Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (16-қисм)

664

"Ўликларимиз – жаннатда"

Уҳуд ғазоти Бадр жанги каби маккалик мушрикларга қарши олиб борилган даҳшатли урушлардан эди. Мушриклар аввалги урушдаги мағлубиятлари аламини олиш учун жон-жаҳдлари билан жанг қилишарди. Қурайшийлардан Ибн Шиҳоб, Утба, ибн Қомия, Убай ибн Халафлар қандай бўлмасин ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қарор бериб, у зотнинг қароргоҳларига бостириб киришди. Убай “Муҳаммадни ўлдираман”, деб қасам ичди, аммо Расули акрам уни яралаб, маҳв этдилар. Бироқ Саъд ибн Абу Ваққоснинг мушрик укаси Утба отган тошдан Расули акрамнинг лаблари ёрилиб, тишлари синди. Ибн Ҳишом отган ўқ Пайғамбаримиз алайҳиссаломни пешоналаридан яралади. Яна бир қурайший ибн Камиа у зотни қилич билан яралаб йиқитди ва дарҳол Абу Суфёнга бориб, “Муҳаммадни ўлдирдим”, дея мақтанди. Душман томони бу хабардан ниҳоятда қувонди.

Мусулмонлар орасида таҳлика, саросима бошланди. Баъзилар қоча бошлади, қўшин парокандаликка юз тутди. Аммо Анас ибн Надир каби “Муҳаммад ўлган бўлса, Аллоҳ боқийдир!” деб жангни давом эттирганлар ҳам бор эди. Ана шундай аламли, фожиали дамларда ҳам ҳазрат Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан жилмади, у зотни жон-жаҳди билан душман ҳамласидан ҳимоя қилди.

Аммо мушрикларнинг етакчиси Абу Суфён ҳанузгача Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам нинг ўлик-тирикликларини билолмай гаранг эди.

У шубҳасини йўқотиш учун Ислом қўшинлари томон қичқириб, уч бора “Ораларингда Муҳаммад борми?” деб сўради. Расули акрам алайҳиссалом огоҳлантириб қўйганлари учун мусулмонлардан ҳеч ким унга жавоб қилмади. Шунда Абу Суфён айни тарзда Абу Бакр Сиддиқни сўради. Яна жавоб ололмади. Кейин Умар ибн Хаттобни сўради.

Бу гал ҳам ҳамма жимлигини кўриб, у севиниб кетди: “Демак, буларнинг учови ҳам ўлибди, ғалаба биз томонда экан!”

Боядан буён ғазабдан тўлғониб ўтирган ҳазрат Умар бу гапни эшитиб, чидолмай қолди. Бор овозда Абу Суфёнга қараб қичқирди:

– Товушингни ўчир, эй Аллоҳнинг душмани!

Бу одамларнинг ҳаммаси тирик, мана, қаршингда туришибди!

Абу Суфён Умарнинг гапидан талмовсираб қолди. Душманларининг тирик эканидан ҳафсаласи пир бўлгани учун Каъбадаги энг катта бутларини эслашдан ўзга илож тополмади:

– Олий бўл, Ҳубал! Азиз бўл, Ҳубал!

Бунга жавобан эса ҳазрат Умар Расули акрамнинг амрлари билан шундай деди:

– Аллоҳ аъло ва ажалл! (Аллоҳ – энг жалил, энг устун!)

Абу Суфён ҳам жим туролмади:

– Бизнинг Уззоимиз бор, сизники йўқ!

Ҳазрат Умар ҳам бўш келмади:

– Аллоҳ бизнинг мавломиздир, сизники эса йўқ!

– Жанг навбати билан, ғолиблик навбати билан. Бугун биз Бадрнинг интиқомини олдик! – деди Абу Суфён болаларча ғурурланиб. Аммо Ҳазрат Умар ҳам осонликча мағлуб бўладиганлардан эмасди:

– Тўғри, сизлар устун келдинглар. Аммо барибир тенг эмасмиз. Бизнинг ўликларимиз жаннатда, сизларники эса жаҳаннамдадир!

Абу Суфён бу гапга чидолмай, овозининг борича бақирди:

– Эй Умар, Аллоҳ учун тўғри гапир! Биз Муҳаммадни ўлдирдикми ёки йўқми?

– Валлоҳи, ўлдирмадинглар! Ҳозир Расули акрам сенинг бу гапларингни эшитиб ўтирибдилар.

Ҳазрат Умар билан Абу Суфённинг бу даҳанаки жангидан сўнг мушриклар ўз қўшинларини жанг майдонидан олиб чиқиб кетишди. Улар бу жангда устун келган бўлса-да, бироқ зафар шаробини тота олмадилар, батамом мудофаасиз Мадинани истило қилолмадилар. Бирорта мусулмонни ҳам асир ололмай, Маккага қўрқув ва алам билан қайтишди. Ана шу жангдан сўнг ҳазрат Умар Пайғамбар алайҳиссаломга янада қаттиқроқ боғланиб қолганини ҳис этдилар. Тарихда мусулмонларнинг биринчи бор имзолаган сулҳ шартномалари бўлмиш Ҳудайбия сулҳи шартларига кўра, мусулмонлар ва мушриклар ўн йилгача бир-бири билан урушмасликка, жорий йили мусулмонларнинг Каъба зиёратига  келмаслигига, Каъба зиёратига қўшилган мусулмонлар Маккада уч кундан ортиқ қолмаслигига, улар Каъбани зиёрат қилаётганида қурайшийларнинг Маккадан ташқарига чиқиб туришига келишиб олинди. Яна, сулҳ шартларига кўра, қурайшийлардан бирортаси мусулмонлар томонига ўтмоқчи бўлиб, валийсининг рухсатисиз Мадинага келса, мусулмон бўлса ҳам у одам қабул қилинмайди, қайтариб юборилади. Аммо бирор мадиналик мусулмон Қурайш тарафига ўтиб, Маккага кирадиган бўлса, қайтариб берилмайди, дея келишиб олинганди. Худди шу масалада ҳазрат Умар Расулуллоҳ алайҳиссаломни тушунмай, хийла озор бериб қўйганларини муаррихларимиз ёзиб қолдиришган.

Пушаймонлик

Тарихдан маълумки, Ҳудайбия сулҳига имзо чекиб бўлингач, у ерга Абу Жандал ибн Суҳайл келиб қолди. У аввал Маккада мусулмонликни қабул қилгани учун отаси томонидан занжирбанд қилиниб, қамаб қўйилганди. У минг машаққат билан қамоқдан қутулиб чиқиб, занжирини судраганича сулҳ тузилган жойга келган ва мусулмонлардан паноҳ сўрамоқчи бўлган эди. Шунда Абу Жандалнинг отаси Суҳайл “Сулҳ шартларига мувофиқ сиздан биринчи бўлиб сўрайдиган нарсам шуки, ўғлимни қайтариб берсангиз, агар берилмаса, сулҳ бузилади”, деб оёқ тираб туриб олди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом Абу Жандалнинг сулҳ ҳукмидан истисно этилишини хоҳлаган эдилар. Бироқ қурайшийлар раҳнамоси Суҳайл қайсарлик қилиб туриб олди. Валийсининг истагига ён босиб, Абу Жандални топширишга рози бўладилар. Бечора Абу Жандал вазиятнинг бундай тус олиб кетганидан хафа бўлиб, қовоқ-тумшуғи осилиб кетганди. У мусулмонларга қарата шундай деди:

– Мен мусулмонликни қабул қилганим учун бу азоб-уқубатларга гирифтор бўлиб, зулм ва хўрлик кўргандим. Мени яна ўша мушрикларнинг қўлига топширмоқчимисизлар? Ахир манави яраларим ҳали битиб улгургани ҳам йўқ-ку! – дея ўзининг ночорликда ва изтиробда қолганини билдириб, биродарларидан марҳамат ва нажот кутарди. Унинг аҳволини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тасалли бердилар:

– Эй Суҳайлнинг ўғли! Сабр қил, Аллоҳдан умидингни узма! Биз мусулмонлар мағлуб бўлмаймиз! Аллоҳ таоло яқинда сенга ва сен кабиларга нажот йўлини кўрсатади, сени уларга беришга мажбурмиз, унинг ҳукмларини бузиш эса бизга тўғри келмайди.

Абу Жандал яна кишанланган ҳолда Маккага қайтарилди. Бу ҳолат, бу муомала ҳамманинг асабини таранг, ўзини гаранг қилиб қўйганди. Мусулмонлар ғалаёнга келишди. Дарҳақиқат, биродарларининг кишанланган ҳолатда яна мушриклар қўлига топширилишига тоқат қиладиган ҳоллари йўқ эди. Энг аввало ҳазрат Умар, ўша қизиққон ва ҳақиқатгўй Умар чидолмай қолдилар. Ўзларини босолмай, Расули акрамнинг ҳузурларига бориб:

– Мен тушунолмай қолдим, Сиз Аллоҳнинг пайғамбари эмасмисиз, даъвойингиз ҳақ даъво эмасмиди? Бу залолатни нега қабул қиляпсиз? Бу ҳукмга қандоқ йўл қўйдингиз? – дея овозини баландлатиб, қизишиб гапирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Умарнинг бу қизғин таъналарига осойишталик билан жавоб қайтардилар:

– Муҳаққақ, мен Аллоҳнинг Расулиман, Аллоҳга исён ҳам қилганим йўқ. Мусулмон бўлганларга Аллоҳнинг ўзи нажот беради, йўл кўрсатади. Биз сабр қилишимиз керак.

Бироқ Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу гапларидан қониқмай, яна тортишувда давом этди:

– Сиз бизга Каъбани тавоф қиламиз, дегандингиз-ку!

– Ҳа, айтдим. Бироқ бу йил тавофи ифоза қиламиз, демаганман. Яна такрор айтаман, Маккага кирасизлар, Каъбани тавоф қиласизлар, – дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом яна хотиржамлик билан.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яна ҳаяжонга тушиб, тўғри Абу Бакр Сиддиқни қидириб кетдилар. Унга ҳам юқоридаги эътирозларини билдирдилар. Ҳазрат Абу Бакр:

– Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам Аллоҳнинг пайғамбаридирлар, нима қилсалар ҳам, Аллоҳнинг амрига мувофиқ қиладилар. Бу қизиққонлик нечун, азиз биродар? – деб ҳазрат Умарни огоҳлантирдилар.

Ҳазрат Умар қизишган ҳолда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган қўпол муомалаларидан кейинчалик кўп пушаймонлик ва афсус чекдилар, Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазовор бўлмоқ учун нафл ибодатлар қилдилар, рўза тутиб юрдилар ва бир неча қулни озод қилдилар. Ана шу воқеа эса мусулмонлар ўз шахсий фикрларини изҳор этишда нақадар ҳур, эркин эканларига ҳам бир мисолдир.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага