Таҳлил

Истанбулда энди ҳаммаси зўр бўладими?

1685

Кеча, 23 июн куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳоким лавозими учун такрорий сайлов бўлиб ўтди. Охирги маълумотларга кўра, сайловда 54,21 фоиз овоз билан мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)нинг вакили Акрам Имомўғли ғалаба қозонди. Президент Эрдоған бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси (АТП)нинг вакили Бинали Йилдирим эса 44,99 фоиз овоз тўплади.

Шундай қилиб, Йилдирим Истанбул ҳокимлиги учун курашда иккинчи бор енгилди. Жорий йилнинг 31 мартида ўтказилган сайловда ҳам у улоқни бой берган эди. Аммо АТПнинг эътирози натижасида Олий сайлов комиссияси Истанбул ҳокимлиги учун сайловда бир қатор қонун бузилишларига йўл қўйилганини айтиб, натижаларни бекор қилди. Сиёсий партияларнинг Истанбул учун жон куйдириши бекор эмас: дунёнинг энг йирик мегаполисларидан бири ҳисобланувчи ушбу шаҳар Туркиянинг илмий, маданий, иқтисодий марказидир. Истанбулнинг Туркия иқтисодиётидаги улуши 30 фоиздан ошади. Туркияда “Истанбулни ким бошқарса, давлатни ҳам ўша бошқаради”, деган гап бор.

Кечаги сайлов натижаси ҳар икки томон учун ҳам синов ҳамдир: ЖХП Туркиядаги энг йирик ва энг муҳим шаҳарни қай даражада яхши бошқаришини кўрсата олиши керак. АТП учун эса фесни (фес – туркларнинг миллий бош кийими) бир четга қўйиб, қандай хатоларга йўл қўйганини яхшилаб ўйлаб кўриш, ўз фаолиятига танқидий кўз билан қараш вақти келди. Зеро, пойтахт Анқарадан ташқари Истанбул ҳам энди мухолифатнинг қўлида (31 мартдаги сайловда пойтахтда ҳам ЖХП вакили ютган). Лиранинг қадрсизланиши, ишсизлик, халқ орасида суриялик қочқинлар борасида ортиб бораётган норозиликлар, ташқи сиёсатдаги муаммолар, хусусан, АҚШ билан зиддиятлар, хуллас, сайловчиларнинг эътирозига сабаб бўлаётган барча масалаларни аниқлаштириб олиши ва ҳал қилиши зарур. Кечаги сайловда Акрам Имомўғли 31 мартдагидан кўпроқ овоз тўплади. Бу сайлов натижасига қайсидир маънода 31 март сайловининг бекор қилиниши ҳам сабаб бўлди дейиш мумкин. Ўшанда бир пайтнинг ўзида тўртта: Истанбул ҳокимлиги, туман ҳокимлиги, шаҳар кенгаши аъзолиги ва маҳалла раислиги учун сайлов ўтказилган бўлса-да, фақатгина шаҳар ҳокимлиги учун сайлов натижасининг бекор қилишини “ҳукумат Олий сайлов комиссиясига босим ўтказди” деган шубҳанинг тарқалишига сабаб бўлди. Назаримда, фақатгина Истанбул ҳокимлиги учун сайлов натижасининг бекор қилиниши очиқ-ойдин тушунтириб берилмади, бу эса АКП тарафдорлари орасида ҳам иккиланишга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Зеро, турк халқи сайловга жиддий ёндашади, сайловни муқаддас бурчдай деб билади, одатда сайловларда сайловчиларнинг аксарият қисми иштирок этади. 31 март кунги сайлов натижасининг бекор қилинишини эса сайловчиларга нисбатан ҳурматсизлик деб қабул қилганлар ҳам талайгина.

АТП охирги сайловларда Миллиятчи ҳаракат партияси (МҲП) билан коалиция тузган ҳолда қатнашяпти. ЖХП эса ўзига иттифоқдош сифатида МҲПдан ажралиб чиққан “ИЙИ” партиясини танлади. Уларнинг коалициясига расман қўшилмаган, бироқ яхшигина қўллаб-қувватлаган яна бир партия бор: Халқларнинг демократия партияси (ХДП). Тарафдорлари асосан курдлардан иборат бу партия 31 мартдаги сайловда Акрам Имомўғлига овоз берган эди, 23 июн сайловида ҳам худди шундай қилишини бот-бот такрорлади. ХДП ва унинг раҳбарлари Курдистон ишчи партияси деб аталувчи террорчи ташкилотга алоқадорликда айбланиб келинади, етакчилари орасида шу айблов билан қамалганлар бор. ХДПчиларнинг ҳам овозини олган Акрам Имомўғли энди бу партия ва умуман курдлар билан муносабатларида жуда эҳтиёткор бўлишига тўғри келади.

Имомўғлининг ҳоким курсисига ўтириши унинг ҳокими мутлақ бўлиши маъносини билдирмайди. Зеро, унинг фаолиятини назорат қилиб турадиган орган бор – шаҳар кенгаши бор. Истанбул шаҳар кенгашининг 312 аъзоси бўлиб, шундан 176 нафари АТП ва 4 нафари МҲП вакилларидир. Қолаверса, Истанбулдаги 39 туманнинг 24 ҳокими АТП ва 1 ҳокими МҲП вакили ҳисобланади. Яъни Акрам Имомўғли Истанбул ҳокими бўлса-да, ҳокимликнинг ўзидаёқ уни тизгинлаб турадиганлар бор. Энди ҳаммаси – у сайловолди кампанияда айтганидек – зўр бўладими-йўқми, буни вақт кўрсатади.

Тўғри, Истанбул халқи ЖХПга имконият берди, бироқ айни пайтда бу партиянинг ўтмишда йўл қўйган хатоларини унутгани ҳам йўқ...

Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбулдаги зилзилада 34 киши жароҳат олган

520 16:35 27.09.2019

Истанбулдаги зилзилада масжид минорасига зарар етди

1092 10:25 27.09.2019

Бу йил Истанбул аэропортларидан 60 миллионга яқин киши фойдаланди

310 16:05 19.08.2019

Эрдўғон партияси нега мағлубиятга учради? АТПнинг мағлубияти мусулмонларнинг ҳам мағлубияти деганими?

3295 00:00 26.06.2019

Истанбулда яна сайлов бўляпти

731 14:00 23.06.2019
« Орқага