Жадид бўла оласанми?

09:00 28.02.2019 1417

Ҳозир туйғулар майдалашиб кетгандай. Муҳит бор-ку, журъат йўқ. Эътибор беринг, давлат ичида яшаётган, мавжуд бўлган бирорта ҳам мухолифат партия йўқ. Ахир, улар бизга давлат бошқарувидаги камчиликларни кўрсатиб бериш учун керак. Фуқаро манфаати йўлида яратилган кўплаб қонунлар тўлиқ ўзини оқлай оладими? Ана шу камчиликни кўрсатиш учун юрак етишмайди. Журъати етганлар Европага кетган, дейди кимдир.

Шу эл-юрт келажаги билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фикрни, ҳар қандай мулоҳазани, ҳар қандай амални, ҳаракатни сиёсат, деса бўлади. Йўқ! Эл ғами билан ҳаракат қилиш – сиёсат билан шуғулланиш, деган гап эмас-ку! Илло, ҳар нарсадан сиёсат қидирманг, дея бонг уриш ҳам, нотўғри. Анча ёшга борганингдан кейин, элнинг келажагида қоронғуликларни кўра бошлайсан. Аттанг! Энди кўкракка уриш фойдасиз. Жадид бўла оласанми? Жон, шан, ҳаммасини эл-юрт равнақига бахшида қила оласанми?

 Илгари жадидиларга қандай муомала қилишган бўлса, хозир ҳам шундай. Чунки “пул дунё”сида қўлига машъала кўтариб чиққанлар ҳеч кимга ёқмаган. “Беғараз  ҳотамтойлар” томонидан оқни қора қилиш жуда осон бўлган. Айни масалада, бу ерда мустамлака ёки мустақиллик тушунчасига ўрин йўқ, тирноқ остидан кир қидиришни ўзларига эп билишади, шу туйғуни ўзларига манзур кўришади. 

Нима етишмайди бизга, нега жадид бўлолмаймиз? Бугун исёнкорлик руҳи етишмайди, десакчи?! Халқ нимадан қўрқади, катта куч бўлса? Ўзи исён қилишнинг нима кераги бор? Нимамиз кам? Кўряпсизми, исёнкорликни бир ёқлама тушуняпмиз. Илмсизликка, тубанликка, беҳуда тўкилган қонга исён қилишган жадидилар, элга, сиёсатга эмас. Мисол учун,  Мунавварқори ўз ҳисобидан янги усул мактабини очган. Дукчи эшон исёнкорликда тарихда намуна бўлиб қолган. Ҳозир қўллаш мумкин бўлган нарса қани? Билимсизлик йўқми? Уволчи? Ёшлар уволи. Шунга қарата ҳаракат қилмоқ керак эмасми?

Албатта, фақат Президент ҳаракат қиляпти. Қолганлар ишламаяпти, қийин ўша одамга ҳам, дейди кимдир куюниб. Қўйинг жадидчиликни, улар бошқа замонда яшаган. Биз бошқа замондамиз, деймиз ёнбошлаб олиб. Матбуот, телевидение, радио ҳатто Интернет орқали авжини олаётган омадли ёшларни кўриб, ҳаммаси жойида, деб ўтирамиз. Бошқаларчи, улар кўринмайди, қайсидир қишлоқда ҳуқуқий маданиятдан бехабар, баъзилари афтода...

Гуландом УМАРОВА

Манба: Qalamtarosh
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!