Жамол Қошиқчи ким ва у нима учун ўлдирилди?

08:00 04.11.2018 3064

Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлими атрофидаги гап-сўзлар, мана бир ойдирки, тангани йўқ. Ҳар куни янгидан янги тафсилотлар ошкор бўлмоқда. Хўш, Жамол Қошиқчи аслида ким эди, нима учун ўлими жаҳоннинг етакчи сиёсатчилари, таҳлилчи ва иқтисодчиларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда?

Биографияси

Жамол Қошиқчи - саудиялик тадбиркор Аднан Қошиқчининг жияни ва малика Диананинг яқин ўртоғи бўлган Доди Ал Файёднинг холаваччаси.

1958 йил 13 октябрда Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилган. Илк ва ўрта таълимни Арабистонда олган Қошиқчи 1982 йилда Индиана давлат университетини тамомлади. Сўнгра Саудия Арабистонидаги турли нашрлар билан ҳамкорлик қилди, икки карра катта таъсирга эга кунлик “Ал-Ватан” газетасига бош муҳаррирлик қилди.

АҚШ ва Саудия Арабистони ҳукумати, хусусан мамлакат бош вазири ва мудофаа вазири ҳисобланган меросхўр шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон танқидчиси сифатида танилди. Фаоллар ортидан кузатилиши, Саудиянинг Ямандаги урушда иштирок этиши ва Қатарга нисбатан сиёсатини танқид қилди.

2016 йилнинг декабрида Саудия Арабистони ҳукумати Жамол Қошиқчини Дональд Трампни очиқчасига танқид қилгани сабабли журналистик фаолият билан шуғулланишини тақиқлади.

2017 йил сентябрида у Америка Қўшма Штатларига кетди ва у ерда Washington Post газетасида ўз муаллифлик саҳифасини юритишни бошлади. Ушбу нашрда Қошиқчи Муҳаммад ибн Салмонни янада очиқроқ танқид қилди.

Қандай ўлдирилди?

2018 йил 2 октябрь куни Жамол Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига йўл олади. У қайта никоҳни қайд этиш учун ҳужжатлар олиши лозим эди. Унинг қаллиғи Хадича Женгизга бинога киришга ижозат берилмайди. У Қошиқчини ярим тунга қадар кутади, бироқ у консуллик биносидан чиқмайди.

Туркия полицияси Қошиқчи шафқатсизлик билан ўлдирилиб, жасади консуллик ҳудудида парчалаб ташланганини тахмин қилди. Кейинроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг маслаҳатчиси Ёсин Оқтой, полиция вакиллари ва Европа ишлари бўйича вазир Умар Челик Қошиқчини йўқ қилиш операциясида 15 нафар саудиялик агент иштирок этганини маълум қилди.

Қошиқчи йўқолганидан 18 кун ўтиб Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги орқали журналист консулликда учратиб қолган одамлар билан жанжал оқибатида вафот этганини маълум қилди. Прокуратура эса “содир бўлган ҳодисани” яширинишга уринган 18 нафар Саудия Арабистони фуқароси қўлга олингани хабар берди. Айни пайтда Саудия Арабистони қироли Умумий разведка хизматининг бир қанча юқори мартабали мансабдорларини вазифасидан озод қилиш ҳамда уни ислоҳ қилиш ва ваколатларини аниқ қилиб белгилаш бўйича махсус комиссия ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

25 октябрда эса Саудия Арабистони прокуратураси Қошиқчининг ўлими тасодиф эмас, балки олдиндан режалаштирилганини тан олди.

Журналистнинг ўлими қандай оқибатларга олиб келди?

Журналистнинг шафқатсизларча ўлдирилиши ортидан Саудия Арабистонининг дунёдаги обрўси ва иқтисодий ривожига сезиларли зарар кўрди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Қўшма Штатлар Жамол Қошиқчи ўлими муносабати билан Қўшма Штатлар қандай жавоб қайтариш масаласида бир қарорга келиш учун “бир неча ҳафта” кераклигини маълум қилди. АҚШ қотилликда алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда. Кейинроқ Давлат департаменти расмий вакили Хизер Нойерт санкциялар Саудия Арабистонининг 21 нафар фуқаросига тааллуқли бўлишини маълум қилди.

Бироқ АҚШнинг Саудия Арабистонига нисбатан янада кўпроқ санкцияларни жорий этишга шошилмаётганининг бошқа бир қатор сабаблари ҳам борлигини ҳисобга олиш лозим. Гап шундаки, Қўшма Штатлар Саудия Арабистони билан 2017 май ойида жами 380 млрд. долларлик шартномаларни имзолаган, унинг 110 млрд. долларга яқини мазкур мамлакатга қурол-яроғлар етказиб бериш билан боғлиқ. “Катта меҳнатлар” эвазига эришилган бу келишувлар бир журналистнинг ўлими билан барбод бўлиши унчалик ҳам ишонарли ҳолат эмас.

Қошиқчи ўлимидан сўнг Буюк Британия, Германия, Франция каби мамлакатлар ҳам Саудия Арабистонига нисбатан санкциялар жорий этилиши эҳтимоли ҳақида маълум қилди.

Шу билан биргалик, Саудия Арабистонига нисбатан йирик компаниялар ва таниқли ишбилармонлар ҳам ўз норозилиги билдириб, қарши чораларни кўрмоқда.

Хусусан, Siemens раҳбари Жо Кезер Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган Future Investment Initiative (FII) инвестицион конференциясига режалаштирилган сафардан воз кечди. АҚШ, Франция ва Нидерландия молия вазирлари, шунингдек BNP Paribas, Credit Suisse, HSBC, JPMorgan Chase ва Societe Generale банклари раҳбарлари ҳам анжуманга боришдан бош тортди.

Миллиардер Билл Гейтс эса журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилгани муносабати билан Саудиянинг Misk хайрия жамғармаси билан ҳамкорликни тўхтатди, дея хабар қилди The Wall Street Journal нашри.

SpaceX ва Tesla компаниялари асосчиси Илон Маск ҳам журналистнинг ўлими ортидан Саудия Арабистони киритиши режалаштирган инвестициядан воз кечиш мақсадида. Маск Қошиқчининг ўлимини “ҳақиқатдан ҳам даҳшатли”, деб атади, дея ёзмоқда Bloomberg.

Август ойида Маск Саудия Арабистонидаги жамғарма билан Tesla компанияси акцияларини харид қилиш тўғрисида музокаралар ўтказган эди.

Ўз навбатида, Саудия Арабистони ҳар қандай санкцияга нисбатан ортиғи билан жавоб қайтарилишини маълум қилгани бу борадаги гап-сўзлар оловига совуқ сепиши ҳеч гап эмас.

Аль-Арабия телеканали Ар-Риёднинг нефть бозорига ҳалокатли оқибатларни келтириши мумкин бўлган ўттиздан зиёд қарши чораларини санаб ўтди. Улар қаторида нефтнинг бир баррели нархини 400 долларгача кўтариш чораси ҳам бор. Энг хавотирли чоралардан бири эса Саудия Арабистонининг доллардан воз кечиши эҳтимолидир. “Нефть баррели бошқа бир валютада баҳоланиши мумкин. Масалан хитой юанида”, - деб ёзади The National Interest.

Жамол Қошиқчининг сўнгги мақоласи

The Washington Post нашри Жамол Қошиқчи ўлимидан бир неча кун ўтиб унинг сўнгги мақоласини эълон қилди. “Дунё фикри” колонкаси муҳаррири Карен Аттиах унга берилган изоҳида мақолани Жамол Қошиқчининг таржимони ва ёрдамчисидан ўлимидан бир кун ўтиб олгани, бироқ The Washington Post таҳририят Қошиқчининг қайтишидан ва барча биргаликда уни таҳрир қилишидан умидвор бўлгани учун эълон қилмай турганини ёзади. Бироқ журналист ўлими аниқ бўлганидан сўнг газета уни эълон қилди.

“Яқинда мен Freedom House ташкилотининг 2018 йилдаги “Дунёда озодлик” ҳисоботини кўриб чиқдим ва қайғули хулосага келдим. Араб дунёсидаги биргина давлатни “озод” деб айтиш мумкин. Бу – Тунис. Ундан кейин “қисман эркин” давлатлар сифатида Иордания, Марокаш ва Кувайт бормоқда. Қолган барча араб мамлакатлари “озод эмас”.

Таассуфки, ушбу мамлакатларда истиқомат қилувчи араблар ёки хабардор эмас, ёки нотўғри маълумотларга эга. Улар тўғри қарор қабул қилиш, очиқ муҳокамаларга киришиш ва шунчаки уларнинг кундалик ҳаётига ижобий таъсир кўрсатувчи ниманидир қилишга қодир эмас. Араб мамлакатлари сиёсати жамиятнинг психэмоционал ҳолатига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади ва айни вақтда кўпчилик аҳолининг катта қисми ҳақиқатдан ҳам азият чекаётганини тан олишни истамайди. Қайғули албатта, бироқ бу вазият яхши томонга ўзгариши амримаҳол.

2011 йилда араб дунёсида умид учқунлари пайдо бўлди. журналистлар, олимлар ва кўпчилик оддий аҳоли ўз мамлакатларининг ёрқин ва эркин келажагига умид қила бошлади. Улар ҳукумат қўлларини ўзидан нарига улоқтириш, ҳокимиятнинг шахсий ҳаётига доимий аралашувидан халос бўлиш ва сўз эркинлигига эришишга умид қилди. Бироқ бу умидлар тезда парчаланиб кетди; ушбу мамлакатлар ё ортга қадам ташлашди ва “статус-кво”ни (status quo ante bellum — “урушгача бўлган ҳолат”, яъни олдингидек ҳолатга қайтиш – Tahlil.uz изоҳи) қайта тиклашди, ёки янада катта қийинчиликларга тўқнаш келди.

Менинг дўстим, таниқли саудиялик ёзувчи Салеҳ Ал Шеҳи ўз колонкасида қачонлардир Саудия Арабистонида чоп этилган энг машҳур мақолаларидан бирини ёзган эди. Афсуски, ҳозир у ҳукуматга ёқимсиз мулоҳазалари учун 5 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Миср ҳукумати хусусий Ал-Масри Ал-Юм кундалик газетасининг тўлиқ ададини олиб қўйиши энди журналистларни ҳайратлантирмай қўйди. Ҳокимиятнинг бу каби ҳаракатлари жазосиз қолмоқда, халқаро ҳамжамият уларни пайқамайди. Бироқ одамлар пайқайди. Пайқайди ва қоралайди...”

Санжар САИД

Манба: Tahlil.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!