ИСЛОМ БИЛАН ШАРАФЛАНИШ
Ислом тарихчилари бир овоздан Ҳазрат Алининг болалардан биринчи бўлиб Исломга кирганларини ёзишади. Бу ҳақда ибн Исҳоқ “Сийра” китобида қуйидаги ривоятни келтиради: “Али ибн Абу Толиб келганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Хадича розияллоҳу анҳо намоз ўқишаётган экан. “Эй Муҳаммад, айтинг-чи, бу нима?” деди Али. “Бу Аллоҳнинг Ўзига танлаб олган ва у билан расулларини юборган динидир. Сени Ўзи ёлғиз ва шериги йўқ Аллоҳга, Унинг ибодатига ҳамда Лот ва Уззога куфр келтиришингга чақираман”, дедилар у зот. “Бу олдинлари мен эшитмаган бир иш экан, отам Абу Толибга айтмай туриб бирор ишни қилмайман” деди Али.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ишлари эълон қилиш даражасига етмай туриб, сир ошкор бўлишини хоҳламадилар ва унга “Эй Али, агар Исломга кирмасанг, буни сир сақла”, дедилар. Али ўша кечани нотинч ўтказди. Сўнгра Аллоҳ унинг қалбига Ислом муҳаббатини солди. У эрта тонгдаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига борди ва “Менга нимани айтувдингиз, эй Муҳаммад?” деди. “Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган илоҳ йўқлигига, Унинг Ўзи ёлғизлигига, Унинг шериги йўқлигига шаҳодат келтиришингни, Лот ва Уззога куфр келтиришингни ва бутлардан воз кечишингни айтганман” дедилар. Али ҳеч тараддудланмай ана шуларга имон келтириб, мусулмон бўлди. Шу билан бирга, ўзи Абу Толибдан қўрқиб юрди. Шу сабабли Али мусулмон бўлганини беркитиб, ошкор қилмади”.
Ана шу масъуд кунлардан бошлаб ҳазрат Али Пайғамбар алайҳиссаломнинг олиб келган таълимотларига биринчилардан бўлиб қўшилганлари баробарида Аллоҳнинг динини дунёга ёйишда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошлаган буюк курашнинг олдинги сафларида бўлдилар. У киши ўша кунлардан бошлаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло томонидан юборилаётган ояти карималарни биринчилардан бўлиб эшитадиган, ўқиб-ўрганадиган ва амал қиладиган кишига айландилар. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажрамас, у зотнинг барча ишларида бирга бўлар эдилар. Улар Исломга оид барча нарсаларни ҳеч кимга билдирмай, сир сақлар эдилар. Намозни ҳам беркиниб ўқир эдилар. Аммо кўп ўтмай оталари унинг бу сиридан воқиф бўлди. Исломнинг дастлабки кунларидан бирида Қурайш раҳбари Абу Толиб ўғли Алининг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга беркиниб намоз ўқиётганини кўриб қолди. Бу ота учун янгилик эди. У ҳозиргача ўғли Алининг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашганидан бехабар эди. Отасидан имонини ва ибодатини беркитиб юрган Али намоз ўқиётганини отаси кўриб қолганидан хавотирга тушмади. У намозни тугатиши билан отасининг олдига бориб, “Эй отажон, мен Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирдим. У киши келтирган нарсани тасдиқладим ва у зотга эргашдим”, деди. “У сени фақат яхшиликка чақиради, ундан ажрама”, деди Абу Толиб ўғлига. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва иродасини қарангки, Али илк мусулмонлардан бўлишига қарамай, унинг отаси Абу Толиб охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга имон келтирмади.
Пайғамбар алайҳиссалом Алини жуда яхши кўрганлар, унга кўп иззат-эҳтиром кўрсатиб, ҳурматлаганлар. Бунга у зотдан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар гувоҳлик беради. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен кимнинг мавлоси (ҳомийси) бўлсам, Али ҳам унинг мавлосидир” дедилар”, (Термизий ривояти). Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Алини мунофиқ яхши кўрмайди. Уни мўмин ёмон кўрмайди”, дер эдилар” (Термизий ривояти). Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Албатта, Аллоҳ мени тўрт кишини севишимга буюрди ва У Зотнинг Ўзи уларга муҳаббат қилишининг хабарини берди”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларнинг исмларини айтиб беринг”, дейишди. “Али улардан биридир”, деб уч марта айтдилар. Кейин “Абу Зарр, Миқдод ибн Асвад ва Салмон”, дедилар. “У Зот уларга муҳаббат қўйишни менга буюрди ва Ўзи ҳам уларга албатта муҳаббат қўйишининг хабарини берди” дедилар” (Термизий ривояти). Ҳабаший ибн Жунода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Али мендандир. Мен Алидандирман. Мен адо этишим лозим бўлган нарсаларни фақат ўзим ёки Алигина адо этади” дедилар” (Термизий ривояти). Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир нарса сўрасам, берар эдилар. Агар сукут қилсам, ўзлари берар эдилар” (Термизий ривояти). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида бир парранда (гўшти) бор эди. Шунда у зот “Эй Аллоҳим, ҳузуримга халқингнинг ичидан Ўзинг га энг севимлисини келтиргин, мен билан ушбу паррандадан есин”, дедилар. Али келиб, у зот билан еди”; Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мен ҳикмат ҳовлисиман, Али унинг эшигидир”, дедилар” (Термизий, Табароний ва Ҳоким ривоят қилишган. Худди шу ривоятнинг ибн Абдулбарр келтирган лафзида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мен илмнинг ҳовлисиман, Али унинг эшигидир. Ким илмни истаса, унинг эшигидан келсин”, деганлар). Бу ҳам фақат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос фазилат бўлиб, бунда у кишига бош қалар шерик бўла олмаган. Ҳазрат Али мусулмон уммати ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг илмли киши эдилар. Ечилиши қийин бўлган масалаларни ўша киши ечар эдилар. Бу иш ўта машҳур бўлганидан мусулмонлар орасида кенг тарқалган масалга айланиб кетган. Арабларда ҳозиргача бирор масала ечилмай қолса, “Бу бир масалаки, уни ечгани Абул Ҳасан (яъни Али) йўқ”, деган гап айтилади. Ибн Саъд, Табарий ва бошқа уламолар Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг кўринишлари ҳақида қуйидагиларни ривоят қилишган:
“У киши ўта буғдойранг эди. Кўзлари катта ва оғир эди. Соқоли катта ва қалин эди. Кўкрагидаги жунлари кўп эди. Бўйи пастга яқинроқ эди. Билагининг пайлари, болдирининг пайлари ҳам йўғон эди. Юзи энг чиройли одамлардан эди. Оқ тушган соч ва соқолини ўзгартирмас эди. Сертабассум эди”.
(давоми бор)
(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм)
Аҳмад Муҳаммад