Иймоний тарбия

11:00 25.04.2018 843

Иймон инсониятнинг дунё ва охиратда бахту саодатга, тинчлик-осойишталикка эришишининг кафолатидир. Аллоҳ таоло айтади:    

Иймон келтириб, иймонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар, ана ўшаларга тинчлик-омонлик бордир. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”. ("Анъом" сураси, 82-оят).

 “Эркагу аёл мўъмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, албатта унга покиза ҳаётни яшаттирурмиз. Ва амал қилганларига бериладиган ажрнинг энг чиройлиси билан мукофотлармиз”. ("Наҳл" сураси , 97-оят).

Ота фарзандлари тарбиясида энг бирламчи эътибор бериши лозим бўлган жиҳат ҳам уларни иймонли, соғлом эътиқодли қилиб тарбиялашидир. Чунки, ақида инсон шахсиятининг шаклланишида мустаҳкам пойдеворга ўхшайди. Пойдевор қанчалик пишиқ ва мустаҳкам бўлса, қурилган бино ҳам чиройли ва кўркам бўлади. Инсон эътиқоди мустаҳкам ишончга асосланган бўлмаса, ҳаётда тўғри йўлни топа олмай адашиб кетади ва унинг амаллари ҳам беҳуда бўлади. Ҳазрати Сўфи Аллоҳёрнинг қуйидаги ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз:

Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил ибодат деб қилса, елдир.

Мазкур байтдан ҳам маълум бўладики, ақидаси соғлом бўлмаган фарзанднинг адашиб кетиш эҳтимоли кўп бўлади. Айниқса, ғоялар кураши авж олган бугунги кунда фарзандлар эътиқодига тажовуз солаётган таҳдидлар қаторида динни ниқоб қилиб, қадриятларни оёқости қилишга уринаётган бузғунчи ҳаракатларнинг фаолияти жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бундай ёвуз кучлар фарзандлар онгини забт этиш мақсадида ҳар қандай қабиҳ йўллардан фойдаланишга уринмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Маккада ўн уч йил мобайнида энг аввало инсонларнинг эътиқодини тузатиш ва уларнинг тушунчасини тўғирлашга ҳаракат қилдилар. Ана шу Маккадаги ўн уч йиллик фаолиятларида Каъбани тавоф қилар, унга юзланиб намоз ўқирдилар ва кўпинча унинг деворига суяниб ўтирардилар. Ваҳоланки, унинг ичини тўлдириб турган уч юз олтмишта бут бор эди. Лекин, У зот бирор марта уларнинг бирортасини бузиш ёки Каъба ичидан олиб чиқиб ташлашга ҳаракат қилмадилар. Агар бир саҳобийга бир оғиз айтганларида бир кечада уларни бузиб ташлаши мумкин эди, лекин ундай қилмадилар. Чунки, энг аввало инсонлар қалбини ва онгини унга ўрнашиб қолган бутлардан тозалаш керак эди. Усиз ҳеч қандай натижага эришиб бўлмас эди.

Шунинг учун ота-она фарзандининг иймони бут, эътиқоди мустаҳкам бўлишига унинг ёшлигидан эътибор бериши лозим.

Ибни Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўдак фарзандларингизнинг биринчи сўзини “Лаа илаҳа иллаллоҳ” билан бошланг”, дедилар”. (Имом Ҳоким ривояти).

Демак, фарзандимиз ҳали ҳеч нарсани тушунмаса  ҳам унинг тилини Аллоҳнинг зикри билан чиқаришга ҳаракат қилишимиз керак экан. Аввал бошда уламоларимиз тавсия қилишгани каби болага “Аллоҳ”, “Аллоҳу Акбар” дейишни, кейинроқ “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дейишни ўргатамиз. Албатта ёш болакайнинг тили келишмаслиги мумкин. Лекин эринмасдан ихлос билан такрор-такрор ўргатиб борамиз.

Ақлини таний бошлаганда бу сўзларнинг маъносини, иймон калимаси эканини тушунтирамиз. Унга ўзи тушунадиган қилиб Аллоҳ таолони танитамиз. У Зотнинг яратувчилиги, ризқ бериши, барча яхшиликларни бизга фақат У Зот бериши, бизларни доим Ўз ҳимоясида асраши ва ҳоказолар ҳақида гапириб берамиз. Иложи борича унинг саволларига эринмай ақли етадиган қилиб жавоб бериб борамиз. Фарзандимизга энг биринчи бўлиб Аллоҳ таолони яхши кўриши кераклигини уқтирамиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларининг бирингизга токи Аллоҳ ва унинг расули бошқа нарсалардан кўра севимлироқ бўлмагунларича мўмин бўла олмайди” дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).

Ота-она зиммасидаги энг катта масъулият фарзанди қалбида Аллоҳга бўлган иймон ва муҳаббат ҳиссини ўстиришдир. Бунинг учун эса, унга аввло У Зотни яхшилаб таништиради. Чунки  танимай туриб муҳаббат қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Довуд алайҳис саломга ваҳий қилиб: “Эй Довуд, бандаларимга мен берган неъматларимни эслат! Чунки нафслар унга яхшилик қилганни яхши кўрадиган ва унга ёмонлик қилганни ёмон кўрадиган қилиб яратилган”, деди.

Ҳақиқатда ҳам қуруқ сўз билан “Аллоҳни яхши кўр” ёки “Аллоҳни яхши кўришимиз керак” деган гаплар билан иш битмайди. Теварак оламга қараб уларга ҳар бир Аллоҳ таоло яратган нарсани, унинг ҳикмати ва фойдаларини айтиб, бу ишларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмаслигини тушунтириб бериш керак. Масалан, ташқарида ёмғир ёки қор ёғмоқда, шу пайтдан фойдаланиб улар билан савол-жавоб қилиш мумкин.

Ана ундан кейин иймоннинг қолган рукнларини ўргатади. Улар: Фаришталарга, У Зот нозил қилган китобларга, барча пайғамбарларига, охират куни ҳақлигига, қадарнинг яхши-ю ёмони Аллоҳдан эканига ва ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон келитиришдир. Албатта, буларнинг барчасига ишониш иймоннинг шартлари эканини ва уларнинг бирортаси ҳақида шубҳа қилиш мумкин эмаслигини уқтиради.

 

 Баҳодир РАҲМАТУЛЛАЕВ Зангиота тумани

“Фатҳ” жоме масжиди имом-хатиби  

Манба: fitrat.uz
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!