Жамоа бўлиб ишлаш ва аввалгилар тўхтаган жойдан бошлаш

16:00 10.09.2019 491

Жамоа бўлиб ишлаш муваффақият калитидир. Кўпчилик бўлиб ишлаш яхши ғоялар туғилишига сабабдир. Ҳамфикрлар бир-биридан шижоатланади, иш пухта бўлади.

Эндиликда мусулмонлар ўртасида жамоа бўлиб ишлаш жуда кам учрайди. Муассасаларни кўздан кечирганимизда кўрдик: исломий ташкилотлар бирорта ихтиро қилолмаган! Аммо тарихга қарасак, мусулмонлар жамоа бўлиб ишлаб, катта муваффақиятларга эришган.

Имом Аъзам бунга яққол мисол. Имом дастлаб Хаммод ибн Абу Сулаймон ҳалқасига дарсга борарди. Устози вафотидан сўнг шогирдларга у киши бош бўлади.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг дарс ҳалқалари ўзига хос эди. Имом бирор масалани ўртага ташлар, шогирдлар ўзларича ечим топишар, охирида ўз раъйларини айтар ва исбот қиларди.

Жамоа бўлиб ижод қилиш диний илмлар билан бирга ҳаётий илмларда ҳам бўларди. Халифа Маъмун олимларнинг жамоа бўлиб тадқиқот олиб боришига шароит яратиб берган, уламоларни икки жамоага бўлиб, ер курраси юзасини ўлчаш учун сафарбар этган эди.

Шарқшунос Карло Наллино айтади: “Мусулмон араблар ер юзасини ўлчаш учун олиб борган ишлари таҳсинга лойиқ. Уларнинг илмий изланишлари ўз даври шароитидан келиб чиқилса, аъло даражада эди” (Наллино, “Илмул фалак индал араб”).

Мусо ибн Шокир оиласи биринчи илмий жамоа бўлган десак, муболаға бўлмайди.

Ибн Халликан айтади: “Мусо ибн Шокир оиласига мансуб уч ака-ука олийҳиммат талабалардан бўлиб, қадимий илмларда моҳир эди. Кўҳна асарларни тўплашга бел боғлаган оила аъзолари Римгача сафар қилиб, ноёб китоблар олиб келишганди” (Ибн Халликан, “Вафиятул аъян”).

Олимларнинг ўзаро ҳамкорлиги самараси Ибн Рушд ва Ибн Заҳр тадқиқотида яққол кўзга ташланади. Ибн Рушд тиббиётга оид “Куллиёт” китобини ёзади. Китобни тўлдирувчи иккинчи китобга эҳтиёж сезгач, дўсти Ибн Заҳрга мурожаат қилади. Ибн Заҳр “Ат-Тайсир фил мудават ваттадбир” номли асарини ёзди. Натижада катта тиббиёт қомуси вужудга келади.

Ибн Рушд “Куллиёт” китобида ёзади: “Бу асарда касаллик турлари, уларни даволаш ҳақида қисқача тўхталдик. Ҳар бир касал ва аъзо ҳақида батафсил ёзмадик. Тиббиётда ҳар бир нуқтага алоҳида шарҳ бериш яхши. Аммо ҳозир бошқа мавзу билан бандлигимиз сабаб умумий баён билан кифояландик. Батафсил маълумотга эга бўлмоқчи бўлганлар Абу Марвон ибн Заҳр ёзган “Тайсир” китобига мурожаат қилсин. Шахсан ўзим шу китобни ёзишни дўстимдан илтимос қилганман” (Ибн Абу Усайба, “Уйунул анба фи табақотил атибба”).

Мусулмон олимлар доимо бир-бирларининг ижодларини тўлдириб келган. Имом Нававий “Муҳаззаб”га “Мажмуъ” номли шарҳ ёзишни бошлаган эди. Бироқ шарҳ ниҳоясига етмай вафот этди. Имом Субкий ушбу ишни охирига етказишга ҳаракат қилди, аммо у ҳам вафот этди. Шундан сўнг шайх Муҳаммад Нажиб Мутиий раҳимаҳуллоҳ бу хайрли ишни тўлиқ охирига етказди.

“Тафсирул жалолайн” китоби ҳам шу тарзда ёзилган: дастлаб Жалолиддин Маҳаллий раҳимаҳуллоҳ Каҳф сурасидан бошлаб Қуръоннинг охиригача тафсир ёзади. Фотиҳа сурасига етганда вафот этади. Сўнг Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ тафсирни тўлиқ ёзиб тугатади. Шундай қилиб, “Тафсирул жалолайн” китоби Ислом кутубхонасида пайдо бўлади. Мазкур асардан мадрасаларда ҳозиргача дарслик сифатида фойдаланиб келинмоқда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!