Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (17-қисм)

811

Шайтон ҳам қочгай...

Бир куни Умар ибн Хаттобнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўргилари келиб қолди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг хонадонларига етиб бориб, у зотнинг ҳузурларига кирмоққа изн сўрадилар. Шу пайтда ичкарида Қурайш қабиласининг бир гуруҳ аёллари бор эди. Эркаклар қатори аёллар ҳам ўзларини қизиқтирган, ечиша олмаётган саволларига жавоб сўраб, тез-тез Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб туришарди. Бу гал ҳам улар эзмаланиб ниманидир сўраб туришган экан. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг овозлари аёлларнинг шанғи товушлари орасидан аранг қулоққа чалиниб қоларди.

Ижозат бўлгач, ҳазрат Умар ичкарига кириб бордилар. У кишининг кирганини кўрган аёллар шоша-пиша ҳижоб-рўмолларига ўраниб олишди.

Бу ҳолатни кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мийиқларида чиройли табассум қилиб қўйдилар. Ҳазрат Умар буни кўриб “Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам сизга фидо бўлсин, Аллоҳ таоло сизни умр бўйи кулдирсин” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Мен ҳозир ҳузуримдаги манави аёллардан таажжубдаман, сенинг овозингни эшитиб, улар шоша-пиша рўмолларини ўраб олишди”. Ҳазрат Умар бунга жавобан “Сиз аёлларнинг иззат-эҳтиром ва ҳаё қилмоқларига ҳаммадан ҳам ҳақлироқсиз”, дедилар ва аёлларга ўгирилиб, уларга дашном бердилар: “Эй ўзига-ўзи душманлар, нечун мендан уялиб, Аллоҳнинг Расулидан ҳаё қилмайсизлар?” Аёллар бу таънага жавобан чувуллашиб “Сиз Расулуллоҳга нисбатан қўполроқ ва дағалроқсиз, важоҳатингиздан қўрқамиз” дейишди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Эй Хаттобнинг ўғли! Жоним измида бўлган Зот ҳаққи, агар сенинг йўлингдан ҳатто шайтон чиқиб қолса, (дағаллигингдан қочиб) бошқа йўлга бурилиб кетгай!” Аёллар Пайғамбар алайҳиссаломнинг гапларини тасдиқлаб, бош силкиб қолишди.

Рашк туфайли...

Бир куни жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблар билан суҳбатлашиб ўтиргандилар. Кейин уларга қарата шундай дедилар:

– Тушимда жаннатни кўрдим. Бир аёл кўркам ва улуғвор бир қаср ҳовлисида ўзига оро бериб турарди. Мен фаришталардан “Бу қаср кимники?” деб сўрадим. Улар “Умар ибн Хаттобникидир” дейишди. Шунда мен Умарнинг ниҳоятда рашкли эканини эслаб, қасрдан нари кетдим. Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу гапларини эшитиб, тўлқинланиб кетганидан ҳўнграб йиғлаб юборди ва йиғи аралаш шундай деди:

– Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам сизга фидо

бўлсин, келиб-келиб сиздан рашк қилармидим?!

Умид – охиратдан!

Бир куни ҳазрат Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни зиёрат қилиш учун бордилар. Ҳазрат Ойшадан изн сўраб, ҳужраи саодатга кирдилар. Кичкинагина ҳужра. Бир томонда яланғоч бир каравот. Устида теридан тикиб, ичига похол солинган бир тўшак. Бир бурчакда халтанинг тагида бир ҳовуч сули. Битта пўстак, нарироқда суви бўшаган меш. Аллоҳнинг сўнгги Пайғамбари, бутун Ислом оламининг раҳбари, дунёнинг ярмига Аллоҳ таолонинг ҳақ динини ёйиб, қанчалаб халқларни ётқизиб-турғизаётган комил инсоннинг уй жиҳозлари шулар эди, холос.

Ҳазрат Ойша ҳам ана шу камтарона ҳаёт тарзига кўнганлар. Ойлаб қозон осилмаса ҳам, гўшт ва буғдой нони бу хонадон учун ниҳоятда тансиқ бўлиб кетса ҳам, емишлари нуқул хурмо ва сув бўлиб қолса ҳам зорланмайдилар, Расулуллоҳ алайҳиссаломни таъна ва маломат билан қийнамайдилар. Чунки бу зот Аллоҳ розилиги йўлида шу турмушни, шу йўлни танлаганларини яхши биладилар.

Ҳужрадаги бу ҳолатни, Расули акрамнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам биргина эҳромда ўтирганларини кўриб, ҳазрат Умар ўзларини тутиб туролмадилар. Кўзларидан ёш қуйилиб, йиғлаб юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таажжубланиб, йиғи сабабини сўрадилар.

Ҳазрат Умар ҳамон ўзларини босолмай, болалар каби пиқ-пиқ йиғлаб жавоб айтдилар:

– Сиз устида ётган кўрпа баданларингизга ботиб, из қолдирибди. Бутун мол-мулкингиз шу хона ичида, буни кўриб турибман. Қозонингизга нима тушаётганидан ҳам хабарим бор. У ёқда қайсарлар ва кисролар (Рум ва Форс ҳукмдорлари) олтин-кумуш ичра кўмилиб ётибди, дунёнинг бутун завқ-шавқи ва лаззатига ғарқ бўлган, дастурхонига кунига бир неча хил таом ва ноз-неъматлар тортилади, бир неча сидра кийим кияди. Аслзодалар, бойлар, акобирлар ҳам дунё неъматларидан фойдаланишда улардан қолишмайди. Сиз эса Аллоҳнинг пайғамбарисиз, мусулмон оламининг раҳнамосисиз, шундайин ҳаёт кечиряпсиз, шунга асло тоқат қилолмаяпман.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салам ҳазрат Умар гапини тугатиши билан майин табассум қилиб қўйдилар-да:

– Эй Хаттобнинг ўғли! Сен бу дунё уларники, охират неъмати бизники бўлишини истамайсанми? Менинг бор умидим – охират дунёсидан! – деб марҳамат қилдилар.

Илм ва динга йўйдилар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг яқин сафдошлари Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттобни тез-тез тушларида кўриб турардилар. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом шундай деб қолдилар:

– Мен ухлаб ётганимда туш кўрдим. Тушимда сут ичдим, ҳатто унинг тирноқларим атрофидан оқиб чиқаётганини ҳам кўрдим. Сўнг сутнинг ортиб қолганини Умар ибн Хаттобга бердим.

Шунда саҳобалар Расулуллоҳ алайҳиссаломдан сўрашди:

– Буни нимага йўйдингиз, эй Расулуллоҳ?

– Илмга, – дедилар у зот.

Яна бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Умарни тушда кўрганларини сўзлаб бердилар:

– Мен ухлаб ётгандим, тушимда кўйлак кийиб олган одамлар менга намоён бўлди. Баъзи кўйлакларнинг этаги тиззага қадар тушиб турибди, бошқалари эса калталигидан тиззага ҳам етмайди. Умар узун кўйлак кийиб олган бўлиб, этагини судраб борарди.

Шунда саҳобалар у зотдан савол сўрашди:

– Эй Расулуллоҳ, буни нимага йўйдингиз?

– Динга, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм)

 Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

466 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага