Истиғфор мўъжизаси

10:00 13.05.2019 1759

– Сенинг ҳам тилинг югуриккина-да, битта-иккита гапдан қолсанг бўлади-ку?!

– Сиз фақат мени айблайсиз, онажон. Қайнонамнинг феълини биласиз-ку, индамаса бошимга чиқиб олади. Ўзлари рўза тутмайдилар, намоз ўқимайдилар. Атайлаб намозга кириб кетганимда эшикни тақиллаб, иш буюриб кетадилар. Рўзадорлигимни била туриб атайлаб ишдан келишимга тайёрланиши қийин овқатларни айтадилар. Буёқда қайнотам билан куёвингиз  суюқ овқат исташади, уёқда қайнонам хамир овқат буюради. Тағин “кечқурун чой билан егани бирор ширинлик ҳам қилинг!” дейишлари ортиқча. Онажон, мен ҳам инсонман-ку, чарчайман, ҳолдан тояман. Куни билан тик оёқда ўқувчиларга дарс берсам, кечқурун ишдан келиб ошхонага қамалиб олсам. Баъзан ифторликни вақтида қилишга улгурмайман. Дастурхон бошида, дуолар билан ифторлик қилганимни эслолмайман. Нуқул тик оёқда, ошхонада оғиз очаман...

– Эҳ, қизим-а, қизим. Бу ҳаётнинг бошию охири фақат имтиҳондан иборат-ку! “Баъзиларингизни баъзиларингиз билан имтиҳон қиламиз” деган огоҳлантиришни унутдингми? Аллоҳ қайнонангни сен билан, сени қайнонанг билан имтиҳон қиляпти. Сен шикояту иддао билан имтиҳондан йиқилай деяпсан...

– Нима қил дейсиз, онажон? Сабрнинг ҳам чегараси бор-ку?! – Қизнинг кўзидан дувиллаб ёш оқди.

– Сабр – индамай, бир куни ҳаммаси яхши бўлади, деб қўл қовуштириб ўтириш эмас, онанг ўргилсин. Ваҳоланки, ҳеч қачон ҳаммаси яхши бўлмайди. Инсон баъзан яхшилик, баъзида эса ёмонлик билан имтиҳон қилинади. Муҳими, имтиҳондан гўзал сабр ва мужодала билан чиройли ўтиш. Сенга бунинг сирини аввалроқ ўргатмаганим учун афсусдаман. Лекин, ўрганиш, ҳикмат англаш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди...

Онаси билан бўлган бу суҳбатга ҳам бир йил бўлибди. Ўтган йили Рамазон ойи эди ўшанда. Қайнонасининг инжиқликларидан жиғибийрон бўлиб онасига шикоят қилганди. Ўшанда онаси қачон қайнонаси унга ёқмайдиган гаплар билан дилини хира қилмоқчи бўлса, дарҳол ичида “Астағфируллоҳал ъазийм ва атуубу илайҳ”ни такрорлашни, ошхонада ҳам, уй юмушларини қилаётганда ҳам, юрган йўлида ҳам истиғфорни такрорлашини, айниқса, қайнонасига эътироз билдиргиси келганида ҳам шу истиғфорни қайтаришни айтганди. “Борингизга шукр, онажон! Бизга истиғфор билан мушкулотлар эшигини очиш имконини берган Роббимизга ҳамдлар бўлсин!”.. Кўз ёшлар ичида жилмайиб, ошхонага ўтиш учун рўмолини ўраётганди, эшикдан қайнонасининг боши кўринди:

– Келинжон, компот қайнатиб музлаткичга қўйгандим, олиб қўйсангиз ифторликкача бироз илисин. Оч қоринга муздай ичиб бўлмайди.

– Ҳа, қайнонама олиб қўйганман.

– Сиз ифторликкача бироз дам олинг. Кун бўйи мактабда тик оёқда юрдингиз. Ўзим ўргилай, сиздан. Тутган рўзаларингиз даргоҳида қабул бўлсин. Мени ҳам дуо қилинг, жон болам, шу “сахар” деган балогинадан қутулиб мен ҳам рўза тутишга қодир бўлай...     

Умида АДИЗОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!