Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

978

(саккизинчи қисм)

Сайфуллоҳ туфайли ихтилоф

Сайфуллоҳ, яъни "Аллоҳнинг қиличи” лақабини олган улуғ саркарда Холид ибн Валид туфайли Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан айрим саҳобалар, хусусан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўрталарида ихтилоф пайдо бўлди.

Қурайш қўшинининг лашкарбошиси Холид аввалига мусулмонларга қарши жанг қилган эди. Ҳудайбия сулҳидан сўнг Мадинага бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида мусулмон бўлди. Мута жангидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ғазотларида,Макка фатҳида, у зотдан кейин Шом фатҳларида қатнашиб, мардона жанг қилди, ўзининг салоҳиятли ва моҳир саркарда эканини кўрсатди.

Бу ҳарбий зафарлар сирасида Холиднинг тилга тушишига энг кўп сабаб бўлган ҳодиса Молик ибн Нувайра масаласи бўлди. Бу масалада Абу Бакр Сиддиқ Холидни ёқлаганлари ҳолда айрим саҳобийлар, шу жумладан, ҳазрат Умар ундан қасос олишни, қўмондонликдан бўшатишни талаб этишарди.

Молик Асри саодатда Исломга кирган эди, ҳатто закот маъмури вазифасига тайин этилганди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин пайдо бўлган ёлғончи пайғамбарлардан Сажжоҳ деган аёл билан бирлашиб, Исломдан юз ўгирди, вазифасига хиёнат қилди. У билан шартнома тузиб, Мадина устига юриш қилди. Халифа Абу Бакр унга қарши моҳир қўмондон Холид ибн Валид бошчилигида қўшин юбордилар. Холид Молик қўшинини пароканда қилиб юборди, унинг ўзи қўмондон ҳузурига келтирилди.

– Нега Исломдан юз ўгирдинг? – сўради Холид.

– Намоз ўқийман, аммо закот бермайман, – деди Молик.

– Закот ҳам намоз каби фарз эканини билмайсанми? Бирини инкор этиб, бошқасига иқрор бўлиш Ислом динига зиддир!

– Ҳа, сизнинг соҳибингиз шундай дерди. Моликнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан бундай бетакаллуфона муносабати Холиднинг ғазабини жунбушга келтириб юборди. Ўзини аранг қўлга олиб:

– Сен-чи? Сен у зотни ўзингга соҳиб деб билмайсанми? Нақ бошингни узиб ташлайман яна шундай гап қилсанг!

– Соҳибингиз сизга шундай буйруқ бердими? – сўради Молик бепарво.

Бу энди ортиқча эди. Молик сурбетликнинг, Расулуллоҳга нисбатан нописандликнинг чўққисига чиққанди. Холид жаҳлидан қип-қизариб ўткир кўзларини муртад лашкарбошига тикканича:

– Бу гапни иккинчи бор такрорладинг. Бошини танасидан жудо этинглар буни, – дея амр берди ва Молик ибн Нувайрани қатл қилдирди.

Моликни ўлдириш билан кифояланмай, иддаси чиққач, унинг хотинига ҳам уйланди. Бу эса турли миш-мишларга сабаб бўлди. Мазкур хато ишнинг хабари Мадинага етиб келганида ҳазрат Умар Холидни қўмондонликдан бўшатишни талаб эта бошладилар.

Аммо ҳамма нарсада босиқлик, тадбир билан пухта ўйлаб иш кўрадиган Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу масалада ҳам шошилинч, пала-партиш иш тутмадилар, имонларига қарши бормадилар.

Қизишаётган Умар ибн Хаттобни тинчлантирдилар:

– Холид бу ишни ўз ижтиҳоди, яъни Қуръон ва суннатга суянган ҳолда раъйи билан амалга оширган. Мен Аллоҳнинг душманларига қарши суғурилган қилични қинига сола олмайман.

– Бу воқеа душманларимиз тилини узайтириб юборса-чи? – сўрадилар қизишиб ҳазрат Умар.

– Ким нима деса, деяверсин, Холиднинг хатоси уни вазифасидан бўшатишни тақозо этмайди. Моликнинг хотинини талоқ қилса, шунинг ўзи хатоларига жазо сифатида кифоя қилади, – дедилар ҳазрат Абу Бакр.

Ҳақиқатан, душманнинг хотинига уйланди, деб шундай саркардани ишдан четлатиш ақлга сиғмасди. Халифа сўзларида қатъий турдилар. Холидни чақиртириб келиб, қилган иши учун қаттиқ танбеҳ бердилар. Кейин ўша аёлни талоқ қилиб юборишга амр қилдилар. Холид дарҳол халифанинг буйруғини бажариб, вазифасини адо этаверди.

Аммо Холиднинг қилган ишларини ҳазрат Умар кечира олмай, норози бўлиб юравердилар. Халифалик ўзларига теккач, Холид ибн Валидни қўмондонликдан бўшатиб, ўрнига Убайда ибн Жарроҳни тайинладилар. Улкан қалб, кучли имон соҳиби бўлмиш Холид бундан ҳеч қандай тушкунликка тушмай, мусулмон аскарлар сафида оддий жангчи бўлиб Ислом душманларини қақшатиб юраверди. Шом фатҳида улкан қаҳрамонликлар кўрсатди. Буларни эшитган халифа Умар, адолатнинг буюк тимсоли ҳазрат Умар Холидни истеъфога чиқарганларидан кўп афсусландилар. Ана шу надоматлардан фориғ бўлиш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабрларига бориб:

– Аллоҳ сиздан рози бўлсин, эй Абу Бакр, одамларни танишда, уларга баҳо беришда мендан яхшироқ экансиз, – дея безовта қалбларига тасалли топдилар.

Қуръоннинг жамланиши

Муртадларга, сохта пайғамбарларга қарши жангларга бош бўлган ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ана шу тўқнашувларда мусулмонлардан жуда кўп кишининг ҳалок бўлганидан изтироб чекиб, жавобгарликдан қийналиб юрган кунларда ҳазрат Умар яна бир кўнгилсиз воқеага у кишининг эътиборларини қаратдилар. Мусайламатул каззоб қўшинига қарши муҳорабада мусулмонлардан жуда кўп Қуръон ҳофизлари, қорилар шаҳид бўлишди. Баъзи ривоятларга кўра, беш юз, бошқасига биноан, етти юз ҳофизул Қуръон жанг майдонида ҳалок бўлган эди. Бу воқеадан ҳазрат Умар даҳшатга тушдилар: “Қуръонни ёд билган қорилар шу тахлитда ўлиб кетаверишса, кейинчалик Каломуллоҳнинг оятлари унутилиб кетмайдими?”

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳаяжон ва қўрқув ичра халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳузурларига чопдилар. Халифа ҳам Ямо мада кўплаб қориларнинг шаҳид бўлганини эшитиб мотам-қайғуда ўтирган эканлар. Ҳазрат Умар у кишига маслаҳат бердилар:

– Ямомада Қуръон қориларининг кўпчилиги шаҳид бўлганини эшитдингиз. Агар аҳвол шу тарзда давом этаверса, Қуръонга зиён етадими деб қўрқяпман. Менинг раъйим шуки, Қуръонни жам қилишга буюрсангиз.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам қилмаган ишни биз қандай қиламиз? – дедилар ҳазрат Абу Бакр.

– Аллоҳга қасамки, бу хайрли ишдир, – дедилар Умар ибн Хаттоб.

Ҳазрат Абу Бакр тараддудланиб қолдилар. Дўстлари – Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўл урмаган ишга кўнгиллари чопмасди.

Ҳазрат Умар эса таклифларини қайта-қайта айтишдан чарчамасдилар. Ниҳоят, Аллоҳ таоло ҳазрат Абу Бакрнинг дилларида Қуръонни жамлашга рағбат уйғотди. “Умар тўғри айтади, Каломуллоҳни жамлаш зарур” деган тўхтамга келдилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиблари Зайд ибн Собитни топтириб келдилар. У кишига ниятларини изҳор қилдилар:

– Менга қаранг, Зайд, сиз оқил, ёш йигитсиз. Сизнинг ҳақингизда ҳеч қандай шубҳага бормаймиз. Сиз Аллоҳнинг Расулига тушган ваҳийни ёзиб борар эдингиз. Энди Қуръонни жамлашга киришинг!

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу халифанинг бу амрларига унча рўйихушлик бермадилар. Бу иш ваҳий котибига оғир тоғни ўрнидан силжитишдан ҳам машаққатлироқ эди. Охири кўнгилларидаги шубҳа-истиҳола сабабини очдилар:

– Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни сиз қандай қиласиз?

– Аллоҳга қасамки, бу хайрли ишдир, – дедилар ҳазрат Абу Бакр ҳам ҳазрат Умарнинг сўзларини такрорлаб.

Зайд тинчландилар. Халифа ҳам, ҳазрат Умар ҳам бу ишга рағбат кўрсатишибдими, бу киши ҳам майл изҳор қилишдан ўзга чора топмадилар.

Халифанинг буйруқлари билан хурмо пўстлоқлари, ясси тошлар, тери каби ҳар хил нарсаларга ёзиб қўйилган Қуръон оятларини тўплай бошладилар. Бирор нарсага ёзилмай қолган оятларни жамлашда мазкур оят Қуръондан эканига ва қайси сурада жойлашишига икки киши гувоҳлик берганидан кейингина алоҳида саҳифага ёзишга келишиб олдилар. Мана шунга кўра, ёзилмай қолган оятлар икки қори гувоҳлик берганидан сўнг уларнинг кўрсатмаси инобатга олингачгина, Қуръон саҳифасига ёзиб қўшиб қўйилган. Оғзаки эшитилган оятнинг қайси сурадан эканига саҳобалардан икки киши гувоҳлик беролмаган тақдирда уни ҳам Қуръонга қўшилмаган. Мана шу тариқа Қуръонни жамловчилар ҳеч қандай ихтилофсиз уни охиригача тўплаб чиқишди.

Фақат икки оят хусусида тортишиб қолишди. Тавба сурасининг “(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналгувчи… бир пайғамбар келди-ку!” деган охирги оятлари Абу Ҳузайматулдан топилди. Агар Абу Ҳузайматул ансорий бўлмаганида ҳазрат Умар мазкур икки оятни ҳазф қилган бўлар эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайматул Ансорийнинг гувоҳликларини икки киши гувоҳлиги ўрнида қабул қилишга ишора этгандилар. Ҳузайманинг ўзлари ана шу икки оят ҳақиқатан ҳам Қуръондан эканига гувоҳлик берганидан кейин гувоҳлиги икки киши гувоҳлиги баробарида ҳисобланиб, Қуръонга қўшиб қўйилди.

Қуръон саҳифалари жам қилингандан кейин дастлаб Абу Бакр Сиддиқда, у зотнинг вафотларидан кейин ҳазрат Умарда, сўнгра Умар ибн Хаттобнинг қизлари Ҳафса онамизда сақланди.

Шундай қилиб, Аллоҳ ҳазрат Абу Бакр воситаларида Қуръонни зиёндан асради. Қориларнинг ўлими туфайли Қуръон оятларининг баъзилари унутилиб, йўқолиб кетишининг олдини олди. Чунки баъзи оятларни ўша қорилардан бошқа ҳеч ким билмасди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Қуръонни жамлашдаги рағбат ва саъй-ҳаракатлари Ислом уммати учун улуғ неъмат, катта туҳфа бўлди. Бу хусусда Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар: “Мусҳафлар йиғиш борасида одамларнинг ажр жиҳатидан насибадорроғи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудир. Албатта, Абу Бакр Қуръонни икки муқова орасига жамлаган энг аввалги кишилардандир”.

(давоми бор) (биринчи қисм) (иккинчи қисм) (учинчи қисм) (тўртинчи қисм) (бешинчи қисм) (олтинчи қисм)

 Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага