Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (42-қисм)

717

ШИЖОАТ ВА ҚАҲРАМОНЛИК

Тарихчиларнинг ёзишича, ҳазрат Али ўта жасур, шижоатли, қўрқмас ва паҳлавон киши эдилар. Бадр жангида у киши мардларча жанг қилиб, Қурайш мушрикларининг баҳодирларидан Валид

ибн Утайбани калласини танадан жудо қилиб, ҳалок этгандилар. Ана шу улуғ муҳорабада амакилари Ҳамза билан биргаликда душман томоннинг кучли жангчиларидан Утба ибн Рабиага шердек ташланиб, уни ҳам нариги дунёга жўнатган эдилар. Шунингдек, Ҳунайн ғазотида ҳам ҳазрат Алининг катта қаҳрамонликлари намоён бўлди.

Бу жангда ҳазрат Али мушрикларнинг қўрғонини вайрон қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарнинг яҳудий аҳолисига қарши жанг қилганларида ҳазрат Алининг яна бир жасорати намоён бўлди. Яҳудийларнинг Наъим қўрғонини қўлга олишда Пайғамбар алайҳиссалом бир неча улуғ саҳобийларга байроқни бердилар, аммо қўрғон қўлга киритилмай, барчаларининг қўлларидан байроқ ерга тушди. Саҳобалар бўлган воқеани Расули акрамга етказиб келишди. Шунда у зот алайҳиссалом “Мен байроқни эртага шундай кишига топшираманки, у Аллоҳни ва Унинг Расулини севади, Аллоҳ ва Расул ҳам у кишини севади”, дедилар. Барча саҳобалар бу сўзларни эшитгач, “ана шундай саодатманд одам мен бўлсайдим”, деган ширин орзулар билан тонг оттиришди. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммадан илгари “Али қаерда?” деб сўрадилар. “Унинг кўзлари оғриб қолибди”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ Алини чақиртириб келдилар, кўзларига муборак тупукларидан суртиб қўйдилар. Аллоҳнинг изни билан ўша онда кўзлари бутунлай тузалиб қолди. Кейин Алининг қўлига байроқни топшириб, дуо қилдилар. Шундан кейин ҳазрат Али Хайбар яҳудийлари билан мардона жанг қилиб, уларни бутунлай тор-мор этдилар ва улкан зафар билан қайтиб келдилар. Мусулмонларнинг Хайбарда сон жиҳатидан ўзларидан бир неча баробар кўп бўлган яҳудийлар устидан ажойиб ғалабага эришишларида қўшин етакчиси ҳазрат Алининг ҳиссалари катта бўлган. Ҳижратнинг учинчи йили шаввол ойида Уҳуд жанги бўлди. Унда Аллоҳ таолонинг лашкарлари ўз динлари ва ватанларини ҳимоя қилиб, тоғутнинг лашкарлари устига шердек ташландилар.

Аллоҳнинг лашкарлари орасида “шери Худо” лақабини олган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фидокорликлари билан алоҳида ажралиб турар эдилар. Ҳазрат Алининг баҳодирлиги, шижоати ва душманга бўлган нафрати ибратга ло йиқ эди. У киши кескир қиличларини ҳавода ўйнатиб, “Аллоҳу акбар!” дея мушрикларнинг бошига тинмай ажал уруғини сочар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилич эгасини тақдирлаб “Зулфиқордек қилич йўқ, Алидек йигит йўқ”, деганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг Ислом байроғини баланд кўтариб, азиз қилиб, ҳилпиратиб бораётганини кўрган мушрикларнинг байроқдори “Яккама-якка олишадиган борми?” деб бақирди. Жангга берилиб кетган мусулмонларнинг бирортаси бунга эътибор бермай, ўз ишини давом эттираверди. Бу ҳолни кўрган мушрикларнинг байроқдори “Сиз ўзингиздан қатл бўлганларни жаннатга, бизникиларни дўзахга киради, деб даъво қилар эдинглар-ку! Қани, менга бирортангиз чиқинг-чи!” деб бақирди. Унинг бу гаплари Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг сабрларига нуқта қўйди. У киши “Мен сенга қарши чиқдим, эй Абу Саъд ибн Абу Талҳа! Мен билан яккама-якка олишиб кўр, эй Аллоҳнинг душмани!” деб наъра тортдилар.

Орада ҳаёт-мамот олишуви бошланди. Икковлари бир-бирларига зарба бера бошладилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ишни чўзишга вақтлари йўқ эди. Шунинг учун биринчи имкон туғилиши билан мушрикнинг жон томирига зулфиқор қиличлари билан қаттиқ зарба берган эдилар, у дод солиб йиқилди. Жанг қоидаси бўйича Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ғолиб сифатида қулаган душманга яна бир зарба беришлари керак эди. Аммо у киши шундай қилиш учун интилиб энгашдилар-у, лекин зарба бермай, қайтдилар. У киши ўлаётган мушрикнинг аврати очилиб қолганини сезганларидан унга кўзим тушмасин деб шундай қилган эдилар.

Ҳижратнинг бешинчи йили бўлган Хандақ (Аҳзоб) урушида ҳам ҳазрат Али бемисл жасорат кўрсатдилар. Машҳур Хандақ ғазоти пайти Исломга қарши турган барча фирқалар тўпланиб, янги динни ер юзидан йўқ қилиш мақсадида, Абу Суфён бошчилигида Мадинага бостириб киришганди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан маслаҳатлашиб, шаҳар атрофига хандақ қазиш, шаҳарни унинг ортидан туриб ҳимоялаш режасини туздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч минг кишилик мусулмон лашкари билан Салъ деган манзилдан ўтиб, ўша жойга қароргоҳ қуришди. Душман билан уларнинг ўрталарида хандақгина бор эди.

Қурайшликларнинг баъзилари хандақдан ўтиб, мусулмонларга яқинлашдилар. Буларнинг орасида Икрима ибн Абу Жаҳл, Бани Махзумдан бир неча киши ва Амр ибн Абду Вурд Омирий бор эдилар. Қурайшликлардан Амр ибн Абди Вурд Омирий мусулмонларни яккама-якка олишувга чақирди. Ҳазрат Али икки марта у билан олишувга чиқмоқчи бўлдилар, аммо икки сафар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини қайтардилар. Амр мусулмонларни очиқчасига айблай бошлаганидан кейин ҳазрат Али унга қарши чиқдилар. Икковлари тўқнашган пайт да ҳазрат Али Амрга “Эй Амр, қурайшлик бирор киши сени икки нарсага чақирса, яхшисини олишга Аллоҳга аҳд қилган эдинг-ку?!” дедилар. “Тўғри” деди Амр. “Мен сени Аллоҳга, Унинг Расулига ва Исломга чақираман”, дедилар Али. “Менга уларнинг кераги йўқ”, деди Амр. “Мен сени олишувга чақираман”, дедилар Али. “Нима учун, эй жиян? Аллоҳга қасамки, мен сени ўлдиришни хоҳламайман”, деди у. “Мен эса сени ўлдиришни истайман”, дедилар Али. Шунда Амр қизишиб кетди ва эгардан тушиб, отини сўйиб юборди. Али билан жангга ҳозирланди. У Али томонга шаҳд билан юрди. Олишув бошланди. Амр қилич солган эди, ҳазрат Али қалқон билан тўсдилар. Аммо қилич қалқонни ёриб ўтиб, Алининг бошларини яралади. Али ўз навбатида зулфиқор қиличи билан кучли зарба бериб, Амрни ҳалок этди. Мусулмонлар такбир айтишди, қолган мушриклар орқаларига тумтарақай қочишди. Кейинчалик ҳам мушриклар бир неча бор хандақдан ўтишга уриниб кўришди, аммо ҳар сафар қаттиқ қаршиликка учраб, ортга қайтишди.

Маккани фатҳ этиш тайёргарлиги бошланди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага ўзларининг ҳам, мусулмонларнинг ҳам ғалаба ила ғурурланиб эмас, хокисорлик билан, Аллоҳнинг берганига шукр қилган ҳолда киришларини истар эдилар. Бу ишнинг амалга ошишида байроқдорнинг ўрни катта эди. Байроқдорликни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хоҳлаганларидек адо этишга эса Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ярар эдилар. У киши Пайғамбар алайҳиссалом топширган вазифани шараф билан бажардилар. Ҳазрат Али Ҳунайн, Тоиф ва бошқа муҳорабаларда ҳам жасур саҳобаларга хос улкан жасорат, бемисл қаҳрамонлик кўрсатдилар.

Саккизинчи ҳижрий сананинг шаввол ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоиф урушини бошладилар. Тоифликлар шаҳар ичига бир йилга етадиган нарсаларни ғамлаб олиб, дарвозаларни маҳкам беркитиб, урушга катта тайёргарлик кўришган эди. Шаҳарни қамал қилиш бошланди. Орада баъзи ҳарбий ҳаракатлар бўлса ҳам маълум муддат қамалдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом лашкарларига ортга қайтишга амр бердилар. Худди шу вақтда Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг шарафларини яна ҳам улуғлайдиган бир иш бўлиб ўтди. Қандай иш содир бўлгани қуйидаги ривоятда келади. “Жобир розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Тоиф куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алини ўзларига чорладилар ва сирли суҳбатлашдилар. Одамлар “У зотнинг амакилари ўғли билан бўлган сирли суҳбатлари роса чўзилди-ку”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “У билан мен сирли суҳбатлашганим йўқ. У билан Аллоҳ сирли суҳбатлашди”, дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни жанглардаги мардлиги ва қаҳрамонлиги, Исломдаги қатъияти ва илмдаги пешқадамлиги учун ниҳоятда севар, унга қарши айтилган ҳар бир гапни гўё ўзларига қаратилгандай қабул қилардилар. Ғазотлар чоғида содир бўлган ушбу воқеа ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳазрат Алига яқин муносабатларини яққол кўрсатади. У зот алайҳиссалом ҳазрат Алини бир неча жангчи гуруҳлар, яъни сарияларга бошлиқ қилиб, алоҳида топшириқлар билан ҳам юришларга юборганлар.

Бу сарияларнинг энг каттаси Яманга юборилган эди. Уларнинг ҳаммасида ҳазрат Али Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ўзларига юкланган вазифаларни шараф билан адо этганлар. Аммо ана шу сария юришида бир воқеа содир бўлганки, у ҳам ҳазрат Алининг Аллоҳнинг Пайғамбари олдиларидаги ҳурмати ва мақоми нақадар улуғ бўлганини намойиш этди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир лашкар юбориб, унга Алини амир қилдилар. У сария билан жўнаб кетди. У ерда бир жория тутди. Шерикларига бу иш ёқмади. Саҳобалардан тўрт нафари юришдан қайтишганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар беришга келишиб олишди. Мусулмонлар сафардан қайтишганида зиёратни аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлар эдилар. Келиб, у зот алайҳиссаломга салом берар, сўнгра юкларининг олдига қайтиб кетар эдилар. Сария қайтиб келганида жангчилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом беришди ва ҳалиги тўрт кишидан бири туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули, Алини кўрмайсизми?! У ундай қилди, бундай қилди”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан юзларини ўгириб олдилар. Кейин иккинчиси туриб, аввалгисининг гапини қайтарди. У зот ундан ҳам ўгирилиб олдилар. Кейин учинчиси туриб, иккисининг гапига ўхшаш гап айтди. У зот ундан ҳам ўгирилиб олдилар. Кейин тўртинчиси туриб, олдингиларнинг гапини такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга юзландилар. Юзларидан ғазаблари билиниб турар эди. У зот “Алидан нима истайсизлар?!” деб уч маротаба такрорладилар. Сўнг “Али мендандир, мен ундандирман! У мендан кейин ҳар бир мўминнинг валийсидир!” дедилар”.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тиловат йўналишида қатнашувчи қорилар билан танишинг!

127 22:00 01.03.2021

Саудия Арабистони армиясида энди аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин

192 21:30 01.03.2021

Помпейда беҳаё безакли арава топилди

978 21:00 01.03.2021

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

426 20:30 01.03.2021

Журналист, блогер ва ижтимоий фаол инсонлар алоҳида қатламми?

155 18:44 01.03.2021

Теҳрон ядровий битим бўйича музокарани рад этди. Вашингтон афсусда

399 14:34 01.03.2021
« Орқага