Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (11-қисм)

1613

ҲАҚ ҲАМИША ҒОЛИБ

(Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу) Ислом оламининг шавкатли қаҳрамони, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ишончли ва садоқатли сафдоши, мусулмонларнинг иккинчи халифаси, доно ва одил Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг номи, Ислом даъвати йўлидаги хизматлари тилларда достон бўлиб келяпти. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг тилидаю дилида ҳамиша Аллоҳнинг зикри эди. Аллоҳ таоло Умар розияллоҳу анҳу сабабидан Исломнинг шавкатини улуғлади. Аллоҳ таоло у кишини шундай мартабага эриштирдики, у сўзлаганда дунё ларзага келарди. У одиллик билан ҳукм чиқарганда ғайридинлар ҳам лол қоларди. Тўғрини эгридан ажратишда ўта ҳассос бўлганидан Пайғамбаримиз алайҳиссалом у кишига “Форуқ” (фарқловчи) деб ном бергандилар. У ҳақиқат йўлида жавлон урганида дунёни ўтқазиб-турғизарди. У мусулмон уммати учун ёрқин нур, жаннат аҳли учун порлаган чироқ бўлди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилганида Аллоҳнинг малоикалари бу хушхабарни бир-бирларига етказиб, хурсанд бўлишганди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласидан эдилар, кунялари Абу Ҳафса, лақаблари Форуқ бўлган. Ота томондан шажаралари – Хаттоб ўғли, Нуфайл ўғли, Абдул Уззо ўғли, Риёҳ ўғли, Қурт ўғли, Разий ўғли, Адий ўғли Каъбдир. Сулоласи тўққизинчи отада (Каъбда) Пайғамбаримизнинг сулолаларига бирлашади. Оналари Хонтама исмли аёл бўлиб, Қурайшнинг Бани Махзум наслидан, Ҳошимнинг қизи эди.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу фил йилидан ўн уч йил кейин туғилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликка мушарраф бўлганларида йигирма етти ёшда эди. Пайғамбарликнинг олтинчи йили, яъни ўттиз уч ёшда Исломга кирди. У маккалик мусулмонларнинг қирқинчиси бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўн уч ёш кичик эди, у зотдан ўн уч йил кейин вафот этди. Боқий дунёга риҳлат қилганида, Жаноби Пайғамбаримиз каби 63 ёшда эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан сўнг ўн ярим йил халифа бўлди. Ашараи мубашшарадан эди.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу одил ва доно халифа бўлибгина қолмади. У киши даврларида Ислом футуҳоти анча тезлашди, Қуръон ва ҳадисни ўрганиш ва тарғиб қилиш кучайди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида кўплаб маданий-маиший ислоҳотлар амалга оширилди. 

Ҳазрат Умар идоравий ва молиявий ишларни такомиллаштиришга катта эътибор берди, Ислом давлатида илк бор почта хизмати, тафтиш идораси, болалар уйлари, ҳибсхона ташкил эттирган ҳам ҳазрат Умар бўлди. У кишининг даврида пул ислоҳотида катта ўзгаришлар бўлди, беқиёс ободончилик, қурилиш ишлари олиб борилди. Халифа Умар розияллоҳу анҳу Басра, Куфа, Мисрдаги Фистот шаҳарларини барпо қилди, Нил билан Қизил денгизни туташтирувчи канал қазитди, кўплаб ариқ ва кўприклар қурдирди. Макка ва Мадина, Шом ва Ҳижоз ўртасидаги қатнов йўлига мусофирхоналар, Ислом етиб борган жойларга кўплаб масжидлар тиклатди.

Маккадаги Масжидул Ҳаромни ва Мадинадаги Масжидул Набавияни кенгайтирди. Шундай инсоннинг ҳаётда ниҳоятда камтар, камсуқум, оддий бўлганлари ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Ислом оламини бойлик ва шуҳратга кўмиб ташлаган халифа берилган озгина маошга қаноат қилар, кийимида бир қанча ямоқ билан юрар, вафот этганида анчагина қарзи бор эди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Умарнинг илмини тарозунинг бир палласига қўйиб, бутун Арабистондагиларнинг илмини бошқа бир палласига қўйганда Умарнинг илми қўйилган тарозу палласи оғир келарди. У киши Аллоҳни энг яхши таниган, Аллоҳ Китобини энг яхши тушуниб англаган ва динни ҳам ниҳоятда чуқур тушунадиган бир одам эди”.

Пайғамбар алайҳиссалом эса: “Кўкда Умарни ҳурмат қилмаган фаришта йўқ, ерда ундан ҳайиқмаган шайтон йўқ”, деганлар.

Ислом оламида “Мўминлар амири”, “Ҳақни ботилдан ажратувчи”, “Одил халифа” каби номлар билан машҳур бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шом, Эрон, Мағриб, Миср каби катта ўлкаларнинг фатҳига бош бўлган улуғ фотиҳ, Расули акрамнинг ишларини давом эттирган содиқ сафдош, жаннатга кириши башорат қилинган ўн саҳобанинг бири, тўғри йўлдаги тўрт халифанинг иккинчиси эди. Умар розияллоҳу анҳунинг исломий идора юритишда ва маданий соҳада улкан ислоҳотлар уюштиргани, мусулмонлар учун тақвим ва ҳижрий сана юритишни жорий этгани, халифалик пайтида фавқулодда адолат билан иш тутгани унинг нақадар улкан фазилатлар соҳиби эканидан далолат беради.

САҲРОДАГИ ВОҚЕА

Ўшанда жаҳолат замони эди. Кечга бориб ҳаво айниди. Осмонни бир зумда чанг-тўзон қоплади. Кун бўйи олов селини ёғдирган қуёш ҳам жамолини беркитиб олди. Гармсел иссиғини юзларга уриб турган шамол янада кучайди. Учиб юрган қумлар оғиз, кўзларга кирар, тишлар орасида ғижирлар эди. Кечгача йўл юриб ҳолдан тойган, ташналикдан оғзи кўпикка тўлиб, тумшуғига кўпириб чиққан туялар сарбоннинг буйруқларига ҳам бўйсунмай қўйди. Савдогарларнинг карвонни тўхтатиб, шу ерда манзил қуришдан ўзга чораси қолмаганди. Маккадан ўн чақирим берида, иссиқ шамол увиллаб ётган саҳрода тунаб қолиш Умарга жуда алам қилаётганди. Айниқса, бир ой ўзга юртларда сарсон-саргардонликдан кейин, шомлик савдогарлар билан қизғин талашиб-тортишувлардан кейин, сафар машаққат-азобларидан чарчаган вужудлар ором, фароғат, таскин истаб турган бир пайтда бу мажбурий қўниш ҳаммага ҳам малол келаётганди.

Шу пайт туялардан бири ёшгина туякашга бўйсунмай, карвондан четга чиқди-да, лўкиллаб қоча бошлади. Бир неча киши туя ортидан югуриб кетди. Сабаби, унга нодир буюмлар юкланган бўлиб, савдогарлар туянинг бебошлигидан саросимага тушиб қолишганди.

Ярим соатлардан кейин туякаш бола саркашни судраб келди. Умар тутақиб кетганидан ҳеч нарса сўрамади. Туякашни қамчи билан юз-кўзи демай савалай кетди. Туя ортидан чопавериб, шундоқ ҳам ҳолдан тойган бола ерга юзтубан йиқилди.

Юз-кўзи қонга беланди, қумга аралашиб лойга айланди. Умарнинг жаҳли шунда ҳам пасаймаган, ғазаби сўнмаган эди. Агар шериклари ўз вақтида тўхтатиб қолишмаганида у болани калтаклаб, ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмас эди.

У ҳарсиллаб, бўғриқиб ҳозиргина тикланган чодирга кириб келаркан, қўлидаги қамчинини жаҳл билан чодир ичига отди. У бошидаги рўмол ва чамбарини ҳам ечиб ташлади. Ҳаяжонини босолмай, дағал шолча устига чўзилди. Сал нарида ётган Абу Мусо унинг аҳволини кўриб, овутмоқчи бўлди.

– Роса жаҳлинг тез-да, Хаттобнинг ўғли, ахир туя онгсиз бир ҳайвонку! Ҳаммаси ҳам саркашлик қилади. Болада нима айб?

– Ҳамма гуноҳ туякашда. Бепарво бўлмаганда туя ҳам қочиб кетмасди, ғазабимга ҳам учрамасди. Муносиб жазосини бердим. Унинг ёнини олиб нима қиласан, Мусонинг ўғли?

– Айтдим-қўйдим-да. Туя ҳам, туякаш ҳам сеники. Шундай бўлгач, хоҳлаганингни қилавер, Хатгобнинг ўғли!

Унинг муросали овозидан Умарнинг ғазаб оти жиловлангандай бўлди. Қўли билан пайпаслаб кичкинагина мешни топди-да, боғичини ечиб, ундаги шаробни ютоқиб симира бошлади...

Умар кенг гавдали, узун бўйли, қорачадан келган, қуюқ соқол-мўйловли, бошининг олд қисми сочсиз, икки қўли билан тенг ҳаракат қила оладиган, катта қадам ташлаб юрадиган алпкелбат бир киши эди. Бировга бўйин эгмас, кучи вужудига сиғмас эди.

Умар Маккада ўзининг жаҳлдорлиги, қаҳрлилиги, қаттиққўллиги билан ном чиқарганди. Ана шу қусурларига қарамай, у шаҳарнинг бообрў аъёнларидан эди, эътиборли, бадавлат, саййид киши эди.

Аллоҳ уни қалби покиза, заковати кучли, ҳақ деб ишонган нарсасига содиқ қоладиган соҳиби жасорат қилиб яратган эди. У бой-бадавлат бўлиши баробарида Қурайшнинг сиёсий ишларига бош-қош эди, қабилалар ўртасидаги низо ва жанжалларни ўз обрў-эътибори, мавқеи билан муросага келтирарди.

(давоми бор) 

(1-қисм) (2-қисм) (3-қисм)

 Аҳмад Муҳаммад 

Муҳтарам ўқувчилар!

Агар Сизда ушбу китобни сотиб олиш истаги бўлса, "Azon kitoblari" дўконига мурожаат қилишингиз ёки +998951435550 телефони орқали онлайн буюртма беришингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

1631 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1018 15:50 01.06.2023

Саудия Арабистони аҳолиси 32 миллиондан ошди

839 14:19 01.06.2023

Аср намозига 30 дақиқа қолган бўлса пешин ўқилмайдими?

2602 10:45 01.06.2023

Қозоғистон: Россия-Украина чегарасига тинчликпарвар кучларни юбориш ҳақида мудофаа вазирлиги муносабати

2463 09:25 01.06.2023

Ўшда халқаро муаззинлар танлови бўлиб ўтди

1451 08:48 01.06.2023
« Орқага