Жаннатдаги энг буюк неъмат

20:00 07.03.2018 1584

Мўминларга Ўз жамолини жаннатда кўрсатишни билдирган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.

“Сизлар келажакда Роббингизни худди тўлин ой кечасидаги ойни кўргандек кўрасизлар” деб гўзал башорат берган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло мўминлар учун жаннатда жуда кўплаб неъматлар ато этишини хабар берган. Уларнинг энг улуғи мўмин бандаларнинг жаннатда  Аллоҳ таолони кўришларидир. Бу ҳақда бир қанча оятлар ва кўплаб ҳадиси шарифларда хабар берилган. Жумладан қуйидаги ояти карима мўминларнинг У Зотга назар солишларига далолат қилади:

“Ўша кунда бир юзлар порлоқдир. Ўз Роббиларига  назар солувчилардир” (Қиёмат сураси 22-23).

Бошқа бир оятда эса гўзал амал қилганларга гўзал мукофот ва яна зиёдалик ҳам борлиги бундай хабар берилган:

“Гўзал (амал) қилганларга гўзал (мукофот) ва зиёдалик бор” (Юнус сураси, 26-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятдаги гўзал мукофотни жаннат, зиёдаликни эса Аллоҳ таолога назар солишдир деб тафсир қилганлар.

Юқоридаги оятлардан мўминларнинг жаннатда Аллоҳ таолони кўришлари ҳақ деб эътиқод қилиш лозимлиги келиб чиқади. Шунингдек, бу ҳақиқат кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам хабар берилган. Жумладан Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадисда бундай дейилган:

“Баъзи одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?” дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўлин ой кечаси ойни кўрмай қоласизларми?” дедилар. Улар: “Йўқ эй Аллоҳнинг Расули” дейишди. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Булут йўқ пайт қуёшни кўрмай қоласизларми?” дедилар. Улар: “Йўқ” дейишди.  Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта сизлар У зотни ана шундай (шаксиз) кўрасизлар” дедилар (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Шу ўринда модомики мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари ҳақ экан, улар қандай кўрадилар деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволнинг жавоби  ақида китобларида лўнда тарзда баён қилиб қўйилган. Жумладан Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ “Бадъул амолий” асарида бу ҳақида қуйидагиларни ёзган:

Мўминлар кўрарлар Уни шаклсиз

Ҳамда идроксизу, “зарбул масал”сиз.

Демак мўмин бандалар Аллоҳ таолони кўрадилар. Аммо шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўрар эканлар. Идроксиз кўриш деганда кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шу маънода мўминлар Аллоҳ таолонинг жамолига шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз равишда назар ташлайдилар.

Жаннатда мўминларга сон-саноқсиз неъматлар ато қилиниши хабар берилган. Ўша неъматларни тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак, уларни тўлиқ тасаввур қила олмаслигини тушунамиз. Аллоҳ ўз жамолини мўминларга кўрсатса,  неъматларни ҳам унутиб қўяр эканлар. Бундан Аллоҳнинг жамолини кўриш охиратда мўминларга бериладиган энг буюк неъматлигини билиб оламиз.

Аллоҳ таолодан барчамизни ушбу буюк неъматга муваффақ қилишини сўраймиз.

Абдулҳай ОХУНЖОНОВ,

Тошкен Ислом институти

“Таҳфизул- Қуръон” кафедраси 1-курс талабаси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!