Иймоннинг белгиси – муҳаббат қилишдир

23:30 13.04.2018 682

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Иймоннинг белгиси – ансорийларга муҳаббат қилишдир. Мунофиқликнинг белгиси – ансорийларни ёмон кўришдир», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Ансорийлар асли мадиналик мусулмонлардир. Улар, асосан, Хазраж ва Авс қабиласидан бўлиб, оғир пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берганлари учун «Ансорийлар» – «ёрдам берувчилар» номини олганлар. Улар Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожир биродарларини инсоният тарихида мисли кўрилмаган бағрикенглик билан кутиб олишган. Уларга уй-жойларини, мол-мулкларини тақсимлаб беришган. Ҳатто баъзи кўп­хотинликлар, муҳожирлар уйланиши мумкин, деб, айрим хотинларини талоқ қилишган. Макка кофирлари Исломга ва мусулмонларга қаттиқ душманлик қилиб турган бир пайтда улар Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга қўлларидан келган барча ёрдам-нусратни беришган. Аллоҳ таоло ансорийларни Исломнинг ер юзида сақланиб қолишига сабабчи қилган ва уларнинг бу ишларини муносиб тақдирлаб, Қуръони Каримда мадҳ қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда ансорийларга муҳаббат қилишни комил иймон аломати деб таърифламоқдалар. Бундан ҳам буюк шараф бўлиши мумкинми?! Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланиб қолмасдан, ансорийларни ёмон кўриш мунофиқлик аломати эканини ҳам баён қилмоқдалар. Демак, ҳар бир мусулмон ансорийларга муҳаббат қилиши ва уларни ёмон кўришдан сақланиши лозим.

Агар бунга қиёс қиладиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши учун Ислом динига хизмат қилган ҳар бир одамни яхши кўриш, ҳурмат қилиш лозим бўлади. Ислом динига ҳизмат қилган одамни ёмон кўрганлар эса мунофиқ бўладилар. Чунки Исломга қилинаётган хизматни ёмон кўриш – Исломни ёмон кўриш демакдир.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Донни ёрган ва жонни халқ қилган Зот билан қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, мени фақат мўмингина яхши кўришини ва фақат мунофиқгина ёмон кўришини аҳд қилганлар».

Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ровий амирул мўминин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари билан танишиб олайлик:

Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ал-Қурайший, хулафои рошидинларнинг тўртинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғиллари, оналари Фотима бинти Асад ибн Ҳошим ибн Абдуманоф, кунялари Абул Ҳасан, милодий 600-йилда Маккаи Мукаррамада таваллуд топдилар. Бирор марта ҳам бутларга сиғинмагани ва жоҳилият ифлосликлари билан хулқланмаганликлари сабабли «Каррамаллоҳу важҳаҳу» деб сифатланадилар. 

Ҳазрати Али ёшлик пайтларида доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиб, бирга овқатланар эдилар. Бунга сабаб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг фарзандлари кўп эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга қарата:«Эй амаки, акангиз Абу Толиб болалари кўп кишидир. Ҳозир кўриб турганимиздек ризқда, яшашда кўп қийинчиликлар бўлиб турибди. Абу Толибнинг ҳузурига бориб, болаларидан келадиган ташвишини бир оз енгиллатайлик», деб айтдилар. Шунда улар бориб, Аббос Жаъфарни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Алини олдилар. Мана шундан кейин Али Расулуллоҳ билан бирга яшай бошладилар.

Ҳазрати Али Расулуллоҳ набий қилиб юборилгандан кейин ёш болалардан биринчи иймон келтириб, Исломни қабул қилган эдилар. Ана шу вақтда ёшлари ҳам саккиздан ўтмаган эди. Анас ибн Молик айтадилар: «Душанба куни нубувват келган, сешанба куни Али Исломга кирган».

Али ибн Абу Толиб ҳамма жангларда иштирок этдилар, фақат Табук жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни аҳли байтларига бошлиқ қилиб кетганлари сабабли иштирок эта олмадилар.

Али шижоатли, сўзда фасоҳатли, илмли, ахлоқли, сабрли, адолатли, ҳилмли, иффатли, тақводор, дунёда зоҳид, тавозуъли ва мусулмон йигитлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин киши эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али эшигидир», деб айтдилар.

Али каррамаллоҳу важҳаҳу араблар орасида шижоатли, ботир паҳлавонлардан эдилар. Бадр жангида мушриклар бошлиғи бўлган Валид ибн Утбани ер тишлатдилар. Уҳуд жанги куни байроқ кўтарган саҳоба Мусъаб ибн Умайр ўлдирилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни ҳазрати Алига топширдилар. У киши Хайбарни фатҳ этишда ҳам жуда кўп жонбозликлар кўрсатганлар. Мана шу вақтда ёшлари ҳали йигирмадан ўтмаган эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эртага жангда байроқни бир кишига бераман, Аллоҳ ва Расули уни яхши кўради ва у ҳам Аллоҳ ва Расулини яхши кўради», деб айтдилар. Эртасига ҳамма саҳобалар ўша киши ўзлари бўлишини умид қилишганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алини сўраб қолдилар. Саҳобалар Алининг кўзлари оғриётгани ҳақида хабар беришди. Расулуллоҳ у кишининг ҳузурларига борганларида ҳақиқатда кўзлари оғриган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини Алининг кўзларига тегизиб дуо қилдилар ва кўзлари шифо топди.

Кўп саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги Алининг манзилларида бўлишликни орзу қилишар эди. Аллоҳ Расулуллоҳ билан Алининг манзилларини худди Мусо алайҳиссалом билан Ҳорун манзилидек қилди. Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг жуда бир чиройли сўзлари борки, у бизларга ўрнак бўларлидир: «Менинг қўрқадиган нарсам ҳавои нафсга тобе бўлиш ва узун орзулар қилишдир. Ҳавои нафсга тобе бўлиш ҳақдан қайтаради. Узун орзулар эса охиратни эсдан чиқартиради. Огоҳ бўлинглар! Бу дунё орқада қолиб кетади. Охират эса олдингизга чиқиб кутиб олади. Сизлар охиратнинг боласи бўлинглар, дунёнинг боласи бўлиб қолманглар! Бу кунда амал бору ҳисоб йўқдир, эртага эса ҳисоб бору амал йўқдир».

Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳижратнинг иккинчи йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима онамизга уйландилар. Ҳазрати Али Фотима онамиздан ва бошқа хотинларидан ҳаммаси бўлиб, ўн тўрт ўғил, ўн тўққизта қиз фарзанд кўрдилар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу 586 та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан кўп кишилар, жумладан, ўғиллари Ҳасан, Ҳусайн, Муҳаммад, Умар ҳамда Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саид Худрий, Абу Рофиъ, Суҳайб, Зайд ибн Арқам, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Самура, Баро ибн Озиб, Жарир ибн Абдуллоҳ ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. Тобеъинлардан Саъид ибн Мусай­йиб, Қайс ибн Ҳозим, Алқама ибн Қайс, Абу Асвад Жаулий, Аҳнаф ибн Қайс, Шурайҳ ибн Ҳоний ва бошқалар ривоят қилишди.

Мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб масжидда имом бўлиб турганларида хаворижлар кишиси бўлган Абдураҳмон ибн Мулжам томонидан қилич билан уриб, шаҳид қилинди. Бу ҳодиса ҳижратнинг 40-йили, Рамазон ойининг 23- куни, жума кунида содир бўлди. Бу пайтда у зот 63 ёшда эдилар.

Бу ҳадис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўчирма гап шаклида эмас, балки, у Зотнинг гапларини ҳазрати Али розияллоҳу ан­ҳунинг иборалари билан ифода этиш орқали ривоят қилинмоқда.

Албатта, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари улуғ инсонлардир. Уларнинг саҳобалик шарафларининг ўзи қанчалик катта мартаба, қолаверса, уларнинг ҳар бирлари Ислом учун қанчадан-қанча хизмат қилган зот ҳисобланадилар. Шу билан бирга, уларнинг ичида алоҳида мақомга эга бўлганлари ҳам бор. Шулардан ўн кишига Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатнинг башоратини берганлар. Ўша саодатманд зотлардан бири ҳазрати Алидирлар. Мазкур ўнликдан тўрт халифа яна алоҳида ажралиб турадилар. Тўрт халифанинг бири ҳам ҳазрати Алидирлар. Ҳазрати Алининг Ислом учун қилган хизматлари жуда катта. Бунинг устига у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан: амакиларининг ўғиллари, куёв ўғиллари, яъни аҳли жаннатнинг саййидаси Фотимаи Заҳронинг эрлари, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг оталаридир. Шунинг учун ҳам у кишини фақат мўмингина севиши ва фақат мунофиқгина ёмон кўриши ажабланарли эмас.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, муайян бир шахсга муҳаббат қилишнинг ҳам иймон ва мунофиқликка дахли бор экан. Ҳа, ҳамма нарса иймон ўлчови билан ўлчанганда шундоқ бўлади. Кишини мансаби, пули, моли ёки бошқа нарсалари учун эмас, иймони учун, динга қилган хизматлари учунгина севилади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мусулмон, мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир, Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Термизий ва Насаийлар:«Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс тақво ва зуҳдлари билан машҳур саҳобалардан эдилар. У киши оталари Амр ибн Оссдан аввал Исломга кирдилар. Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бардавом бўлиб, у Зотга нозил бўлаётган оятларни ёдлабгина қолмай, ёзиб ҳам олар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амрга: «Сени кундузларни рўзадор, кечаларни намоз ўқиб ва Қуръонни хатм қилиб ўтказишингдан хабарим бор. Умринг уза­йиб, ёшинг улғайиб, буларга тоқат қилолмай қолишингдан қўрқаман. Ойда уч кун рўза тут, бир марта Қуръонни хатм қил», дедилар. Абдуллоҳ:«Эй Расулуллоҳ, бундан ҳам кўпроғига қудратим етади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Бўлмаса, ҳафтада икки кун рўза тутиб, ўн кунда бир Қуръонни хатм қил», дедилар. Абдуллоҳ:«Бундан ҳам зиёдасига қурбим етади», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Рўзадорларнинг саййиди Довуд алайҳиссалом рўза тутганидек, рўза тут. У киши бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдилар. Ҳар уч кунда Қуръонни хатм қил», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ёшлари ўтиб қолганига қарамай, бу амалларида бардавом қолдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи васалламдан мингга яқин ҳадис ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда мендан Абдуллоҳ ибн Амр ўзиб кетди», дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ҳижратнинг 93-йили вафот этдилар.

Ушбу ҳадисда ҳамда унга Термизий ва Насаийлар ривоятидаги қўшимчада учта муҳим масала, учта муҳим таъриф келмоқда. Яъни ҳақиқий афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс юритилмоқда. Ушбу ҳадисда келган мусулмон, муҳожир ва мўмин таърифи афзаллик таърифидир. Мисол учун,«Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир» деган жумладан «мусулмонларга тили ва қўли билан озор етказган одам мусулмон бўлмайди» деган маъно чиқмайди. Бу таърифлардаги гаплар, «фалончини одам деса бўлади», «фалончи ҳақиқий одам» қабилидаги гапга ўхшайди. Исломнинг беш рукнларига амал қилган одам мусулмон ҳисобланаверади. Аммо мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундоқ таърифлашларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир.

Ислом, мусулмон сўзлари «саломатлик», «тинч­лик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда.

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.

«Муҳожир» ҳижрат қилувчи (бошқа жойга кўчувчи) деганидир. Ҳижрат Аллоҳнинг йўлида, дину диёнат йўлида элу юртининг фироқига учрашдир. Бу улуғ мақом Исломда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар мушриклар тазйиқи туфайли она юртлари Маккаи Мукаррамани ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан бошланган.

«Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир», демоқдалар. Бу таъриф ҳам худди аввалги таърифда зикр қилинган нарсаларни ўзида мужассам қилгандир. Луғавий маъноси ватан, элу юрт ҳижронидан иборат бўлган ҳижрат Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқда бўлишда ҳам собит бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Дину диёнат учун ватанидан, яқин қариндошларидан узоқда бўлиш, муҳожирлик, деб аталади. Шу боис, Аллоҳ қайтарган ишлар-гуноҳлардан узоқда бўлишлик ҳам дин-диёнатга амал қилиш учун бўлгани туфайли, муҳожирлик, деб аталмоқда.

Энди Термизий ва Насаий ривоятларида келган:«Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» деган таърифга тўхталайлик. Иймон, мўмин сўзлари «омонлик», «ишончли» маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда «хушфеъл» маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни, ўз жонлари ва молу мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари ҳамиша комил бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмонларга озор ва ёмонлик етказмасликка ҳаракат қилиш. Чунки ким мусулмонларга хоҳ тили билан, хоҳ қўли билан, хоҳ бошқа йўл билан озор етказса, ёмонлик қилса, у мусулмонлик фазлидан маҳрум бўлади.

2. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийишга қаттиқ уриниш. Чунки гуноҳ ишларнинг ҳижрони ила муҳожирлик мақомига эришиш мумкин экан.

3. Одамларнинг жонига, қонига ва молу мулкига кўз олайтирмаслик. Ким бошқаларнинг ўзига бўлган ишончини йўқотса, одамлар ундан жонлари учун, моллари учун хавфсирай бошласа, мўминлик фазилатини йўқотган бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматлари бугунги кунимиз учун қанчалик муҳим эканини гапириб ўтиришга ҳожат бормикан? Ҳозирги кунда жамиятлар тили ва қўли билан ёмонлик етказмайдиган мусулмонларга қанчалар муҳтож. Якка шахс­лар орасидаги муомалаларга қарасангиз, мусулмон мусулмонга турли йўллар билан озор бераётганини кўрасиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлик мақомига эришиш йўлини осонлаштириб, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтган одам муҳожир эканини эълон қилиб қўйибдилар. Ўзи шундоқ ҳам Аллоҳ қайтарган ҳар бир нарсадан қайтиш – мусулмон банданинг бурчи. Аммо меҳр ила, шафқат ила, бурчни бажарган одамга мукофот – муҳожирлик мақоми эълон қилинибди. Хўш, бу мукофотга мусулмонлар қанчалик интилмоқдалар?! Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қанчалик қайтмоқдалар? Аллоҳ таоло мусулмонларни ёлғондан, ҳаромдан, ароқдан, зинодан, зулмдан, ўғриликдан, алдамчиликдан ва бошқа кўпгина нарсалардан қайтарган. Агар ушбу ҳадисга амал қилганимизда, ушбу разолатлар жамиятимизда мутлақо бўлмас эди.

Мўминлик – ана, қандоқ яхши нарса! Мўминни кўрган одам ундан хурсанд бўлади, унга ҳавас қилади. Мўминлиги учун унга жонини, молини ишонади. Чунки мўминлик омонлик тимсолидир. Афсуски, ҳозирда мўминлик даъвосини қилиб юрган айрим кишиларнинг қилмишларидан динга янги юзланганлар нафратланиб, ҳатто диндан қайтиб кетган ҳоллари содир бўлмоқда. Ислом таълимотларидан, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан узоқлашишнинг оқибати – шу!

Манба: muslimaat.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!