Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (45-қисм)

841

Бир сафар ҳазрат Умар Муовия ибн Абу Суфённинг дабдабали ҳаёт кечираётганини, эшиги олдига соқчилар қўйиб, ҳаммани ҳам қабул қилмаётганини эшитиб қолдилар. Халифа дарҳол Муовияга “Бу нима қилиқ, тезда менга аниғини ёзиб юбор!” деб хат ёздилар. Муовия Умарнинг хатларини қалтираган ҳолда ўқиб чиқади ва шу заҳоти ушбу мазмунда жавоб ёзади: “Шом аҳли билан шу тариқа муомала қилмаса бўлмайди. Агар мўминлар амири тутаётган йўлимни ўзгартиришни истасалар, ҳеч қандай баҳонасиз дарҳол ўзгартираман”. Муовиянинг жавоби билан танишган ҳазрат Умар унга шундай мазмунда мактуб йўлладилар: “Агар рост айтаётган бўлсанг, бу одамни шакка соладиган иш, агар ёлғон айтаётган бўлсанг, албатта, бундай иш одоб беришга лойиқдир. Мен сени қил ҳам демайман, қилма ҳам демайман!” Бу воқеадан кўп ўтмай халифа Умар оддий бир отда Шом патриархи билан сулҳ шартномаси тузгани йўлга чиқдилар. Муовия буни эшитиб, ҳазрат Умарни кутиб олиш учун ўзининг кўркам ва савлатдор отига миниб, аъёнлари билан пешвоз чиқди. 

Ҳазрат Умар ўзларини интизорлик билан кутиб турган Муовияга парво қилмай, уни халифага пиёда эргашган ҳолида ташлаб кетавердилар. У пиёда юраверганидан ҳолдан тойган, терга ботган, қаттиқ мадордан кетганидан қадам босишга ҳам ҳоли қолмаган эди. Волийнинг аҳволига раҳми келган Абдураҳмон ибн Авф ҳазрат Умарга айтди: “Эй мўминлар амири, орқангиздан кетаётган киши тамоман ҳолдан тойди, унга бирор нарса десангиз-чи!” Шундан кейингина ҳазрат Умар тўхтаб, Муовияни чақирдилар ва одамлар кўз ўнгида отларининг орқасига суяб қўйдилар. Ҳазрат Умар даврларида Муовиянинг волийлик иши ана шундай қаттиқ назорат остида эди. Аммо юмшоқкўнгил ҳазрат Усмон даврларида ҳоким бутунлай ўзгариб кетди. Мол-дунёга ружу қўйди, ҳашаматли ҳаёт тарзига ўта бошлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан аввал барҳам берган жоҳилият тарафкашлиги аста яна ўзини кўрсата бошлади. Волий ўзи учун ҳам, келгуси авлодлари учун ҳам халифаликни мол-мулк қилиб олишга тайёргарлик кўра бошлади. Волийликда қўллаётган иш услублари ёмонлигидан одамларга ёқмас, адолат мезонлари бузила бошлаган эди. Муовиянинг сиёсати билан унинг яқин қариндоши, ҳазрат Усмоннинг вазири ва маслаҳатчиси, хаворижларни ҳазрат Усмонга қарши қилиб қўйган Мавлон ибн Ҳикамнинг сиёсати бир хил эди. Шунинг учун ҳам ҳазрат Али халифаликка сайланганларидан кейиноқ волийларни вазифасидан бўшатишга қарор қилдилар. Улардан биринчи навбатда Муовияни ишдан олиш режаси қатъий эди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қатл этилганлари ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда у янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди. Муовия ҳазрат Усмоннинг ўлимларида ҳазрат Алининг ҳам айблари бор деб тушунарди. у Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг лашкари ичида фитначилар борлигини ҳам айб ҳисоблар эди. Муовия бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмасдан аввал тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг ҳузурига Собрата Жуҳанийни юбориб, ундан ўзига байъат қилишни талаб қилди. Муовия ибн Абу Суфён бу талабга ҳеч қандай жавоб бермади... Ўртадаги тушунмовчиликлар ва фитначиларнинг ҳийла-найранглари оқибатида икки улуғ саҳоба ўртасида кескин келишмовчиликлар юзага чиқди ва фитна туфайли бошланиб кетган тўқнашувларда жуда кўп мусулмонларнинг қони тўкилди. Ана шу фитначилар келтириб чиқарган Сиффин жанги ва Жамал воқеаси Ислом тарихининг энг нохуш воқеаларига айланди...

Ҳазрат Али Муовияни вазифасидан бўшатишга киришганида таниқли саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Муғийра ибн Шуъба, Зайд ибн Ҳамза кабилар ҳазрат Алининг олдиларига кириб, у кишига насиҳат қилишга тушишди. Буларнинг уччовлари ҳам ишбилармон, тадбиркор кишилар эди. Муғийра ибн Шуъба ҳазрат Алига “Эй Али, итоат эттириш ва насиҳат қилиш ҳақи, албатта, сизники. Эртанинг ғамини бугундан еган маъқул. Агар бугун нима йўқотилса, эртага ҳам ўша йўқотилади. Муовияни ўз ишида қолдиринг, бошқа амалдорларни ҳам вазифасидан четлатмай туринг. Токи ҳамма сизга итоат қилиб бўлгач, ҳарбийлар ҳам сизга қасамёд этиб бўлганидан кейингина хоҳлаганингизни алмаштираверасиз, хоҳлаганингизни эса ишида қолдираверасиз”, деди.

Муғийранинг бу гапларига жавобан ҳазрат Али “Мен дилимда лаганбардорлик қилмайман ва ишимни пасткаш кишиларга ҳам топширмайман”, дедилар. Муғийра яна ҳазрат Алига ялинишга тушди: “Майли, кимни хоҳласангиз, бўшатинг-у, аммо Муовияни ўз ишида қолдириб туринг!” Ҳазрат Али насиҳатчиларга қарата жиддий ҳолатда “Аллоҳга қасамки, Муовияни бир кун ҳам вазифасида қолдирмайман”, дедилар. Ҳазрат Алининг бу қадар кескин жавобларига қарамай, Абдуллоҳ ибн Аббос ҳазрат Алига қараб шундай деди: “Эй Али, Муовия ҳамда унинг яқинлари давлатманд кишилардир. Уларни ўз ишларида қолдирсангиз, кимни волий этилса ҳам, унга бўйсунишади. Агар вазифасидан бўшатсангиз, улар “ишни Али ўзича маслаҳатсиз эгаллаб олган” деб гап тарқатишади. Мана шундай миш-мишу туҳматлар сабабли биродаримиз Усмон ўлдирилдилар. Уларнинг бари халқни сизга қарши қайрашади. Натижада Шом ва Ироқ аҳли қўзғолон қилиб юборишади”. Ибн Аббос сўзларини тугатганларидан кейин ҳазрат Али уларнинг бирорта маслаҳатини ҳам қабул қилмай, аксинча, олдингидан қатъийроқ қилиб “Эй ибн Аббос, мен билган ҳақиқат ва маърифат уни ўз вазифасида қолдиришга йўл қўймайди. Агар улар яхшиликча таклифимни қабул қилиб, ишни топширишса, ўзларига яхши бўлади. Қай бирлари бундан бўйин товлайдиган бўлса, гарданларида қилич бўлади”, дедилар.

Иш борган сари кучайиб, зиддиятга тўлиб борарди. Ҳазрат Алининг яна бир фармойишлари айрим одамларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлди. У киши ҳазрат Усмон томонидан баъзи кимсаларга берилган ерлар ва мулкларни мусодара қилдириб, Байтул молга топширишни буюрдилар. Бу ҳам ўз-ўзидан айримларга ёқмади, ким ҳам қўлидаги мол-мулкдан осонгина ажрашни ёқтирарди?

Бу орада яна бир нохуш воқеа содир бўлиб, яна ҳазрат Алининг обрўси ва шаънига қарши ишлади. Маълумки, бу пайтларда мўминлар онаси Ойша розияллоҳу анҳо ҳаж фарзини адо этиш мақсадида Мадинадан чиқиб кетган эдилар. Бунга бир жиҳатдан халифа Усмоннинг юритган сиёсатларидан ҳамда яқинларининг қилган ишларидан ранжиб қолганлари ҳам туртки бўлган эди. Аллоҳ таолонинг иродасига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин бўлган кишилар қаттиқ фитнага ва синовга дуч келишган эди.

Ҳазрат Усмонга қарши фитна ниҳоятда кучайиб кетганида баъзилар ҳазрат Ойшанинг олдиларига келиб, “Эй мўминлар онаси, Усмоннинг олдиларига бориб, у кишини ҳимоя қилсангиз, яхши бўларди, балки, шунда муаммоларни ҳал этиш имкони туғилармиди?!” дейишди. Аммо ҳазрат Ойша бу таклифни қабул қилмадилар. Боз устига, Мадинани ташлаб чиқиб кетдилар. Маккада ҳаж фарзларини тугатганларида ҳузурларига улуғ саҳобалардан Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ келиб, ҳазрат Алининг халифа этиб сайлангани хабарини етказишди. Буни эшитган ҳазрат Ойша “Кошки, бу иш Алига топширилмай турганида эди, Усмон зулм туфайли ўлдирилди, мен, албатта, унинг қонини талаб этаман”, дедилар.

Бу гап Зубайрга ҳам, Талҳага ҳам, ҳазрат Ойшанинг сингиллари Асмонинг ўғли Абдуллоҳга ҳам маъқул келиб қолди. Зеро, Зубайр ва Талҳа халифаликка умидвор кишилардан эдилар. Ойша онамиз бу воқеаларга қарамай, Мадинага қайтишни фикрлаб турган эдилар, охири бу ниятларидан қайтдилар. Ҳазрат Ойша ўзлари билмаган ва истамаган ҳолатда Мавлон ибн Ҳикам ва унга ўхшаган бошқа мансабпарастлар ва адашган кимсаларга эргашиб қолдилар. Бу ҳолат ҳазрат Али билан мўминлар онаси Ойша розияллоҳу анҳо ўртасида машъум “Жамал” (туя) жангининг келиб чиқишига сабаб бўлди.

Ҳазрат Али Ислом бирлигини барпо қилиш учун кўп жон куйдирганларига қарамай, вазият тақозосига кўра, ҳатто Мадинани ҳам итоатсиз кимсалардан қутқара олмадилар. Халифаликни мустаҳкамлаш учун вилоятларни марказий давлатга боғлай олмадилар. Ҳазрат Усмоннинг қотилларини топишга, жазоларини беришга вақт ва имкон ҳам тополмадилар. Янги халифаликка тайинланган ҳазрат Али катта мушкулотлар қаршисида қолгандилар. Айниқса, икки жойда бош кўтарган мухолифлар анча тахликали ҳаракат қилаётган эди. Бири Шомда волий Муовиянинг мухолафати, бошқаси Маккада тўпланган мухолифларнинг ҳаракати эди. Маккада бирлашган мухолифлар шаҳардан чиқиб, Басрага боришди. Халифа Али ҳам атайин Басрага келдилар, Талҳа ва Зубайр билан гаплашдилар. Икки томон ўртасида келишув ҳам пайдо бўлди. Афсуслар бўлсинки, мусулмонларнинг бирлашишидан мамнун бўлмаган фасодчилар бу гўзал сулҳни бузишга ҳаракат қилдилар. Ҳамма уйқудалигида ибн Сабаъ ва унинг тарафдорлари ҳазрат Ойшанинг қўшинига ҳужум қилдилар. Икки томон ҳам ўзини иккинчи томоннинг ҳужумига учраган деб билди-да, пировардида Жамал воқеаси дейилувчи қонли фожиа бошланиб кетди.

(давоми бор) 

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тиловат йўналишида қатнашувчи қорилар билан танишинг!

115 22:00 01.03.2021

Саудия Арабистони армиясида энди аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин

182 21:30 01.03.2021

Помпейда беҳаё безакли арава топилди

927 21:00 01.03.2021

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

414 20:30 01.03.2021

Журналист, блогер ва ижтимоий фаол инсонлар алоҳида қатламми?

149 18:44 01.03.2021

Теҳрон ядровий битим бўйича музокарани рад этди. Вашингтон афсусда

392 14:34 01.03.2021
« Орқага