Тарих

Жалолиддин Мангуберди ва унинг мўғулларга қарши кураши

891

Жалолиддин Мангуберди турк-ислом тарихидаги энг жасур қаҳрамон ва ҳукмдорлардан бири саналади. У хоразмликларнинг мўғулларга қарши курашига бошчилик қилиб, Парвон яқинидаги жангда душман қўшинини тор-мор қилди: бу Чингизхон лашкарларининг Ғарбга – Ўрта Осиё, Эрон ва Афғонистонга юришидаги ягона йирик мағлубияти бўлган. 

1. Жалолиддин Мангуберди хоразмшоҳлар сулоласининг сўнгги ҳукмдори эди. Унинг асл исми Мангуберди бўлган, бироқ ўша даврдаги анъанага мувофиқ унга “диннинг улуғворлиги” маъносини билдирувчи Жалолиддин номи берилган. 


2. У ислом дунёси учун энг машаққатли даврлардан бирида – салибчилар Анатолия, Сурия ва Мисрни вайрон қилган, шарқдан эса янада даҳшатли бало бўлмиш мўғуллар ҳужум қилган пайтда яшаган. 


3. Ўрта Осиёда мўғуллар зарбасига биринчи бўлиб Хоразмшоҳлар давлати учраган эди. Салтанат ҳукмдори Алоуддин Муҳаммад II қаршилик кўрсата олмади. Мўғуллар Ўтрор, Хўжанд, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Балх, Марв, Нишопур, Ҳирот, Урганч ва бошқа йирик шаҳарларни босиб олди. Бу шаҳарларнинг бари вайрон, аҳолиси эса қирғин қилинди. Алоуддин Муҳаммад II Ҳазар (Каспий) денгизидаги ороллардан бирида яширинди. Орадан кўп ўтмай у оламдан ўтди, вафотидан олдин ўғли Жалолиддинни вориси этиб тайинлади. 


4. Содиқ қўмондон Темур Малик бошчилигида 300 аскардан иборат қўшин тузган Жалолиддин Мангуберди Хурсонга, ундан кейин Нисога йўл олди. У ерда 700 аскарлик мўғул қўшинига дуч келди ва уни енгишнинг уддасидан чиқди. 


5. Аввалига Нишопурда, кейин эса Ғазнида чекинган Жалолиддин ўзининг атрофига мўғулларга зарба беришга қодир кучларни тўплади. У Қандаҳорни босиб олган мўғулларга ҳужум қилди ва уларни енгди. Мағлубият ҳақидаги хабарни олган Чингизхон Жалолиддин Мангубердига қарши 30 минга аскардан иборат қўшинни юборди. 


6. 1221 йилда Парвон шаҳри яқинида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтди. Қақшатқич жанг икки кун давом этди ва мўғулларнинг енгилиши билан тугади. Бу мўғулларнинг Ғарб томон юришидаги ягона йирик мағлубияти эди. Жалолиддин Мангубердининг бу ғалабаси мўғулларнинг енгилмас экани ҳақидаги афсонани йўққа чиқарди.

Шундан сўнг Чингизхоннинг ўзи Жалолиддин Мангубердига қарши курашишга қарор қилди ва унга қарши янги кучларини юборди. Икки ўртадаги жанг 1221 йилнинг 26 ноябрида Ҳинд дарёси бўйида бўлиб ўтди. Ғалаба мўғулларга насиб қилди. Оиласи ва онаси мўғулларнинг қўлига тушишини истамаган Жалолиддин уларни чўктиришга буйруқ берди. Ўзи эса қолган аскарлари билан дарёнинг нариги соҳилига ўтди. Чингизхон унинг ортидан Чағатой бошчилигидаги аскарларини юборди, бироқ қўлга тушира олмади. 
7. Ҳиндистонда уч йил қувғинда юрган Жалолиддин Мангуберди Эроннинг шимолига ҳужум қилиб, Мароғ ва Табризни эгаллади. 1225 йилда Гуржистон ва Арманистоннинг бир қисмини, 1226 йилда Тбилисини эгаллади. У айни пайтда икки жабҳада – мўғулларга қарши ва Кавказортида жанг қилар эди, бу эса кучсизланишига сабаб бўлди. 


8. Бундан фойдаланган мўғуллар 30 минг аскардан иборат қўшинни унга қарши юборди. Жалолиддин Ганжага чекинишга мажбур бўлди. Насавийнинг ёзишича, у Амид тоғида дам олиш учун чодир қурган пайтда қароқчилар ҳужумига учраб, ҳалок бўлди. “Улар нима қилиб қўйганини ва қандай ўлжани қўлга киритганини билмас эди”, – дея ёзади тарихчи.  


9. Халқ Жалолиддин Мангубердининг ўлганига ишонмади. Анча йилларгача унинг тирик эканига ва мўғулларни титратиб юргани ҳақида гап-сўзлар тинмади. 

Манба: “Исламосфера”

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (13-қисм) Олтинчи мактуб

450 21:00 14.12.2019

Чингиз афандига мактублар (12-қисм)

411 21:05 12.12.2019

Чингиз афандига мактублар (11-қисм)

342 21:00 11.12.2019

Жалолиддин Мангуберди ким эди?

5877 16:00 25.10.2019

Мана бизнинг оналаримиз қандай бўлишган!

1282 14:00 21.10.2019
« Орқага