Истибдоднинг беш устуни

12:40 05.09.2019 796

Қуръони Каримда қатор қиссалар келган. Айрим кимсалар шундан келиб чиқиб Қуръонни тарихий китоб деб таърифлашга урунишади. Аслида Қуръон шунчаки тарихни ҳикоя этмайди, балки у инсонларга қиссалар орқали буюк ўгитларни тақдим этади. Қайси қисса кўп келса, демак, инсоният ҳаётида ўша воқелик кўп такрорланади ва одамлар ундаги ҳақиқатни билишлари зарур.

Қуръони Каримда энг кўп ҳикоя қилинган қисса Мусо ва Фиръавн қиссасидир. Нега? Чунки зулм ва туғён инсоний жамиятларда энг кўп учрайдиган воқеликдир. Зеро, ҳақ билан ботил, адолат билан зулм, яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги кураш башарият ҳаётида ҳамиша давом этган ва давом этаверади.

Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн қиссасидан жуда кўп хулосалар олиш мумкин. Жумладан, ушбу қиссада истибдоднинг беш устуни, яъни тиргаги баён қилинган:

Биринчиси: золим подшоҳ. У ўзини ҳамма нарса устидан мутлақ ҳукмрон деб билади, ўзидан кетади ва зулму туғёнга журъат этади. Бу образ қиссада Фиръавн мисолида намоён бўлган.

Иккинчиси: тилёғламачи, мунофиқ, худбин вазир. У мансаб учун золим подшоҳнинг ҳамма хоҳишларини ажратмай бажо келтираверади, унга тўғри маслаҳат бермай, фақат мулозамат қилади, ҳатто зулму ситамларини ҳам қўллаб қувватлаб, оқлаб беришга интилади. «Ҳамма нарсага сизнинг ҳаққингиз бор, ҳамма ишингиз тўғри», деб лаганбардорлик қилади. Бу ҳолат Ҳомон мисолида гавдалантирилган.

Учинчиси: бор мол‑мулкини зулму истибдодни дастлаклашга сарфлайдиган давлатманд. Буни Қорун мисолида кўриш мумкин.

Тўртинчиси: ўз билимини зулму туғённи дастаклашга сарф этадиган дин кишилари, ғоявий етакчилар. Сеҳргарларнинг иймон келтиришдан олдинги ҳолатлари шундай бўлди.

Бешинчиси: зулмни ёқлаб, оқлаб берувчи ахборот воситалари. Буни Фиръавннинг одамларни тўплаб, уларни сеҳргарларга эргашишга тарғиб қилган жарчилари мисолида кўриш мумкин.

Юқорида айтилганидек, булар зулму туғён ҳукмронлигининг устунларидир. Лекин булардан ташқари ўша зулмни ижро қилувчилар ҳам борки, улар Фиръавннинг одамлари тамсолида намоён бўлган.

Замонлар қанчалар ўзгармасин, одамлар ҳаёти қанчалар турланмасин, инсоний жамиятларда содир бўлган ва бўлаётган зулму туғён ҳукмронлигида айнан мазкур тиргаклар мавжуд бўлади.

Қиссада яна Фиръавн ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун халқ орасига доимо тафриқа солиб, фитналар уюштиргани, улардан бирини ўлдириб, бирини қолдириб, ўз наздида ниҳоятда пухта тадбир қилгани ҳам тасвирланади. Буни ҳам барча мустабид тузумларда топасиз. Бироқ, Фиръавн ҳар чанд тадбиру чоралар кўрмасин, охир оқибат адолат ғолиб бўлиб, одамлар зулмдан халос бўлгани ва золим барча аъёнлари билан ҳалок бўлгани баён қилинади. Дунёда қанчадан‑қанча золим ҳукмдорлар, мустабид империялар ўтди, бугун бирортаси йўқ, аммо эзгулик ҳамиша ғолиб, қалбларга ҳукмронлик қилиб келади.

"Қасос" сурасида Мусо алайҳиссалом ҳақидаги ҳикоя ушбу оятлар билан бошаланади: «Биз ер юзида хўрланган кишиларга инъом айлашни ва уларни раҳбарлар қилиб, уларни ворислардан этишни ирода қилдик».

Ҳа, ушбу илоҳий ирода рўёбга чиқиш пайти келганда Аллоҳ таоло Ўзи истаган халоскорни дунёга келтирди ва уни ўша золим подшоҳ қўлостида асраб, тарбиялаб етиштирди. Оқибат тақводорларники бўлди ва шундай бўлиб қолажак.

Аллома Муҳаммад Ҳасан Дедунинг суҳбати асосида тайёрланди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!