Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

1042

(учинчи қисм)

Таҳликали кунларда

Маккада мусулмонлар учун қора кунлар, азоб-уқубатга тўла дамлар бошланди. Аллоҳнинг ҳақ динини қабул қилган, Унинг Расули даъватларига қулоқ тутган оз сонли мусулмонларни Макканинг бообрў мушриклари, бутпараст аслзодалари хўрлашар, озор беришар, камситишар, зулм-қийноқларга солишар эди. Айниқса, яқиндагина Ислом неъматига мушарраф бўлгач, ҳурлик ва имон лаззатини тотиб кўрган Ҳаббоб, Билол, Аммор, Ёсир каби ҳеч кими йўқ қул ва жориялар мисли кўрилмаган зулм, азоб-хўрликлар исканжасида қолишди. Ҳаббобни лахча чўғ бўлиб турган кўмир устида зўрлик билан ушлаб туришди. Унинг эти куйиб, қоп-қора кўмирга айланди. Амморнинг отаси Ёсирнинг бир оёғини бир туяга, иккинчисини бошқа туяга боғлаган ҳолда икки томонга тезлаб ҳайдашди ва ваҳшийларча парча-парча қилиб ташлашди. Амморнинг онаси Сумайя ҳам даҳшатли ўлим топди: Исломнинг ашаддий душмани Абу Жаҳл аёлнинг нозик жойига ўқ отиб, найза зарби билан ўлдирди. Умайя ибн Халафнинг ҳабаш қули Билолнинг аҳволи уларникидан ҳам аянчлироқ эди. Умайя инсон кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган қийноқларни ўйлаб топарди. Қулини мусулмонликдан қайтариш учун ҳар куни қоқ туш пайтида Билолни қизиган қум устига ётқизиб, кўкрагига зил-замбил тошларни бостириб қўяр эди. Бечора қул ҳар куни минг бора ўлиб, минг бора тириларди. Бир куни хожаси унинг қўлларини арқонга маҳкам боғлаб, бир учини кўчадаги болаларга тутқазди.Улар худди дайди итни хўрлагани каби Билолни Макка кўчаларида тортқилаб-турткилаб, роса адабини беришди. Аммо у имонида собит қолди. Ҳар қандай қийноқ-хўрлашга жавобан тилидан “Аҳад! Аҳад!..” (“Аллоҳ бир! Аллоҳ бир!..”) калимаси тушмади. Бу бедодликларга, мусулмонларнинг қийноқ қистовлар гирдобида ғарқ бўлаётганига гувоҳ бўлган Абу Бакр розияллоҳу анҳу охири чидаб туролмадилар. Уларни фақат эгаларидан сотиб олибгина даҳшатли азоблардан қутқариб қолишни англадилар. Сармояларининг бир улушини ана шу хайрли ишга ажратдилар. Хожаларига пул тўлаб, етти қул ва жорияни озод қилдилар. Улар орасида кейинчалик Ислом оламининг биринчи муаззини бўлган улуғ саҳобий Билол Ҳабаший, Омир, жориялардан Лабина, Зунайра, Наҳдия кабилар бор эди. Ҳазрат Билол озод этилган куни Абу Бакр Сиддиққа “Агар мени ўзингиз учун сотиб олган бўлсангиз, озод қилмай олиб қолаверинг. Агар Аллоҳ учун сотиб олган бўлсангиз, у ҳолда озод қилинг”, деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳабаш дўстларининг бу гапларидан таъсирланиб, елкасидан маҳкам қучдилар ва “Сизни Аллоҳ таоло йўлида озод қилдим”, дедилар. Кейинчалик Умар розияллоҳу анҳу “Абу Бакр – бизнинг саййидимиз бўлиб, саййидимизни (яъни ҳазрат Билолни) озод қилганлар”, деб гапириб юрдилар. Макка мушриклари ҳошимийлардан ҳадиксираб, аввалига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очиқ-ойдин тазйиқ қила олмаган бўлса-да, кейинчалик таниқли кишиларнинг Исломга кираётганидан ғазабланиб, у зотга қарши хуружни авж олдириб юборишди. Аллоҳнинг элчисини “мажнун”, “сеҳргар”, “фолчи”, “шоир”, “ёлғончи” деган сўзлар билан масхаралашарди. Шун дай қилиб, турли йўллар билан Пайғамбарга озор беришга ўтишди. Йўлларига тикан, ахлат ташлашди. Устларига ифлос, мурдор нарсаларни отишди. Эшикларига қон суркаб кетишди. Айниқса, Абу Лаҳаб ва унинг хотини Умму Жамил ҳаддан ошди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари олдига ахлат-ифлосликларни тўкиб кетишди, у кишига мурдор нарсаларни отишди, ҳақоратлашди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу азиз биродарларига нисбатан бўлаётган бу хўрлик-камситишларга чидай олмасдилар. У зотнинг ҳамма хуружларга индамай сабр қилаётганларидан ҳайрат-таажжублари ошарди. Бир куни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳарами шарифда намоз ўқиётган эдилар. Анчадан буён у зотдан ўч олишга шайланиб юрган мушриклардан Уқба ибн Абу Муъийт масжид га бостириб кириб, намоз ўқиётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бўғиб ўлдирмоққа чоғланди. У зотнинг устларига ташланиб, ридосини бўйинларига ўраб қаттиқ бўға бошлади.

Яхшиямки, Абу Бакр тезда етиб келиб, ҳазрат Пайғамбарни мушрикнинг ифлос чангалидан қутқариб қолдилар ва Уқбага қараб: “Менинг Раббим Аллоҳдир, мен сизларга Раббимдан аниқ кўрсатмалар олиб келдим”, деб айтувчи кишини ҳам ўлдирасизларми?” дедилар. Уқба “лол-мим” демади. Ёвуз нияти амалга ошмай қолганидан Абу Бакрга тишларини ғижирлатиб бир ўқрайиб қарадию масжидни тарк этди.

“Ҳимоянгдан воз кечдим”

Маккалик мусулмонлар бошига маломат ва зулм тош лари ёғилиб, ҳар қадамда таъқиб-қийноқларга солинаётган кунларда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Ҳабашистон тарафга ҳижратга отландилар. Баркул Ғимод деган жойга етганларида қўшни Қорат қабиласининг бошлиғи ибн Дағинага дуч келиб қолдилар. У Абу Бакрдан:

 – Қаёққа кетяпсиз, Абдуллоҳ? – деб сўради.

– Қавмим мени юртимдан ҳайдаб чиқарди. Энди мен ер юзини айланиб, бехавотир жойда Раббимга ибодат қилмоқчиман, – дедилар 

Абу Бакр. Ибн Дағина бу гапдан ҳайрон бўлди:

– Сиз каби яхши инсонни ҳеч ким юртидан ҳайдаб чиқара олмайди, ўзи ҳам юртини ташлаб кетолмайди. Сизнинг Маккада энг амин, хушхулқ, ҳалим инсон эканлигингизни яхши биламиз. Сиз ҳамиша бева-бечораларга ёрдам кўрсатасиз. Одамларнинг оғирини енгил қилиб, жонига ора кирасиз. Меҳмоннавоз ва мусибатзадаларга ҳамдард кишисиз. Биласизки, мен сизга қўшниман. Қўшни эса қўшнисига озор етмоғидан изтироб чекади, бунга йўл қўймайди. Ортингизга қайтиб, юртингизда Парвардигорингизга ибодат қилаверинг, бирор гап бўлса, мана, мен кафилман! Абу Бакр розияллоҳу анҳу ортга қайтдилар. ибн Дағина Қурайшнинг улуғлари олдига жўнади. Уларга бўлган воқеани айтиб маслаҳат солди:

– Абу Бакрга ўхшаган одамларнинг юртидан кетиши Қурайш учун ҳам исноддир. Ахир ҳеч ким ундан ёмонлик кўрмаган. Ўзи камбағалпарвар, ҳаммага раҳм-шафқатли, кўпчиликнинг ғамини ейдиган, меҳмоннавоз, мусибатга учраганларга ёрдамга ошиқадиган шундай одамни шаҳридан ҳайдайсизларми? Қурайш пешволари ибн Дағинанинг гапларини маъқуллашди. Абу Бакрга омонлик ваъда қилишди. У кишининг олдиларига ибн Дағинани шундай буйруқ билан жўнатишди:

– Абу Бакрга бориб айт, ўз уйида Раббига ибодатини қилаверсин, меҳмондўстлигини давом эттираверсин, хоҳлаган китобини ўқийверсин. Фақат битта шартимиз бор: ана шу ибодатлари билан бизга азият етказмасин! Намоз ва Қуръонни паст овозда ўқисин! Чунки биз болаларимиз ва аёлларимиз унинг таъсирига берилиб кетишларидан қўрқамиз.

Ибн Дағина Қурайш зодагонларининг бу гапларини ҳазрат Абу Бакрга оқизмай-томизмай етказди. Абу Бакр шу кундан бошлаб ўз уйларида бемалол тоат-ибодат қиладиган бўлдилар. Кейинчалик ўз ҳовлиларида бир масжид барпо қилиб, ўша ерда кунларини Аллоҳга ибодат ва Унинг ҳақ Каломи тиловати билан ўтказа бошладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг намоз ўқишлари ва ундан кейин Қуръон тиловат қилишлари

қўни-қўшниларни бефарқ, беэътибор қолдирмади. Мушрика аёллар ва болалар аввалига бу ғайритабиий ҳолда ибодат қилаётган, оятларни ажиб эҳтимом билан таъсирчан тиловат этаётган Абу Бакрни ҳайронлик ва таажжуб билан кузатишдан нарига ўтишмади. Бора-бора у кишининг хушовозлари, юмшоқ табиатлари, ибодат чоғида юм-юм йиғлашлари уларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бир-иккитаси бу зотдан ибодатни қандай ўрганиш ҳақида суриштира бошлади ҳам. Бу эса мушрикларнинг хавотирини ошириб, ғазабини қўзғади. Қурайшнинг катталари зудлик билан ибн Дағинани олдириб келишди ва унга зуғум бошлашди:

– Эй ибн Дағина, биз сен билан нимага келишган эдик?

– Абу Бакрга маълум шарт билан омонлик бериш ҳақида.

– Ҳа, молинг кўпайсин, ибн Дағина, худди шунга шартлашган эдик. Абу Бакрга фақат ўз уйида ибодат қилишини, ўқиган Қуръонини бошқаларга эшиттирмасликни сен орқали буюрган эдик. Аммо у ҳовлисига масжид қуриб олиб, ўша ерда баралла намоз ўқиб, тиловат қилмоқда. Бола-чақаларимиз унинг таъсирига тушиб, эътиқодларидан чалғий бошлаяпти. Бу аҳволда батамом унга эргашиб кетишларидан қўрқамиз. Унга бориб айт, агар ибодат ва тиловатини ҳеч кимга эшиттирмай адо этса – бажараверсин, акс ҳолда сенинг ҳимоянгдан воз кечсин, ўзимиз боплаб таъзирини бериб қўямиз. Биз ўртамиздаги аҳдни бузишни истамаймиз. Бироқ унинг ошкора тиловат қилишига ҳам рухсат бермаймиз. Ибн Дағина ҳазрат Абу Бакрнинг ҳузурларига жўнади. Бориб, Қурайш катталарининг гапини етказди:

– Сиз хусусингизда Қурайш улуғларига ваъда берганимни биласиз. Ё сиз тоат ибодатингизни ва тиловатингизни баланд овозда адо этишни тўхтатасиз, ё мен ваъдамни зиммамдан соқит қиламан. Чунки баъзиларнинг “Ибн Дағина ваъдасининг устидан чиқолмабди”, деган таъна-маломатини эшитишни хоҳламайман. Бунга жавобан ҳазрат Абу Бакр вазминлик ва қатъият билан:

– Эй ибн Дағина, мен сенинг ҳимоянгдан воз кечдим, менинг молу жоним Аллоҳ таолонинг ҳимоясидадир, – дедилар.

Ибн Дағина бир сўз дея олмай, ҳовлини тарк этди.

(давоми бор) (биринчи қисм) (иккинчи қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Улардан бўлишни истайман!

65 19:30 07.03.2021

Ўз фарзандларига қарши жиҳод эълон қилаётганларга мурожаат

328 18:30 07.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

153 17:23 07.03.2021

Отасига муносиб бўлган имом Қушайрий

269 14:00 07.03.2021

Хитой ва Литва Тайван туфайли тортишиб қолишди

644 11:00 07.03.2021

Аёл кишини “бузуқ” деб айблашнинг гуноҳи (давоми)

336 09:26 07.03.2021
« Орқага