Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (41-қисм)

760

ФОТИМАИ ЗАҲРОГА УЙЛАНИШЛАРИ

Расули акрамнинг қизлари Мадинага кўчиб келгач, ҳазрат Фотиманинг қўлини сўраб бир неча улуғ саҳобалар совчи қўйишди. Бир куни Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳнинг олдиларига бориб, Фотиманинг улғайиб қолганини Пайғамбар алайҳиссаломнинг эсларига солдилар. Аммо Расулуллоҳ унга жавоб қайтармадилар. Абу Бакр бундан саволлари мувофиқ келмаганини тушуниб, одоб билан чиқиб кетдилар. Ҳазрат Умар ҳам бир куни алоҳида келиб, ҳазрат Фотиманинг қўлини сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом уни ҳам сукут билан ортига қайтардилар. Кейинроқ маълум бўлишича, Аллоҳнинг Расули ўзларининг суюкли қизлари Фотима учун куёвликка жиянлари Алини муносиб кўрган эканлар. Ҳазрат Алининг ўзлари бой-бадавлат киши бўлмасалар-да, Расулуллоҳ алайҳиссаломга ақраболиклари, хайрихоҳликлари ва ишончларини қозонганлари боисидан у зотнинг олдиларида қадр топган эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом Раббиларининг амри билан насабларини сақлаш учун ҳазрат Алини танлаган эдилар. Камбағалликлари ва ўзлари билан ўзлари овора бўлиб юрганлари сабабли Ҳазрат Алида бу вақтда на Фотимага, на бошқа бирор аёлга уйланиш мақсади ҳам йўқ эди.

У зот алайҳиссалом суюкли қизларини ҳазрат Алига завжаликка муносиб кўрганларини сезган саҳобалар Алига бу ҳақда маслаҳат беришди. Масалан, бир куни сингиллари Умму Ҳониъ гап орасида шундай деб қолди: “Абу Бакр билан Умар Расулуллоҳнинг олдиларига алоҳидадан келиб, Фотимани сўрашибди. Аммо Аллоҳнинг Расули розилик бермабдилар. Ўйлашимча, Расулуллоҳ Фотимани сизга сақлаб турган бўлсалар керак, вақтни ўтказмай совчиликка борсангиз бўларди”. Ҳазрат Али бунга жавобан “Фотимага уйланиш учун менда ҳеч вақо бўлмаса! Кейин Расулуллоҳ Фотимани менга беришлари мумкинлигини ким айтди?” дедилар. Умму Ҳониъ “Буни ўзим сезиб юрибман, сиз асло тараддудга тушмай, тез бораверинг” деди.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу бу гаплардан шижоатланиб, Фотимаи Заҳронинг қўлларини сўраш учун Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордилар. Хонаи муборакка кириб келганларидан кейин гапга ниҳоятда чечан Али у жанобни кўрганлари заҳоти тиллари дудуқланиб, ҳаяжондан сўзлай олмай қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ жойга келиб турдилар ва у зот эшитадиган қилиб “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлган эдим. Ўзимнинг бирор нарсам ҳам йўқ. Аммо яқинлик ва меҳрларидан умидвор бўлиб сўрадим”, дедилар. Расули акрам жилмайганча “Хуш келибсиз, гапираверинг”, деб далда бериб турдилар. Бу меҳр билан айтилган сўзлар Пайғамбарнинг розиликлари аломати эди.

Меҳрибон ота қизларининг ёнига бориб, бўлган воқеани табассум билан сўзладилар ва қизларининг раъйини сўрадилар. Фотима бошда сукут сақлаб тураверди. Ниҳоят, “Эй отажон, Қурайш ичидан менга шу камбағал йигитдан бошқа кишини тополмадингизми?” деб сўради. Расулуллоҳ қизларининг бу сўзларини эшитиб “Эй Фотима, сизни ҳақиқатда Аллоҳ ҳамда Унинг Расули эрга беряпти”, дедилар. Фотима “Ундай бўлса, мен Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган кишини қабул қиламан”, деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундан кейин Алини чақиртириб келдилар ва у кишига оғир ботмайдиган қилиб “Маҳрга бирор нарсанг борми?” дедилар. “Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули”, деб жавоб бердилар Али. “Ҳутамийя совутинг қани?” дедилар. “Ўзимда, эй Аллоҳнинг Расули”, дедилар. “Бўлмаса, ўшани бер” дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Али ибн Абу Толиб тезда бориб, совутни олиб келдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни сотиб, келинга сеп қилишни буюрдилар. Совутни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу етмиш тўрт дирҳамга “сотиб олди”. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу пулни келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қўйдилар. У зот муборак қўллари билан пулларни олдилар ва бир қисмини Билол розияллоҳу анҳуга бериб, атир ва хушбўй нарса сотиб олиб келиш учун топширдилар. Қолганини Умму Салама розияллоҳу анҳога бериб, келинга керакли нарсаларни сотиб олишни тайинладилар. Сўнг ра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам саҳобаларини чақириб, қизлари Фотимани Али ибн Абу Толибга тўрт юз мисқол кумуш маҳри билан, қойим суннат ва вожиб фаризат шарти билан никоҳлаб бераётганларига уларни гувоҳ қилдилар. У зот никоҳ хутбасини келин-куёвнинг ҳақларига дуо қилиш, уларга бахт-саодат ва солиҳ зурриёт тилаш билан тамомладилар. Маросим охирида эса меҳмонларга бир идишда хурмо қўйилди. Саъд ибн Муоз қўй олиб келди, саҳобалар жўхори ва бошқа егуликлар топишди.

Ҳижратнинг иккинчи йили, Бадр урушидан сўнг Пайғамбарнинг суюкли қизлари шу тариқа ҳазрат Али хонадонига келин бўлди. Ҳаннод Динаврий шайх Шаъбийдан шундай воқеани келтиради: “Ҳазрат Али айтадилар: “Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотимага уйланганимда менинг ҳам, унинг ҳам бир қўй терисидан (пўстакдан) бошқа тўшагимиз йўқ эди. Кечаси устида ухлар эдик, кундузи унда сувчи туяга ем берардик. Менинг ундан (Фотимадан) бошқа хизматчим йўқ эди”. Қарангки, Набий алайҳиссалом Фотимани никоҳлаб берганларида у билан бирга теридан бўлган тўшак, ичига хурмо қипиғи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиши ва иккита мешча юборган эканлар. Ҳатто янги келин-куёв яшайдиган хона ҳам бировдан ижарага олинган бўлиб, Масжиди Набавиядан анча олисда эди, кейинчалик уларни яқинроқ жойга кўчириб келишди. 

Аллоҳнинг суюкли Пайғамбари, бутун мусулмон оламининг раҳбари ва йўлбошчиси, Яратган Зот “Агар хоҳласангиз, тоғларни олтинга айлантириб бераман”, деб ваъда қилиб турган инсон энг суюкли қизларига қўша-қўша кўрпа-тўшаклар, кўплаб чорва моллари, керагича уй жиҳозлари, сон-саноқсиз кийим-кечакларни сеп қилиб беришлари мумкин эди. Бутун Мадина аҳлини, ҳатто бошқа ўлкалардан меҳмонларни чорлаб, шоҳона тўйлар қилиб беришлари мумкин эди. Аммо у зот бундай қилмадилар. Чунки бунга ахлоқлари йўл қўймас эди, динлари, диёнатлари ижозат бермас эди. Аксинча, қизлари ва куёвларини камтарликка чақирдилар, буюк қаноатга йўлладилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу камбағал ва мол-дунёдан этак силкканлари учун ёш оиланинг ҳаёти етишмовчилик ва машаққатларга тўла ўтарди. Ҳазрат Алининг ўзлари шундай ҳикоя қиладилар: “Бир неча кунгача бизнинг хонадонда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ҳам бирор нарса қолмай, машаққат чекдик. Кўчага чиқсам, йўлда бир динор тушиб ётибди. Бир муддат “уни олсаммикан ёки олмасаммикан” деб ўйланиб турдим. Кейин аҳволимизнинг оғирлигини ўйлаб, уни олдим. Савдогарларнинг олдига бориб, ун сотиб олдим ва Фотима розияллоҳу анҳонинг олдига олиб келиб, “Хамир қилиб, нон ёп”, дедим. У хамир қилишга тушди. У заифлигидан хамир қилаётганида пешона сочи жомнинг чеккасига тегиб кетай дер эди. Охири у нонни пиширди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, бу хабарни айтдим. У зот “Еяверинглар, у Аллоҳ таоло томонидан сизларга берилган ризқдир” дедилар”.Бир куни ҳазрат Али Фотимага “Аллоҳ ҳақи, қудуқдан сув тортавериб, кўкрагим оғриб кетди.Аллоҳ отангга бир қанча асирлар берган, бориб, бирорта хизматчи сўрасанг қандай бўларкан?” деди. Фотима “Мен ҳам тош тегирмонни айлантиравериб, қўлларим қавариб кетди” деди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга “Нимага келдинг, қизим?” дедилар. “Сиздан ҳол-аҳвол сўрагани келган эдим”, деди Фотима ва у зотдан сўрашга уялиб, ортига қайтди. Али хотинининг қуруқ қайт ганини кўриб, “Нима бўлди?” деди. “У зотдан ҳожатимни сўрашга уялдим”, деди. Кейин икковлари биргалашиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига боришди ва Али “Эй Аллоҳнинг Расули, қудуқдан сув тортавериб, кўкрагим оғриб кетди”, деди. “Мен ҳам тош тегирмонни айлантиравериб, қўлларим қавариб кетди. Аллоҳ сизга асирларни ва кенгликни берганини билиб, “Бизга бир хизматчи беринг” деб келдик”, деди Фотима. “Аллоҳга қасамки, сизларга бериб, суффа аҳлини оч ҳолатда қўя олмайман. Мен уларга бергани нафақа топа олмай турибман. Асирларни сотиб, тушган маблағни ўшаларга ишлатмоқчиман”, дедилар. Икковлари бўшашиб ортларига қайтиб кетишди. 

Эр-хотин оёқларини ёпишга етмайдиган калта тери ёпинчиқларига кириб ётганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдига келдилар. Улар сапчиб ўринларидан туришди. У зот алайҳиссалом: “Жойингиздан қимирламанг! Мен сизлар сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсанинг хабарини берайми?” дедилар. “Ҳа”, дейишди. “Бир калималарни менга Жаброил ўргатди. Ҳар намоздан кейин ўн марта Аллоҳга тасбеҳ айтасизлар. Ўн марта ҳамд айтасизлар. Ўн марта такбир айтасизлар. Тўшакларингиздан жой олганингизда эса ўттиз уч марта тасбеҳ айтинглар. Ўттиз уч марта ҳамд айтинглар. Ўттиз тўрт марта такбир айтинглар”, дедилар у зот. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганимдан буён уларни тарк қилганим йўқ”, деди”

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари ҳазрат Фотима бир куни касал бўлиб қолди. Негадир кўнг ли анор тусади. Буни эри ҳазрат Алига айтди. Ҳазрат Али бозорга чиқиб, бир дона анор сотиб олдилар. Чунки пуллари фақат шунга етди. Бозордан қайтаётсалар, йўлда тиланчи учраб, қўлларидаги анорни сўради. Имон ва ҳаёлари қўймай, анорни иккига бўлиб, ярмини гадога бердилар. Тиланчи хурсанд бўлди. Уйга келиб, ҳазрат Али анорнинг ярмини аёлларига бердилар ва узр сўрадилар. Ҳазрат Фотима узрни қабул қилиб, “Аллоҳ сиздан рози бўлсин, ажр-мукофот берсин”, деди. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмаган ҳам эдики, эшик тақиллаб қолди. Ҳазрат Али очиб қарасалар, эшик олдида Салмон Форсий турибдилар. Қўлларидаги идишда тўққиз дона анор. “Бу анорларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бериб юбордилар”, дедилар Салмон. “Бўлиши мумкин эмас, агар Расулуллоҳ бериб юборганларида ўн дона бўлиши керак эди. Чунки Аллоҳ бир яхшиликка ўн яхшилик берилади, деган”. Шунда Салмон Форсий чўнтакларидан ўнинчи анорни чиқариб, “Биттасини баракот учун олиб қолган эдим”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёвлари ҳазрат Алига меҳрлари ва муҳаббатлари ниҳоятда катта эди. Буни қуйидаги воқеадан ҳам билиб олса бўлади. У зотнинг муҳожирлар билан ансорийларни биродарлаштиришлари Мадинаи Мунавварада биринчи қилган ишларидан бири бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни диндош биродарлар деб эълон қилганларидан сўнг муҳожирлардан ҳар бир кишини ансорийларнинг бири билан ака-ука қилиб қўйдилар. Бу диний биродарлик муносабатлари қариндошлик, туғишганлик алоқаларидан ҳам устун саналадиган бўлди. Улар ҳамма масалаларда, ҳатто мерос масаласида ҳам мана шу алоқага таяниб иш кўрадиган бўлишди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу эса мени қайси ансорий билан биродар қилиб қўяркинлар деб бошлари қотган эди. Дўстлаштириш иши охирлаб қолганида ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Алининг биродари кимлигини айтмадилар. Шунда Али икки кўзидан ёш тўкиб келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, саҳобаларингизни биродар қилдингиз. Мен билан бирортани биродар қилмадингиз?!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга “Сен менинг бу дунёдаги ва охиратдаги биродаримсан!” дедилар”.

Шу тариқа Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга бошқа ҳеч кимга насиб этмаган улкан бахт, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари билан икки дунёлик ака-укалик насиб этди. Бу бошқа ҳеч кимга насиб этмаган олий ва кам учрайдиган бир мақом эди!

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тиловат йўналишида қатнашувчи қорилар билан танишинг!

115 22:00 01.03.2021

Саудия Арабистони армиясида энди аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин

179 21:30 01.03.2021

Помпейда беҳаё безакли арава топилди

919 21:00 01.03.2021

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

411 20:30 01.03.2021

Журналист, блогер ва ижтимоий фаол инсонлар алоҳида қатламми?

148 18:44 01.03.2021

Теҳрон ядровий битим бўйича музокарани рад этди. Вашингтон афсусда

392 14:34 01.03.2021
« Орқага