Истиғфор хосияти

16:00 22.09.2018 4539

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бир кишининг жаннатдаги мартабаси кўтарилади. Шунда у: “Бунинг боиси нима?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг айтган истиғфор сабабидан (шундай мақомга эришдинг)”, дейилади” (Ибн Можа, Аҳмад, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).

Бизда бирон одам вафот этса, эл-юртга ош бериш урф бўлган. Аслида 7, 20, 40 демасдан, муҳтож кишиларни чақириб таом берилса, муносиб одамларга хайр-эҳсон қилинса, яхши албатта. Аммо, эҳсондан ташқари ўтганлар ҳақига истиғфор айтилса, беш вақт намоздан кейин дуо қилинса, фойдаси кўпроқ бўлади. Чунки, элга ёзилган дастурхон атрофида марҳум бир-икки марта эсланади. Намозлардан кейин ота-онаси, мўмин-мусулмон аждодлари ҳақига дуо қилса, истиғфор айтса, унинг савоби тўхтовсиз бориб туради.

Шундай фарзандлар бор: ота-онаси ўтиб кетганидан кейин маъракаларини дабдаба билан ўтказиб, “Уларнинг руҳини шод қилиб қўйдим”, деб калта ўйлайди. Йўқ, маъракани чиройли ўтказиш билан иш битмайди. Зеро, ота-она фарзанд қилаётган ибодатдан, дуодан, айтаётган истиғфордан манфаат кўради. Намозлардан кейин: “Ё Аллоҳ, ота-онамни раҳматингга ол, гуноҳларини кечир, қабр азобидан сақла!” деб дуо қилинг. Шунда ота-онангиз руҳи шод бўлади, қабри нурга тўлади.

 

“Истиғфорнинг 40 хосияти” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!