Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (43-қисм)

865

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМДАН СЎНГ

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб, Ислом дунёси чуқур хавотир ва қайғуга кўмилганида ҳазрат Алининг яна бир гўзал фазилатлари намоён бўлди. Ислом уммати қаршисида “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ишларини энди ким давом эттиради?” деган улкан муаммо пайдо бўлган эди. Мана шундай таҳликали дамларда Абу Бакр Сиддиқнинг кўрсатган ҳайбати ва жиддийлиги бўлмаганида, бир гуруҳ саҳобаларнинг Набий алайҳиссаломнинг куёвлари ваэнг яқин кишилари сифатида Ҳазрат Алига байъат қилиш, яъни у кишини Ислом давлатининг раҳбарлигигига тайинлаш ҳақидаги таклифларини ҳазрат Али қатъият билан рад этмаганларида ишлар нима билан тугашини ҳеч ким билмас, Ислом уммати парокандалик ва тафриқа ботқоғига ботиб кетиб, ҳали-бери ундан чиқа олмаган бўлар эди.

Пайғамбар алайҳиссалом вафот этганларида ҳазрат Али чопонларига ўраб қўйилган у зотнинг бир ёнларида ўтирган эдилар. Бошқа томонда амакилари Аббос ҳамда амакиваччалари Фазл ва Қусам ўтиришарди. Шу вақтда Аббос “Эй Али, қўлингизни беринг, мен сизга байъат қиламан. Одамлар Расулуллоҳнинг амакилари амакиваччаларига байъат бераверади, дейишади” дедилар. Бунга жавобан Али кўзларини муборак жасадга қаратган ҳолда “Эй амаки, биз Расулуллоҳ билан машғулмиз, у зотни жанозага тайёрлашимиз керак, зарури шу!” дедилар. Худди шу пайтда мусулмонлар Бани Сақифага қарашли соягоҳда халифа масаласини ҳал этиш тўпланишган бўлиб, ўшанда машварат ҳамманинг Абу Бакр Сиддиққа байъат қилиши билан якун топганди. Ушбу кенгашда ҳазрат Али ҳам, Бани Ҳошимдан бошқа бирор киши ҳам иштирок этмади. Чунки улар халифаликка бошқалардан кўра, бизлар ҳақлимиз, деган фикрда эдилар. Ҳазрат Али халифа тўғри сайланганига қаноат ҳосил қилганларидан кейингина Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар. У киши шундан кейин бу борадаги баъзи тушунмовчиликлар ва ихтилофга сабаб бўладиган ҳолатларга ҳам қаттиқ қарши турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган мерос ҳақидаги биринчи халифа билан Фотима онамиз ораларида бўлиб ўтган тушунмовчиликда икки тарафни яраштиришга ҳам айнан ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаракат қилдилар.

Абу Бакр Сиддиқ ҳазрат Алини қизғаниб, уруш ва фатҳларга юбормадилар, маслаҳатчи сифатида ўз ҳузурларида олиб турдилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу биринчи халифа даврида иккинчи вазир бўлган бўлсалар, иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида халифага яна ҳам яқинроқ бўлдилар. Ҳеч бир шўро мажлиси у кишисиз ўтмас, халифа ҳам ҳазрат Алининг фикрларини олмай туриб, бирор катта ишга қарор қилмас эди.

Ҳазрат Умарнинг даврларида ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг бош қозиси ҳам эдилар. Ибн Саъд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб “Али орамизда энг яхши қозидир” деди”. Ибн Саъд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб Али йўқ бўлган пайтдаги қийин масалада Аллоҳнинг паноҳини сўрар эди”.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг Ислом жамиятида тутган ўринлари яна ҳам юқорига кўтарилди. Ҳазрат Усмон деярли ҳар бир ишда ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳусиз қарор қабул қилмас эдилар. Фитначиларга қарши кураш бошида ҳам Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу турдилар. Уларнинг қаршисига чиққан, улар билан тортишган ва уларни айблаган ҳам ҳазрат Али бўлдилар. У киши учинчи халифани қўриқлашга ўз ўғиллари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнларни қўйдилар.

Ҳазрат Али Пайғамбар алайҳиссаломнинг икки карра куёвлари ҳазрат Усмонни жуда қадрлар, у кишининг Исломга қилган хизматлари ҳамда ўзларининг Исломда барқарорликларини ниҳоятда ардоқлар эдилар. Аммо Ислом давлатининг манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўювчи Али ибн Абу Толиб ҳазрат Усмоннинг халифаликлари даврида одамларнинг дунёпараст бўлиб кетгани, ҳатто халифадан ҳадялар тамаъ қилаётгани, совға тегмаганлар эса халифага душманга айланаётгани каби аянчли ҳолатларга бефарқ бўлиб қола олмасдилар. Хусусан, ҳазрат Али халифага қариндош бўлган Бани Умайя қабиласи одамларининг ўз мақомларини суиистеъмол қилиб, давлат ишларида нафс бандаларига айланиб кетаётганини кўрганларида ҳазрат Усмоннинг олдига борар, мусулмонларнинг ғазабини қўзғаётган нохуш ишларни, у кишининг қариндошлари борасида одамлардан эшитган шикоятларни етказар эдилар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳазрат Али қўлларидан келган барча ишларни қилдилар. Ўз навбатида, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам ҳазрат Алининг бу хизматларидан рози эдилар.

ГЎЗАЛ ФАЗИЛАТЛАР

Ҳазрат Али моҳир саркарда, Исломнинг шижоатли байроқдори бўлиш баробарида Аллоҳдан қўрқувчи тақводор, шариат илмини яхши билувчи олим, динини пухта ўрганган фақиҳ, ҳужжатлари собит бўлувчи билимдон, дунё матоҳидан юз ўгирган зоҳид эдилар. Аллоҳнинг Расули суюкли қизларини узатаётиб, унга шундай гапларни бежиз айтмаганлар: “Эй азиз қизчам, сени имони ҳар қандай бошқа инсонникидан қувватли, илми бошқа ҳамманикидан кўпроқ, ўзи эса қавмимиз орасида ахлоқ ва шарафда афзалроқ бир кишининг олдига омонат қилиб қўйдим”. Ҳазрат Али ҳамиша Аллоҳ таолонинг фикри ва зикри билан юрардилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадисларида шундай деганлар: “Мен илмнинг шаҳриман, Али унинг дарвозасидир”. Ислом миллатининг билимдонларидан Абдуллоҳ ибн Аббос “Бирор нарсани Али айтганлари бизга исбот бўлган чоғда бошқа киши нима деркин, деб турмас эдик” деганида юз бора, минг бора ҳақ эди. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб ҳам жуда кўп масалаларда ҳазрат Алининг маслаҳатларини олиб турардилар.

Ҳазрат Алининг фазилатлари ҳақида Абдуллоҳ ибн Айяш ибн Абу Робия “Алида илмда хоҳлаганингча ўткир тиши бор эди. Унинг маишатда соддалиги бор эди. Исломда қадимлиги бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аҳди бор эди. Суннатда фиқҳи бор эди. Урушда қутқариши бор эди. Молда сахийлиги бор эди” деган. Ҳазрат Али саҳобаларнинг энг улуғ олимларидан эдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида у зотга нозил бўлган ояти карималарни ёзиб борган оз сонли котибларидан бўлиш билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган ва ёд олганларини у зотга ўқиб бериб, ўтказиб олган қорилардан бири ҳам эдилар. Ҳазрат Али Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига ҳам катта илмий хизмат қилганлар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан беш юз саксон олтита ҳадиси шарифни ривоят қилганлар. Ҳазрат Алининг ниҳоятда билимдон, Исломнинг катта олими эканлари ҳақида барча замондошлари якдил фикрдалар. Масруқ розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан Умар, Али, ибн Масъуд ва Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум илмнинг интиҳосига етишган эди”. Ҳазрат Алининг илмлари шу қадар уммон эдики, буни саҳобалар ҳам яхши билишарди. Ибн Саъд Саъид ибн Мусаййибдан шундай ривоят қилади: “Саҳобалардан Алидан бошқаси “Қани, мендан сўранглар”, демас эди”.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

459 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

459 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

595 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

571 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

676 22:05 26.01.2021
« Орқага