Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Тортишмайдиган таксичи”

5683

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм)

Istanbul Нavo Аlani’га қадам қўйишимиз билан фуқаролик кийимидаги полиция ходими паспортларимизни йиғиб олиб, узундан-узоқ йўлак бўйлаб бошлаб кетди... Устозимиз Мубашшир Аҳмад домла орқада қолдилар. 

Йўлак бўйлаб кетяпмиз, кетяпмиз, охири кўринай демайди. Йўлда нафақат турли миллат, балки турфа ирқ вакилларига тез-тез кўзимиз тушади. Махсус электрокартда кетаётган полиция ходимига “Етиб келдикми, намунча узоққа олиб кетяпсан?” деб икки-уч марта эътироз билдирдим. Ичимизда турк тилида эркин кўниша (сўзлаша) оладиган Нўъмон Абдулмажиднинг кайфияти мутлақо байрамона, хаёлимда полис билан тил бириктиргандай кулиб-кулиб кетяпти. Аслида, турк миршабигаям қайта-қайта тушунтирдим, яқинда бошидан мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказган Нўъмонжонга кўп юриш мумкин эмас, соғлигига зарар етиши мумкин. Лекин полис аркадаш (биродар) “Гелмек узарайиз” (мана етиб келиб қолдик) дейди табассум билан. Йўлакларда ўзи юрар мослама бор, эскалатор бор-ку, ўшанинг ерга тўшалгани десам, кўз олдингизда яққолроқ гавдаланар эҳтимол (расми илова қилинади). Чарчаган йўловчилар ўшаларга чиқиб, ҳарна ўн-ўн беш метр илгарилаши мумкин. Тугагач, тўрт-беш метр юрасиз, яна навбатдагиси бошланади.

Ниҳоят, махсус хонасига келдик. Полис то бизни қабул қилгунча ташқарини кузатиш билан машғул бўлдим. Ёнимиздаги текширув нуқтасида африкаликлар билан шуғулланишаётган экан. Шу жойда бир жиҳат эътиборимни тортди. Биз, ўзбеклар ҳар тугул турк миллати билан англашишимиз қулай, чунки илдизларимиз бир. Африка қитъасидан келган қора танли кишилар турк тили нари турсин, инглизчаниям билмас экан. Аммо уларнинг кўзида бирор хавотир акс этмаган, аксинча, ички хотиржамлик ифодаланиб турарди. Тўғриси мана шу ҳолатга беш кетдим. Чунки махсус хизмат ходимлари бегона юртлардан келганларга ҳам жуда бағрикенглик, очиқ юз ва хайрихоҳлик билан муносабатда бўляпти, саволига тушунмаётган қора танли кишиларга инсоний биродарлик мақомида гапиряпти, имо-ишора, мимика билан муддаосини тушунтиряпти.

Бизни ичкарига чақиришди. Маъмурбей (полиция ходими) телефонларимизни текширди, Истанбулга келишдан муддаойимизни суриштирди. Исломий сайт ва TV’да ишлашимизни билиб, дарров муомаласи ўзгарди, ҳурмат ва эҳтиром билан кузатиб қўйди. Мени ҳам ҳайрон, ҳам хурсанд қилгани шу бўлдики, турк махсус хизмати ходимлари “ичкари”да ҳам бениҳоя очиқ юз, табассумли, марҳаматли эди. Хизмат вазифасини шунақа бажарса ҳам бўлар экану, дейман ичимда. Буларга қўполлик, қовоқ уюб, одамга жиноятчидек муносабатда бўлиш – мутлақо ёт экан. Ўша ходимлар менда акам ёки укамдек таассурот қолдирди. Ушбу гапларимда асло муболаға йўқ. 

Истанбулнинг янги ҳаво дарвозаси дунёдаги энг катта аэропорт саналар экан. 2019 йилда ишга тушган янги аэропортда 6 та алоҳида учиш-қўниш йўлаги, 500 та самолётни қабул қила олиш имконияти, 70 минг автомобиль тўхташи учун очиқ ва ёпиқ тураргоҳ, 20 минг киши учун кутиш жойи мавжуд. У ҳар йили 200 млн нафар йўловчига хизмат кўрсата олади. Биргина ёпиқ майдонларининг квадрат метри 13 гектардан иборат экан.

Шунчалик катта бўлишига қарамай, бу ерда адашиб қолиш эҳтимолингиз, туркча айтганда сифр (ноль), яъни имконсиз. Чунки аэропортда кўрсатгичлар шу қадар кўпки, биринчи марта келаётган одам ҳам бемалол манзилини топиб кетаверар экан. (Қайтишда Тошкент халқаро аэропортида атай мана шу жиҳатга эътибор қаратдим, бизда йўл кўрсатгичлар жудаям кам. Меҳмонлар тугул, ўзимиз ҳам довдираб қолишимиз ҳеч гап эмас). Агар Istanbul Нavo Аlani’ни бир сўз билан таъриф этишга тўғри келса, турк биродарларимиз кўп ишлатадиган сўзни айтиб: “МУҲТАШАМ!” деган бўлардим. Турклар қурилиш соҳасида бежиз дунёда ўз ўрнига эга эмаслиги яққол намоён бўлди. Янги Истанбул ҳаво дарвозаси, дарҳақиқат, жудаям чиройли...

Аэропортда текин интернет бор, аммо унга Тошкентдаги каби тўғридан тўғри эмас, паспортингизнинг махсус аппаратдан ўтказиш орқали (адашмасам бир соатга) фойдалана олар экансиз. “Бу, менимча, хавфсизлик нуқтаи назаридан...” тушунтирди ушбу соҳа мутахассиси бўлган ҳамроҳимиз Ғайратхўжа (Сайдалиев).

Юкларимиздан бири, яъни камеранинг “оёғи” юкхонада “чиқмади”. Ёшлар уни қидириб кетишди. То у топилгунча Мубашшир Аҳмад домла ўзлари гувоҳ бўлган бир дилхираликни гапириб бердилар. Қозоғистонлик муслима синглимиз Европа давлатларидан бирига транзит усулда Тошкент орқали учаётган экан. Қайсидир шаҳардан пойтахтимизга учиб келган ва аэропортидагилар унга “Юкингиз тўғридан-тўғри Истанбулга учадиган самолётга ўтади”, деб хотиржам қилган экан. Аммо Истанбул аэропортида унинг чемодани топилмабди. “Энди бир кун меҳмонхонада кутиб турасиз, Ўзбекистондагилар эртанги рейсда жўнатиб юборади”, дейишибди унга. Аксига олиб тил билмас экан, домла таржимон бўлиб берибдилар. “Пулингиз борми, деб сўрасам, яхши ортиқча 100 доллари бор экан ёнида...” дедилар ачиниш билан. Ҳаммамиз жим қолдик. Маҳрамсиз саёҳатга чиқмаслик керак, деган гапнинг ҳикматини кўрдим (бошқалар ҳам шунақа ўйлаган бўлса, ажабмас). Бошқа томондан қозоғистонлик қиз олдида ҳамюртларимизнинг беэътиборлигидан уялдим... 

Юкимиз топилиб, кўча томонга йўналдик. 

Ташқарига чиқсак, йўлакнинг икки четида таксичилар ўз хизматларини одоб билан, янаям аниқроғи беозор таклиф этяпти. Тошкент халқаро аэропортига яқинларимизни кутиб олиш учун кўп чиққанман. Ўзим кузатган ҳолат шуки, бинодан ташқарига чиққан йўловчилар таксичилар орасидан туртилиб-суртилиб ўтишга маҳкум этилади. Аксарият йўловчиларни яқинлари кутиб олишга чиққан бўлади, шуни ҳар биттасига тушунтиришга мажбур бўлади. Истанбулдаги ҳолатни кўриб: “Бўларкан-ку!” девордим. Наҳотки, Тошкент халқаро аэропортидаги чиқиш йўлаги олдига бежиримгина хизмат уйчаси қуриб олган ички ишлар ходимлари мана шу шармандали ҳолатни (ҳа, буни бошқача аташ мумкин эмас!) бартараф этолмаса?! Жудаям қийин ишми? Йўқ! Асло йўқ! Ўша бетарбия таксичиларнинг беш-ўн нафарига тегишли тартибда чора кўрилса, кифоя, бошқалари ўзига келиб қолиши аниқ. Ушбу мақоладаги ҳолатга Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов эътибор қаратади, деган умиддаман.

Истанбулдаги таксичиларга қайтайлик, уларга биз саккиз киши эканимизни, микроавтобус буюртма қилишимизни тушунтирдик (турклар минибус дейишар экан). Улар бизга минибуслар қаерда туришини кўрсатиб юборди.

Туркиядаги ўртоқларимиз айтгандики, Фотиҳ тумани Чоршанба маҳалласига минибуслар 300 лирага олиб бориб қўяди (бу бизнинг пулда тахминан 350 минг сўм бўлади). Минибус ҳайдовчиларига яқинлашиб: "Фотиҳга, Чоршанба маҳалласига боришимиз керак, 300 лира берамиз” дедик. “Гедиёруз” (маъқул, олиб бориб қўяман, кетдик), дедию юкхонани очиб, чемоданларимизни жойлашга кўмаклаша бошлади. Ҳайрон бўлдим. Биласизми, нимага? Чунки бошқа таксичилар “тиқилмади”, аралашмади, ҳатто бизга яқинлашмади. Шеригига оқ йўл тилади-қолди. Иккинчидан, минибус эгаси “Қўшиб беринглар”, “Ҳозир доллар нархи ошган”, “Ярим кечаси бўлди!” каби важ-карсонларни келтириб, йўл кирага қанчадир қўшиб беришимизни айтиб тортишмади. Ўзини қаноатлантирадиган нархга кўндию ҳаракатга тушди. Хафа бўлмангу, азиз ўқувчи, мени эмас, Сизни ҳам ҳайратга солмадими шу гаплар? Сиз ҳам ўзимизнинг ноинсоф ва “еб тўймас” киракашларимизни эсладингизми дарров? Айниқса, чет эллик мижозларнинг пулини, йўқ-йўқ, ҳаққини қанақа қилиб шилиб олишини тасаввур қилдингизми?

Аслида мана шу ҳолатни Сизга миннат қилаётганимдан хижолатдаман, аммо... Улуғларимизнинг бир гапи бор: “Инсон ўзининг камчилиги кўрмагунча тузалмайди, камолатга эришмайди. Ўзим ҳам (эҳтимол Сиз ҳам) тақдир тақозоси билан бир пайтлар кира қилганман, биламан. Агар бизнинг таксичиларга мижоз (айниқса, у хориждан келган бўлса) 200 минг сўмлик йўлга 300 минг сўм бераман деса, “об-ҳаво чатоқ”, “вақт ярим кеча бўлди”, “бало-баттар” деб камида 400 минг қилиб беринг” деб туриб олади. Роса борса, 350 мингга обориб қўяди. Ё ёлғонми гапим? Агар шу гапимга шубҳа қилаётган бўлсангиз, ё Сиз кира қилмагансиз, ёки хорижга чиқмагансиз. Янаям билмадим. Мазкур ҳолат ҳам миллатимсиз юзидаги бир доғ деб билганим учун ёзяпман, холос, агар малол келган бўлса, узр сўрайман.

Минибусда ўтириб шаҳар томон йўналдик. Илк кўзимиз тушган нарса камида олти қаватдан иборат жудаям катта автотураргоҳ бўлди. Лифтлари ҳам бор экан. Кейин шаҳар оралаб кетдик. Ҳамсафарларимиз билан “боғдан-тоғдан” гаплашиб кетаётган эдик, Муҳаммад Амин бир жиҳатга эътиборимизни қаратиб қолди: йўлда светофор йўқ! Тақрибан, 30-40 км юрдик, умуман светофорга тўхтамадик. Минибус катта тезликда “учиб” кетяпти. Йўлда “диқ” этган қадоқ йўқ, жудаям равон экан. Манзилга етай деганда, 4-5 км масофада светофорга дуч келдик. Тор ва серқатнов йўлда ҳайдовчи маҳорат ва ишонч билан минибусни бошқариб борар экан, биз – деярли ҳаммамиз машинада юрадиганлар – унинг маҳоратига тан бердик.

Кейин интернетдан харитага кириб қарасам, биз 30 км масофага пуллик йўлда келибмиз (қаранг, таксичи шуниям айтмади бизга, миннат қилмади. Аллоҳ рози бўлсин). Пулли йўл дейилса, кириш ва чиқишда машина тўхтаб, нақд шаклда ё пластик карточка ёки маxсус жетон орқали пул тўлаб юриладиган йўлни тасаввур қилардим. Бу ерда автоматик равишда машинангиз рақамига қараб юрган километрингизга яраша ҳақ олиб қолаверар экан. Қойил!..

Манзилга етиб келгач, дарров жойлашдик. Бомдодга уч соатча вақт бор экан, ўринларимизга чўзилдик. Озгина ухладик-ухламадик, баланд овозлар шовқинидан уйғониб кетдим.
(давоми бор)


Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

Тошкент-Истанбул-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳодга лаёқат

127 21:50 22.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Лазарь Моисеевичнинг тазарруси

367 21:10 22.05.2022

«Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сирлари соҳиби»: Мунофиқларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жонларига қасд қилиши

46 20:35 22.05.2022

Динимни ўрганаман: эркак киши тилла ёки кумуш тақинчоқлар тақиши ҳақида

348 20:05 22.05.2022

Ахлоқус солиҳийн: Хушхулқ пайдо бўлиши мисоллари

252 19:05 22.05.2022

Диний либос ҳали ҳам таъқиқдами?

964 18:48 22.05.2022
« Орқага