Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Шаҳид аскар бевасининг матонати...”

2434

Сафаримиз давом этади. Сезаётган бўлсангиз, Султон Аҳмад майдонидан, аниқроғи, сеҳрли ва мафтункор Аё София атрофида ўралашиб қолдим. Ундан нари кетиш қийин бўляпти. Ҳар сафар нимадир қолиб кетяпти. Ҳа, майли, ҳозирча денгизга қараб йўл солдик.

Боя трамвайда чиқиб борган кўчамиздан соҳил томонга тушиб боряпмиз. Йўлда турк таомлари ва ширинликлари сотиладиган дўконлар тизилиб ётибди. Деярли ҳар бир дўкон ва кафе олдида меҳмонларни даъват қиладиган “чорловчилар” бор. Улар жудаям хушмуомалалик ва ширин сўзлар ҳамда ўзига хос хатти-ҳаракатлар билан йўловчиларнинг эътиборини тортиб, ўз дўконларига таклиф этишади. Ширинлик сотадиган дўкон олдидаги “чорловчи”лар қўлида туркларнинг миллий ширинликлари бўлиб, улар ўткинчиларга, айниқса, сайёҳларга тоти такрорланмас маҳсулотларидан беозор илинадилар. Хуллас, сервис ишларига тан бермай иложингиз йўқ.

 

Шу ерда Истанбул полиция бошқармаси ҳам жойлашган бўлиб, унинг дарвозаси олдида қадимий миршаблар кийимидаги фахрий қоровуллар турар экан. Уларнинг юзига қарасангиз, қаҳр ё ғазаб эмас, ўзгача очиқлик, беғуборлик, нимтабассумни кўрасиз, беихтиёр уларга нисбатан қалбингизда илиқлик туғилади. Умуман, сафар давомида йўлимда учраган полис бейларга бирор баҳона топиб мурожаат қилишга, улар билан мулоқотга киришга уриндим. Қани, буларнинг полислари қандай муомала қилар экан деган мақсадда. Ажабланарлиси шундаки, агар биринчи куни аэропортда паспортларимизни текширган маъмур бейни айтмаса, 15 кун давомида Истанбулнинг бирор ерида полиция ходими йўлимизни тўсмади, “кимсан, нима қилиб юрибсан”, деб сўрамади. Бизку, майли, қайсидир маънода туркларга яқинмиз, кўринишимиз ўхшаб кетади. Аммо бирор европалик ёки африкаликни тўхтатиб, ҳужжатини текшираётган полиция ходимини учратганим йўқ. Балки бордир шунақа ҳолат, лекин биз кўрмадик рости. Ҳатто метрога тушиб кетаётганда ҳам...

Ҳа, метро деганимга эсимга тушиб кетди. Бир сафар метрога тушиб кетаётганимизда компаниямиз экономисти Муҳаммад Аминнинг “Истанбул карт”ида пул тугаб қолган экан. Махсус қурилма орқали “карт”га пул солди. Аммо пул тўлайдиган жойда қанақадир техник носозлик бўлиб, қурилма Муҳамад Аминнинг “карт”ини ўқимай қолди. Шунда бекат тинчлигини назорат қилиб турган полиция ходими яқинлашиб келди-да (ичимиз шув этиб кетди рости), “Шунақасиям бўп туради, хижолат бўлманг, бу томондан ўтаверинг, деб пул тўлатмай ўтказиб юборди. Анграйиб қолдик. Бошқа сафар бир ҳамроҳимизнинг электрон картаси қолиб кетган экан, полициячи: “Ҳаққини ўтаб қўярсан...” деб ўтказиб юборибди. “Нимага унақа деди?” сўрадим ажабланиб. “Хуллас, йўл кира ҳақини бирор муҳтож кишига садақа қилиш орқали ўтаб қўярсан”, дегани экан...

Эминўнига тушиб бораётиб, пиёдалар йўлагидан юрдик. Торгина. Йўл ўртасидан трамвай йўли ўтган. Гоҳида йўлкада одам кўпайиб кетса, катта йўлга тушиб оламиз. Трамвайнинг темир излари йўл билан тенг бўлгани учун гоҳида полиция машиналари ёки тез ёрдамлар ҳам шу ердан юриб тураркан. Қарангки, шундай кўҳна шаҳарда тарихий обидаларга зарар етказади деб трамвайларни Бурсага ё Кўняга кўчириб юборишмабди. Минг-минглаб йўловчиларнинг узоғини яқин қиляпти. Яна бир нарса эътиборимни тортди. Трамвайга чиқиш учун ҳар бир бекатларга пул тўлаб кирасиз, худди метроларда бўлгани каби. Трамвай ҳайдовчилари йўл ҳақи билан иши йўқ, йўловчиларни манзилига хавфсиз етказиш вазифаси билан машғул. Ҳар бир бекатни худди метро сингари эълон қилиб боришади.

Эминўнига етканимизда бизни яна бир янги транспорт тури – кема саёҳати кутиб турарди. Истанбул аҳли ва шаҳар меҳмонлари сув йўлидан ҳам унумли фойдаланиб, манзилларига қулай тарзда етиб олишар экан. Кемаларга ҳам бошқа жамоат транспортлари каби олдиндан пул тўлаб ўтирасиз. Бизда бунинг метрода жетон ташлаб ўтадиган қурилмамиздан бошқа ўрнаги йўқ. Ҳозир бир марталик қоғоз ва доимий фойдаланиш учун чиқарилган электрон чипталар орқали пул тўлаб, Тошкент метросига тушамиз. Истанбулда эса дерли барча жамоат транспортларига шу шаклда олдиндан пул тўлайсиз. Бунинг нақадар қулай ва иқтисодий жиҳатдан ҳам самарадор эканини таъкидлашимга ҳожат бўлмаса керак? Зеро, ҳайдовчи ё назоратчи қўлига пул ушламагандан кейин ҳамма маблағ киссага эмас, кассага тушади... Ҳайдовчиларнинг ҳам маоши яхшигина бўлса керак, йўловчилардан эътироз эшитмасликка ҳаракат қилишади. Устидан шикоят ҳайдовчиларга қанақадир чора кўрилишига аминман.

Хуллас, турк қардошларимиз “вапўр” дейдиган кемага тушдик. Уч қаватдан иборат “вапўр”нинг биринчи ва иккинчи қаватида ички бўлмалар бор. Бизга ўхшаб биринчи бор чиқаётганлар асосан ташқи томонда, атроф-жонибни ҳаяжон билан томоша қилиб кетишяпти. Аксарият йўловчилар қўл телефонларига видеога олиш ва эсдалик учун расмга тушиш билан банд. Чой сотувчи келди. Шерикларимиздан бири ҳаммамизга, шу жумладан, эндигина танишганимиз қайсидир араб давлатларидан келган ёшгина диндош укаларимизга ҳам чой ва ширинлик икром этди. Шу ерда бир ёши катта йўловчи билан гаплашиб қолдим. Қаердан келганимизни сўради. Ўзбекистонлик эканимизни билиб, бизнинг давлатимиз юритаётган ички ва ташқи сиёсат ҳақида гапира кетди. Шундай гапларни айтяптики, ё ташқи ишлар вазирлигида ёки турк истиҳборида ишлаган бўлса керак деган хаёлга бордим. Қаерда ишлашини сўрасам, қайсидир заводда ишлаб нафақага чиқибди. Уч фарзандини уйлаб-жойлабди. Эндиликда аёли билан кексалик гаштини суриб юрибди. Унинг дарду ғами ҳозирги ёшларда диний қадриятларга ҳурмат-эътибор камайиб, ғарб таъсирига берилиб кетаётгани экан. Тарихдан тортиб футболгача гаплашдик. Жудаям хушмомала киши қайсидир бекатлардан бирида тушиб қолди.

 

Биз қора денгизга олиб борадиган бўғоз бўйлаб бормоқдамиз. Атрофда ҳайрат ва ҳаяжон тўла нигоҳимиз билан қараб, Қиз минораси (Қиз қалъаси), Дўлмабоғча ва Беглар беги саройи, бир биридан катта ва чиройли масжидлар, Осиё ва Европа қирғоғини туташтириб турадиган (деярли ҳар бир турк сериалида кўрсатиладиган) муҳташам кўприклар...га маҳлиё бўлиб бормоқдамиз... Кайфиятимиз байрамона, бир биримизга ҳазил-ҳузул қилиб кетаётган эдик. Шу ерда мени жудаям таъсирлантирган, ҳатто қайғуга ва айни пайтда ҳайратга солган бир ҳолат юз берди. Аниқроғи, бир аччиқ тақдир ҳикояси ва ҳаётнинг қаттиқ зарбасига туриб беролган ёшгина жувоннинг матонати...

Ўша ҳикояга ўтишдан олдин туркларнинг бир фазилати эътиборимни тортди. Улар давлат ва Ватан тушунчаларини айирмас, улар учун биргина Ватан деган муборак ва азиз тушунча бор экан, холос. Тўғрисини айтсам, бизда бу тушунчалар гўё бошқа-бошқадай қабул қилинади. Бунга объектив ва субъектив сабаблар бор, албатта. Аммо ҳозир бу ҳақда тўхталишни истамайман. Қардошларимиз аскарликка бориб, ҳарбий хизмат чоғида ҳалок бўлганларни шаҳид деб аташади. Бунинг остида ҳам битта тушунча – ВАТАНПАРВАРЛИК ётади. Одамлар уйларига, ишхоналарига, машиналарига Туркия байроғини ифтихор билан осиб қўйишади. Ватанни қаттиқ, юракдан, самимий севишади. Сохталик, юзакилик йўқ. “Вапўр”да учратиб қолган ёшгина жувонинг ҳаёт ҳикоясини тинглаб, бунга яна бир карра амин бўлдим.

...Кема ташқарисида туриб, қайси томон Овропа, қайси томон Осиё экани борасида тортишиб қолдик. Бу ишда бизга кейинчалик исмини билганим Ғамза деган қиз ёрдамчи бўлди. Ҳатто Абдулҳамидхоннинг саройларидан бирини (адашмасам, Чароғон саройи эди) кўрсатиб юборди. Озгина юргач, бу ер Истанбулнинг қайси тумани деб сўрадим. У билмаслигини айтди. Менинг юзимдаги ажабланишни сезиб, қайсидур вилоятдан келганини тушунтирди. “Жоним жудаям сиқилиб кетгани учун шу ёқларга келдим”, деди маҳзун бўлиб. “Тинчликми?” дедим менга ҳам унинг ғамгинлиги юқиб. Хуллас, у ҳикоясини бошлади.

Онадўлининг Сурия чегараларига яқин вилоятларининг бирида яшовчи Ғамза севиб-севилиб турмушга чиқади. Ўзининг курсдошига. Етти ойлар бахтдан сармаст ёшларнинг бахтига мудҳиш уруш чанг солибди. Турмуш ўртоғини аскарликка олиб кетишибди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас жондан севган ёри Ватан чегараларини қўриқлаш чоғида ғаддор ғанимнинг отган ўқига учраб, шаҳид бўлибди. “Мен Аллоҳнинг тақдирига қарши чиқолмайман, – деди Ғамза кўзёшларини дастрўмоли билан артар экан. – Қадари илоҳийга бўйин эгаман. Шаҳиди аъло хўжам ота-онасининг ёлғиз қаро кўзи эди. Уларга ўғлидан ёдгор бир набира келтиролмаганимдан хафаман. Мени жудаям ғам босди. Оғир касал бўлиб қолдим. Руҳий ҳолатим ёмонлашди. Охири шифокорлар “Шаҳарларни айлансин, саёҳатга чиқсин, юрт кезсин, тезроқ соғлигига қовушади (туркча ибора)” деб маслаҳат беришди. Шунинг учун Истанбулда яшайдиган холамникига келдим. Ватан соғ бўлсин – қолгани ҳеч нарса! Бу азиз тупроқ учун бир эмас, минг жон фидо бўлсин! Ватан бўлмаса, биз киммиз – ҳеч ким! Агар аскарликка олишса, ҳеч иккиланмай мен ҳам юртим ҳимояси учун оталардим. Шаҳид тушсам, жон дердим!..”

Мен нима дейишни билмай, лол қолдим. Бир қараган одам унга эмас, менга тасалли бериш керак деган хаёлга борарди. Шу пайт ёдимга 2016 йилги “дарба”, яъни Туркияда юз берган давлат тўнтаришига бўлган уринишда ҳалок бўлган, узр, шаҳид тушган аскарнинг отаси айтган гаплар тушди. Ўшанда президент Ражаб Тоййиб Эрдоған бошчилигида ўтган йиғилишда ёлғиз ўғли давлат ҳимоясида шаҳид бўлган ота йиғлаб шеър ўқиди. Маъноси аниқ эсимда йўқ ҳозир, аммо аниқ ўғли ҳақида эди. Охирида “Агар яна бошқа ўғлим бўлганида, уни ҳам ҳеч иккиланмай Ватан ҳимояси учун юборардим. Гарчи уларнинг шаҳид бўлишини билсам ҳам... Ватан соғ бўлсин!”, деди ва йиғлаб саҳнани тарк этди. Ўша видеони Нарзулло деган укамиз билан бирга кўрган эдим. Иккимизнинг ҳам юзимизни кўзёшимиз ювар, бирор нарса дегани бўғзимизга тиқилган йиғи йўл бермас, ёшгина ўғли вафот этган отанинг матонатига, сабрига, Ватанга бўлган садоқати, муҳаббатига тан берган, қалбимизда таҳсинлар ўқиган эдик. Ёлғонлар, сунъий шиору тарғиботлар билан бунақа муҳаббатни шакллантириб бўлмайди. Бу ерда бошқа нарса бор! Борлиги аниқ! Нималигини биламан, аммо айтимиз шартмас, Сиз ҳам мендан кўра яхши биласиз, бунга шубҳам йўқ.

“Ҳозирги бекатда тушамиз. Бўлмаса, намози асрни “еб” қўяр эканмиз”. Ҳусан Мақсуднинг гапидан ўзимга келдим. 

“Сенга Аллоҳ гўзал тақдиротлар берсин, синглим!” дедим матонат ва сабрнинг тирик тимсоли Ғамзага. “Яхши боринглар. Фақат... Мусофир экансизлар, Сизларнинг дуоларингиз ҳам иншааллоҳ ижобат, шаҳиди аъло Шаҳинимнинг ҳақига дуо қилинглар. Илтимос!” деди маҳзун кайфиятда. “Албатта” дедим. Аслида биз Сенинг дуойингга муҳтожмиз, Ғамза” дегим келди, лекин айта олмадим. Аслида ҳам шундай эди...

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

Тошкент-Истанбул-Тошкент

6-қисмни ўқиш
8-қисмни ўқиш

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси фирибгарлардан огоҳлантирди

650 11:03 13.01.2022

Эрдоған фоизга қарши

4782 18:15 27.12.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Наполеон Истанбул ҳақида нима деган?”

2301 21:36 17.12.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Кўп қаватли уй остидаги жомеъ масжиди...”

3168 18:00 13.12.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Бир ҳовлида икки ибодатхона: масжид ва черков”

4687 19:49 11.12.2021

“Холокост оқибатларини деб фаластинликлар жабр чекмаслиги керак” – Эрдоған 

993 11:30 11.12.2021
« Орқага