Туркиянинг Истанбул шаҳрида фаолият кўрсатаётган “MEZANA халқаро исломий илмлар академияси”да юзлаб ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда. Академиянинг тайёрлов курсларида ўқиётган талабалар учун оралиқ имтиҳонлар бўлиб ўтди.
Маълумки, Академиянинг тайёрлов курсида таълим уч босқичда олиб борилади. Ҳар босқич уч ойдан иборат бўлиб, уларда тартиб билан Қироат, Ҳадис, Фиқҳ, Ақида, Сийрат, Сарф, Наҳв ва Араб тили муҳовараси фанлари ўқитилади. Ҳар бир босқич якунида талабаларнинг ўзлаштириш даражасини баҳолаш учун имтиҳон ўтказилади.
Куни кеча биринчи босқични тугатган талабалардан имтиҳон олинди. Академия мудири Абдулмажид Жузжоний, устозлар Фарҳод Ҳомидов, Абдулазиз Бухорийлар ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини синовдан ўтказдилар. Якунда имтиҳон натижалари эълон қилиниб, энг юқори натижаларга эришган уч нафар талабага Академия тарафидан совғалар тақдим этилди.
Совғаларни шахсан академия муассиси устоз Мубашшир Аҳмад домланинг ўзлари топширдилар. Тадбир якунида туркиялик таниқли мутасаввуф уламо Шайх Солиҳ афанди ҳазратлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўз мухбиримиз