Иймон йўқми? Демак, ҳеч нарса йўқ

23:32 07.10.2017 2188

Бу дунё “корхона”си вужудга келган экан, азалдан икки нарса: руҳоният ва моддият ўртасидаги рақобат давом этиб келмоқда. Руҳониятнинг асоси иймондир. Моддиятнинг асоси эса мўъминни Аллоҳ таолодан ғофиллигига, иймонининг заифлашишига сабаб бўладиган барча нарсалар ҳисобланади. Бугунги кунда бутун дунё  халқлари моддий тараққиётнинг шунчалик чўққисига кўтарилдиларки, унинг имкониятлари ҳайратланарли даражада кенг қулоч ёзди. Замонавий технологиялар воситасида инсоният ўзига мисли кўрилмаган моддий қулайликлар яратди. Ҳаттоки, коинотни ҳам маълум даражада ўзига бўйсундирди. Лекин бу моддият учоғи узра маст бўлиб учаётган мавжудот ўзининг инсонийлик, инсоф, диёнат, ҳаё иффат деган либосини тобора жисмидан ечиб бормоқда.

Бугунги кундаги мусулмон бўлмаган халқлар ҳаётига назар солсак, уларнинг шунча моддий қулайликлар, роҳат фароғат бағишловчи ускуналарнинг барчасига эга бўла туриб ҳам ўзларини бахтсиз, руҳий безовталик, бехаловатлик ва изтироблар исканжасида ҳаёт кечираётганларининг гувоҳи бўляпмиз. Бунга сабаб нима?  Мазкур саволга қисқача жавоб шуки,  буларнинг бари уларнинг ҳаёти руҳоният ва иймондан холи эканлиги сабаблидир. Чунки руҳий хотиржамлик, ҳақиқий амният ва ҳаловатнинг иймонсиз ҳосил бўлиши мумкин эмас. Одамзод маблағ эвазига уйқу дори сотиб олиши мумкин, лекин хотиржамлик, руҳий халоват дорисини сотиб ололмайди. Юмшоқ пар тўшаклар сотиб олиши мумкин, лекин руҳига сокинлик ва ором бахш эта олмайди.

Инсон учун энг катта неъмат ва давлат бу – иймондир. Агар инсон қалби ичра ушбу неъмат мавжуд бўлса, гарчи унда зоҳирий роҳат ва қулайлик ускуналари бўлмаса ҳам, у энг буюк лутф ва марҳамат билан таъминланган саналади. Инсон бу дунёда Аллоҳ таолонинг қудратига ошно бўлиб, иймон соҳиби бўлар экан, унинг қалбини дунёда ҳар қандай ҳолатда ҳам сокинлик, хотиржамлик ва халоват эгаллайди, охиратда эса фақатгина иймон аҳлларига насиб бўладиган юксак мақом соҳиби бўлади. 

Бугунги Худобезор баъзи мамлакат вакиллари ўзлари иймон соҳиби бўлиш неъматидан маҳрумликлари етмаганидек, мусулмонларнинг қалбларидаги иймон нурини ўчириш, ёки озгина бўлса ҳам уларни ҳидоят йўлидан оғдириш мақсадида ҳар хил фитна-фасод ва бузғунчилик режаларини ишлаб чиқишмоқда. Ҳозирги даврда моддий тараққиёт ва моддий қулайликларни инсон ҳаётига катта тезлик билан кириб келиши натижасида  уларнинг руҳий ҳолати тобора заифлашиб бормоқда. Биз мусулмон бўлмаган қавмларга айтамизки: “Сиз дунёда энг юқори имконингизда тараққиётга эришинг, лекин бу билан ҳақиқий роҳат ва хотиржамликка эриша олмайсиз. Ислом динини қабул қилинг, шундагина ҳақиқий руҳониятни ихтиёр этасиз”.

Дунё  турли туман мусибатлар, тартибсизликлар марказига айланган  бугунги кунда тинчлик-омонлик ва хотиржамликнинг бешиги бу – иймондир.

Иймонли ва иймонсизларнинг ҳамма амалларининг мисоли математик бир масалага ўхшайди. Ўнг тарафга 0 сонини ёзиб чап тарафга ҳар қандай бирликдаги катта сонларни ёзинг ва уларни бир бирига кўпайтиринг.  Натижа битта, фақат нолга тенг бўлади. Бу иймонсизларнинг амалларининг баҳоси. Чунки уларнинг иймон турадиган томонлари, яъни, кўпайтирмалари нолга тенг, шу сабабли ҳам натижа ҳар қандай катта сонларга кўпайтирсак ҳам нолга тенг бўлади. Энди ўнг тарафда 1 ёки 10, ёки 100, ёки 1000 ва ҳоказо сон бўлсачи, чап тарафдаги сонимиз ҳам шу каби бирор мусбат қийматга эга сон бўлса, у ҳолда уларни бир бирига кўпайтирсак, юқори қийматлар келиб чиқаверади. Ҳеч қачон натижа 0 га тенг бўлиб қолмайди. Мўъминнинг иймони турган тарафда мусбат қиймат бор шу сабабли ҳам амалларимизга кўпайтирилса, натижада улкан савоблар ҳосил бўлаверади.

Шу каби барча иймон соҳиблари одатий, кундалик амалларига ҳам ажру савоб олаверадилар. Аммо иймон неъматидан маҳрум бўлган халқларнинг эса катта катта яхшиликлари бўлса ҳам охиратда ҳеч қандай эътибори йўқ. Ушбу мисолдан ҳам иймоннинг қанчалик буюклиги ва фазилатининг аҳамиятини тушуниб олдик.

Афсуски, иймон шунчалик буюк неъмат бўла туриб, биз унга бепарвомиз ва ғафлат билан муносабатда бўламиз. Мажлисларимизда ёки ўзаро суҳбатларимизда бекорчи, ҳазил мутойиба сўзларни кўп ишлатамиз. Бу сингари тилга эътибор бермаслик, бепарволик оқибатида ҳатто инсон иймонидан жудо бўлиб қолиши мумкин. Шу сабабли ҳам инсон ўзига жиддийликни лозим тутсин, хазил мазахдан узоқ бўлсин. Ҳар доим ўзига савол бериб юрсинки, менинг иймоним саломатми, уни сақлай оляпманми? Аҳлуллоҳлар айтадилар: “Аллоҳ таоло шундай иймонга нур берадики, одамзот уни қадам бақадам назорат қилиб сақлаб, токи қабргача етиб боради.”

Аҳлуллоҳларнинг ҳаётларини мутолаа қилар эканмиз, уларнинг бутун ҳаёти ҳамиша мўъминона сифатлар билан ўтганига гувоҳи бўламиз. Шундай бўла туриб ҳам, ҳар вақт иймон билан хотима топиш фикрида бўлишар, ҳар доим Аллоҳдан гўзал хотима сўраб дуо қилишар, ҳузурларига келган инсонлар билан  ҳам шу нарсани Аллоҳдан сўраб дуо қилишарди. Ушбу воқеаларни назарда тутиб китобнинг номини “Келинглар иймон ҳақида фикр қилайлик” деб номладик. Мен сизларга айтадиган ҳақиқат шуки, бу китобни ҳозирги замон мусулмонларининг ҳар бири ўқиб чиқиши шарт. Аллоҳ таоло ушбу бошлаётган янги ишимизга шараф билан қабулият берсин, нур билан зийнатласин ва бизларга комил иймон насиб этсин, иймонимизни заволга кетказадиган барча зарали амаллардан сақласин.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!