Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (40-қисм)

732

ҲИЖРАТ АСНОСИДАГИ ЖАСОРАТ

Ривоят қилишларича, “Қурайшнинг катталари кечалардан бирида Маккада машварат қилишди. Кимдир “Эрталаб Муҳаммадни ушлаб, боғлаб қўйинглар”, деди. Бошқалари эса “Йўқ, уни ўлдириш керак”, дейишди. Баъзилари “Маккадан чиқариб юборинглар”, деди. Охири улар ҳар қабиладан биттадан кучли ва чапдаст йигитни танлаб олиб, бир гуруҳ тузиш ва ўша гуруҳ кечаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ётган жойларига бостириб кириб, ҳаммалари бирданига қилич солишга келишдилар. Шундай қилинганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қонлари барча қабилаларга тенг тарқаб, у кишининг қариндошлари ҳеч кимдан ўч ола билмасликлари кўзда тутилган эди.

Аллоҳ таоло буни Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдирди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳазрат Алини чақириб, “Бу тун мушриклар менга қўққисдан ҳужум уюштирмоқчилар. Раббим менга Маккадан чиқиб кетишга изн берди. Шунинг учун сиз менинг жойимга кириб ётиб, хоинларнинг кўзини бўяш учун чакмонимга ўралиб оласиз”, дедилар. Ҳазрат Али Пайғамбарнинг айтганларини дарҳол қабул этиб, мушрикларни чалғитиш учун Расулуллоҳнинг тўшакларига кириб, тўнларига ўралиб уйқуга ётдилар. Ҳолбуки, у киши ташқарида тиш-тирноғигача қуролланган шафқатсиз кимсалар пайт пойлаб турганини, уларнинг ҳаммаси бирдан ёпирилиб келиб, Аллоҳнинг Пайғамбарини худди оддий бир кишини ўлдиргандек ҳалок этишга шайлигини, Расулуллоҳ деб ўйлаб ўзларини ўлдиришлари ҳам мумкинлигини тўла ҳис этиб турардилар. Мана шуларни билиб туриб ҳам ўзлари ихтиёрий тарзда Пайғамбарнинг таклифини сўзсиз қабул қилдилар. Токи динлари бутун оламга ёйилиши, Аллоҳнинг Сўзи олий бўлиши учун жонларини рисолат эгасига тикдилар. Жонни фидо этиш эса жўмардликнинг олий чўққиси эди, бу чўққини фақат ҳазрат Алигина забт эта олган эдилар. У киши Қурайшнинг маслаҳатидан ҳам, танлаб олинган йигитлардан ҳам, уларнинг қўлларидаги кескир қиличлардан ҳам, уларнинг кўнгилларидаги Исломга қарши нафрат ва ҳасаддан ҳам, ўша тўшакда бурканиб ётган одамга қилич уриш иштиёқида ёнаётганларидан ҳам яхши хабардор эдилар. Аммо йигирма уч ёшли йигит қўрқмаслиги, тенгсиз жасорати ва дин йўлидаги фидокорлиги билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан душманларнинг эътиборини чалғитиш учун уларнинг кўз ўнгида хатарли жойга кириб ётди. Мушрикларга ёлланганлар хонага шиддат билан бостириб кириб, бир қўллари билан қиличларини баланд кўтариб, иккинчи қўллари билан ётган одамнинг устидаги кўрпани тортдилар.

Ҳеч нарсадан хабари йўқдай хотиржам ётган ҳазрат Алини кўриб, уларнинг ҳуши бошидан учди, қиличи қўлидан тушди. Улар Алидан “Оғайнинг қани?” деб сўрашди. У “Билмайман”, деб жавоб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бу пайтда Маккадан чиқиб, шериклари билан яширинадиган ғоргача етиб олмоқчи эдилар. Мушриклар нима қилишни билолмай, Расулуллоҳнинг изларидан ахтариб кетишди. Тоққа етганларида изни адаштириб қўйишди. Тоғнинг тепасига чиқиб, Пайғамбаримиз ўз йўлдошлари Абу Бакр Сиддиқ билан яшириниб олишган ғор ёнидан ўтишди. Ғор оғзидаги ўргимчак уясини кўриб “Агар у бу ерга кирганида ўргимчак уяси бўлмас эди”, деб ўтиб кетишди. Ўша жойда Расулуллоҳ алайҳиссалом уч кун қолдилар.

Аллоҳ таоло Ўз Расулини мушрикларнинг фитна ва ҳийлаларидан сақлаб қолди, ҳадсиз қудрати билан у зотни иҳота қилиб, душманларининг қўлидан қутқариб юборди. Ўз жонини Аллоҳ йўлида фидо қилишга тайёр турган йигитни ҳам қонхўр каллакесарлар зулмидан халос этди. Шу тариқа омон қолган ҳазрат Али Пайғамбар алайҳиссаломни ҳижрат сафарига кузатгач, бир неча кун Маккада қолишларига тўғри келди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам Маккада қолаётган ҳазрат Алига мушрикларни чалғитиб туришдан ташқари ўзларидаги бировларнинг омонатларини эгаларига топширишни ҳам буюрган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бунчалик ишончларига сазовор бўлган Али ибн Абу Толиб Маккани уч кун тинмай кезиб, омонат эгаларини бирма-бир топдилар ва уларга омонатларини топширдилар.

Сўнгра тўхтамай ёлғиз ўзлари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изларидан ҳижрат йўлини тутдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали Мадинаи мунаввара ичидаги асосий масканларига етмай, Қубода вақтинчалик турган жойларида у зотга қўшилиб олдилар. Кейин биргаликда Мадинаи мунавварага кўчишди. Ҳазрат Алининг жасорат ва шижоатларидан бири машҳур Бадр ғазотида намоён бўлди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Мадинаи

Мунавварага қилган ҳижратларининг иккинчи йили Рамазон ойида бўлган катта Бадр урушида Пайғамбар алайҳиссалом байроқ тикишга буюрдилар. Байроқлар учта эди. Бирини Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу кўтариб юрди. Қолган иккитасининг ранги қора бўлиб, уларни Али ибн Абу Толиб ва Саъд ибн Муоз кўтаришди. Инсоният тарихидаги энг ҳал қилувчи урушда имон лашкарининг яловбардори (байроқдори) бўлиш шу тариқа ҳазрат Алига насиб этди. Бу ҳам у кишининг мислсиз фазлларидан бири эди.

Ҳазрат Али жасур, қўрқмас ва паҳлавон киши эдилар. У киши Бадр жангида мардларча уришиб, мушрик ларнинг баҳодирларидан Валид ибн Утайбани жанг асносида бошини танасидан жудо қилдилар. Яна, шу жангда амакилари амир Ҳамза билан биргаликда қурайшийларнинг катталаридан Утба ибн Рабиага шердек ташланиб, уни ҳам ҳалок этган эдилар. Бошқа ғазотларда ҳам жасур Алининг мислсиз қаҳрамонликлари тилларда достон бўлган эди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тиловат йўналишида қатнашувчи қорилар билан танишинг!

127 22:00 01.03.2021

Саудия Арабистони армиясида энди аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин

192 21:30 01.03.2021

Помпейда беҳаё безакли арава топилди

976 21:00 01.03.2021

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

426 20:30 01.03.2021

Журналист, блогер ва ижтимоий фаол инсонлар алоҳида қатламми?

155 18:44 01.03.2021

Теҳрон ядровий битим бўйича музокарани рад этди. Вашингтон афсусда

399 14:34 01.03.2021
« Орқага