Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (12-қисм)

707

ХАТТОБНИНГ ЎҒЛИ

Маккадан Мадинага борадиган карвон йўлининг икки томонида кенг ва бепоён ўтлоқлар бўларди. Болалар у ерларда туя ва қўйларини боқар, ҳайвонларни яйловга қўйиб юбориб, ўзлари эртадан-кечгача болаларга хос ўйинлар билан машғул бўлишарди.

Ҳақ ҳамиша ғолиб Хаттоб ҳам ўн уч ёшли ўғли Умарни туя боқишга қўйганди. У Бани Махзум қабиласидага бошқа оилаларнинг туяларини ҳам қўшиб боқар, эрта тонгдан то қош қорайгунча кунни ҳайвонлар ортида юриб ўтказарди. Узун бўйли, чайир, бақувват, хийлагина жаҳлдор Умар қатъияти, жасурлиги ва меҳнатсеварлиги билан алоҳида ажралиб турарди.

Ҳозир ҳам ҳайвонларни Арабистон қуёшида янтоқ, шувоқ каби кўкатлар қовжираб ётган сайхонликка қўйиб юбориб, бир неча тенгдошлари билан кураш тушишга киришди. У ўзидан ҳам каттароқ болаларнинг учтасига тенг келаётганди.

Болалар Умарга ҳар томондан ташланишар, бири оёғига ёпишса, иккинчиси белидан ушлаб тортиб йиқитишга уринарди. Аммо Умар асло уларга таслим бўлишни истамасди. Ажиб бир эпчиллик билан иккитасини чалқанча ағдарди. Вазиятнинг қалтислигини кўрган учинчи бола тирқираб қочиб қолди. Умар ғолиб чиққанидан шодланиб, у ер-бу ерини қоқаркан, шу пайт кўзи сал нарироқда отдан тушмай, ўғлининг олишувини томоша қилиб ўтирган отасига тушди.

Юрагини ваҳима чирмади. Туяларни ўз ҳолига ташлаб кураш тушаётганидан отасининг жаҳли чиқишини ўйлаб, оёқ-қўлига титроқ кирди.

Қаттиққўллиги, тошбағирлиги, қаҳри кучлилиги билан бутун Маккага довруғи кетган Хаттобдан ўғли у ёқда турсин, ҳатто катталар ҳам ҳайиқиб юришарди. Унинг жаҳли чиқиб қолганида ёки бирор нарсадан аччиқланганида рўпара бўлишдан

Худонинг ўзи асрасин. У нафақат қулларнинг, балки кичкина Умарнинг елкасида ҳам қамчисини тез-тез синаб кўрар, жонидан яхши кўрган ўғлини аёвсиз калтаклаб турар, бунинг сабабини сўраганларга ёки ўртага тушмоқчи бўлганларга “Қўявер, майли пишисин, Хаттобнинг ўғли бўшанг, қўрқоқ ва ношуд бўлиб ўсишини хоҳламайман”, деб ўзини овутарди. Шунинг учун Умардан калтак еган ёки курашда енгилган болалар унинг баданидаги, оёқ-қўлидаги калтак, қамчи изларини кўриб тасалли топишарди. Ҳозир ҳам унга қамчи тушиб қолиши ҳеч гап эмасди...

Умар қўрқа-писа отасига қаради. Аммо унинг важоҳатли юзида қаҳр-ғазаб аломатларини эмас, ним табассум ва мамнунлик кўринишларини ўқиди. Вужудидаги таранглик, зўриқиш бўшашди. У ҳам отасига жилмайиб боқди.

“Яша, ўғлим, менинг арслон ўғлим” деган хитоблар билан Хаттоб отдан тушди, ўғлининг елкасига залворли қўллари билан бир-икки уриб қўйди. Умар мункиб кетай деди. Отаси яна уни рағбатлантириб ҳам қўйди: “Болалар билан кураш тушганингни кўрдим. Ҳарқалай, тарбиям беҳуда кетмабди. Чавандозлик ва мерганликда қанчалик илгари бўлсанг, курашда ҳам шунақа мақомга эга бўлибсан. Хаттоблар хонадонига,

Бани Махзум қабиласига муносиб ўғлон бўлибсан!”

Ўғли туяларни қайтариш учун чопиб қоларкан, Хаттоб у туғилган пайтни хотирлаб, жилмайиб қўйди. Хотини Хонтаманинг ой-куни яқинлашганида унга “Қиз туғишни хаёлингга келтира кўрма, Маккада ҳеч кимга гап бермайдиган Хаттобнинг қиз фарзанд кўриши мумкин эмас, агар шу сафар ўғил туғсанг, кейинчалик қанча қиз кўрсанг ҳам розиман”, деб дағдаға қилганларини эслади. Ўшанда Аллоҳ унга ўғил ато этди. Ўша ўғли энди ўзига ўхшаш ботир, шижоатли, ҳайбатли бўлишини орзу қиларди. Умарни қанчалик яхши кўрмасин, ана шу ният йўлида уни калтаклашдан ҳам ўзини тия олмасди. Умар ҳам отасининг, қабиланинг юзини ерга қаратадиган бола бўлиб улғаймаётганди.

БЎЙСУНМАС ЖОРИЯЛАР

Умар кўчадан келиб, эндигина истироҳат учун ёнбошламоқчи эди, қўшни аёл кириб келди:

– Менга қара, ибн Хаттоб, сендан ёрдам сўраб чиқдим. Икки жориям саркашлик қилиб, жонимга тегяпти. Ота-боболаримизнинг динини ташлаб, анави Муҳаммад деганларига эргашаётган эмиш.

Йўлга солишга кучим етмаяпти, биласан, бошимда эркагим йўқ. Сен уларнинг бир таъзирини бериб қўярмикансан, деб чиқувдим.

Умарга жон кирди. Унинг вужудида ёввойи бир куч, шафқатсиз бир телба туйғу асло тинчлик бермас, фитратидаги баджаҳллик, қайсарлик, урушқоқлик ҳамиша уни гижгижлаб турар, қаерда жанжал-тўполон бўлса, ўша ерда Умар ҳозиру нозир эди. Ҳозир ҳам эндигина қозиққа илган қамчисини олиб, беваникига қараб юрди. Кира солиб, она-бола Наҳдия ва Лубайнани аямай, боши-кўзи демай савалай кетди. У “диндан чиққан” она-болани узоқ қамчилади, уларнинг юз-кўзи қип-қизил қонга беланди. Умар ора-сира урушдан тўхтаб, аёлларнинг “инсоф”га кириб, узр сўрашини кутар, аммо уларнинг шунча калтакка ҳам парво қилмай, “имон”, “имон” деяверишлари баттар ғазаблантирарди. У яна жазавага тушганича қамчи устига қамчи ёғдирарди.

Охири Умар ҳолдан тойди, пешонасидаги реза-реза терларни узун кўйлагининг этаги билан артиб, она-болага кўзларини қаҳр билан тикди:

– Хўш, Лубайна, калтакка тўйгандирсан? Сенга раҳмим келганидан эмас, чарчаганимдан тўхтадим. Охирги марта сўрайман, бекангнинг айтганига кўнасанми-йўқми?

Лубайна оғзидаги қонни тупуриб ташлади, индамай Умарга қараб “йўқ” дегандай бош чайқади:

– Яна савашимни хоҳлаяпсан, шекилли?

– Сен-ку калтаклаб чарчайсан, Умар, аммо мен калтак ейишдан чарчамайман. Сенинг қамчиларинг менинг қалбимдаги имонни мустаҳкамлаяпти, холос!..

Аёл гапини тугата олмади. Умарнинг аъзои бадани қалтираб, жазавага тушди, иложсизликдан, гапига кўндиролмаганидан аламга кирди ва “ув” дея қичқирганича ҳолдан тойган Лубайнага ташланиб, уни бўға бошлади. Бу икки чўри ким бўлибдики, ҳеч ким гапини икки қилолмайдиган Умарга тик боқса, рад жавоби берса?! Уларнинг ишонгани ким ўзи, суянгани нима ўзи?!

Умар гўёки қутурган бир махлуқ ҳолатига тушганди, кўзига ҳеч нарса кўринмасди. У бақувват ва дағал қўллари билан Лубайнани бўғаркан, Ҳақ ҳамиша ғолиб аёл бор кучини тўплаб, унинг қўлларини ажратиб ташламоқчи бўлди, аммо калтаклар зарбидан ҳолсизланган тананинг бунга мажоли етмади.

Лаблари “Аллоҳ, Аллоҳ” дея пичирлади-ю, боши шилқ этиб шалвираб тушди. Умар уни ўлди деб ўйлаб, қўлини бўшатди. Энди у боядан бери қизига азоб бераётган Умарга қўрқув, даҳшат ва ғазаб билан термилиб турган Наҳдия томон юрди.

Уни ҳам роса калтаклади, кейин томоғидан олиб бўғди. Бечора она ҳам ҳушидан кетди. Умарнинг шунда ҳам ғазаби сўнмаган, жаҳли пасаймаган эди.

Орадан бир неча кун ўтиб бева аёл яна чўриларини хўрлаб, калтаклаётганида бир воқеа содир бўлганини Умар эшитиб қолди. Бева аёл “Ё ота-боболаримиз динига қайтасизлар, ё ўлиб қутуласизлар”, деб хўрлаётганида яқиндагина Исломга кирган Макка киборларидан Абу Бакр шу ердан ўтиб қолибди ва икки чўрини сотиб олиб, Аллоҳ розилиги йўлида озод қилиб юборибди. Бу хабардан Умарнинг ҳайронлиги ошди, Абу Бакр билан урушмоқчи ҳам бўлди. Нимадир уни бу йўлдан қайтариб қолди... Нимадир унинг қалбини безовта қилаётганди...

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм)

 Аҳмад Муҳаммад

Муҳтарам ўқувчилар!

Агар Сизда ушбу китобни сотиб олиш истаги бўлса, "Azon kitoblari" дўконига мурожаат қилишингиз ёки +998951435550 телефони орқали онлайн буюртма беришингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага