Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (13-қисм)

593

Қутурган сел

Макка мушриклари Ислом динига кириб, Муҳаммад алайҳиссаломга эргашганларга шаҳарда асло тинчлик бермай қўйишди. Кўча-кўйда учратиб қолишса, ҳақоратлашар, гоҳо калтаклашар, гоҳ итга талатишарди. Бошларидан хамр қуйиб юборишарди. Ахлат ва мағзаваларни сочиб кетишарди. Болаларини мусулмонларнинг болаларига қарши гижгижлашарди. Хуллас, мушриклар Исломга кирганларнинг бошига ит кунини солаётган аламли, хўрлик кунлари эди. Бу ишда, айниқса, Макканинг обрўли, гапи бутун акобирларидан Абу Суфён, Амр ибн Ҳишом, Умар ибн Хаттоб кабилар роса қутуриб, дуч келгандан аламини олаётган, заҳрини хоҳлаганга сочаётган фожиали кунлар эди.

Амр ибн Робиа ҳам хотини Лайло билан кўп мусибат, хўрлик-камситишларга дучор бўлишди. Охири кўч-кўронларини йиғиштириб, қанча йиллар яшаган ҳовли-жойлар, хеш-ақробаларини ташлаб, Ҳабаш юртига ҳижрат қилишга қарор қилишди. Уларнинг йўл тадоригига тушиб қолганини кўрган Умар Лайлонинг йўлини тўсиб чиқди:

– Йўл бўлсин, Абдуллоҳнинг онаси, Маккани тарк этиб, сафарга кетмоқчимисизлар?

Лайло Умар билан гап талашиш бефойдалигини ҳис этиб, ўзини қўлга олди-да, ҳаяжонинияшириб оҳиста деди:

– Ҳа, Умар, бу юртдан бош олиб кетмоқчимиз. Аллоҳнинг даргоҳи кенг, шунча хўрланганимиз, азоб-ситамларга қолганимиз етар! Ахир сизлар кун бермай қўйдингизлар-ку, аёвсиз хўрлаб, камситиб, азоблаб ташладингизлар-ку! Ҳа, Умар, Аллоҳнинг ери бепоён, карами кенг, бирор жойдан тинчроқ, эркинроқ яшаш имкони чиқиб қолар...

Ҳақ ҳамиша ғолиб

– Яхши ўйлабсизлар, Худойингиз сизларга йўлдош бўлсин!

Эр-хотин гапни чувалатмаслик учун эшакларини ниқташди. Умар уларнинг ортидан маъюс тикилганича қолди. Лайло буни сезди. Ҳатто Умарнинг товушида аллақандай синиқлик, ачиниш оҳангларини илғагандай бўлди. Ё ўзининг ҳозирги ҳолати жуда ғамгин бўлгани, йиғлаб юбормаслик учун лабларини қаттиқ қимтиб олгани учунми, унга шундай туюлган бўлиши мумкин эди. Ҳарқалай, туғилиб ўсган жойингни, ватанингни, қавму қариндошларингни ташлаб кетиш осон иш эмасди. Аммо бундцай қилмасликнинг иложи ҳам йўқ эди. Чунки тарозининг нариги палласига эр-хотиннинг дини-имони қўйилган эди.

Бир оз юришгач, Лайло эри Амирга қалбини кемираётган шубҳаларини сўзлаб берди. Аммо у хотинининг кузатишларига унча аҳамият бермади:

– Нима, Умар ҳам мусулмон бўлади, деб ўйлаяпсанми?

– Аниқ айтолмайман-у, аммо шунақага ўхшайди. Гапларидан қилган зулмларига пушаймон бўлаётгани сезилгандай туюлди.

– Э, бунга асло ақлим етмайди. Хаттобнинг эшаги мусулмон бўлишига ишониш мумкиндир, аммо Умарнинг Исломга киришига ишониш қийин.

Ҳижратга отланиб, ватанини тарк этаётган Амир билан Лайло золим ва тошбағир Умарнинг қалбида ҳозир нелар кечаётганини, нималар туғён ураётганини қаёқдан билсинлар? Гўёки жиловсиз сел каби куч-шижоати вужудига сиғмаётган Умар, кечагина учраганга заҳрини сочиб ёки текканга тегиб, тегмаганга тош отиб, дилини оғритиб юрган Умар, айниқса, Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиб, имон ва Ислом неъматига мушарраф бўлган мусулмонларни қон қақшатаётган Умар бугун сал бошқачароқ бўлиб қолаётганди. Қутурган, ваҳшатли, даҳшатли, йўлида учраган ҳамма нарсани, жонзот ва жонсизни суриб, йиқитиб, янчиб бораётган сел оқимини тўғри тўғонга йўллаб қўйилса, сокин бўлиб, тинчланиб қолгани каби жаҳолат ва ғазаб, қайсарлик ва шафқатсизлик уя қурган Умарнинг қалбига бугун имон нурлари, Аллоҳнинг нури тажаллиси ўзига йўл ахтараётганди.

Пайғамбар дуоси

Араб жазирасида Укоз бозорининг олдига тушадигани йўқ. Маккадаги бу бозорга дунёнинг ҳамма жойидан мол, қул ва пул оқиб келади. Эртадан кечгача харидор чақираётган сотувчиларнинг қичқириғи, одамларнинг ғала-ғовури, туяларнинг ўкириши, қўйларнинг маъраши, раққосаларни жазавага солган дуф оҳанглари, шоир ва нотиқларнинг кучаниб шеър ўқишлари, нутқ ирод этишлари бир зум тинмайди. Бир томони Яману Шомдан, Бағдоду Шероздан келаётган савдогарлар мол юкланган туя карвонларини Укозга қараб буришарди. Анвойи газмоллар, кийим-кечаклар ёнида мис ва кумушдан ясалган Ҳақ ҳамиша ғолиб идиш ва кўзачалар териб қўйилганди. Бир томонда Ҳабашистондан олиб келинган қуллар – эркак, аёл ва болалар сотувга қўйилган. Яна бир томонда меш ва идишларда узум ва хурмодан тайёрланган хамр ва шароб. Бошқа томонда ҳайвон бозори: туялар, қўйлар, паррандалар... Оч ҳам, тўқ ҳам, бой ҳам, фақир ҳам шу ерда. Ошпазлар дошқозонларда таом тайёрлаб, мискинларга, очларга тарқатиш билан овора, сахий бойлар камбағалларга садақа улашиш билан машғул. Хуллас, қайнаб-тошган, гувиллаган, одамга лиқ тўлган Укоз бозори ана шунақа ажойиб ва ғаройиб эди.

Бозордан сал четроқдаги каттагина майдонда, одатда, араб шоирлари шеърларини халойиққа ўқиб берадиган, воизлар, нотиқлар нутқ сўзлаб, ҳаммани оғзига қаратадиган жойда бугун одам ҳар қачонгидан ҳам кўп. Оломон давра қилиб, ўртани ўраб олган. Ўртада эса кўкси очиқ, кенг, этаги ерга тегай деб турган кўйлакда Умар гир айланиб юрарди:

– Қани, Умарга тенг келадиган, мен билан кураш туша оладиган борми? Қани, ўзига ишонганинг борми?

Шу пайт бўйни йўғон, кенг гавдали, бўйдор, қуёшда қоп-қорайиб кетган бир бадавий ўртага чиқди. Умар унга бошдан-оёқ бир қараб чиқди-да, аста яқинлашди. Кейин ҳали ўзини ўнглашга улгурмаган саҳройининг белидан маҳкам қисиб, даст кўтарди-да, бошидан айлантириб ерга урди.

Туйқус зарбадан гангиб қолган аъробий ўрнидан туришга ҳам ҳоли келмай, ерда индамай ётарди. Ҳаммаёқни қийқириқ, олқиш, қарсак овозлари тутиб кетди. Одамлар Умарнинг елкасига уриб,

“Яшавор, Хаттобнинг ўғли”, “Бопладинг”, “Бутларимиз сени қўлласин!” деган хитоблар билан хурсандчиликларини изҳор этишарди.

Фақат бир кишигина бу ғала-ғовурга аралашмай, четда хомуш турарди. У Умарнинг алп келбатига, иссиқ ва ҳаяжондан бўғриқиб кетган юзига, бақувват қўл-оёқларига аллақандай фахр ва меҳр билан нигоҳ ташларкан, юзларини Ҳарам томонга қаратиб, қўлларини бир оз кўтарди-да, Аллоҳга илтижо қила бошлади:

– Эй Аллоҳим! Сен ҳар нарсага қодир Зотсан, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни яратувчи Зотсан! Ўз динингни ана шу Умар каби жасур ва бақувват банданг билан кучлантиргин. Унинг қалбига имон нурларини юборгин! Эй Аллоҳим, бу динни ё Умар билан ёки Амр билан азиз қил!..

Дуо қилган бу зот инсониятга Аллоҳ томонидан юборилган охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом эдилар. Кейинчалик ҳам Исломга кирган мўминлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ана шундай дуо қилганларини кўп эшитишди. Ҳар гал у зотнинг дуосига “омин” дея қўшилиб туришди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом улар билан Исломни азиз ва кучли қилишни истаган икки киши Макканинг энг номдор, олий мартабали, сўзи ўткир киборларидан эди.

Умар ибн Хаттоб билан Амр ибн Ҳишом (яъни Абу Жаҳл) иккови Ислом неъматидан баҳраманд бўлишса, динга қувват бўлишини, юзлаб, минглаб одамлар уларга эргашишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши билардилар, доимо шуни орзу қилардилар. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва иродасини қарангки, уларнинг бири – Умар ибн Хаттобнинг қалби имон нури ила мунаввар бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин сафдошларига, хулафои рошидиннинг бирига айландилар, Ислом динига улкан хизмат қилишга мушарраф бўлдилар. Иккинчиси – Амр ибн Ҳишом Исломнинг ва мусулмонларнинг энг катта душманига айланди, кофирлигича ўлиб кетди, Абу Жаҳл номини олиб, лаънат ва мазамматларга ғарқ бўлди.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

Муҳтарам ўқувчилар!

Агар Сизда ушбу китобни сотиб олиш истаги бўлса, "Azon kitoblari" дўконига мурожаат қилишингиз ёки +998951435550 телефони орқали онлайн буюртма беришингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

466 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага