Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (38-қисм)

883

ИСЛОМ ШАВКАТИ ФИДОЙИСИ

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб каррамаллоҳу важҳаҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби Макканинг қурайш қабиласи, ҳошимий уруғидан бўлганлар. Милодий 600 йили Маккада туғилганлар. У киши Расули акрамни ҳимояга олган амакилари Абу Толибнинг ўғилларидир. Оналари Фотима бинти Асаддир. Абу Толибнинг оиласи катта, шароити оғир бўлгани учун кичик ўғиллари Али беш ёшидан Расулуллоҳнинг уйларида турди, у зотнинг тарбияларида бўлиб, ирфон хазиналаридан файз олди. Кейинчалик Пайғамбаримизнинг қизлари Фотимаи Заҳрога уйланиб, у зотга куёв бўлдилар. Сарвари коинотга пайғамбарлик келганида эркаклардан биринчи Абу Бакр Исломни қабул қилган бўлса, болалардан биринчи бўлиб ўн ёшли Али мусулмон бўлди.

Ҳазрат Алининг бутун ҳаётлари Расулуллоҳ алайҳиссалом билан ёнма-ён кечди. Ҳижрат асносида Пайғамбаримиз ҳимоялари учун ҳаётини хавф остига қўйиб, у зотга Қубода етиб олдилар. Ислом душманлари билан бўлган жангларнинг барчасида буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида жасадларини ўзлари ювдилар.

Ҳазрат Али бирор марта бутга сиғинмаганлари ва жоҳилият ифлосликларидан узоқда бўлганлари учун “каррамаллоҳу важҳаҳу” (Аллоҳ юзини мукаррам қилсин) деб сифатланганлар. У киши катта олим, Қуръони карим билимдони, фозил, сахий, юксак тақво соҳиби, Исломнинг машҳур нотиғи ва воизи эдилар. Расули акрамдан 586 та ҳадис ривоят қилганлар. Хулафои рошидиннинг тўртинчиси эдилар. Беш йил халифалик қилдилар. Умрлари охирида Куфада яшаб, ҳижрий 40 (милодий 661) йили ўн еттинчи рамазон куни хаворижлар юборган Абдураҳмон ибн Мулжам деган шахс томонидан ҳалок этилиб, шаҳид бўлдилар.

САОДАТЛИ БОЛАЛИК

Арабларнинг бош шаҳри Маккадаги етакчи қабилалардан ҳисобланмиш Қурайш бошлиғи Абу Толиб ибн Абдулмутталиб хонадонида муҳим воқеа рўй бераётганидан дарак берувчи ажиб кўтаринкилик, безовталик ва хурсандчилик кайфияти ҳукмрон эди. Ташқарида Абу Толибнинг фарзандлари Толиб, Ақийл, Жаъфар, Фохита ва Жумона муҳим воқеа рўй беришини кутиб безовта бўлишса, ичкарида доя хотин бошлиқ бир неча аёл хонадон бекаси Фотима бинти Асад атрофида куймаланишиб, уни туғишга тайёрлаётган эдилар. Ниҳоят, чақалоқнинг йиғиси янграб, ҳаммада масрурлик ва шукроналик туйғуларини жўш урдириб юборди. Янги туғилган чақалоққа Али деб исм қўйишди. Янги таваллуд топган саодатманд гўдакнинг келажакда Ислом дарғаларидан бири бўлиб таниладиган, Ислом давлатининг тўртинчи халифаси мансабини эгаллайдиган, охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг суюкли қизлари Фотимаи Заҳрога уйланиб, ундан Ҳасан ва Ҳусайн каби Аллоҳ Пайғамбарининг суюкли набираларига ота бўлган буюк саҳобий бўлиб етишишини ҳозирда ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаётган эди. Абу Толиб ва Бинти Асад янги меҳмон ато этгани учун Аллоҳга шукроналар айтар, болаларнинг эса “укачали бўлганлари”дан қувончлари еру кўкка сиғмасди.

Ҳазрат Алининг насаблари ҳам деярли Пайғамбаримиз алайҳиссаломники каби эди: Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абду Маноф ибн Қусой ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона. Оналари Фотима бинти Асад ибн Ҳишом ибн Абдуманоф бўлган. Ҳазрат Али туғилганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўттиз ёшда эдилар. Али Қурайш қабиласи бошлиғининг ўғли бўлгани учун болаликдан отаси ва бобосининг йўлбошчилик ишлари муҳитида улғайди. Чунки Абу Толибинг отаси, яъни Алининг бобоси Абдулмутталиб ҳам Қурайшнинг шайхи, яъни йўлбошчиси бўлган эди. Бошқа томондан Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оталари Абдуллоҳнинг туғишган акаси эди. Абу Толиб Қурайшга мол-мулки билан эмас, ақл-заковати билан раҳбар бўлган эди. У Қурайшдек катта ва обрўли қабиланинг йўлбошчиси бўлса ҳам, ўзи фақирона ҳаёт кечирарди. Абу Толибнинг камбағаллиги Маккада қаҳатчилик бошланганида, айниқса, яққол билиниб қолди. У болаларини боқишда, оила тебратишда қийналиб қолгани учун қариндошлари ёрдамга келишди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа амакиларининг олдига бориб, Абу Толибнинг аҳволи оғирлашгани ҳақида гапириб, фарзандларини қарамоққа олиб, боқишни таклиф қилдилар. Шу тариқа, Ақийлни Абу Толибнинг ўзига қолдириб, Жаъфарни Аббос, Алини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам олдилар. Али амакиваччаси, бўлажак охирги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам ва у зотнинг завжалари Хадича бинти Хувайлиднинг қарамоғларида ҳаёт кечира бошлади. Ўша вақтда Али бор-йўғи олти ёшда эди. Аллоҳнинг лутфу марҳамати билан ёш Алига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилаларида улғайиш насиб этди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони каримнинг биринчи оятларини нозил қилиб, у зотни пайғамбар қилиб танлаб олганда Али ўн ёшли бола эди. Инсоният тарихида энг улкан ўзгариш ясаган бу ҳодисадан биринчилардан бўлиб хабар топган ҳам Али ибн Абу Толиб бўлдилар. Ислом динининг дастлабки соатларидаёқ унинг мухлисларидан бирига айланган Али ёшликларидан қуръоний тарбия оғушида ўса бошладилар. У киши бошқалардан фарқли ўлароқ ўзи ўрганиб қолган жоҳилий одатлардан қутулиш учун ҳаракат қилиш машаққатидан ҳам озод эдилар. Шу боис – Али ибн Абу Толиб умрларида бирор марта ҳам ибодат учун Аллоҳ таолодан бошқага юзланмаганлари учун у кишининг исмларидан кейин “каррамаллоҳу важҳаҳу” (Аллоҳ юзини мукаррам қилсин) деб дуо қилинади. У киши ўзларининг соф зеҳнлари билан Қуръони карим оятларини ёд олар ва бир йўла соф қалбларига қуръоний таълимотларни жо қилар эдилар. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум бўлган ҳикматга кўра, Алининг отаси Абу Толиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга имон келтирмади. Аммо Аллоҳнинг Расулини ҳимоя қилишдаги, у зотга ёрдам кўрсатишдаги барча машаққатларни зиммасига олди. Қурайш мушриклари томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши барча ҳужум ва таъқибларни айнан Абу Толиб қайтарар эди. Унинг янги мусулмон бўлган ўғли Али эса янги давр бошланганидан, жаҳолат замони ортда қолганидан дарак берувчи оламшумул ҳодисаларнинг барчасидан хабардор ҳолда тарбияланиб борар эди. Оз сонли мусулмонлар Сафо тепалиги яқинидаги Дорул Арқамга махфий равишда тўпланиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон ўрганишганида, у зот билан бирга намоз ўқишганида ва Ислом таълимотларидан хабардор бўлишганида ҳам Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу энг яқин иштирокчи эди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

459 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

459 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

595 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

571 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

676 22:05 26.01.2021
« Орқага