Италияда бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий форумида ҳамюртларимиз иштирок этди

08:00 30.10.2018 317

Жорий йил 25-26 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Италиянинг “Евросиёни билиб оламиз” нотижорат уюшмаси ва Россиянинг Конгресс жамғармаси томонидан Италиянинг Верона шаҳрида ташкил этилган “Инновациялар санъати: Атлантикадан Тинч океанигача ишончга асосланган иқтисодиёт ва бизнес дипломатияси” XI Евросиё иқтисодий форумида иштирок этди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тантанали очилиш маросимида Италия бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Маттео Сальвини нутқ сўзлади. Форумда қарийб 850 та компания ва халқаро ташкилот, 40 та мамлакатдан қарийб 1,5 минг нафар ишбилармон ва сиёсий доиралар вакиллари, сиёсат ва жамоат арбоблари, дипломатлар, экспертлар, журналистлар иштирок этди.
Катта Евросиё мамлакатлари ишбилармон доиралари ҳамкорлигига оид долзарб масалалар, шу жумладан энергетика, молия, транспорт, инфратузилма лойиҳалари, янги технологиялар ва инновацион қишлоқ хўжалигига доир масалалар Форум иштирокчилари муҳокамасига киритилди.

Ўзбекистон делегацияси Форумнинг барча тадбирларида, шу жумладан ялпи мажлисда фаол иштирок этди, иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бошқа мамлакатлар қанашчиларининг асосий маърузаларида ва қатор нутқларида илк маротаба иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси шарафига қутловлар айтилди. Ўзбекистон Верона форумида ўзнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш учун таклиф этилган ягона давлат бўлди.

Жумладан, Италия ва бошқа чет давлатлар компаниялари ва банкларининг қарийб 100 нафар вакили иштирок этган “Ўзбекистон ва Италия: истиқболдаги умумий лойиҳалар” сессиясида ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир таклифлар муҳокама этилди. “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида рентген ускуналари ишлаб чиқарувчи корхона очиш, Бухоро вилоятидаги Газли конидан газ қазиб олиш учун компрессор станциялар етказиб бериш, Ўзбекистон Республикасида кластерлар ва саноат зоналарини ташкил этиш шулар жумласидандир.  

“Катта Евросиёда бизнес-дипломатия” мавзусида ўтказилган сессияда воқеалар ривожини олдиндан тахмин қилиш тобора мураккаблашиб бораётган ҳозирги даврда бизнес дипломатияси салмоқли кучга айланиб бораётгани, шунингдек Форум тижорат мақсадида ўтказилмаётганлиги таъкидланди. Халқаро миқёсдаги нуфузли тадбир Катта Евросиёдаги иқтисодий ва молиявий ҳолат юзасидан нафақат ўзаро фикр алмашишга, балки Европа иттифоқининг ва Евросиёнинг тадбиркорлари учрашишга хизмат қилади. Бу фикр алмашиш ҳамда лойиҳалар, ғоялар, аниқ таклифларни биргаликда ривожлантириш имконини беради. Улар кейинчалик шартномаларда, қурилишларда, саноат, молиявий, савдо ҳамкорлигида ўз аксини топади.

Ўзбекистон делегациясининг XI Евросиё иқтисодий форумида иштирок этиши якунида келишувларга эришилди. Шубҳасиз, улар Ўзбекистон ва Италия ўртасида иқтисодий муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!