Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу (64-қисм)

867

ҒОЗИЙЛИК МАҚОМИ

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча жангларида бирга қатнашганлар. Бадр жангида ҳам душманга қарши курашиб, мислсиз жасорат кўрсатдилар. Аллоҳнинг душманларидан Умайр ибн Усмон ибн Каъб Таймийни айнан шу киши ўлдирдилар. Ибн Авф Бадр уруши давомида бир неча совут ва бошқа қурол-аслаҳаларни ўлжа қилиб олдилар. У киши уруш майдонида ўлжаларини кўтариб келаётиб, жоҳилиятдаги дўстлари Умайя ибн Халафга кўзлари тушди. У билан бирга ўғли Али ибн Умайя ҳам бўлиб, ота- бола қаерга қочишларини билмай турар эдилар.

Умайя Абдураҳмон ибн Авфдан совут ва бошқа ўлжаларни ташлаб, ўзини ўғли билан асир қилиб олишни илтимос қилди. У киши қўлларидаги ўлжаларни ташлаб, иккисини асир қилиб, олдиларига солиб ҳайдаб кетдилар. Абдураҳмон ибн Авф Бадр урушида яна ушбу умматнинг фиръавни лақабини олган машҳур кофир Абу Жаҳлнинг қатл этилиши тафсилотига гувоҳ бўлиб, бу ишда ҳам иштирок этдилар. Бу ҳақда сияр китобларида ибн Авфнинг ўзидан шундай ривоят қилинади: “Бадр куни сафда турган эдим. Ўнгимга ва сўлимга қарасам, ансорийлардан бўлган иккита ёш йигитча туришибди. Ўзимча “Булардан кўра, каттароқлари келганда яхши бўлармиди”, дедим. Биттаси менга имо қилди-да, “Амаки, Абу Жаҳлни танийсизми?” деди. “Ҳа. Унда нима ишинг бор, эй биродаримнинг ўғли?” дедим. “Эшитишимча, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкар эмиш. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, агар уни кўриб қолсам, иккимиздан ажали етган ўлмагунча уни тек қўймайман!” деди у. Унинг гапидан таажжубга тушдим. Иккинчи йигитча ҳам менга имо қилиб, шунга ўхшаш гапни айтди. Кўп ўтмай, одамлар ичида кезиб юрган Абу Жаҳлни кўриб қолдим. Дарҳол икковларига “Сизлар сўраган одам анави” деб, уни кўрсатдим. Улар зудлик билан етиб бориб, унга бирданига қилич солишди. Сўнгра икковлари бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунинг хабарини беришди...”

Бир йил ўтиб, Уҳуд жанги бўлганида Абдураҳмон ибн Авф унда ҳам катта фидокорлик кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида собит турган оз сонли муҳожир ва ансорлардан бири эдилар. Уҳуд урушида у киши йигирмадан ортиқ жойларидан ярадор бўлдилар. Ўша жароҳатлардан бири Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг умр бўйи оқсоқ бўлиб қолишларига сабаб бўлди. Шунингдек, худди ўша Уҳуд урушида у кишининг бир неча тишлари тушиб кетди ва гапиришлари нуқсонли бўлиб қолди. Аллоҳ таолонинг йўлида олган жароҳатлари Ислом учун курашда кўрсатган қаҳрамонликларини тақдирлаб берилган олий нишонлар сифатида бир умрга сақланиб қолди. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом қўшинни сафарга жўнатмоқчи бўлдилар. Саҳобаларга “Аскарларнинг от-улов, қурол-яроғ ва йўл озуқаси учун ёрдам қилинглар”, дедилар. Бу чақириққа биринчи бўлиб Абдураҳмон ибн Авф қўшилди.

Уйига кетди ва тезда қайтиб келиб “Эй Аллоҳнинг Расули, менда тўрт минг динор бор эди, ярмини Аллоҳ йўлида қарз бераман, қолган икки мингини бола-чақамнинг нафақаси учун қолдирдим” деди. Фахри коинот “Аллоҳ берган молингга ҳам, бола-чақанг эҳтиёжи учун қолдирган молингга ҳам барака ато этсин”, деб дуо қилдилар. Табук юриши чоғида ажойиб бир воқеа содир бўлди, Аллоҳ таоло Абдураҳмон ибн Авфни бирорта мусулмонга насиб этмаган шарафга эриштирди. Намоз вақти кириб қолди, лекин Пайғамбар алайҳиссалом ҳадеганда келавермадилар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф қавмга имом бўлиб намозни бошлади. Ҳали биринчи ракат тугамай туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, намозхонлар сафига қўшилдилар ва Абдураҳмон ибн Авфга иқтидо қилиб намозни адо этдилар. Башарият саййиди, пайғамбарлар имоми Муҳаммад ибн Абдуллоҳга имом бўлишдан ортиқроқ шараф ва мақом бормикан?!

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМДАН КЕЙИН...

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлганларида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу шўро мажлиси аъзоси сифатида жамиятнинг турли масалаларини ҳал қилишда фаол қатнашдилар. Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рум жангини ирода қилганида Алини, Умарни, Усмонни, Абдураҳмон ибн Авфни, Саъд ибн Абу Ваққосни, Саъид ибн Зайдни, Абу Убайда ибн Жарроҳни, Бадр аҳли ҳамда муҳожир ва ансорларнинг катталарини чақирдилар. Ана шу маслаҳатлашув мажлисида Абдураҳмон ибн Авф ўрнидан туриб шундай деди: “Эй Расулуллоҳнинг халифаси! Албатта, у Румдир. Бани Асфардир. Қаттиқ темирдир. Шиддатли рукндир. Менимча, уларнинг устига бирдан бостириб боришимиз дуруст эмас. Лекин бир гуруҳ отлиқларни юборамиз. Улар чекка ўлкаларга ғазот қилиб, ҳузурингга қайтадилар. Агар бир неча марта шундай қилсалар, уларга катта зарар етказадилар. Уларнинг ерларидан ўлжалар оладилар. Шундай қилиб, душманлар ўтириб қолади. Сўнгра сен Яман ерларига, Рабиъа ва Музарга одам юбориб, ҳаммаларини ҳузурингда йиғасан. Кейин хоҳласанг, ўзинг жанг қиласан, хоҳласанг, бошқани жанг қилдирасан” деди.

Абдураҳмон ибн Авф ҳазрат Умарнинг халифаликлари пайтида ҳам Ислом уммати манфаати йўлида катта ишлар қилдилар. У киши халифанинг ёнида туриб, кишиларга келган ёрдамни тарқатиш ёки кечаси билан ухламай, мусофирларни қўриб чиқиш билан машғул бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло ўзларига берган мол-мулкдан кишиларга хайр-эҳсон қилишда ҳам бошқаларга ўрнак эдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Ойша розияллоҳу анҳо уйларида туриб, Мадинада шовқин-сурон овозларини эшитдилар ва “Нима бўляпти?” дедилар. “Абдураҳмон ибн Авфнинг карвони Шомдан ҳар хил моллар олиб келди” дейишди. Карвон етти юз туядан иборат эди. Мадина шовқинга тўлиб кетди. Шунда Ойша розияллоҳу анҳо “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Абдураҳмон ибн Авф¬ нинг жаннатга эмаклаб кираётганини кўр¬дим”, деганларини эшитдим”, дедилар. Бу гап Абдураҳмонга етиб борди. Шунда у “Агар қодир бўлсам, албатта, тик туриб кираман”, деди ва карвонни эгар-жабдуғи ва юклари билан Аллоҳ йўлига атади”. Етти юз туяга юк бўлган тижорат молини туялари, эгар-жабдуқлари билан садақа қилиб юбориш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг имон дорилфунунини битирган сахий бой бўлиш керак эди. Етти юз туяга юк бўлган тижорат молини туялари, эгар-жабдуқлари билан садақа қилиб юбориш учун Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу керак эди.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Исломнинг катта олими эдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тириклик вақтларидаёқ бошқаларга фатво берадиган оз сонли кишилардан бири эдилар. Бу у кишининг турли савобли амаллари ва кенг миқёсдаги тижорат ишлари илм олиб, катта олим бўлишларига тўсиқ бўла олмаганини кўрсатади. У кишининг олимликлари ҳазрат Умар даврларида, ижтиҳодга эҳтиёж кўп тушган пайтда иш берди. У киши одил халифанинг ёнларида юриб, ўз илмлари билан мусулмонлар оммасига катта фойда келтирдилар.

Сарвари олам вафотларидан кейин Абдураҳмон ибн Авф у зотнинг покиза завжалари хизматида бўлдилар. Уларнинг барча ҳожатларини сидқидилдан бажарар, сафарга боришса, кузатиб чиқар, ҳажга боришса, бирга ҳаж қилар эдилар.

Туялари устига тахтиравон ўрнатиб берар, дам олишга тўхташганида имкони борича қулай шароит туғдириш пайида бўлардилар. У мусулмонларга, хусусан, мўминларнинг оналарига жуда меҳрибон эди. Бир гал ўзларига қарашли бир ерни қирқ минг динорга сотиб, пулини Расули акрамнинг оналари Омина бинти Ваҳб қабиласига, фақир мусулмонларга, Маккадан Мадинага кўчганларга, Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёлларига тақсимлаб бердилар. Ойша онамизга улушларини олиб келишганида буни ким бериб юборганини сўрадилар. “Абдураҳмон ибн Авф” деган жавобни эшитгач, “Аллоҳнинг Расули мендан кейин сизларга фақат сабр-бардошли кишиларгина меҳрибончилик қилишади”, деган эдилар”, деб қўйдилар.

Абдураҳмон ибн Авф бутун умри давомида Пайғамбар алайҳиссалом дуоларининг баракотини ҳис қилиб юрдилар. У киши саҳобаларнинг энг бойига, Мадинадаги энг кўп мулк эгасига айландилар. Тижоратлари ақл бовар қилмайдиган даражада кучайиб кетди. Етти юз, саккиз юз туяли карвонлари тинимсиз шаҳарга дон-дун, ун, мой, кийим-кечак, идиш-ашёлар, халққа керакли бошқа молларни етказиб келар, мадиналиклардан ортганини бошқа шаҳарларга олиб бориб сотардилар. У киши мол-мулкларининг баракали бўлиши сабабларидан бири у кишининг фақат ҳалол ризққа рағбат қилишлари, ҳаром ва шубҳали нарсалардан узоқда бўлишларида эди.

У киши шунчалик катта давлат эгаси бўлишига қарамай, қўли очиқ, ниҳоятда сахий одам эдилар. Молларини ҳеч кимдан аяб ўтирмас, муҳтожларга ҳамиша ёрдам қилар, сўрашдан уялганларга пинҳона кўмак берар эдилар. Ҳатто бир гал қўшинга беш юз отни миндириб юборган бўлсалар, бир гал мингта туяни эҳсон қилиб юбордилар.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм) (60-қисм) 
(61-қисм) (62-қисм) (63-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тиловат йўналишида қатнашувчи қорилар билан танишинг!

125 22:00 01.03.2021

Саудия Арабистони армиясида энди аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин

192 21:30 01.03.2021

Помпейда беҳаё безакли арава топилди

967 21:00 01.03.2021

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

426 20:30 01.03.2021

Журналист, блогер ва ижтимоий фаол инсонлар алоҳида қатламми?

155 18:44 01.03.2021

Теҳрон ядровий битим бўйича музокарани рад этди. Вашингтон афсусда

399 14:34 01.03.2021
« Орқага