Итнинг қолдиғи ҳукми

19:00 04.06.2019 1214

Ислом динида нима нарса инсониятнинг ҳаёти соғлиги дунё ва охиратига манфаатли бўлса Ислом шунга буюради ва тарғиб қилади. Нима нарса инсоннинг ҳаёти, соғлиги, дунё ва охиратига зарарли бўлса уни ҳаром қилади ва ундан қайтаради бунга мисоллар жуда кўп шулардан баъзиларини келтирамиз маст қилувчи моддалар ўлимтик ёки чўчқа маҳсулотлари ҳозирги кунда европадаги тиббиёт мутахассислари ҳам бу нарсаларни инсонни соғлиги учун зарарли эканини таъкидлашади ваҳоланки, Ислом шариати уларни бир минг тўрт юз йил аввал мўминларга ҳаром қилган.

Итнинг сарқити-қолдиғи борасида ҳам жумҳур уламолар уни ҳаром эканини айтишган ва бу тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадисларни ҳужжат қилиб келтиришган, лекин ит тиккан нарсани поклаш борасида икки хил йўл тутишган, келинг шу масалани ўрганамиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ит бир идишни яласа,уни етти маротаба ювинглар» дедилар. Ва яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда юқоридаги ҳадисни зикр қилганлар ва «аввалгисини тупроқ билан» деган лафзни зиёда қилинган.

Уламолардан Авзоий, Шофеий, Молик ва Аҳмад розияллоҳу анҳумлар шу ҳадисларни олдилар ва «Агар идишни ит ялайдиган бўлса етти марта ювиб,аввалгисини тупроқ билан покласагина пок бўлади» дедилар. Бу борада бизни мазҳаб уламолари бошқа йўлни тутдилар:«Ит теккан идиш бошқа нажосатлар ювилганидек ювилади, дедилар ва бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирдилар:Саид ибн Мусаййиб ҳадис айтдилар» Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дердилар:Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз кечаси турса қўлини икки ёки уч марта ювмагунича идишга тиқмасин, чунки сизлардан бирингиз қўли қаерда тунаганини билмайди», дедилар.

Солим Оталаридан розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам агар уйқуларидан турсалар қўлларини уч маротаба ювардилар".

Бизни мазҳаб уламолари: Юқоридаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар бавлдан покланиш тўғрисидадир чунки у зотлар ҳожатларини ўтар ва бавл қилар эдилар, сув билан истинжо қилмас эдилар, шунда уларни агар уйқуларидан турсалар қўлларини ювишга буюрганлар. Чунки банда қўллари уйқудалигида баданини қаерига текканини билмайди, бўлиши мумкинки танини бавл ва ғоит теккан жойлари терлаши ва унга қўллари тегиб нажосат бўлган бўлиши мумкин.Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан тургандан сўнг қўлларини уч марта ювишга буюрдилар ва бу уч маротаба ювиш бавл(инсон пешоби) ва ғоит(инсон аҳлати)дан покланиш ҳукми бўлди.

Бавл ва ғоит нажосатларнинг оғири бўлишига қарамай уч марта ювиш билан покланар экан ундан пастроқ нажосатларни яъни итнинг сўлаги теккан нарсани уч марта ювиш билан покланиши авлороқ бўлади" , дейдилар.

Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: ит ёки мушук ялаган идиш тўғрисида "уч маротаба ювилади, деганлари биз айтган гапни қўллайди бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васалламни етти маротаба ювишга буюрганлари насх бўлган бўлади чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани эшитиб уни тарк қилишлари мумкин эмас ундай қилган бўлганларида сўзлари ҳам ривоятлари ҳам қабул қилинмайдиган бўлиб қоларди ва бу эса Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Имоми Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларнинг ва уларга эргашганларнинг мазҳабидир. Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ичидаги Ҳанафий, Моликий, Шофеий, Ҳанбалий мазҳаблари орасидаги жузъий фарқлар оят ва ҳадислардаги мўъжиза ва ҳикматларни янада очиб беради ва шу мазҳабларнинг ҳар бири тўғри йўлдир, фақатгина ҳар бир мўмин мусулмон ўзи яшаётган жамиятдаги уламоларнинг мазҳабини тутиши ва битта мазҳабни маҳкам ушлаб амал қилиши лозим бўлади.

Азизов Нодирхон
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти талабаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!