Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (18-қисм)

738

АЛЛОҲ РАСУЛИГА СЕВИМЛИ Аллоҳ расулига севимли

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб қолдилар: “Мен тушимда кўрсам, бир қудуқ бўйида турибман. Ундан челакда сув олиб, одамларга ичираётган эканман. Шу аснода олдимизга ибн Абу Қуҳофа (яъни Абу Бакр) келиб қолди. У менга дам бериш ниятида қўлимдан челакни олди¬да, ҳовуздан бир¬икки бор сув тортди.

Аммо сув камроқ чиқди. Аллоҳ таоло уни мағфират қилсин! Кейин Умар ибн Хаттоб келиб қолди. У Абу Бакрнинг қўлидан челакни олиб, ҳовузга ташлади. У бақувват ва моҳир бўлгани учун шу қадар кўп сув тортиб чиқардики, ҳатто одамлар сувни тўйгунларича ичиб, батамом қонишди. Ҳовуз суви эса камайиш ўрнига тобора кўпайиб борарди. Ҳатто одамлар қудуқ атрофига туялари учун қўралар ҳам қуришди.

* * *

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг энг содиқ саҳобаларидан Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳумлар билан Уҳуд тоғига чиқдилар.

Шунда ҳатто онгсиз, забонсиз тоғ ҳам азбаройи хурсанд бўлганидан титраб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом уни тинчлантирдилар: “Эй Ҳуд, тек тур, чунки пайғамбар ва ҳамиша ростгўй (Абу Бакр) ҳамда икки шаҳид (Умар ва Усмон) устингдадир” дедилар. Дарҳақиқат,

Абу Бакр Сиддиқ ҳар қандай шароитда ҳам бирор марта ёлғон сўз айтмадилар, икки халифа Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо дин душманлари қўлида шаҳид бўлишди.

АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ

Бу кун мусулмонлар учун энг оғир, энг мусибатли, энг қайғули кун бўлди. Аллоҳ таолонинг сўнгги Расули, пайғамбарларнинг саййиди, энг комил инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дорул омонатдан дорул бақога  риҳлат қилаётган кун эди. Бир неча кунги хасталик душанбага ўтар кечаси кучайди, аммо беморликка қарамай, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрта тонгда ҳазрат Али ва укаси Фазл ёрдамида жомеъга чиқишни ихтиёр этдилар. Ҳазрат Абу Бакрга иқтидо қилиб, бомдодни ўқидилар, кучлари етганича, жамоатга ваъз-насиҳатлар қилдилар. Хоналарига қайтиб келганларида аҳволлари анча оғирлашган эди.  Пешингача бир неча бор ўзларидан кетиб қолдилар. Ора-сира ёнларидаги сув идишга қўлларини ботириб, юзларини ҳўллаб олардилар, Шаҳодат калимасини келтириб, ўлим қўрқуви ва шиддатига бардош бермоқда ёрдам сўраб Аллоҳга илтижо қилардилар. Лаблари тинмай ушбу дуони такрорларди: “Аллоҳим, мени афв эт! Мени рафиқул аълога (пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳ зотлар мақомига) етказгин!” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Ойшанинг қўлларида жон бердилар, муборак руҳлари Буюк Аллоҳга етишди.Расули акрам вафот этган кунлари Мадина аҳли қаттиқ мотамда қолди. Пешиндан сўнг ўлим хабари ҳамма ёққа тарқалиб, хонадонларга қайғу, мусибат, ғам-алам кириб борди. Асҳоби киром ҳам хеш-ақраболар чуқур изтиробда, мутаассир, эсанкираган ҳолатда эдилар. Ҳазрат Али тек қотган, ҳазрат Усмоннинг тили тутилган эди. Мўминлар тинмай кўз ёши тўкишар, мотам тутишар, мунофиқлар эса хурсандчиликларини яширолмасдилар. Бундай аҳволдан ҳазрат Умар ғазаб отига минган, ўзини босолмас, бу айрилиққа, сўнгсиз мусибатга чидолмай, қафасга тушган қуш каби ҳар ёнга ўзини урар, қайғулари вужудига сиғмай қийналарди. У қиличини қинидан суғуриб олган, уни ҳавода ўйнатиб, ўзи тинмай телбалардай қичқиради:

– Йўқ, Муҳаммад ўлмаган! У шунчаки беҳуш бўлиб қолди, кўп ўтмай, ўзига келади! Ким Муҳаммадни ўлди дейдиган бўлса, шу заҳоти бўйнини узиб ташлайман!

Шундай нозик ва таҳликали бир пайтда ўзини тутиб, саросимага тушмаган ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ бўлдилар. У киши масжидга кириб, халққа юзланиб гапирдилар: “Эй инсонлар! Орангизда Муҳаммадга сиғинган киши бўлса, яхши билиб олсинки, Муҳаммад ўлди. Аллоҳга ибодат қилганлар бўлса, яхши билиб олсинларки, Аллоҳ боқийдир, асло ўлмагайдир”. Шундагина бошқалар қатори ҳазрат Умар ҳам тинчландилар. Ҳушлари ўзига қайтди. Содир бўлган воқеанинг аччиқ ҳақиқатини англаб етдилар. Ўн олти йил ёнларидан бир дам жилмаган дўстларидан, Аллоҳнинг Расулидан айрилиб қолганларига ишониб, ўксиб-ўксиб йиғладилар.

“АЛЛОҲДАН ҚЎРҚ!”

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мўминларнинг чин амири, одил ва форуқ халифаси эди. Ҳазрат Умар ўз оиласи ҳамда болалари учун овқат ва унни ўзи орқалаб ташиди. Халифа ўз қўли билан овқат пишириб, етимларга тарқатди. У Аллоҳдан қўрқарди, ҳамиша Аллоҳнинг ризолигини истарди, Аллоҳга мақбул ишларни қилишга интиларди. “Дажла қирғоғида бир чўпоннинг қўзисини бўри олиб қочса, Аллоҳ халифа Умардан сўрайди”, деб кўз ёшини тўкарди. Бир гал отда кетаётиб ўзига-ўзи “Эй Умар, Аллоҳдан қўрқ!” деди ва шу заҳоти отдан тушиб, бошини ерга қўйиб, сажда қилди ва овози бўғилган ҳолда “Умар кимки, Аллоҳдан қўрқмасин!” дея нола қилди. У ҳар ишда одиллик қиларди, ночор, мазлум, ожиз кишиларнинг ҳимоячиси эди. Ҳатто бир гал бир волийга шаҳодатнома бериб вилоятга раҳбар қилиб жўнатаётиб, суҳбат чоғида унинг ўз фарзандларини бирор марта қучоғига олиб эркаламаганини билиб қолгач, шаҳодатини йиртиб ташлаган, ҳузуридан қувиб чиқарган ҳам шу ҳазрат Умар эди. У кишининг яна бир одатлари бор эди. Ҳар куни қош қорайгач, ўзидан-ўзи “Айт-чи, эй Умар, бугун Аллоҳ йўлида нима иш қилдинг?” деб сўрарди.

“МЕН ҲАМ КЕЧИРДИМ”

Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида адолат билан иш тутганлари, айниқса, фақир, ночор, мазлум кишиларга жон фидо эканликлари тилларда достон бўлиб кетган. У кишининг халифалик йилларида бир одам жанжалкаш, шаддод хотинининг жанжалларию бақир-чақирларидан тўйиб, халифага шикоятга келди. У Умар розияллоҳу анҳунинг эшиклари олдига келиб энди чақирмоқчи бўлиб турса, ичкаридан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ гапиргани эшитилди. Бояги киши ҳайрон бўлиб қолди, қулоқларига ишонмади. Наҳотки халифанинг хотини бақир-чақир қилаётган бўлса? Астойдил қулоқ солса, халифанинг хоними Умму Гулсум эри ҳазрат Умарга қаттиқ гапирмоқда. Халифадан эса садо чиқмасди.

Хотинидан шикоятга келган одам ўзига-ўзи шундай деди:

– Мен хотинимнинг жанжалларидан, унинг ёмон феълидан, менга нисбатан ҳурматсизлигидан халифага арз-дод қилиб келгандим. Бу қандай бедодликки, менинг бошимдаги ғам-алам халифанинг бошида ҳам бор экан. Яхшиси, бу ердан тинчгина кета қолай!

У қайтиб кетаётган эди, ҳазрат Умар уни кўриб қолдилар ва:

– Нега келдинг-у, энди нега кетяпсан? – дедилар.

– Сизга хотинимдан шикоят қилиб келгандим. Қарасам, бу дард-ташвиш сизнинг бошингизда ҳам бор экан. Шунинг учун шикоят қилишдан кечиб, қайтиб кетаётган эдим, – деди арзга келган киши.

– Агар гап шундай бўлса, энди менга яхшилаб қулоқ сол, – дедилар халифа. – Оиладаги аёлларимизнинг бизга сабр-қаноат, тоқат билан қилган хизматлари ҳам, айни пайтда эрнинг зиммасида унинг ҳақлари ҳам бор. Хотиним жаҳаннам оташи билан менинг ўртамда бир парда-тўсиқдир.

Кўнг лим у билан роҳат топади, ҳаромга боқмайман, чунки у менга хотинлик вазифасини қилади. У уйим ва мулкимнинг қўриқловчи-муҳофизидир, уйдан чиқсам, у уйдаги мол-мулкимни сақлаб, бекалик вазифасини бажаради. Кийимларимни ювиб-тозалайди, уйнинг бошқа юмушларини бажаради, ҳамма ёқни ораста тутади, болаларни ювиб-тараб, едириб-ичиради, тарбия қилади. У менинг овқатимни пишириб, олдимга қўяди, бошқа юмушларимни қилади. Шунча хизматларни ўрнига қўйиб бажариб, бирор марта ҳам миннат қилмайди, зорланмайди.

Бояги одам ҳазрат Умарнинг бу насиҳатларини эшитгач:

– Сизга қилинадиган бу хизматлар менга ҳам қилинади. Сизки аёлингизни хуш кўриб, баъзи қусур-камчиликларини кечирганингиздан кейин мен ҳам хотинимнинг қусурларини кечирдим, – деди.

(давоми бор)  (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яманда мигрантлар маркази ёниб кетди: қурбонлар бор

58 13:50 08.03.2021

Самарқандда Туркия бош консулхонаси очилди

158 11:00 08.03.2021

Хитой уйғурлар геноциди ҳақидаги айбловларни рад этди

382 10:30 08.03.2021

Швейцарияда юзни ёпиб юриш тақиқланади 

385 10:00 08.03.2021

Мусулмон таксичи катта миқдордаги пулни эгасига қайтариб берди

675 09:00 08.03.2021

“АҚШ очиқдан-очиқ бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашяпти”

752 08:00 08.03.2021
« Орқага