Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

760

(9 қисм)

Фадақ воқеаси

Фадақ воқеаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу учун энг оғир, энг кўнгилсиз бир иш бўлди. Тарозининг бир палласида Аллоҳ таолонинг ҳукми, Расулининг кўрсатмаси турарди. Иккинчи палласида эса Набийнинг суюкли фарзанди аржумандлари, аёлларнинг энг яхшиси Фотимаи Заҳронинг иззат-нафслари, истагу ризолари қўйилган эди. Абу Бакр Сиддиқ икки ўт орасида, икки йўл қаршисида қолгандилар. Бирини қилай десалар, Аллоҳ таолонинг амри илоҳийсига зид иш тутган бўлардилар. Иккинчи йўлдан борай десалар, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳони қаттиқ ранжитган бўлар эдилар. Нима қилиш керак?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Мавлоларига, Рафиқул аълога қовушишларидан аввал Фадақ деган жойда бир оз экинзор ер қолдирган эдилар. У зот вафотларидан кейин дунё аёлларининг энг яхшиси ва саййидаси Фотимаи Заҳро янги халифа бўлиб тайинланган ҳазрат Абу Бакр ҳузурларига Фадақ қишлоғидаги ерни мерос тариқасида беришни талаб қилиб келдилар.

Абу Бакр Сиддиқ ҳазрат Фотиманинг талабларини инобатга олиб, Фадақ ерларини мерос тариқасида бермоқчи бўлиб турганларида ҳазрат Умар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларини эслатиб қолдилар. Ҳазрат Абу Бакр дарров сергакландилар. Чунки у зот ҳеч қачон Қуръон ва ҳадисга зид ўлароқ бирор қарор қабул қилмаган эдилар. Ҳазрат Фотимаи Заҳрога ётиғи билан узр сўраган ҳолда тушунтириб:

– Пайғамбар алайҳиссалом “Биз – пайғамбарлар ҳеч кимга мерос қолдирмаймиз, биздан кейин нима қолса, у садақадир” деган эдилар. Аммо Муҳаммад хонадони мана шу садақадан еяверади, – дедилар. Бу ҳукмни эшитиб Фотимаи Заҳронинг аччиқлари келди. Истаги амалга ошмай қолган ёш боланинг жаҳли чиққани каби Аллоҳнинг Расули, Ислом умматининг раҳбари ва йўлбошчиси бўлган инсоннинг суюмли қизи, ҳазрат Алидай буюк Ислом фидойисининг завжаси бўлмиш ҳазрат Фотиманинг аччиқланишлари табиий эди:

– Ёлғиз Муҳаммаднинг қизларидан бўлак ҳамма одамнинг боласи отасидан мерос олишга ҳақли экан-у, бизга мумкин эмас экан-да, – дедилар норози ҳолда.

– Аллоҳ таоло ҳақи, Расулуллоҳнинг садақалари у зот ҳаётликларида қандай тасарруф этилган бўлса, мен ҳам худди шундай тасарруф қиламан, – дедилар ҳазрат Абу Бакр. Ҳазрат Фотима Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳузурларидан норози бўлиб чиқиб кетдилар. 

Уйга борганларида олдин эрлари Али каррамаллоҳу важҳа бошда Абу Бакрга байъат бермаганларида ҳазрат Умар таҳдидона “ўт қўйиб юбораман”, деганлари ҳам эсга тушиб, аччиқларини баттар зиёдалаштирди. Оталаридан кейин ўзларини камситилган, хўрланган ҳис этиб, у зотнинг энг яқин икки сафдошидан қаттиқ ранжидилар:

– Валлоҳи, энди Умар ва Абу Бакр билан асло гаплашмайман, – деб қасам ичдилар ва қасамларида собит турдилар. 

Бу нохуш воқеадан ҳазрат Абу Бакрнинг ниҳоятда диққатлари ошди, ҳаловат-оромлари йўқолди. Томоқларидан овқат ҳам ўтмай қолди. Аёллар саййидасини, Расулуллоҳнинг севимли қизларини ранжитиб қўйганларидан, у кишига масаланинг нозиклигини тушунтира олмаётганларидан хуноблари ошарди. 

Охири чидаб туролмадилар, ҳазрат Фотиманинг эрлари Али ибн Абу Толибнинг ҳузурларига бориб, асл мақсадларини тушунтирдилар:

– Ниятим Фотимаи Заҳрони асло ранжитиш эмас эди, фақат Аллоҳнинг Расули қилган васиятга содиқлигимни изҳор этдим. Агар у зот қасамларидан қайтмасалар ва мени кечирмасалар, халифаликдан, албатта, истеъфо бераман. Фотимаи Заҳронинг ичларида менга ғазаблари бўлгани ҳолда мен бу вазифада қола олмайман!

Ҳазрат Умарнинг изтироблари Абу Бакр Сиддиқникидан кам эмасди:

– Агар Расулуллоҳнинг азиз қизлари рози бўлмасалар, мен ҳам Мадинани бутунлай ташлаб чиқиб кетаман, – дедилар ўзларига хос қатъият ва жўшқинлик билан.

Ҳазрат Али завжалари Фотимаи Заҳронинг ёнларига кириб, бўлган гапларни ётиғи билан тушунтирдилар. Халифа ва ҳазрат Умар ишларида Ислом шариати ҳукмига кўра йўл тутишганини, мусулмонлар ижмосида тажовуз қилишмаганини айтиб:

– Аччиқланишингизга, ғазабдан тушмаслигингизга энди ҳеч қандай баҳона йўқ, – дедилар. Фотимаи Заҳро эрлари келтирган исбот-далиллар қаршисида бир оз сукутга чўмиб тургач, ҳазрат Алининг гапларидан қаноат ҳосил қилдилар.

Оталарининг “Биздан қолган нарса мерос бўлмайди, у садақа қилинади” деган гапларининг мағзини чақдилар. Икки улуғ зотга бўлган адоват ва зардаларини ичларидан бутунлай чиқариб ташладилар. Расулуллоҳнинг жонфидо сафдошлари Абу Бакр ва Умарга нисбатан гина-кудуратлар ўртадан кўтарилди, қалблари аввалгидай мусаффо ҳолига келди. Ушбу кўнгилсиз воқеадан кўп ўтмай, хойруннисо ҳазрат Фотима энг суюкли кишилари билан учрашмоқ ниятида оталарининг икки содиқ соҳибидан мамнун ва рози ҳолда дунёдан риҳлат қилиб кетдилар.

Абу Куҳофа

Абу Куҳофа ҳазрат Абу Бакр Сиддиқнинг оталари эди. Макка фатҳ этилганида Абу Бакрнинг барча оила аъзолари Исломни қабул қилишган, фақат Абу Куҳофагина ҳамон боболари динида эди. Макка фатҳи куни ҳазрат Абу Бакр оталарининг қўлидан тутиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурига келдилар. Абу Куҳофа кексайиб, кўзлари кўрмай қолган эди. Пайғамбаримиз унинг қартайиб-ҳориб қолганини кўриб, Абу Бакрга “Аллоҳ сенга раҳм қилсин! Отангни шу ергача чарчатиб олиб келмай, уйда қолдириб келсанг бўлмасмиди? Ўзим унинг олдига борардим” дедилар. Абу Бакр “Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ёнига борганингиздан кўра у ҳузурингизга келгани яхшироқ” деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Куҳофани рўпараларига ўтирғизиб, “Эй Абу Куҳофа, мусулмон бўл, бахтли бўласан”, дедилар.

Абу Куҳофа шу заҳоти Калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлди. Шу тариқа Абу Бакрнинг оиласида мусулмон бўлмаган одам қолмади. Абу Куҳофа розияллоҳу анҳу Маккада қолди. Пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин ўғли Абу Бакрга мусулмонларнинг байъат қилганини кўриб, “Ҳақиқат шуки, Аллоҳнинг берганига ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Аллоҳ бермаган нарсани эса ҳеч ким бера олмайди”, деб Аллоҳга шукроналар айтди. Ўғли Абу Бакрдан бир йил кейин, ҳижрий 14 йили тўқсон етти ёшида вафот этди.

(давоми бор) (биринчи қисм) (иккинчи қисм) (учинчи қисм) (тўртинчи қисм) (бешинчи қисм) (олтинчи қисм) (еттинчи қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўз фарзандларига қарши жиҳод эълон қилаётганларга мурожаат

236 18:30 07.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

138 17:23 07.03.2021

Отасига муносиб бўлган имом Қушайрий

258 14:00 07.03.2021

Хитой ва Литва Тайван туфайли тортишиб қолишди

616 11:00 07.03.2021

Аёл кишини “бузуқ” деб айблашнинг гуноҳи (давоми)

335 09:26 07.03.2021

Яқин Шарқ ва Хитой: АҚШ хатоси, Эрдоғаннинг сукути ва валиаҳднинг ташрифи  

1595 08:00 07.03.2021
« Орқага