«Жамму ва Кашмир – дунёдаги энг катта қамоқхона»

17:35 11.09.2019 839

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 42-сессиясида нутқ сўзлаган Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший Жамму ва Кашмир штатини дунёдаги энг катта қамоқхона деб атади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар бермоқда.

Қурайшийнинг таъкидлашича, ўн йиллардан бери Ҳиндистоннинг босими остида яшаётган 8 миллиондан зиёд кашмирлик охирги олти ҳафтада гўёки қафасга тиқиб қўйилгандек аҳволда. Олти мингдан зиёд сиёсатчи, талаба ва фаоллар ноқонуний равишда ҳибсга олинган ва уларнинг аксари Ҳиндистон турмаларига олиб кетилган.  

Жамму ва Кашмир – Ҳиндистонда аҳолисининг аксари мусулмонлардан иборат бўлган ягона штат. Жорий йилнинг 5 август куни Ҳиндистон ҳукумати штатни кенг мухторият мақомидан маҳрум қилиш ва уни иккига бўлиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарордан ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам Покистон қаттиқ норози. Мазкур қарор ортидан штатда интернет ва телефон алоқаси узиб қўйилди, митинглар ўтказиш тақиқланди.  

Куни кеча элликдан ортиқ давлат Ҳиндистонга мурожаат йўллаб, Жамму ва Кашмирда инсон ҳуқуқларини бузишни тўхтатишга чақирди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!