Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (44-қисм)

574

Ҳазрат Али адолатпарварликлари билан ҳам тилларда достон эдилар. Бир куни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қимматбаҳо совутларини йўқотиб қўйдилар. Куфа бозорини айланиб юрганларида уни бир зиммийнинг қўлида кўриб:

– Бу менинг совутим-ку. Фалон куни, фалон жойда туямдан тушиб қолибди, – дедилар.

– Йўқ, совут меники. Чунки у менинг қўлимда турибди.

– Йўқ, меники. Бошқача бўлиши мумкин эмас, энди уни бировга сотма, ҳеч кимга берма ҳам.

– Келинг, яхшиси қозига борамиз, – деди шунда зиммий.

– Хайрият, инсофинг бор экан. Юр, тезроқ, – деди Али розияллоҳу анҳу.

Икковлон қози Шурайҳнинг ҳузурига боришди. Али розияллоҳу анҳу даъвосини сўзлади. Шурайҳ зиммийга қараб:

– Хўш, сен нима дейсан? – деди.

– Совут меники, чунки у менинг қўлимда, бироқ мўминлар амирини ёлғончи деб ҳам ўйламайман.

Қози Али розияллоҳу анҳуга қарата:

– Сизнинг гапингизга шубҳам йўқ, эй мўминлар амири. Совут сизникилигига ишонаман. Аммо даъвонгиз исботи учун иккита гувоҳ лозим, – деди. Шунда Али розияллоҳу анҳу мавлоси (озод қилинган қули) ва ўғли Ҳасан гувоҳлик беришини айтди.

– Ўғилнинг отага гувоҳлиги ўтмайди, – деди қози.

– Субҳаналлоҳ! Наҳотки жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги ўтмаса? Балки сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир” деганларини эшитмагандирсиз?

– Эшитганман. Аммо боланинг отасига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Шунда Али розияллоҳу анҳу зиммийга қараб:

– Ол, ола қол шуни. Менинг бошқа гувоҳларим йўқ, – деди.

Бундан таъсирланган зиммий:

– Лекин мен, эй мўминлар амири, совут сизники эканига гувоҳлик бераман, – деди ва сўзида давом этди: – Эй Аллоҳ, ўз қозиси ҳузурида халифа ҳақ-ҳуқуқ талашди. Қози менинг фойдамга ҳукм чиқарди. Мен бу дин ҳақ эканига, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва Расули эканига иқрорман. Эй қози жаноблари, совут ростдан ҳам амирул мўмининникидир. Мен Сиффинга кетаётган қўшин изидан бориб, йўлдан уни топиб олган эдим.

Ҳазрат Али мусулмон бўлган зиммийга шундай дедилар:

– Сен мусулмон бўлдинг. Совут сенга совға. Мана бу отни ҳам қўшиб бераман. Олақол.

ХАЛИФАЛИК ЙИЛЛАРИ

Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийдан шундай ривоят қилади: “Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинганида отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари келиб ҳазрат Алига “Анави киши қатл қилинди, энди одамларга имом лозим. Бугунги кунда бу ишга сендан кўра ҳақли одам йўқ. Сендан аввал Исломга кирган ҳам йўқ. Сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин ҳам йўқ”, дейишди. “Бундай қилманглар, менга вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир”, деди. “Аллоҳга қасамки, сенга байъат қилмай қўймаймиз”, дейишди. “Ундай бўлса, фақат масжидда, менга байъат махфий бўлмаслиги керак. Менга байъат фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак”, деди”. Тўпланганлар бу сўзларни эшитиб, “Биз кеча сиз билан нима ҳақда келишган бўлсак, ўша қарорда қатъиймиз. Аллоҳнинг Китоби билан сизга байъат берамиз. Аллоҳим, Ўзинг гувоҳ бўл!” деб бараварига баланд овозда қичқиришарди. Биринчи бўлиб улуғ саҳобийлардан Талҳа ибн Убайдуллоҳ, сўнгра Зубайр ибн Аввом, кейин эса ўша ерда ҳозир бўлганлар бирин-кетин Алининг олдига бориб, байъат беришди.

Сўнгра Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу минбарга чиқиб, халифа сифатида биринчи хутбаларини қилдилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтганларидан кейин тўпланганларга шундай мурожаат қилдилар: “Аллоҳ азза ва жалла ҳидоят қилувчи Китоб нозил қилган. Унда яхшилик ва ёмонлик баён қилинган. Демак, яхшиликни олингиз, ёмонликни қўйингиз! Аллоҳнинг фарзларини адо қилсангиз, У Зот сизга жаннатни беради. Аллоҳ таоло томонидан устингизга юкланган вазифалар бор, уларда Аллоҳ ҳаром нарсаларни маълум қилган. У Зот мусулмоннинг ҳурматини ҳамма ҳурматлардан афзал қилди. Мусулмонларни ихлос ва бирликка қаттиқ амр қилди. Одамлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган киши чин мусулмондир, фақат ҳақ билан бўлса, мустасно. Мусулмонга озор бериш жоиз эмас, фақат вожиб бўлган нарса билан бўлиши бор... Эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳнинг мамлакатлари ва бандалари борасида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, сизлар ҳамма нарса учун – ҳатто ерлар учун ҳам, ҳайвонлар учун ҳам жавобгарсизлар. Ҳамиша Аллоҳга итоатда бўлинглар, Унинг амрларига осийлик қилишдан қўрқинглар. Қаерда яхшилик бўлса, уни ривожлантиринглар, қаерда ёмонликни кўрсанглар, уни йўқотишга киришинглар. Бир вақтлардаги озчилик ва бечора ҳолингизни ҳамиша эслаб юринглар”. 

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу халифаликка ўтирар эканлар, у кишининг биринчи режалари Ислом давлатини бошқаришни ҳазрат Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг даврларида бўлган ҳолатга қайтариш эди.

Ҳазрат Али давлатни бошқарувчи киши дабдаба ва ҳашамларга берилмайдиган, тарафкашликка тиш-тирноғи билан қарши бўлган, ҳамма нарсада шариат талабларига қатъий амал қиладиган, давлат хазинасидан қариндош-уруғ, қуда-андаларга ҳадялар бермайдиган бир софдил киши бўлишини ирода қилган эдилар. Аммо жамиятдаги мол-дунё фитнасига учиб, шоҳона яшашни асл мақсад қилиб олган айрим тоифалар ҳазрат Али халифалигининг дунёнинг алдамчи жозибаларига ўралган ёлғон дабдабага ва салтанат шаҳватига маст бўлган бир подшоҳлик бўлишини исташарди. Ҳазрат Али янги ерларни фатҳ қилиш ўрнига мамлакат ичидаги ҳолатни тузатишга киришдилар. Ҳазрат Алининг халифаликни аввалги ҳолатига қайтаришга киришганлари сабабли Ислом жамиятида тортишув ва ихтилоф лар, исён ва фитналар юзага чиқа бошлади. 

Ҳазрат Алининг халифалик даврлари улкан фитналар замонига тўғри келди. Шомда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврларидан бери Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу волий бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар ва аҳоли орасида жуда катта обрўга эга эди. Ҳазрат Умар халифалиги даврида Муовия у кишидан қўрқиб турар, ҳазрат Умар ҳам унинг олиб бораётган ишлари, юритаётган сиёсати ҳақида мунтазам ҳисобот сўраб турардилар. Ҳазрат Умарнинг қаттиққўл сиёсатлари туфайли ўлкаларнинг барча волийлари (ҳокимлари) у кишининг олдиларидан ҳам, ортларидан ҳам ўзбошимчалик ёки итоатсизлик қилишдан хавфсираб туришарди. 

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

459 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

459 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

595 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

571 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

676 22:05 26.01.2021
« Орқага