Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (14-қисм)

1390

ҲАЗРАТ УМАРНИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ

Макка шаҳри ажиб бир эврилиш, ғалат бир тозариш остонасида турарди. Жаҳолат ва разолат ботқоғига ботган шаҳар бир нури илоҳийнинг тажаллиси билан пок, мунаввар ва нурафшон бўлмоқда эди. Неча асрлардан буён бижғиб ётган бузуқлик, ифлослик, ҳақсизлик ахлатхоналари узра покиза ва фараҳбахш насимлар эсиб, ўлик қалбларни уйғотаётган эди. Одамлар уммони пўртаналарида бир-бирига зид икки тўлқин – ширк ва имон тўлқинлари кураш бошлаганди. Неча асрлар бўйи жаҳолат, ахлоқсизлик, қимор, зино, фаҳш, рибо қон-қонига сингиб кетган маккаликлар ана шу ифлосликлардан халос бўла олмай иккиланаётган, қийналаётган, ғазабга минаётган бир давр бошланган эди. Араб жазирасидаги бу табаррук шаҳар тўлғониб, қайнаб-тошиб, азият чека-чека ана шу икки тўлқин курашига жимгина шоҳид бўлаётганди. Гуноҳларга ботиб кетган Қурайш Каъба атрофини завқ-сафо, қимор ва майхўрлик уйига айлантириб олганди.

Худди мана шу паллада Макка яқинидаги Хиро тоғининг чўққисидаги торгина ғорга Аллоҳ таолонинг илк ваҳийлари туша бошлади. Аллоҳ таоло томонидан охирги пайғамбарликка муносиб кўрилган расулларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фаришталар улуғи Жаброил алайҳиссалом келтирган муждаларни ҳаяжон, қўрқув, қизиқиш ва ихлос билан қабул қилишни бошлаган саодатли бир давр бошланди.

Жаҳолат асри ўз ўрнини саодат асрига бўшатиб бераётган муборак бир замон бошланаётганди. Макка яқинидаги шаҳар киборлари машварат ва кенгашлар ўтказадиган шўро-маслаҳатлашувлар уйи – Дорун надва бугун ҳар қачонгидан безов та, бесаранжом, таҳликали бир тўлғаниш оғушида. Амир Ҳамзанинг мусулмон бўлиши Қурайш акобирларини саросимага солиб қўйган. Аъёнлар тўпланган жойда Шўро раиси Абу Суфённинг ғазабнок ва қаҳрли сўзлари акс-садо бериб янграётир:

– Эй аҳли Қурайш, қачонгача бу бедодликка томошабин бўлиб турамиз? Абдулмутталибнинг набираси ўзини пайғамбар санаб, ота-боболаримизнинг минг йиллик динини оёқ ости қилишига қачонгача йўл қўйиб берамиз? Унинг касрига Макканинг ва Байтуллоҳнинг чин эгалари қурайшийлар иккига бўлиниб кетишди. Ота-бола, ака-ука бир-бирига душманга айланди. Қабила парокандаликка юз тутди. Эрта-индин Қурайш ўз мавқеини йўқотиб, ҳамма обрў-эътиборидан маҳрум бўлади...

Боядан бери ғазабидан кўкариб-бўзариб ўтирган Абу Жаҳл раиснинг гапини сабрсизларча бўлиб, шартта ўртага чиқди:

– Бас, етар! Муҳаммадни йўқ қилмасак, ўзимиз мағлуб бўламиз. Қани, ораларингда бу ишнинг уддасидан чиқа оладиган бирор мард борми?

Сафнинг орқа томонидан “Бор, мана мен унинг адабини берадиган” деган ҳайқириқ янгради. Отилиб чиққан Умар қиличини шартта қинидан суғуриб, ҳавода бир силкиди-да, “Унинг жонини маҳв этурман” дегандай таҳдид қилди. Ҳар тарафдан киборларнинг “Яшавор, Хаттобнинг ўғли”, “Умардай мардлар – Қурайшнинг фахри” деган қизғин хитоблари эшитилди.

Умар қиличини тақиб, Каъбани тавоф қилди, Сафо тепалигига қараб юрди. Унинг мақсади – жаноб Расулуллоҳни жисман йўқ қилиш, шу тариқа Исломнинг ғолибона юришини тўхтатиб қолиш эди. У бу ишни қабила олдидаги бурчи деб биларди. Бўлиниб кетган Қурайшни бирлаштириб, унинг аввалги мавқеини тикламоқчи эди.

Умар йўлда Нуайм ибн Абдуллоҳга дуч келиб қолди. Унинг важоҳатини кўриб, Нуайм сергак тортди. Умарни саволга тутди:

– Йўл бўлсин, Хаттобнинг ўғли?

– Араблар ўртасига нифоқ солаётган Муҳаммаднинг вужудини йўқ қилиш учун кетяпман. У Қурайшни хароб қиляпти, аллақаёқдаги сафсаталари билан ота-боболаримиз динига тажовуз қиляпти. Унинг адабини бериб қўйишни Мака киборлари менга топширишди.

Нуайм титраб кетди: ўзи ҳали Исломга кирмаган эса-да, агар ҳозир Умарни чалғитмаса, Макканинг энг ростгўй ва ҳалол кишиси Муҳаммадга бирор кор-ҳол бўлиши мумкин. У тезда бир қарорга келди:

– Валлоҳи, жуда қийин ишга бош урибсан. Муҳаммаднинг саҳобалари уни қаттиқ қўриқлашади. Менга қара, Умар, сен Муҳаммаднинг динини мағлуб қилиш учун кетяпсан-у, у ёқда синглинг билан куёвинг аллақачон унинг динига кириб бўлишди-ку!

– Йўқ, ёлғон айтасан, Абдуллоҳнинг ўғли! Бўлиши мумкин эмас! Агар гапларинг рост бўлса, икковини ҳам қиличдан ўтказганим бўлсин!

– деди Умар қаҳр билан.

У йўлидан қайтиб, тўппа-тўғри куёви Саъиднинг уйига бостириб борди. Бу ерда бир неча асҳоб Қуръон мутолааси ила машғул эди. Умарнинг селдай шиддат билан кириб келиши Саъиднинг уйига тўпланганларни пароканда қилиб юборди. Ўқиб-ўрганилаётган муқаддас Қуръон саҳифалари дарҳол яширилди. Умар ичкарига кирар-кирмас, ваҳшат билан сўради:

– Менга қара, бадбахт, диндан қайтдингми, нима ўқиётган эдинг?

– Нима ўқиётганимизни сенга айтолмаймиз.

– Ие, куёвим бўла туриб ҳали мендан сир яширадиган бўлдингми?

Умар шундай дедию Саъидни ерга ётқизиб, дўппослай кетди. Озғин ва нимжон Саъид филдай бақувват ва жаҳлдор Умарга асло бас келолмасди. Вазиятнинг қалтис тус олаётганини кўрган Умарнинг синглиси Фотима йиғлаб юборди ва эрини ажратиш учун акасининг қўлига ёпишди. Бу “одобсизлик”ка чидолмаган Умар синглисининг башарасига мушт солиб юборди. Аёлнинг юз-кўзи қонга беланди. Лекин шунда ҳам таслим бўлмади, аксинча, ғазаб ва қатъият билан акасига мағрур тикилди:

– Аллоҳдан қўрқ, эй Умар! Кучинг бир хотинга етдими? Эрим билан икковимиз мусулмон бўлдик. Бошимизни олсанг ҳам биз барибир мусулмонликдан кечмаймиз!

“Воажаб! Аввалги юввошгина, итоатгўй Фотима айтяптими шу сўзларни? Ундаги бу ишонч, шижоат, қатъият қаердан пайдо бўлди?” Юзидаги қонларга ҳам парво қилмай, қаҳрли кўзларини акасидан узмай турган Фотиманинг шу тобдаги ҳолатини кўриб, ака ҳовридан тушди. У қилган ишидан пушаймон эди. Улар ўқиётган қоғозларни сўради, кейин аллақандай сохта бепарволик, лоқайдлик билан ўқий бошлади. Булар Ҳадид сурасининг қуйидаги илк оятлари эди: “Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди. Ва У азиз ва ҳакимдир. Осмонлару Ер Унинг мулкидир, У тирилтиради ва ўлдиради, У ҳамма нарсага қодирдир. У осмонлару Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга кўтарилган Зот. Ерга нима кераклигини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам билади. У қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. Осмонлару ердаги мулклар Уникидир ва барча ишлар Аллоҳнинг Ўзигагина қайтади. У кечани кундузга киритади, кундузни кечага киритади ва кўксингиздаги нарсани ҳам яхши билувчидир. (Эй инсонлар) Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига имон келтиринглар...”

Бу не сир-синоатки, оятларни ўқиб бўлиши билан Умар тахтадек қотиб қолди. Аввалда ҳеч эшитмаган бу фасоҳатли оятларнинг юксак оҳанги, теран мазмунидан ҳайратга тушди, вужуди ларзага келди, кўзларига ёш қалқди. Аллоҳ каломининг таъсири руҳини қамраб олди.

Шу заҳоти тиллари беихтиёр “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ” деган калимани қайтара бошлади. У ажиб бир ҳолатга тушиб қолган, назарида вужуди ҳам ўзига бўйсунмаётгандай эди.

Мушрик Умар ўрнига мўмин Умар пайдо бўлиб қолганди. У атрофида ҳайрон қотган одамларга титраб-қақшаб мурожаат қилди:

– Мени Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурига етказинглар!

Бу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арқамнинг Сафодаги уйида асҳоблари билан дин суҳбати қуриб ўтиргандилар. Умар эшикдан овозининг борича “Мен мусулмон бўлишга келдим”, деб ҳайқирганча кириб келди.

Мушриклар тарафдори бўлган, ҳамиша уларнинг суҳбатида қоим турган бу жангари ва баджаҳл одамнинг суҳбатга беижозат ва шитоб билан кириб келиши асҳобни сергаклантирди.

Сабаби Умардан ҳамма нарсани кутиш мумкин эди. Эҳтимол, у Набий алайҳиссаломга суиқасд қилиш учун келгандир? Яқиндагина Ислом неъматидан баҳраманд бўлган ҳазрат Ҳамзанинг қўли беихтиёр қилич дастасига югурди. Икки-уч саҳоба шахдам ўриндан туриб, Умарнинг қўлини қайиришга шай турарди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ним табассум билан “унга тегманглар”, деб ишорат қилдилар.

Бундан дадилланган Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига яқинлашди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Умарнинг кўйлагидан тортиб шундай дедилар:

– Эй Хаттобнинг ўғли, Исломга кирсанг бўлмайдими?

Бунга жавобан Умар:

– Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва аннака Расулуллоҳ, – деб шаҳодат калимасини айтиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Аллоҳу акбар! – дедилар. Одамлар бу қувончли ҳолдан шодланиб, еру кўкни “Аллоҳу акбар!” такбирларига тўлдириб юборишди. Бу такбирдан тоғлар ларзага келаёзди. Кейинчалик маълум бўлишича, Умар Исломга кирганида Пайғамбаримиз ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом ташриф буюриб, Умарнинг мусулмон бўлганига малоикалар ҳам хурсанд бўлгани хабарини бериб кетган эканлар.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

3287 07:00 21.01.2022

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

1817 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

1776 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

3379 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

1718 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

1523 22:10 28.01.2021
« Орқага