Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу (65-қисм)

704

ХАЛИФА САЙЛАШДАГИ ТАДБИР

Ҳазрат Умар шаҳид бўлганларидан кейин Абдураҳмон ибн Авф янги халифа сайлаш масаласида оқилона иш олиб бориб, ишни ҳикмат билан охирига етказдилар ва Ислом умматининг катта фитнадан сақланиб қолишига сабабчи бўлган қаҳрамонга айландилар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг дафн маросимлари тугаганидан кейин Миқдод ибн Асвад шўро мажлиси аъзоларини Мисвар ибн Махранинг уйига тўплади. У киши Абу Талҳага ўзининг эллик кишилик гуруҳи билан шўро аъзоларини қўриқлаш, уларнинг олдига ҳеч кимни киритмасликни топширди.

Шўро мажлиси ўз ишини бошлади. Шунда Абдураҳмон “Ишни ичингиздан уч кишига оширинг”, деди. Зубайр “Мен ўз ҳақимни Алига ўтказдим”, деди. “Талҳа “Мен ўз ҳаққимни Усмонга ўтказдим”, деди. “Саъд “Мен ўз ҳақимни Абдураҳмон ибн Авфга ўтказдим”, деди. Сўнгра Абдураҳмон “Иккингиздан қай бирингиз бу ишдан воз кечасиз? Биз ишни унга ҳавола қиламиз. Аллоҳ ва Унинг Расули унга кузатувчи бўлади. У ўзи афзал кўрганни танлайди”, деди. Икки шайх сукут сақлашди. Шунда Абдураҳмон “Уни менга ҳавола қиласизларми? Аллоҳ менинг кузатувчим.

Мен сиздан афзалингизни танлашда куч-имкониятимни аямайман”, деди. Икковлари “Ҳа”, дейишди. Шундай қилиб, Абдураҳмон мардлик қилиб, ўз номзодларини олдилар ва халифаликка даъвогар икки киши қолди. Абдураҳмоннинг вазифалари ҳазрат Али ва ҳазрат Усмондан бирларини танлаб, мусулмонлар оммасига номзод сифатида тақдим қилиш эди. У киши саҳобалар билан маслаҳат қилишни бошладилар. Кўпчилик ҳазрат Усмонни ихтиёр қилди. Ҳамма “Алининг қаттиққўллиги ҳозир кўзланган фойдани бермаса керак”, дер эди. Абдураҳмон охири яна шўро мажлиси аъзоларига қайтдилар. У киши ҳазрат Алидан “Агар бу иш сенга маъқул бўлмаса, кимни энг ҳақли деб биласан?” деб сўрадилар. “Усмонни”, дедилар ҳазрат Али. Кейин Усмондан ҳам худди шу саволни сўраган эдилар, у киши Алини айтдилар. Саъд ибн Абу Ваққосдан сўраган эдилар, Усмонни ихтиёр қилдилар. Шўро мажлисининг учинчи куни бомдод намозидан кейин Абдураҳмон ибн Авф шўро аъзоларини тўплаб, муҳожирлар, ансорлар, лашкар амирлари, ҳаждан сўнг хабарни эшитиб келганларни чорлашга одамлар юбордилар. Ҳамма у кишидан халифаликка номзодни эълон этишни талаб қилар эди. У киши икки номзодга бир қараб олгач, ҳазрат Алининг қўлларидан тутдилар-да, “Сен ўзинг биласан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндошлигинг бор, Исломда қадимлигинг бор. Аллоҳ тепангда турибди. Айт-чи, сени амир қилсам, адолат қиласанми? Усмонни амир қилсам, унга қулоқ осиб, итоат қиласанми?” дедилар. “Ҳа”, деди у. Кейин бошқаси билан холи қолиб, унга ҳам худди аввалгига ўхшаш гапларни айтдилар. Икковларидан аҳдномани олиб бўлгандан сўнг Абдураҳмон ибн Авф минбарга чиқдилар. У киши қиличларини тақиб олган эдилар. Минбарда туриб, ичларида Аллоҳ таолога дуо қилдилар.

Дуони одамлар эшитмади. Кейин эса “Қўлингни кўтар, эй Усмон!” дедилар-да, унга байъат қилдилар. Али ҳам унга байъат қилди. Ҳовли аҳли ҳам кириб, унга байъат қилишди. Байъат пайтида одамлар орасида энг ғамгини ҳазрат Усмон эдилар. Абдураҳмон ибн Авф минбарда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринларига ўтириб олган, ҳазрат Усмонни эса бир поғона пастга ўтирғизиб қўйган эдилар. Абдураҳмон ибн Авфнинг ўзи мансабни сира ёқтирмас эди. У кишига баъзи саҳобалар “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Абдур¬ раҳмон ибн Авф осмонда ҳам, ерда ҳам амин¬ лардандир”, дея марҳамат қилганлар, шунинг учун сен бўлишинг яхшироқ”, деб халифаликни таклиф қилишганида “Аллоҳга қасамки, мен учун пичоқни олиб, бўғзимга қўйиб тортилиши бундан кўра яхшироқ”, деган эди.

ВАФОТИ

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўлим соати яқинлашганини сезиб, қўл остидаги кўплаб қулларни озод этдилар. Бойликларининг катта қисмини Ислом равнақи йўлида фидойилик кўрсатганларга, мўминларнинг оналарига васият қилдилар. Қонуний меросхўрларига ҳам саноғига етиш мушкул бўлган беҳисоб мол-мулк қолдирдилар. Ҳеч шубҳа йўқки, буларнинг ҳаммаси Сарвари олам дуоларининг баракотидан эди. Аммо бунча катта миқдордаги бойлик ва моллар Абдураҳмон ибн Авфни ром қилиб, тузоғига илинтира олмади. Одамлар уни қўл остидагилари билан бирга кўриб, ким хожаю ким қул, асло ажрата олишмасди. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг вафотларидан олдин Ойша онамиз у кишининг олдиларига келиб, вафот этсалар, ўз ҳужраларига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абу Бакр Сиддиқнинг ёнларига дафн қилишни таклиф этдилар. Аммо Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу рози бўлмадилар, чунки вафот этгач Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу билан ёнма-ён ётишни ваъдалашишганини айтдилар. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳижрий 32-йили вафот этдилар, жаноза намозини ҳазрат Усмон ўқидилар. Марҳумни Бақиъ қабристонидаги қабрга ҳазрат Али қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул Аълога интиқол қилишларидан олдин шундай деган эдилар:

“Эй одамлар! Абу Бакр менга ҳеч қачон беодоблик қилмади, унинг бу қадрини билинглар! Эй одамлар! Мен Умардан, Усмондан, Алидан, Талҳа ибн Убайдуллоҳдан, Зубайр ибн Аввомдан, Саъд ибн Абу Ваққосдан, Абдураҳмон ибн Авфдан ва аввалги муҳожирлардан розиман. Уларнинг қадрини билинглар”. Азадорлар сафида қаттиқ қайғуриб турган Ҳазрат Али “Сен бу умматнинг улуғларидан эдинг, Аллоҳ раҳматига олсин”, деб дуо қилдилар.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм) (60-қисм) 
(61-қисм) (62-қисм) (63-қисм) (65-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага