Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

1334

УММАТНИНГ ЭНГ АМИНИ

Муҳаммад ибн Жаъфар ҳикоя қилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига насронийлар гуруҳи келиб:

 – Эй Абул Қосим, ўртамиздаги мол-мулкни тақсимлай олмай, бир-биримиз билан қирпичоқ бўлиб кетаёздик. Сиз, мусулмонлар тўғрисўз, омонатдор кишисизлар. Шунинг учун бир ишонган одамингизни бизга қўшиб берсангиз, у молларимизни адолат билан тақсимлаб берса! – дейишди.

– Эртага келинглар, сизларга энг ишонган одамимни қўшиб бераман, – дедилар Фахри Коинот. Бу ҳикояни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давом эттиради:

– Эртаси куни пешин намозини ўқиш учун масжидга одатдагидан эртароқ келдим. Аллоҳ ҳақи, умрим бино бўлиб бирор марта одамлар орасида қозилик қилишни истамаган эдим, лекин ўшанда Сарвари олам “Бу ишга мени танласалар-ку” деган орзу билан ёнардим. Пайғамбар алайҳиссалом бизга пешинни ўқиб бергач, ортларига ўгирилдилар. Нигоҳлари билан одамлар орасидан кимнидир ахтара бошладилар. Мен умид билан бўйнимни чўзиб қарадим. Пайғамбаримизнинг назарлари Абу Убайдага тушиб, уни чақирдилар. “Меҳмонлар билан бирга бориб, улар келиша олмаётган масалани одиллик билан ҳал қилиб бер”, деб буюрдилар. “Улоқни Абу Убайда илиб кетди”, деб қўйдим ичимда”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Албатта, ҳар бир умматнинг амини (ўта ишончли кишиси) бўлади, бизнинг аминимиз Абу Убайда ибн Жарроҳдир”, дедилар”. Абу Саълаба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга учраб “Эй Аллоҳнинг Расули, яхши таълим олиш учун мени бир одамга йўлланг” дедим. Шунда у зот мени Абу Убайда ибн Жарроҳга юбордилар ва “Мен таълимингни ва одобингни яхшилайдиган кишига жўнатдим”, дедилар”. Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳум ва бир гуруҳ саҳоба билан ўтирган эдилар. Бир идишда шарбат келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Абу Убайдага тутдилар. Шунда Абу Убайда “Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. “Сен ол!” дедилар у зот. Абу Убайда пиёлани олди ва уни ичишдан олдин яна “Сиз ўзингиз олинг, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ич, барака албатта улуғларимиздадир. Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизни улуғламаса, биздан эмас”, дедилар”. Имом Бухорий “Тарихи сағир”да шундай келтиради: “Умар ибн Хаттоб ўз соҳибларига “Орзу қилинглар!” деди. “Мен бир уй тўла дирҳамларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қиламан”, деди бири. “Орзу қилинглар!” деди у яна. “Мен мана шу уй тўла олтинларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қиламан”, деди бошқаси. “Орзу қилинглар!” деди у яна. “Мен мана шу уй тўла жавҳарларим бўлиши ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишни орзу қиламан”, деди яна бири. “Орзу қилинглар!” деди у яна. “Бундан бошқа орзумиз йўқ” дейишди улар. Шунда Умар “Аммо мен мана шу уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳум каби одамлар бўлишини ва уларни Аллоҳнинг тоати учун омил қилишни орзу қилар эдим”, деди. Сўнгра у Ҳузайфага мол юборди ва “Назар солинглар, нима қилар экан?” деди. У молни тақсимлаб юборди. Сўнгра у Муоз ибн Жабалга мол юборди ва “Назар солинглар, нима қилар экан?” деди. У молни тақсимлаб юборди. Сўнгра у Абу Убайдага мол юборди ва “Назар солинглар, нима қилар экан?” деди. У молни тақсимлаб юборди. “Ана, сизларга айтмабмидим!” деди Умар”. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳазрат Умар Шомга келган куни шомлик жуда кўп одам ва катталар кутиб олишди. Шунда Умар “Оғайним қани?” деб сўради. “Ким у?” дейишди. “Абу Убайда”, деди Ҳазрат Умар. “Ҳозир келади”, дейишди. Абу Убайда каноп юганли туяни миниб келди. Ҳазрат Умар Абу Убайда ибн Жарроҳ билан қучоқлашиб кўришди. Кейин унинг уйига кирди. Уйда қилич, қалқон, эгар-жабдуқдан бошқа нарса кўрмади ва “Бошқа шерикларингга ўхшаб сен ҳам у-бу қилмадингми?” деб сўради. “Эй мўминлар амири, ётиб-тургани шу ҳам етади”, деди Абу Убайда.

Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу “Сендан бошқа ҳаммамизни дунё ўзгартиб юборди, эй Абу Убайда” деди”. Мана шунинг учун ҳам Ҳазрат Умар Абу Убайда ибн Жарроҳни жуда яхши кўрар ва ҳурмат қилар эдилар. У киши ҳамма раҳбарлари, ишбошилари ва волийлари Абу Убайда ибн Жарроҳга ўхшаш бўлишини орзу қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари куни ансорлар Бани Соъида қароргоҳида тўпланиб, бошлиқлари Саъдга байъат қилишга тайёрланишаётганда Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда тўпланиб, йиғилиш ўтаётган жойга тезда етиб келишади ва у ерда қаттиқ тортишувлар бўлади. Охирида Абу Бакр Умар билан Абу Убайдани кўрсатиб “Бу икки зотдан бирига байъат қилинглар!” деб таклиф киритадилар. Бироқ иккилари ҳам бу таклифни қабул қилмагач, Умар Абу Бакрга қарата “Қўлингни бер, мен сенга байъат қилайин!” дейдилар. У ерда байъат маросими ана шундай тариқа ўтган эди. Ҳазрат Ойшадан “Расулуллоҳ ўзларидан кейин бир халифа тайинламоқчи бўлсалар, кимни кўрсатар эдилар?” деб сўралганида Ойша онамиз “Олдин Абу Бакрни, кейин Умарни, кейин эса Абу Убайдани”, дея жавоб берган эдилар.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу нинг даврларида, асосан, шўро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий ташкилотчилик ишлари билан машғул бўлдилар. Баъзи вақтларда янги қарорлар чиқаришда ташаббускорлик қилганлар ичида ҳам бўлар эдилар. Масалан, халифага ойлик маош тайин қилиш ҳақидаги ишда у киши биринчилардан бўлганлар. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўша вақтда, асосан, халифаликнинг девонбегиси бўлганлар. Кейинроқ Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишини бир лашкарга амир қилиб Ҳимсга юборганлар. Ҳазрат Абу Бакр Усома қўшини қайтганидан кейин Шомга Абу Убайдани юборганлар. Холид ибн Валид ҳам Ироқдан Шомга ўтадилар. Ислом қўшинига саркардалик ҳазрат Холидда эди. Шом қамал қилинади. Ниҳоят, етмишинчи куни шаҳардагилар Абу Убайдага таслим бўлишади. Иккинчи томондан ҳазрат Холид ҳам аскарлари билан шаҳарга кириб олган бўлиб, у кишининг қўшинлари билан Абу Убайда қўшинлари Шомнинг ўртасида бирлашишган эди. Ҳазрат Умар халифа этиб сайлангач, бош саркардаликни Абу Убайдага топширдилар. Абу Убайда одил, шафқатли ва ҳалим бир зот эдилар. Бу ҳол душманни енгишга анча қўл келган, Шомнинг урушсиз олинишига сабаб бўлган эди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм) (60-қисм) 
(61-қисм) (62-қисм) (63-қисм) (64-қисм) (65-қисм) (66-қисм) (67-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

2960 07:00 21.01.2022

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

1472 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

1385 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

3143 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

1486 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

1321 22:10 28.01.2021
« Орқага