чой олиб, бўш ўрин кам бўлгани учун бир ўзи ўтирган амакидан рухсат сўраб, унинг ёнига ўтирдим. Бу ер номи чиққан машҳур оилавий ошхона экан. Аниқроғи, уйда тайёрланадиган овқатлар сотиши билан донг таратган экан. Шундай қарасангиз, соҳил бўйига кўзингиз тушади. Асли суҳбатдошга ҳожат йўқ, чунки атрофни кўздан кечириш орқали табиатнинг ўзи билан сирлашаверасиз, тил топишиб, дардлашаверасиз. Гўё бу гўзал манзара ўзига тикилган, чарчоқ енгиб турган йўловчига “Сўйла, дардингни олай”, деб тургандай тасаввур қолдиради. 

Лекин одамлар билан гаплашишим, уларнинг фикрини билишим, улардан маълумот олишим керак. Чунки мен йўлбошловчисиз (гидсиз) шаҳар кезаётган сайёҳман. Рўпарамда турган амакига сўз қотдим, ўзимни қизиқтирган саволларни сўрадим. Аввал ҳам айтганимдек, Истанбулда (балки Туркияда) тарихни, сиёсатни, муомалани билмайдиган одам йўқ. Бу амаки ҳам менга Қузғунжук маҳалласи ҳақида жуда кўп гапларни гапириб берди.

“Бир замонлар бу ерларда Қузғун бобо деган авлиё зот яшаган. Шу сабаб маҳалла номи ҳам Қузғунжук деб номланади. Бу ерда номи машҳур сериаллар тасвирга туширилган (Ўзбекистонда намойиш этилмагани учун номини эслаб қололмадим). Денгиз бўйида давлат театри бор. Ундан ташқари кўча ўртасидаги зиналарда халқ ичидан чиққан ҳаваскорлар кечқурунлари театр томошаларини кўрсатишади. Диққатга сазовор жойлар жудаям кўп. Шулардан бири музей, Абдулмажид Афанди кўшки, масжид, черков ва сенагога ва ҳаказо.

Маҳалладаги одамларнинг деярли барчаси бир-бирини яхши танийди. Турли миллат ва дин вакиллари худди бир оиладай иноқ ва оқибатли. Бировнинг бошига бирор ташвиш тушса, ҳамма ёрдамга келади. Яқинда черков попининг ўғли уйланди. Бутун маҳалла черковга бориб, тўй билан табриклаб келдик. Ҳеч ким қуруқ боргани йўқ, ҳамма ўз ҳолича тўёна қилди. Нима учун бу ерда еврейлар кўп, биласанми? Чунки бир замонлар яҳудийларнинг ватани бўлмагани учун шу ерда яшашни орзу қилишган, яъни бу тупроқлар улар учун муқаддас саналган. Нима учунми? Буниси рости билмайман. Лекин бутун дунёдаги яҳудийларнинг орзуси мана шу жаддада яшаш бўлган. Ҳозир жудаям кам қолган, аммо улар билан ҳам аҳилликда кун кечирамиз. Нафақат Истанбулда, балки бутун дунёда бунақа маҳалла йўқ!”

Соҳил томондан чиқиб келишда “Қузғунжук бўстони” деган жойни кўргандим. Оилавий дам олиш учун ажойиб имконият, яъни тоққа чиқиб, фарзандларингиз учун қўлбола кабоб пишириб бергингиз келади-ку, ўшанақа пайт шу ерга келаверасиз. Айланжа (маёвка) учун барча шароит бор. Табиат қўйнида мазза қилиб дам оласиз. Бўстон дегани қишлоқдаги бобо деҳқоннинг томорқасига ўхшайди. Помидор, бодринг, сабзи, пиёз, картошка, кўкатлар... хуллас, хилма-хил сабзавотлар етиштирилар экан. Амакидан ўша ерда ким томонидан деҳқончилик қилингани сўрайман.

“Маҳалла аҳлидан ким хоҳласа, чиқиб деҳқончилик қилаверади. Бу ерга сабзавот эккани учун солиқ ё бошқа ҳақ тўламайди. Одамлар ишдан бўш кунлари табиат қўйнида ишлаб, чарчоғини чиқаради. Ҳосилини давлатга топширадими? Нимага топшириши керак. Йўқ, топширмайди. Ўзи учун ишлатади. Лекин инсонийлик деган гап бор. Ҳеч ким ҳамма ҳосилни уйига олиб кириб кетмайди. Маҳалладаги одамларга тарқади. Албатта текинга. Савоб учун. Биринчи навбатда кексалар, камтаъминланган оилаларга берилади, уларнинг дуолари нақд!”

Амакининг гапларини тинглаб, яна бир марта истанбулликларга қойил қолдим. Ҳайратимга ҳайрат қўшилди. У билан хайрлашиб, яна йўлимда давом этдим. Наполеон Бонапарт ушбу шаҳар ҳақида нима деган, эшитгандирсиз? “Агар бутун дунё битта мамлакат бўлса, шубҳасиз, унинг пойтахти Истанбул бўлади”, деган экан фаранг императори. Дарҳақиқат, ушбу муаззам шаҳарда бутун дунёнинг маданияти қоришиб кетган. Йўқ, физикадаги диффузия ҳодисаси каби тартибсиз равишда аралашган эмас, балки бир бутунлик ҳосил қилган, уйғунлик касб этган, бир бирини тўлдирган, безаган, гўё буюк ансанбль ҳолига келган. Бу даргоҳда даллини ҳам, дарвешни ҳам, олимни ҳам, обидни ҳам, зоҳидни ҳам, атеистни ҳам, деистни ҳам, жуҳудни ҳам, хочлини ҳам, орифни ҳам, ошиқни ҳам учратасиз. Учратганда ҳам ниқоб билан эмас, ўз кийимида учратасиз. Ҳаёт аталган театрда улар гримм билан бошқаларнинг ролини эмас, балки ўзларини ўйнаётган ҳолда кўрасиз. Иккиюзламачилик йўқ. Энг ҳайратланарлиси улар бир биридан нафратланмайди, аксинча, бир бировига марҳаматли, меҳрибон... 

Бир уй деразасига: “Бу ерда расмга тушманг! Оила билан яшаймиз ахир?! Уят бўлади! Ишонинг, расмга тушган жуфтликлар ажрашиб кетади!” деган гапни ёзиб қўйишибди. Маҳаллага сайёҳлар ниҳоятда кўп келгани ва бефаросатларча иш тутгани жонидан шу қадар ўтиб кетибди шекилли. Акс ҳолда истанбулликлар бунақа муносабатда бўлмайди. Менимча, қайсидир ўткинчи ушбу оила аёли ё қизи деразадан қараб турганини расмга олгани сабабидан шунақа деб ёзган бўлса керак. Турклар учун шараф-номус – ҳаёт-мамот масаласи. Ҳазиллашадиган иш эмас. Аёлларини, қизларини қаттиқ рашк қилишади, авайлаб-эъзозлашади. Ҳатто керагидан ортиқ. Бир сўз билан айтганда бошларига кўтаришади. Шунинг учун Туркияга келсангиз, қиз-жувонларга жуда эҳтиёткорлик билан муомала қилишни унутманг. 

Абдулмажид Афанди кўшкига ҳам бордим. Бошқалари қатори бу обиданинг ҳам ажойиб тарихи бор экан. 1880 – 1885 йиллари қурилган ушбу кўшк аввал Исмоил пошо деган кишига тегишли бўлган. Унинг вафотидан кейин фарзанди уни сотмоқчи бўлади ва Султон II Абдулҳамидхон Хазинаи хосса ҳисобидан сотиб олиб, амакиваччаси (Султон Абдулазизнинг ўғли) шаҳзода Абдуламажид афандига ёзги қароргоҳ сифатида фойдаланиб туриш учун беради. Усмонлининг энг охирги халифаси бўлган Абдулмажид афанди санъатга жуда қизиққани учун ушбу ёзги саройни шунақа безаб юборадики... Бир сўз билан мен бу кўшкни ғалати санъат асарлари кўргазмаси, деб номлаган бўлардим. Негалигини илова этилаётган расмларга қараб ўзингиз тушуниб етасиз, албатта. 

Одамлар орасида бир гап юради: бирор бегона жойга борсанг, бозорига ва... мозорига кириб қўй, деган. Буни ким айтган билмадиму лекин қабристонга бориб туриш албатта фойдадан ҳоли эмас.

Пастликка тушиб кетар эканман, йўлимда учраган Наққош бобо қабристонини зиёрат қилиб ўтгим келди. Қабристон турк сериалларида тез-тез кўрсатиб туриладиган мозоротларга ўхшайди. Камида уч юз йиллик қабрлар бор. Оилавий хилхоналар... Ана, юздан ошиб ўтган нуроний билан бир ёшга ҳам етмай дунёдан кўз юмган чақалоқ ёнма-ён ётибди. Турган битгани ибрат, буларга қараб, 15 ёшимда оламдан ўтган дадамни, 50 ёшга ҳам етмай чин дунёга кетган онамни, 40 ёшида автоҳалокатга учраб ҳаққа қовушган акамни эслаб эзилдим, ич-ичимдан йиғи келди, кўзимдан оққан ёш юзимни ювди. Ўлим ҳақлигини, бир кун мен ҳам шуларнинг карвонига қўшилишимни ўйладим. Ўлимга тайёр туриш кераклигини ҳаммамиз биламиз, бироқ орқамиздан қоладиган қанақа амал бор, савобимиз кўпми, ёки гуноҳимиз...билмаймиз. 

Раҳматли шоир Набихон Чустий қабристонни бежиз “индамаслар олами” деб таъриф этмаган:

****

Индамаслар оламин сайр айладим,

Сайр этиб мен бериё хайр айладим.

Энг ажийб олам экан бу олами,

Сайр этсин бўлса ҳар кимнинг ғами.

****

Камбағалми, бойми, ё олиммиди,

Ёки ҳоким, ё ҳаким, ул ким эди?

Ё гадоми, ё ҳалим, ёки чапан,

Ким таниб олгай суякнинг рангидан?

****

Пора-пора порахўрлар жисми ҳам,

Эл аро буткул йўқолмиш исми ҳам.

****

Соате бунда саёҳат айладим,

Не саёҳат, минг надомат айладим.

****

Мен дедим: Кел, Чустиё, ҳушёр бўл,

Яхши ният бирла беозор бўл.

Тўғри бўл, қилғил ёмонликдан ҳазар,

Эл мозоринг лавҳига раҳмат ёзар.

(с) Чустий 

Юқоридаги мисралар катта қасидадан бир парча, холос. Аллоҳ раҳматига олсин, бурунғи шоирларимизнинг ёзганларида ҳикмат бўларди, ибрат бўларди. Афсуски, бугунги ёшларимиз бошқа авлиё шоирлар қатори Чустий раҳматуллоҳи алайҳнинг ижодиданам бехабар. Улар шоир деса, Навоий бободан ҳам аввал Аҳад Қаюмни тушунадиган ҳолга келди. 

Дарвоқе, юқоридаги шеърни кўпчилик ёшлар (ҳатто катталар ҳам) Хайрулло Ҳамидов қаламига мансуб деб биларкан. Бунга сабаб бир вақтлар дўстимиз Хайрулло “Холислик сари” дастурида ушбу шеърни маромига келтириб ўқигани бўлса, ажабмас. Хайруллонинг шеърларида ҳам дард бор. Улуғбек Муталов деган ношир дўстимиз Хайрулло Ҳамидовнинг ҳикмат тўла ижодини китоб ҳолида чоп этган. “Мадрасаи Юсуф”дан эндигина келган дўстимиз учун ажойиб туҳфа бўлганди. Балки қизиқсангиз, китоб дўконларидан сўраб кўрарсиз. 

Жаҳони бевафодин охири бир кун кетар бордур,

Бу дунё бир работ, ҳар ким қўнуб бир-бир ўтар бордир.

Ишонма боғу роғинг, молу мулку тахту бахтингга,

Қуёшдин ибрат олғил, турмайин охир ботар бордур.

Ушбу гўзал ва ибратли сатрлар эса “30 ёшида муршидидан иршод олиб, «Ҳазиний тўра» ва «Эшонбува» номлари билан халқ орасида эъзозланган, қодирия тариқатининг етук шайхи, «Муршиди Фарғона» бўлиб танилган ҳазрати Ҳазиний Хўқандий қаламларига мансуб. Ўзи аввалги шоирлар камида авлиё бўлган. Яссавий, Румий, Юнус Эмро, Махтумқули ва бошқалар шеър эмас, илоҳий нурга йўғрилган ҳикматлар ёзган. Бизга ота-боболаримизнинг ишқи илоҳий ҳақида битган асарларини қанақадир аёлга аталган деб сингдириб келишди. Худди ҳазрати Навоийга “Гули” деган маъшуқа тўқиб чиқаришгани сингари...

Ҳа, майли, лирик чекинишни тўхтатиб, сўзимизга қайтайлик. Қабристон зиёрати одобларига қўлимдан келганича амал қилиб боряпман. Бир пайт Наққош бобо деган авлиё зотнинг қабрлари олдидан чиқиб қолдим. Уни менга боя китоб уйидаги ҳижобли хоним айтиб берганди. Тўғриси, шундай авлиё зот катта мақбарада ётган бўлсалар керак, деб тасаввур қилган эдим, аммо қабр камтарона эди. Хўш, Наққош бобо ким? Олдиндан айтай, у кишининг миллати ўзбек бўлган экан.

Саййидлар авлодидан бўлган бу киши каштачилик санъати билан шуғулланган, Фотиҳ Султон Меҳмет ва Султон II Боязидларнинг алоҳида эътиборидаги шайх эди. Султонларнинг саройидаги ранго ранг нақшларнинг муаллифи бўлгани учун Муҳаммад ибн Боязид деган асосий исми шарифи ўрнига Наққош бобо дея эъзозланган ва ҳозир ҳам ҳамма шундай деб билади.  Ҳатто Фотиҳ Султон Наққош бобога Чаталжа яқинида жойлашган Қутлубей номли қишлоқни мулк қилиб берган. Орадан 10 йил ўтиб, Бобо Наққош шу қишлоқда масжид қурдириб, вақф қилган ва қишлоқ унинг номи билан атала бошлаган. Бу қишлоқ бугунги кунда ҳам мавжуд бўлиб, Буюк Чекмеже ва Теркос кўллари ўртасида жойлашган экан. Ҳижобли хоним менга телфонидаги онлайн карта орқали ўша қишлоқни топиб кўрсатди, Фотиҳ туманининг ғарб томонида экан, бирор кун насиб қилса албатта бораман.

Ўтганларнинг руҳи шарифига қуръон тиловат ва дуойи хайр қилиб, йўлимда давом этдим. 

Соҳил бўйига тушганимда қуёш уфққа йиқилиб, шом намозининг вақти яқинлашаётган эди. Қирғоқ ёқасида яна бир Абдуллаҳак деган парк бор экан. Ускудордан шу ергача (тахминан бир км)  учинчи ё тўртинчи парк бу. Бу жойда ҳам бошқалари каби аҳоли учун барча қулайликлар яратиб қўйилган.

Ўнг томонда Истанбулнинг Европа ва Осиё қисмини боғлаб турувчи кўприкка кўзим тушди. Ўша томонга юрдим. Кўприкка етмай 1860 йили қурилган Урёнийзода Аҳмад Асъад Афанди масжиди бор экан. Чоғроққина бўлса ҳам, соҳил бўйида жойлашгани учунми, жамоат кўп экан. Муаззин то азон айтгунига қадар масжид ҳовлида туриб сувга тикилганча кўрган-кечирганларимни бир-бир мулоҳаза қилдим. Ўрганадиган жиҳатларимизни таҳлил этиб, кўрган ижобий ҳолатларни ўзимизда ҳам жорий қилинишини орзуладим. 

Масалан: 1. Китоб уйи. 2. Шаҳарлар орасида деҳқончилик қилиш учун умумий томорқалар. 3. Халқ истаги ва эҳтиёжидан келиб чиқиб ибодатхоналар. 4. Кўчаларга дарахтлар, хонадонлар деразасидан осилиб тушган гуллар. 5. Бепул ва болажонлар ўйнайдиган кичкина парклар. 6. Масжид учун туҳфа қилинган иншоотлар... ва ҳаказо...

Агар Истанбулга саёҳат қиладиган бўлсангиз, Қузғунжукда қуйидаги обида ва ажойиб жойларни зиёрат қилишни тавсия этаман.

1. Қузғунжук масжиди ва унинг ёнидаги армани черкови.

2. Кинолардагина кўрадиганингиз кўчалар.

3. Ноил китоб уйи.

4. Иглесиа де Сан Панталеон (Iglesia de San Pantaleón) номли юнон православ черкови

5. 1821 йилда қурилган яҳудийларнинг Bet Nissim синагогаси.

6. “Дом” остидаги Ҳожи Усмон ўғиллари масжиди.

7. Кузгунчуқ бўстони.

8. Наққош ота қабристони.

9. Соҳил ёқасидаги парклар.

10. Абдулмажид Афанди кўшки...

Шомни ўқиб бўлгач, кўприк томонга қараб йўл оламан. У ерда мени шаҳиди аълолар хотираси кутиб турибди.

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

268 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

180 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

309 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

253 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

115 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

376 21:10 25.05.2022
« Орқага