Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу (46-қисм)

1076

ТУЯ ВОҚЕАСИ

Муаррих ибн Асирнинг ёзишича, “Халифа Усмоннинг қони фасодчи бир жамият томонидан ноҳақ равишда ерга тўкилган. Қотиллар ушланиб, дарҳол жазоланиши керак эди. Халифаликнинг обрўйи, мусулмонликнинг шарафини қутқариш лозим. Булар қилинмас экан, Алининг халифалигини тасдиқлаш жоиз бўлмайди”, дер эдилар ҳазрат Ойша”. Маккадаги бундай мухолифлар ёлғиз Ойша, Талҳа ва Зубайрлардан иборат эмасди. Мухолифлар Али билан урушиш учун Басрага йўл олишган эди. Боз устига, икки улуғ саҳобий Талҳа ва Зубайр ҳазрат Усмоннинг қотилларини жазолаш фикрига зўр бериб, ҳазрат Алига байъат қилганларини ҳам унутиб қўйишганди.

Бироқ ҳазрат Усмон фожиасини яхши тадқиқ қилиш, қотилларни топиб дарҳол жазоларини бериш Алига осон иш эмасди. Чунки ҳазрат Алининг мунтазам қўшинлари йўқ эди. Усмоннинг энг кўп душманлари Алининг қўшини сафидан жой олишган эди. Ҳазрат Али буларни буткул даф қилолмасдилар. Бундан ташқари, ҳазрат Али иш бошига келар-келмас, Усмоннинг волийларини дарҳол ўзгартирдилар. Бу ҳолдан Али Усмонга душман экан, деган фикр туғилди ва шу туфайли халифага қарши уюштирилган исён ҳаракати машруъ ҳисоблана бошланди. Ҳазрат Али уруш қилишни хоҳламас эдилар. Ёнларидаги куфалик Қаъқоъ ибн Амрни Басрага жўнатдилар. Икки тараф ўртасида уруш чиқишига монеъ бўладиган чора топишини тавсия этдилар. Қаъқоъ Басрада ҳазрат Ойша, Талҳа ва Зубайр билан учрашди. Ораларида келишув ҳосил бўлди. Икки томоннинг ҳам ниятлари холис, тоза, шахсий манфаатлардан узоқ эди. Фақат ораларида фикрий фарқлилик бор эди. Қаъқоъ ибн Амр бу фарқлиликни ҳам кетказишга муваффақ бўлди.

Тарихчилардан Закои Кўнрапа шундай ёзади: “Ҳазрат Али Басрага кетдилар. Бу ерда керакли одамлар билан алоҳида-алоҳида кўришдилар. Ўртада ҳеч қандай ихтилоф қолмади, ҳамма ҳузур ичида уйқуга чўмди. Аммо ярим тунда тўсатдан аччиқ бир хабар билан уйғонишди. Икки қўшин бир-бири билан қаттиқ жангга киришганди. Жанг тўхтатиш мумкин бўлмаган бир ҳолатга кирган эди. Бу урушнинг бошланишига нима сабаб бўлди? Қаъқоъ Басрадан сулҳ хабари билан қайтганини кўрган ҳазрат Али нутқ сўзлаб, “Мен эртага Басрага бораман. Усмонга қарши исён кўтарганларнинг ҳеч бири мен билан келмасин!” деган эдилар, Алининг бу қаттиқ огоҳлантиришлари Сабаъия фирқасини саросимага солиб қўйди. Икки томон келишгудек бўлса, йигирма минг кишилик халифа қўшини билан ўттиз минг кишилик Макка қўшини бирлашар, мусулмонлик қувватланар, Усмоннинг қотиллари ҳам қатл қилинар эди”.

Барча тарихчилар ҳазрат Усмоннинг қатл этилишида ҳам, Жамал воқеасининг келиб чиқишида ҳам фитначи Сабаъ фирқасининг қўли бор деган якдил фикрдадирлар. Бу фирқа халифа ва унинг атрофидагилар ўртасига нифоқ ташлаш, мусулмонлар бирдамлигига раҳна солиш ва шу тариқа Ислом давлатини парчалаб ташлашни режа қилган эди. Сабаъиячилар ана шу ғаразли мақсадларига етиш учун ҳар қандай қабиҳ ишга тайёр эдилар. Бу фитначилар икки томонни бир-бири билан уруштириш учун тонгга яқин ҳазрат Ойшанинг қўшинига тўсатдан ҳужум қилишди. Кўзини очган ҳар бир аскар қуролига ёпишди, икки қўшин ўртасида уруш бошланиб кетди. Ҳеч ким нима воқеа содир бўлганини билмас, ҳамма тусмол ва тахмин ичида жангга киришиб кетганди. Икки қўшин ҳам ўзини қарши тарафнинг ҳужумига учраган деб ҳисоблар эди. Талҳа билан Зубайр “Али қон тўкмагунча бу ишдан воз кечмайди!” деб халифа ҳақида ёмон хаёлга боришди. Ҳазрат Али ҳам ғала-ғовур овозларни эшитиб, “Нима бўляпти?” дея сўраганларида Сабаъия фирқасининг жосуси “Нима бўлганини биз ҳам тушунмай қолдик. Ойша қўшинининг бир гуруҳи ярим кечада бизга ҳужум қилди. Биз ҳам ўзимизни мудофаа этдик. Мака мухолифларининг урушга тайёр ҳолда эканларининг гувоҳи бўлдик!” дея жавоб берди.

Бир томондан ҳазрат Али, бошқа томондан ҳазрат Ойша ўз тарафдорларини тинчлантиришга ҳаракат қилишар эди. Бироқ вақт ўтган, ўқ ёйидан чиққан эди. Уруш Басра яқинида, Ҳурайба деган жойда бўлди. Икки томон ўн мингдан ортиқ шаҳид берди. Мусулмонлар ҳурматли, буюк зотларини йўқотдилар. Ислом дунёсини бугунгача фасод ўти билан ёқиб қовурган ички урушларнинг бошланғичи мана шу “Жамал (туя) воқеаси” номи билан тарихда қолган “Ҳурайба жанги” бўлди.

Ҳазрат Усмоннинг қотилларини топиб, жазолаш бўйича ҳазрат Али билан у кишининг мухолифлари ўртасида келишувга борилганида икки тарафнинг сулҳга келишидан кўпчилик ниҳоятда хурсанд эди. Аммо бу гапдан қаттиқ хавотирга тушиб қолган бир тоифа ҳам бор эдики, улар ҳазрат Усмоннинг қотиллари эди. Фитначилар “Агар булар ярашиб кетса, бизнинг бошимиз кетади”, деган хавфда эди. Ҳазрат Али одамларга сулҳ ҳақида эълон қилишлари билан фитначилар талвасага тушиб қолди. Фитначиларнинг катталари зудлик билан маслаҳатга тўпланишди. Улар орасида Аштар Нахаъий, Шурайҳ ибн Авфаъа, Солим ибн Саълаба, Ғулом ибн Ҳайсам ва бошқалар бор эди. Яҳудий фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъ одатдагидай уларга бош-қош эди. Фитначилар ичида саҳобалардан бирор кишининг йўқлиги алоҳида эътиборга сазовор эди. Бу фитнанинг моҳиятини ва қаердан, кимдан келиб чиққанини кўрсатарди.

Фитначилар сулҳ тузилиши ортидан ўзларининг адолатли жазога тортилишларини яхши билишар эди. Улар қандай қилиб ҳақли жазодан жон асраб қолишнигина ўйлашарди. Ҳазрат Алининг тарафдорлари ҳам, Зубайр ва Талҳа билан бўлганлар ҳам хурсанд ҳолда уйқуга кетишди. Ҳамма тонгда тузилажак сулҳнинг орзусида эди. Аммо фитначиларга ҳаловат ва хотиржамлик ёт эди: нима қилиб бўлса-да, тонг қоронғисида уруш чиқаришга келишиб олишди. Тонг оқармай икки минг кишича бўлган фитначилар ухлаб ётган кишилар устига бирдан ҳужум бошлашди. Одамлар шошилганча қуролларига ёпишишди. Нима бўлганини ўйлаб ўтиришга, суриштиришга имкон ҳам, вақт ҳам йўқ эди. Шу тариқа сулҳ тузиб турган икки тараф ўртасида қаттиқ жанг бошланиб кетди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг одамлари йигирма минг кишидан иборат эди. Иккинчи тараф одамларининг сони ўттиз минг эди. Ўша вақтдаги шароитларда бу қадар кўп сонли одамларга бирор хабарни етказиш ёки англатишнинг ўзи иложсиз эди.

Жамал воқеаси ҳижрий 36 (милодий 656) йили бир тарафда тўртинчи халифа ҳазрат Али билан, иккинчи тарафда Пайғамбаримизнинг завжалари ҳазрат Ойша ҳамда Ашараи мубашшарадан Талҳа ва Зубайр қўшинлари ўртасида содир бўлди. Макка мухолифларидан саналган собиқ Яман волийи Яъло юз олтинга сотиб олган Асқар лақабли туяни ҳазрат Ойшага совға қилган эди. Ҳазрат Ойша бу туяга минганлари учун воқеага “Жамал воқеаси” номи берилган, бу воқеада бўлган маккалик мухолифлар эса “Жамал асҳоби” дейилган.

Бу жангда ҳазрат Алининг қўллари баланд келди. Талҳа ва Зубайр шаҳид бўлишди. Ҳазрат Ойша асирга тушдилар. Урушнинг энг шиддатли нуқтаси Ойша онамиз минган туянинг атрофида кечди. Аммо муҳорабада тўкилган мусулмон қонининг бутун масъули Сабаъия фирқаси эди. Бу фирқанинг бошлиғи, юқорида зикр қилинганидек, Абдуллоҳ ибн Сабаъ яманлик бир яҳудий эди. Буларнинг мақсади ҳазрат Ойшани ушлаб олиш, Расули акрамнинг завжаларини ҳақорат қилиш эди. Мўминлар онасининг тарафдорлари эса ҳазрат Ойшани катта жасорат ва фидокорлик билан ҳимоя қилишарди. Туя устидаги Ойша розияллоҳу анҳони муҳофаза қилаётганларнинг бири шаҳид бўлиши билан бошқа бири унинг жойини эгалларди. Шу зайлда ҳазрат Ойшанинг кўз ўнгиларида шаҳид бўлганларнинг сони етмишга етди.

Бироқ ҳазрат Али бу бемаъни муҳорабага якун ясашни истадилар. “Туяни йиқитинглар!” деб буйруқ бердилар. Айни пайтда Ойшанинг ҳаётларини сақлаб қолишни ҳам унутмадилар. Туяга орқадан ҳужум қилиниб, у ерга йиқитилди. Жанг майдонининг бошқа бир томонида уруш ва мусулмонларнинг бегуноҳ қони тўкилиши давом этар эди. Чунки одамлар ўртасида уруш чиқиб кетгач, уни тинчитишга ҳеч кимнинг кучи етмас эди. Ойша онамиз одамларни тинчитиш ниятида чиқдилар. Икки бошлиқлари майдонни ташлаб чиқиб кетганидан кейин енгилган басраликлар қайтиб кетаётиб, Ойша онамизга дуч келдилар ва у кишини ҳимоя қилиш мақсадида ўраб олдилар. Уруш тўхташидан қўрққан фитначилар Ойша онамизни кўриб, ўзларига қулай фурсат туғилганини билдилар ва бузуқ ниятларини амалга оширишга киришдилар. Фитначилар Ойша онамизга қараб ҳужум бошлашди. Уларни кўрганлар Алининг одамлари бўлса керак, деб ўйлашар эди.

Нариги тараф Ойша онамизнинг ҳавдажлари ўрнатилган туяни нишон қилиб олишган эди. Жанг, асосан, ўша туя атрофида борар эди. Ҳазрат Али ўша туя йиқилмагунча мусулмонларнинг қони тўкилиши ҳам тўхтамаслигини англадилар. У киши туяни камон билан отиб йиқитиш режасини туздилар. Одамларига “Иложи борича туянинг яқинига боринглар, у йиқилаётганда Ойша онамизни озор етказмай ушлаб қолинглар, у кишига зарар етмаслиги йўлида жон фидо қилинглар!” деб фармон бердилар. Режа муваффақиятли амалга оширилди. Туя йиқилаётганда Ойша онамизнинг ҳавдажларини укалари Муҳаммад ибн Абу Бакр билан Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳумо авайлаб тутиб қолишди. Ҳазрат Али икковларига ҳавдаждаги Ойша онамизни четга олиб чиқиб, чодирга жойлаштиришни буюрдилар. Кейин ўзлари келдилар ва мўминлар онасидан ҳол сўраб: “Қандайсиз, онажон?” дедилар. “Яхшиман”, дедилар Ойша онамиз. “Аллоҳ сизни мағфират қилсин”. “Сени ҳам. Бундан йигирма йил олдин ўлиб кетганимда яхши бўлар эди”, дедилар Ойша онамиз. Шунда ҳазрат Али ҳам ўғиллари Ҳасанга қараб “Қани эди, отанг йигирма йил олдин ўлганида”, дедилар. Сўнгра ҳазрат Ойшанинг укалари Муҳаммад ибн Абу Бакр билан бир неча одамларга Ойша онамизни Басрага олиб кириб, жойлаштиришга амр бердилар.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тиловат йўналишида қатнашувчи қорилар билан танишинг!

127 22:00 01.03.2021

Саудия Арабистони армиясида энди аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин

193 21:30 01.03.2021

Помпейда беҳаё безакли арава топилди

979 21:00 01.03.2021

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

426 20:30 01.03.2021

Журналист, блогер ва ижтимоий фаол инсонлар алоҳида қатламми?

155 18:44 01.03.2021

Теҳрон ядровий битим бўйича музокарани рад этди. Вашингтон афсусда

399 14:34 01.03.2021
« Орқага