Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Супемаркет устидаги масжид...”

2907

Кўпчилик бўлиб сафарга чиққанда ораларидан энг муносиб одамни йўлбошловчи ёки бошлиқ қилиб сайлаб олиш керак. Буни уламоларимиз суннат дейишади. Бизнинг орамизда Ҳусан Мақсуд турли мақсадлар билан Истанбулга уч марта келган, шунинг учун у ўша куни бизнинг раисимиз эди. Ҳаммамиз унинг айтганини қилишимиз лозим. Унинг гапи билан кеча метрога тушган еримиздан шом намозини ўқиш учун қайтиб чиқдик. Ўша метро бекати Ҳожи Усмон (Hociosman) деб аталар экан. 

Йўлнинг нариги томонига ўтдик. Истанбулга борганлар билади, шаҳар пасттекисликлардан иборат эмас. Тасаввур ҳосил қилдириш учун айтаман, катта-кичик адирликларга жойлашган ёки тоғли қишлоқларга ўхшатиш ҳам мумкин. Ё тепага чиқиб кетасиз, ё пастга эниб борасиз. Бир вақтлар Туркия фирмасида ишлайдиган укахоним Бахтиёр Саид билан Наманган шаҳрини айланиб юрганимизда “Бу шаҳар Истанбулга ўхшар экан, паст-баландликдан иборат”, деганди. Мана шу гапга энди ўзим ҳам гувоҳ бўлиб турибман. Энг ҳайрон қолган жойим шу бўлдики, Истанбулнинг кўпгина жойларида, яъни кўча-кўйларда тепаликка чиқиш ёки пастликка тушиш учун лифтлар ўрнатиб қўйилган. Биз ҳам йўлнинг у томонига ўтганимизда лифтга дуч келдик. Мен лифт ёнидаги зинапоядан кўтарилишга қарор қилдим. Чунки биз олти киши эдик, ёнимизга яна икки ёши каттароқ кишилар келишди. Лифт катта бўлса ҳам, бошқалар сиғмай қолиши мумкин деган мулоҳазага бордим.

Тепаликка кўтарилиб, масжид томонга кетаётсам, йўлга бир белги ўрнатилган, ичида мушукнинг расмиям бор экан. Туркча нимадир деб ёзиб қўйилибди. “Dikkat! KEDİ çıkabilir!”, яъни “Ҳушёр бўлинг, МУШУК чиқиб қолиши мумкин!” деган ёзув бор. Биз томонларда ҳам мактаб-боғчалар олдига “Эҳтиёт бўлинг, болалар!” деган белги ўрнатилади. Қарангки, бу ерда ҳайвонларга ҳам алоҳида эътибор қаратиларкан. (Ўзи бу мавзуда алоҳида тўхталаман, худо ҳоҳласа). Атрофга қарасам, ростдан ҳам уч-тўртта мушуквойлар кезиб юрибди. Лўппи-лўппи... Яъни қорни тўқлигидан мисоли қурбонликка боқилаётган қўчқорлардай ялтиллаб кетган. Четроқ жойда одамлар махсус идишчаларга мушукларга емишлар қолдирибди. Кейинчалик кўрдимки, нафақат мушук, балки итлар чиқиб қолишидан огоҳлантирилган йўл белгилари ўрнатилар экан. Итни турк қардошларимиз “köpak” дейишади, бизда ҳам бор бу сўз, аммо кам ишлатамиз: КЎППАК!

Ҳозир интернетни тита туриб, бир қизиқ нарсага кўзим тушиб қолди. Бундан 12 йил муқаддам турк сайтларидан бири асосий хабар сифатида қуйидаги воқеани ёзган экан.

“Шаҳримизнинг Қиличарслон маҳалласида бир киши ишга бориш учун машинасига ўтирди. Мотор қисмидан мушукнинг овозини эшитган ҳушёр ҳайдовчи ёнғин хавфсизлиги бўлимига хабар берди. Манзилга келган ўт ўчирувчилар автомобилнинг мотор қисмига исиниш учун кириб олган митти мушукни қутқариб қолишди.

МОШИНАНИ ИШЛАТИШДАН ОЛДИН ДИҚҚАТ!

Қиш ойларининг келиши билан мушуклар совуқдан ҳимояланиш учун кўпинча транспорт воситаларининг двигател ёки ғилдирак қисмига киришлари мумкин. Шу сабабли, агар эҳтиёт бўлмаса, ҳайвонларга зарар этказадиган оғриқли ҳодисалар юз бериши мумкин.  

***

Ҳайвонларга нақадар марҳаматли бу турк дўстларимиз! Қаранг, машинаси остига кириб қолган мушук боласи учун фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларини чақирибди. Қойил! Мана шу жиҳатларини ўзлаштиришимиз керак биз ҳам. Айниқса, кўчадаги қаровсиз юрган ит-мушукларга. Табиат дарсида ўргатишган бир гап бор: Ит ва мушук хонаки ҳайвон деб. Бизда эса бу ҳайвонлар ёввойилашиб бормоқда (ит боқиш ҳукми алоҳида масала, аммо мавзудан чалғимаслик учун ҳозир бунга тўхталмоқчи эмасман).

Хуллас, мушуклардан озгина узоқлашсам, масжид келиши керак эди. Пиёдалар йўлкасидан борар эканман, масжид кўрсатиладиган жойда савдо маркази турарди. Электрон харита адашдими? Дўкондаги савдогар йигитларга салом бериб, масжиднинг қаердалиги сўрадим. “Шундоққина биздан кейинги дарвозадан киринг”, дейишди. Мен “Бошқа дўкондагилардан сўранг”, деб тушундим. Дўкондан чиқиб, ўнг томондаги эшикдан мўраласам, тепага кўтариладиган зина бор экан. Бу зинапоялар иккинчи қаватдаги масжидга олиб чиқди. Мен иморатлар остидаги пиёдалар йўлагида (тратуарда) бўлганим учун масжид минорасини кўрмай қолибман. Каттагина дўконнинг иккинчи қавати “Мадиналик Ҳожи Усмон” номли хашаматдор масжид экан. Савдо мажмуасининг устига масжид қуришганми ёки тескарисими, рости билолмай қолдим. Аммо бу ҳам биз учун ўзлаштириладиган тушунча экан. Чунки диёримизда кўп жойларда, айниқса, катта шаҳарларда масжид қурилиши учун жой топилавермайди. Масалан, пойтахтимизнинг марказий қисмларида масжид йўқлиги қайта-қайта ёзилади, айтилади, шикоят қилинади. Лекин ҳозирча ижобий натижа йўқ. Кошки бирор тадбиркор ташаббус кўрсатсаю, ўзининг савдо дўкони ёки бошқа иншооти устига масжид қурилишига рози бўлса (ёки розилик олса...) Нур устига нур бўларди. https://maps.app.goo.gl/LZffHibccbhJNofS6

Масжидга чиққанимда каттагина хонақоҳ деярли бўш эди. Муаззин шом вақтининг киришини худди ифторликни кутаётган рўзадордай пойлаб турибди. Шомга беш-олти дақиқа бор. Мен масжид хонақоҳининг гўзаллигига мафтун бўлиб турганимда ҳамроҳларим ҳам узун-қисқа бўлиб кириб келишди. Улар ҳам масжидни тополмай қолган бўлса, ажабмас. Бирин-кетин намозхонлар кела бошлади. Улар масжиддаги гиламлар устига ижтимоий масофани сақлаш учун белгилаб қўйилган ўринларга келиб жойлашарди. 

Ниҳоят, қуёш ботди, Истанбул осмони “нажотга келинглар” деган нидолар билан тўлди. Бизни муаззиннинг ҳам овози бениҳоя ширали ва ўткир экан. Масжиддан кейин муаззиннинг азон айтишига маҳлиё бўлиб қолдим. Кейин билсам, Туркияда азон айтадиган сўфиларни ҳам алоҳида танлов асосида ишга олишар экан. Масжид имоми, муаззини ва бошқа хизматчилари ҳар куни умрини асосан иш ўрнида – масжидда ўтказишар, бошқа ишлари йўқ экан. Масалан, бомдод вақти кирганида муаззин ва имом навбатма навбат ё қироат қилиб, ё саловат айтиб ўтиради. Ҳар намоздан кейин тасбиҳ, Қуръон тиловати ва саловатларни асосан муаззин айтади. Дуоларни ҳамма биргаликда махфий тарзда ўқилади. Биздаги “ис”, “эҳсон”, “уй кирди”, “ақиқа” каби маросимларни маҳаллий аҳоли қиладими ёки йўқ, билолмадим, аммо имомлар бунақа жойларга боришмас экан. Ҳатто жаноза намозиниям бошқалар ўқир экан. Имомларнинг барчаси ўттиз пора Қуръонни ёдлаган мураттаб қори, менимча, муаззинлари ҳам шундай бўлиши керак, акс ҳолда бу қадар ширали тарзда азон айтиш мушкул иш. Ойлик маошлари ҳам камида минг доллар бўлиб, у муфтийлик томонидан тўланади. Масжид ходимлари бор эътиборларини илмларини ошириш ва намозхонларга муносиб хизмат қилишга қаратишар экан. Халқ орасида имомларнинг ҳурмати баланд, уларни “хўжам” деб эҳтиром қилади.

Масжиддан метрога тушишда бир нароса эътиборимни тортди, иккисининг номи бир хил экан. Яъни масжид “Мадиналик Ҳожи Усмон”, метро бекати эса “Ҳожи Усмон” деб аталади.

“Везнечилар” (кассирлар) бекатидан чиқиб, Фотиҳ томонга пиёда йўлга чиқдик. Тахминан бир ё бир ярим километрча келади. Пиёдалар учун барча шароитлар, қулайликлар яратилган. Қийналмай юрасиз. Айниқса, ҳавонинг тозалиги одамга алоҳида завқ бағишлайди. Устозимиз айтгандилар, ҳаво шу қадар тозаки, ҳатто оёқ кийимингиз чанг бўлмайди, деб. Бу гап рост бўлиб чиқди. Чунки Тошкентда чўткаланган туфлимни то қайтиб келгунимча, яъни 15 кун ичида тозалашга эҳтиёж туғилмади.

Йўлимиздан муаззам Шаҳзода жомеъси чиқди. Унинг шундоққина рўпарасида ҳам бир чоғроққина масжид бор экан – 18 Сакбанлар масжиди. Нўъмон Абдулмажид “Шу ерда хуфтонни ўқиб олайлик, жамоатдан қолиб кетамиз”, деб роса тиқилинч қилди. Раисимиз Ҳусан Мақсуд қатъий шаклда “Олға! “Фотиҳ”га улгурамиз” деди. Шаҳзода жомеъ масжидига ҳайрат ила боқиб илгариладик. Начора, сафарда йўлбошловчининг гапи гап! Шаҳзода масжидидан ўтишимиз билан шаҳар ҳокимият биноси олдидаги бир ёдгорликни кўриб, баттар ҳайронлик ичида қолдим.

Бу ҳақда кейинги сафар гаплашамиз. Ҳозир шошилишимиз, хуфтонни Фотиҳда жамоат билан ўқишга улгуришимиз керак.

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

8-қисмни ўқиш
10-қисмни ўқиш

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ахлоқус солиҳийн: Инсонларнинг ҳожатларини чиқармоқ фазилати

29 07:45 04.07.2022

Ҳар 24 сонияда бир киши автоҳалокатда вафот этади – БМТ

396 00:56 04.07.2022

Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчлари

414 21:50 03.07.2022

Истинжо қилиш макруҳ бўлган нарсалар

534 21:30 03.07.2022

Чўлоқ қулон

499 20:50 03.07.2022

Қанча бойлигингиз бўлса қурбонлик қилишингиз керак?

1086 20:17 03.07.2022
« Орқага