Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (15-қисм)

822

Энг бахтли кун

Макка мусулмонларининг қирқинчиси бўлган Умар ҳозир жуда бахтиёр эди. Ана шундай мард, жасур, шижоатли инсоннинг Исломга кирганидан асҳоблар ҳам шод ва мамнун эдилар. Улар:

– Душанба куни Расулимиз Раббиларидан Абу Жаҳл ёҳуд Умар бирла Исломни мададлантиришни сўраб дуо қилгандилар. Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, ушбу улуғ шарафга сиз ноил бўлдингиз, эй Умар, – деб биродарларини муборакбод этишди.

Ҳаммалари Умарнинг таклифи билан Арқамнинг уйидан биргаликда чиқиб, Каъба сари юришди. Каъба атрофида Макка мушриклари кўплигидан оз сонли мусулмонлар у ерда ибодат қилишга ботинолмас, ҳатто ўша жойда ҳозир бўлишдан ҳам ҳайиқишарди. Ҳозир сафларида Умар бўлгани учун улар Каъбага дадил яқинлашиб келишди. Дорун надвада Умарнинг қайтишини пойлаб ўтирган мушриклар сафдошларининг оломонни бошлаб келаётганидан хавотирга тушдилар. Олдинда келаётган Умар Қурайш пешволарига қарата шундай деди:

– Эй аҳли Қурайш, мени танимасанглар таниб олинглар, мен Хаттобнинг ўғли Умарман! Мен бугун Исломни қабул қилдим: Аллоҳдан ўзга илоҳ ва маъбуд йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир.

Умарнинг баланд овозда Шаҳодат калимасини айтиб келиши мушрикларни тамоман довдиратиб, саросимага солиб қўйди. Боягина Исломга кирган Умар Абу Жаҳлнинг уйига бориб, мусулмон бўлганини айтганида у уйига ҳам киритмай сўкиб жўнатганди. Ҳозир рўпарасидаги Қурайш мушриклари унинг мусулмон бўлганидан ғоят ғазабланиб кетишди. Умар арслон каби уларга ташланди. Жанжал кучайиб, вазият қалтис тус ола бошлади. Қон тўкилиши аён бўлиб қолди.

Ҳолатнинг ёмонлашувини сезиб қолган Умарнинг она томондан қариндоши Ос ибн Воил ўртага тушиб, муштлашаётганларни ажрата бошлади. Ишнинг пачаваси чиққанини сезган мушриклар бирин-кетин масжидни тарк эта бошлашди.

Ҳозиргача улар мусулмонларнинг Ҳарамда ибодат қилишларига тўсқинлик кўрсатиб келишарди. Аламга кирган Умар мусулмон биродарларини очиқ, эркин суратда ибодат қилишга даъват этди. Қурайш мушрикларига қасдма-қасдига Ҳарамда илк бор жамоат бўлиб намоз ўқилди.

Умарнинг ҳижрати

Макка мушрикларининг мусулмонларга қарши зулм ва тазйиқи кун сайин кучайиб борарди. Улар Исломни қабул қилган ҳамшаҳарларини ҳақоратлашар, калтаклашар, турли қийноқ-азобларга солишар, ҳатто ўлдиришдан ҳам тойишмасди. Қуллар ва чўрилардан Исломга кирганлар-ку энг оғир таҳқир, хўрловларга маҳкум эди.

Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни Мадина шаҳрига ҳижрат қилишларига амр этдилар. Бир вақтлар Ҳабашистонда жон ва имон асраб қолган мусулмонлар учун энди Мадина нажот қалъаси, осойишталик маскани бўлиб қолганди. Маккалик мусулмонлардан биринчи бўлиб Абу Салама ибн Абдул Асад, энг охирида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб Мадинага ҳижрат қилди. Муҳаррам ва сафар ойлари мобайнида ҳамма яширинча беркиниб, қочиб Мадинага кўчиб бўлди. Фақат ҳазрат Умаргина бундан мустасно эди.

Унинг Ясриб (Мадина)га кўчиши Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижратларидан ўн беш кун олдин бўлди. У барча асҳобдан фарқли ўлароқ очиқ-ойдин, яширинмай ҳижрат қилишга қарор қилганди. Чунки ҳазрат Умар Ислом неъматидан баҳраманд бўлганидан кейин аввалги жасорати янада кучланган, “Ҳақ ҳамиша ғолибдир”, деган мустаҳкам эътиқодда эди.

Ҳазрат Умар Мадинага жўнайдиган кунлари эрталабданоқ яхши кийимларини кийдилар, қиличларини тақдилар. Камонларини белга осиб, бир неча ўқларни ўқдонга жойладилар. Кейин қўлга асоларини олиб, Каъбага шаҳдам кириб бордилар.

У ерда Қурайш мушриклари ўзларича мажлис қуриб ўтиришганди. Улар ҳазрат Умарнинг Исломга кирганидан ғазаблари ошиб, нафратлари тошиб ётган бўлса-да, у кишининг феъл-атворларини яхши билишгани учун бирор сўз ёки ҳаракат қилишга ботина олишмасди. Ҳозир ҳам ҳеч нарсага парво қилмай кириб келган Умар розияллоҳу анҳунинг хатти-ҳаракатидаги қатъият ва нописандликни кўриб, уларнинг дами ичига тушиб кетди. Ер остидан ўқрайиб қараганларича, у кишининг ҳар бир ишини кузата бошлашди.

Умар розияллоҳу анҳу улар томонга ҳатто қиё боқмай, Каъбани етти бор тавоф қилдилар. Кейин Мақоми Иброҳимда туриб, бемалол намоз ўқидилар. Ибодатларини хотиржам тугатиб бўлгач, машварат қилиб ўтирган мушрикларнинг қаршисига бориб тўхтадилар. Кейин қиличларини шартта суғуриб, ҳавода ўйнатиб қўйдилар.

Бундан чўчиб кетган икки-уч мушрик ҳатто ўрнидан туриб кетди. Ҳазрат Умар уларга парво қилмай, мушрикларга шундай дедилар:

– Ҳозиргача мусулмонлар сизларнинг зулмингиздан қочиб, Мадинага яширинча, қўрқиб ҳижрат қилишди. Бугун мана мен Мадинага  кетяпман! Ораларингда оналарини йиғлатишни, хотинларини тул, болаларини етим қилишни хоҳлаганлар, жонидан тўйганлар бўлса, қани орқамдан тушсин!

Умар ибн Хаттоб шундай деб Каъбаданузоқлашдилар. Бирорта таъқиб қилувчи ортларидан эргаша олмади. Йигирма чоғли мусулмон шу куни ҳазрат Умар билан Мадинага ҳижрат қилди.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

466 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага